Тадқиқотчилар: «Қисқартирилган иш ҳафтаси нафақат иқтисодиётни, балки ҳаётни ҳам яхшилайди»
Массачусетс университетининг олимлари йигирма йил давомида турли корхоналарда минглаб одамларнинг иш жадвалини ўргандилар. Ва ҳаддан ташқари меҳнатсеварлик соғлиқ учун зарарли экани маълум бўлди. Бу алкогол ва никотинга қарамликдан ҳам кўпроқ ҳалокатли – кунига 11 соат ишлайдиган одамда юрак хуружига дучор бўлиш эҳтимоли 70 фоизгача, ҳафтада 55 соатдан ортиқ ишлайдиган одамлар қандли диабетга чалиниши 30 фоизгача кўпроқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳар ҳафта ўртача 55 соат ёки ундан кўпроқ ишлаш инсулт хавфини 35 фоизга ва юрак хасталигидан ўлиш хавфини ўртача 35-40 соатга нисбатан 17 фоизга оширади. Япониянинг Кюшу университети томонидан ўтказилган тадқиқотлар ҳафтасига 60 соат ишлайдиган одамлар 40 соат ишлаганларга қараганда юрак хуружига икки баравар кўп учрашини, ҳафтада икки марта ёки ундан кўпроқ кечаси беш соатдан кам ухлайдиганлар учун хавф уч баробар ортишини исботлади. Ҳатто 10 соатлик иш куни ҳам алкоголизмга мойилликни келтириб чиқариши мумкин экан. Ахир, инсон қанчалик кўп ишласа, дам олиш истаги кучаяди. Ва ҳордиқ чиқаришнинг энг осон йўли – спиртли ичимликлар.
Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва барча ҳокимликларда фаолият юритаётган жами 5744 нафар давлат фуқаролик хизматчиси тиббий кўрикдан ўтказилганида ҳокимлик ходимлари ўртасида овқат ҳазм қилиш органлари (сурункали гастрит), юрак-қон томир (артериал гипертония), асаб тизими (остеохондроз), кўз ва эндокрин (қандли диабет ва семизлик) каби касалликлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Албатта бу касалликлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Балки бунга сабаб давлат хизматчиларининг кунига 8 соатдан ортиқ ишлаётганидир?
Умуман инсон ҳафтасига қанча соат ишлаши керак, ишхонада кўпроқ вақтини ўтказса иш самарали бўладими ёки кўпроқ дам олса? Балки бежизга ривожланган давлатлар аллақачон ҳафтасига тўрт кунлик иш кунини қўллаб-қувватламаётгандир?
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг маълумотларига кўра, Нидерландия аҳолиси учун ўртача энг қисқа иш ҳафтаси 29,3 соатни ташкил қилса, Данияда улар ҳафтасига 32,4 соат, Норвегияда эса 33,8 соат ишлайди. Германия, Швейцария, Ирландия, Белгия, Австрия, Австралия, Италия каби давлатлар ҳафтасига 35 соатдан ортиқ ишхонада вақт ўтказадилар. Ўртача иш ҳафтаси ҳақидаги маълумотлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳам эълон қилинган. Хусусан, Беларусда аҳоли ҳафтасига ўртача 35 соат, Исроилда 36, АҚШда 37 соат ишлайди.
Ҳафтасига энг кўп ишлайдиган аҳоли – Колумбияда 47,7 соат, Туркияда 47 соат, Мексикада 45,1 соат, Коста-Рика 44,5 соат ва Жанубий Африкада 42,9 соат. Японияда ҳафтасига 40 соат ишлашади, аммо баъзи японияликлар бу чекловларни четлаб ўтиб кўпроқ соат ишлайди. Худди шундай вазият Хитойда ҳам, яъни уларнинг қўшимча соатлари учун пул тўланади. Хитой энг узун иш ҳафтаси чемпиони. Уларда олти кунлик иш ҳафтаси, кунига камида 10 соат. Тушлик танаффуси атиги 20 дақиқа, йиллик таътил эса 10 кун давом этади. Хитойликлар қаттиқ меҳнат қилишга одатланган ва кам дам олишган. Халқ учун узоқ дам олиш дангасалик ва уятсизлик белгисидир.
Дунёдаги энг қисқа иш ҳафтаси Голландияда, кунига тўрт кун, етти соат, яъни ҳафтасига 28 соат, тушлик танаффуси бир соат. Давлат ўз ходимларининг шахсий ҳаёти ва иш ўртасидаги мувозанат ҳақида қайғуради. 2000 йилларнинг ўрталарида голландияликлар дунёда биринчи бўлиб иш ҳафтаси 30 соатдан кам бўлган иш вақтини жорий этишди. Ажабланарлиси шундаки, бу иқтисодиётга умуман таъсир қилмади.
Швецияда ҳафтада олти кун ва кунига олти соатдан кўп бўлмаган ишлаш одат тусига кирган. Кофе танаффуси – ҳар икки соатда 15 дақиқа. Уларда тушликка бориш вақти чекланмаган, лекин ҳеч ким бу эркинликни суиистеъмол қилмайди. Бундай жадвал ҳосилдорликни оширади ва саломатликка ижобий таъсир кўрсатади. Ҳозирча Швеция нафақат иш вақтини қисқартириш ҳақида бонг урадиган, балки янги концепцияни ҳаётга татбиқ этаётган иккинчи мамлакатдир.
Испанияда беш кунлик иш ҳафтаси, кунига етти соат. Мамлакат жуда иссиқ, шунинг учун иш кунларида 2-3 соатлик танаффуслари мавжуд. Ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш учун, термометрлар 35 даражадан юқори бўлса, иш берувчилар эрта тонгда ёки уйда ишлашни рағбатлантирадилар.
Жанубий Корея қонунчилари кўпчилик овоз билан иш ҳафтасининг максимал вақтини 68 соатдан 52 соатга қисқартирувчи қонунни маъқуллади. Жанубий Корея барча ривожланган давлатлар орасида энг узун иш кунига эга. Ушбу қонунга тадбиркорлар қарши чиқди, бироқ ҳукумат бундай қонун зарур, у одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, иш ҳафтасининг қисқариши янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради, бу эса пировардида меҳнат унумдорлигини оширишга олиб келади. Фақат Мексикада (йилига 2225 соат) ва Коста-Рикада (йилига 2212 соат) ходимлар Жанубий Кореядагидан кўра кўпроқ вақтини ишда ўтказади.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, узоқроқ иш вақти, қоида тариқасида, паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун хосдир. Бу тенденция бир қатор омиллар билан белгиланади: аҳолисининг даромади паст бўлган мамлакатларда жуда кўп одамлар ўзини ўзи иш билан таъминлайди, шунингдек, бу мамлакатларда иш ҳақининг пастлиги ва меҳнат бозоридаги ёмон вазият аҳолини кўпроқ соат ишлашга ундайди.
Япония жамияти учун меҳнаткашлик жиддий муаммодир. Кўпгина офис ходимлари иш куни давомида жуда чарчаганлари учун жамоат транспортида ухлашади. 2015–2016 йилда рекорд даражадаги 1456 та стресс туфайли турли даражадаги ўлим ҳолати қайд этди, ўз жонига қасд қилишга ҳам иш билан боғлиқ стресслар сабаб. Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг айтишича, ҳақиқий рақам расмий статистик маълумотлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.
Кўп йиллар давомида ўзининг шафқатсиз меҳнат ахлоқи билан дунёда етакчи бўлган Японияда ортиқча ишчанлик борасида қарашлар ўзгараётгани қувонарли ҳол. Ёш японияликлар бўш вақтларини кўпроқ ўтказиш учун ортиқча ишдан бош тортмоқда. Масалан, Токио университетининг битирувчиси Нобухито Абенинг ҳикоясини олайлик. Унинг отаси банкда ҳафтасига 70 соатдан кўпроқ ишлайди. Нобухито эса аппарат дўконида ярим кун ишлайди, ҳар куни бейсбол ва компютер ўйинларини ўйнайди ёки шаҳарда сайр қилади. Нобухито у ва унинг дўстлари ҳаётни ишга бўйсундиришни ёқтирмаслигини айтади: «Менинг авлодим европаликлар анча олдин тушунган нарсани тушунди: иш сизнинг ҳаётингизни бузишига йўл қўйиб бўлмайди. Биз ўз вақтимизни бошқаришни хоҳлаймиз. Бизга эркинлик ва секинлик керак.»
Шундай қилиб ишга бўлган иштаҳангиз қандай бўлишидан қатъий назар, шуни билингки, ҳар ҳафта кўпроқ соат сарфлаш ҳар доим ҳам юқори маҳсулдорликка олиб келмаслигини исботловчи далиллар мавжуд. Маълумотларга қараганда самарадорлик ҳафтасига 50 соатдан кейин кескин пасаяди ва 55 соатдан кейин жуда пастга тушади. Бундан ташқари, ҳафтада камида бир кун тўлиқ дам олмаслик самарадорликни пасайтиради.
Дания сўнгги саккиз йилдан бери энг бахтли учта мамлакат қаторида. Буни уларнинг ҳафтасига 38 соат ишлаши билан боғлаш мумкин. Данияда одамлар ҳафтасига кам ишласа-да қаттиқ ишлайди ва бошқа ишчилар каби иш маҳсулдорлиги самарали. Бунга сабаб улар кўпинча офисдан ҳар куни соат 4 ёки 5 да чиқиб кетиши ва дам олишга кўп вақт ажратганидир. Бахт бўйича мутахассис Ден Буеттнер фаровонлик индекси орқали дунё бўйлаб 20 миллиондан ортиқ одамда тадқиқот ўтказди ва шундай хулосага келди: «Ишингиз ҳақида гап кетганда, ярим кунлик ишлашга ҳаракат қилинг, ҳафтасига ўртача 30-35 соат», дейди у.
Ишдаги стресс меъёрида бўлса маҳсулдорликни оширади, аммо ортиқча стресс жисмоний ва ҳиссий таназзулга олиб келади. Масалан, ишдан кейинги стресс канадаликларнинг 15 фоизидан ортиғини ўз жонига қасд қилиш фикрига ундаган. Қолаверса чарчоқ, стресс, носоғломлик ва ҳаётдан норозилик ҳосилдорликни пасайтиради. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, Белгия, Франция ва Норвегия ишчилари америкаликларга қараганда соатига кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарадилар. Британияликлар бошқа европаликларга қараганда ишда кўпроқ вақт сарфлашади ва қитъада энг паст самарадорлик даражасига эга. Демак, хулоса шуки камроқ ишлайдиганлар яхшироқ ишлайди.
Шунга қарамай, қўшимча иш ва унумдорлик ҳақидаги баҳс-мунозаралар ортида асосий нарсани унутмаслик керак: биз нима учун яшаймиз? Кўпчилик ўз ишини қадрлайди, ундан завқ олади ва фахрланади. Мияни ҳаракатга келтириш, мушакларни чўзиш, одамлар билан мулоқот қилиш – бу имкониятларнинг барчаси ва ижтимоий мақом инсонга меҳнат орқали берилади. Аммо бу дегани бутун ҳаётни унга бағишлаш керак, дегани эмас. Ишдан ташқари жуда кўп муҳим нарсалар биздан кўп вақт талаб қилади, масалан, оила, дўстлар, севимли машғулотлар ва дам олиш. Аммо 27 мамлакат аҳолисининг 70 фоизи иш ва «адолатли ҳаёт» нисбатидан тўлиқ қониқмайди.
Масалан, французлар кам иш соатларига ўтгач ҳаётлари қизиқарли бўла бошлади. Улар учун ҳафта охири энди пайшанба куни бошланади ёки сешанба куни тугайди. Амалдорлар армияси кундузи соат учда ўз хоналарини тарк этади. Баъзи одамлар дам олиш учун қўшимча соатлардан фойдаланишади (уйқу, телевизор олдида ётиш). Санъат, мусиқа ва тиллар курсларига қатнайдиган талабалар сони сезиларли даражада ошди. Туроператорлар Лондон, Барселона ва бошқа жозибадор йўналишларга қисқа турларга бўлган талаб ортиб борди. Барлар, кинотеатрлар ва спорт клублари гавжумлашди. Дам олишга сарфланадиган маблағ кескин ошди ва бу турғунлашган иқтисодиёт учун нажот бўлди. Қисқартирилган иш ҳафтаси нафақат иқтисодиётни, балки ҳаётни ҳам яхшилади. Ота-оналар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказа бошладилар, дўстлар тез-тез кўришадиган, эр-хотинлар романтикага вақт топадиган бўлдилар. Масалан, парижлик иқтисодчи Эмилия Гуимард олти ҳафталик ҳақ тўланадиган таътилдан ташқари, ойига икки марта уч кун дам олади. У теннис билан шуғулланади, газета, журнал ўқийди, европадаги музейларга экскурсияга боради. «Ҳаётимни бойитадиган севимли машғулотларимга вақтим бор. Бу нафақат мен учун, балки иш берувчиларим учун ҳам фойдали», – дейди Эмилия. – Инсон ўз ҳаётидан мамнун бўлса, доимий стрессда яшамаса яхши ишлайди. Компаниямиздаги кўпчилик биз аввалгидан кўра кўпроқ иш қилаётганимизни айтишмоқда.
Бугунги кунда голландияликларнинг учдан бир қисми эса ярим кун ишлайди. Ушбу ўзгариш 1990 йилларда бошланган. Голландияликлар иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш ва камроқ маош эвазига камроқ ишлаш ҳуқуқига эга. Голландияликлар ҳам фаровонлик, ҳам ҳавас қиладиган ҳаёт сифати билан мақтанишлари мумкин. Америкаликлар билан солиштирганда, улар телевизор қаршисида саёҳат қилиш, харид қилиш ва дам олишга камроқ вақт ажратадилар, мулоқот қилиш, ўқиш, болалар билан ўйнаш, спорт билан шуғулланиш ва турли севимли машғулотларига кўпроқ вақт ажратадилар.
Хулоса шуки, бутун Европада ярим кунлик иш энди муваффақиятсизлик стигмаси сифатида қабул қилинмайди: аксинча, бу тобора оммалашиб бораётган турмуш тарзидир. Маълум бўлишича, молиявий нуқтаи назардан одамлар иш вақтини қисқартиришдан кўп нарсани йўқотмайди. Гап шундаки, биз ишда камроқ вақт ўтказсак, у билан боғлиқ харажатлар камаяди: транспорт, машиналар, шаҳарда овқатланиш, қаҳва, болалар боғчаси, кир ювиш, қулай харидлар. Канадада баъзи ишчилар иш вақтини қисқартириш орқали пул ютишган.
Бошқа жойларда секинлашув ўзининг мантиқий чегарасига олиб борилди: иш кунининг ўртасида ухлаб олишга рухсат берилмоқда. Ишда ухлаш мутлақо табу бўлиб туюлади. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қисқа «тикланиш уйқуси» (идеал ҳолда 20 дақиқа) энергия даражасини ва маҳсулдорликни сезиларли даражада кўтаради, 24 дақиқалик кўзни юмиб дам олиш сеҳрли тарзда учувчининг ҳушёрлиги ва жавобгарлигини оширади. Тарихдаги энг машҳур шахслар кун давомида ухлашни яхши кўришган: Жон Кеннеди, Томас Эдисон, Наполеон Бонапарт, Жон Рокфеллер шулар жумласидан.
Ўзбекистонда беш кунлик иш кунига эга айрим давлат ташкилотлари ходимлари олтинчи кун ҳам ишга жалб қилиниши мумкин. Олти кунлик иш кунидан ташқари кечаси соат 22-24 гача қолиб ишлайдиганлар ҳам бор. Юқоридаги мисоллар орқали англаш мумкинки меҳнат учун кўп вақт сарфлаб самарага эришиб бўлмайди, балки кўпроқ дам олиш орқали нафақат соғлиқ жойида, балки оиладаги муносабатлар мустаҳкамланади, меҳр-оқибат кучаяди. Яъни, ўз вақтини бошқарадиган одам ишга бутунлай боғланган одамга қараганда хотиржам, бахтли ва самаралидир.
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter