Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тадбиркор муаммосини ҳал қилишнинг «Деҳқонободча» усули

Тадбиркор муаммосини ҳал қилишнинг «Деҳқонободча» усули

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 9 август куни «Xabar.uz»да «Тошкентингга жўна, кетмасанг — хонавайрон қиламиз!» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Кўп ўтмай мақолага Деҳқонобод туман ҳокимлиги матбуот хизмати «расмий муносабат» билдирди. Ўз навбатида тадбиркор ҳам ҳокимликнинг муносабатига акс муносабат билдириб, бугунги асл ҳолатни маълум қилди. Шу боис, таҳририят яна бир бор бу мавзуга қайтишни лозим кўрди.

Аввал туман ҳокимлиги матбуот хизматининг (матн таҳрирсиз чоп этилмоқда) расмий муносабати билан танишинг.

***

Жорий йил 9 август куни xabar.uz сайтида: «Тошкентингга жўна, кетмасанг — хонавайрон қиламиз!»  сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада «FERULA TRADING» хусусий корхонаси раҳбари Хирожиддин Ибрагимов Деҳқонобод тумани ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ҳамда туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхоналаридан норозилиги тилга олинган. Айтилишича, «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ мавсумий ишчилари Тошкентнинг Сергели туманида давлат рўйхатидан ўтган «FERULA TRADING» хусусий корхонаси раҳбари Хирожиддин Ибрагимовга тегишли бўлган коврак плантацияси ҳудудига берухсат кирган. Муаллифнинг таъкидлашича, тадбиркорга «Тошкентингга жўна, бу ерда сенинг бизнес билан шуғулланишга ҳаққинг йўқ, кетмасанг хонавайрон қиламиз!» дея очиқчасига таҳдид қилишган.

Деҳқонобод туман ҳокимлиги мазкур мақолада тилга олинган ҳолатларни ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади:

«Коврак» ўсимлигини экиш ва кўпайтириш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтириш истагида бўлган барча тадбиркорлар Деҳқонободда эркин фаолият олиб бормоқда. Шулардан бири Тошкент шаҳри Сергели туманидан рўйхатдан ўтган «FERULA TRADING» хусусий корхонаси бўлиб, Деҳқонободда коврак ўсимлигини кўпайтириш, экиш ва экспортга чиқариш мақсадида 2014 йилда туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Туман ҳокимлиги ушбу тадбиркорни қўллаб-қувватлаб фаолият юритиши учун тумандаги Торқопчуғой МФЙ ҳудудидан табиий ҳолда коврак ўсимлиги ўсадиган ер майдонидан 400,1 гектар лалми ер майдонини ажратиб берган.

Маълум бўлишича, тадбиркорга ажратилган 400,1 гектар ер иккита контурда жойлашган бўлиб, иккинчи 100,1 гектар ер чизмасини чизишда хатога йўл қўйган. Яъни тадбиркорга берилган ер бошқа ҳудуддалиги белгиланган. Англашилмовчилик сабаб «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ ишчилари ўша ҳудудга ўтиб ишлаётган бўлган. Ушбу ҳолат аниқлангач, хато бартараф этилди. Туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси раҳбари Манзир Аширов эса лавозимидан озод этилиб, хатти-ҳаракати туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Ушбу ажратилган ер майдонларидан «FERULA TRADING» хусусий корхонаси томонидан коврак ўсимлиги шираси йиғиштириб олинган ва олинмоқда. Бироқ, туман давлат Солиқ инспекцияси маълумотномасига кўра, «FERULA TRADING» хусусий корхонаси туман бюджетига ер солиғи ва ишчи хизматчилар учун даромад солиқларини тўлаши лозим бўлса-да, ҳозирги кунга қадар тўламаган. Ваҳоланки корхонада ҳар йили 20 нафардан ортиқ мавсумий ишчилар фаолият олиб борган. Қолаверса, корхона экспортни ваъда қилиб иш бошлаган бўлса-да, фақатгина 2017 йил коврак маҳсулотини экспорт қилиб 47 500 АҚШ доллари киритган, ундан кейин умуман экспорт билан шуғулланмаган. Лекин, хусусий корхона томонидан 2015-, 2016-, 2018- ва 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам коврак ўсимлиги шираси йиғиштириб олинган.

Корхона раҳбари Х.Ибрагимов тадбиркорлиги орқали туман салоҳиятини кўтарганини иддао қилади, «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖ шаклидаги шўъба корхонани ташкил этганини билдиради. Сайт журналисти ҳам унинг айбловларини шундай экан дея оммага тарқатади. Журналист жумладан шундай дейди: «Тадбиркор ўтган йиллар давомида фақат кавракка кўз тутиб ўтирмади. Ваъдага вафо қилиб, Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиевнинг таклифи ҳамда Деҳқонобод тумани ҳокими З.Алиқуловнинг талабига мувофиқ «DEHQANABAD BIOGAZ» деб номланган МЧЖ шаклидаги шўъба корхона ташкил қилди. Уч йилда икки миллиард сўмдан ортиқ инвестиция жалб қилиб, 1 гектар ерда ферма, иссиқхона, қуёнчилик, беданачилик хўжалигини ташкил қилди, биогаз комплексини фойдаланишга топширди».

Мурожаатчи фикри асосида мақола тайёрлаётган журналист «биогаз комплексини фойдаланишга топширди», — дея бонг урушдан олдин комплексни ўз кўзи билан кўрганмикин? Фойдаланишга топширилганига ишонч ҳосил қилганмикин? Кўрмаган, билмаган албатта. Шундай бўлса-да, журналист комплекс нима мақсадда ташкил этилган, туман аҳолиси учун қандай янгилик бўлди ва бугунги кунда қандай вазифани бажаряпти? – деган саволларни ўртага ташлаган деган умиддамиз.

Келинг, саволларга ўзимиз жавоб берсак. МЧЖ шаклидаги шўъба корхона дейилаётган янгилик аслида тадбиркор биносидан ташқарига ҳам чиқмаган орзу. Минг таассуфки, мол гўнгидан газ ишлаб чиқарувчи мазкур инновация фақатгина тадбиркорнинг ўзигагина асқотяпти. Ишчилар учун овқат пишириш ва қишда яшаб турган бинони қизитишгагина яраяпти, холос. Туман аҳолисига ҳеч қандай нафи тегмади ҳали-бери. Аввал бошдан ваъдалар бисёр эди: аҳолини мол гўнгидан тайёрланган газ билан таъминлаймиз. Арзонлаштирилган газ ишлаб чиқарамиз дейилганди. Бироқ орадан 3 йил вақт ўтса-да, ваъда ваъдалигича қолмоқда. Тадбиркорнинг 1 гектар ерда ферма, иссиқхона, қуёнчилик, беданачилик хўжалигини ташкил қилдим деётган ҳақиқати эса фақатгина иссиқхонадан иборатлиги маълум бўлди. Қуёнчилик, беданачилик дея оғиз кўпиртирилаётган ишлардан асар ҳам йўқ.

Деҳқонобод туман давлат Солиқ инспекцияси томонидан берилган маълумотномада «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖ нинг 2019 йил июнь ойи учун тақдим этган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботида 3 нафар ходимга иш ҳақи ҳисоблаб ҳисобот тақдим этган. (Мақолада эса 4 нафар доимий ишчи ва 24 нафар мавсумий ишчи кўрсатилган).

Қолаверса, белгиланган тартибга кўра «FERULA TRADING» хусусий корхонаси туман бюджетига ер солиғи ва ишлаётган ишчи хизматчилар учун даромад солиғини тўлаши лозимлиги белгиланган бўлса-да, 2014 йилдан ҳозирги кунга қадар Деҳқонобод туман давлат Солиқ инспекциясига умуман ҳисобот топширмаган ва умуман солиқ тўламаган.

Туман Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотномада «FERULA TRADING» хусусий корхонаси томонидан 2018 йил май-октябрь ойларида 20 нафар, 2019 йил май-июнь ойларида 15 нафар, июнь-август ойларида 20 нафардан мавсумий ишчилар коврак шираси йиғиштириб олишда ишлаганлиги билдирилган. Солиқ инспекцияси томонидан «FERULA TRADING» хусусий корхонасига ҳисоботларини топшириш ва давлат бюджетига солиқлар ҳамда мажбурий ажратмаларни тўлаш юзасидан тақдимнома жўнатилган.

Энг ёмони иш бошлашдан олдин қанча ваъда берилишига қарамасдан  «FERULA TRADING» хусусий корхонаси ва «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖ томонидан Деҳқонобод туманига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умуман жалб қилинмаган.

Мақолада «зўравон» дея тилга олинган «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ хорижий корхонаси 2018 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлса-да, 2018 йилда 100 минг АҚШ доллар, 2019 йилнинг 6 ойида 17 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспортини амалга оширган. Шунингдек мазкур хорижий корхона томонидан 2019 йилда туманга 43 500 АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри инвестиция киритилган.

Журналистнинг тадбиркор манфаатини ҳимоя қилишга уруниши таҳсинга лойиқ, албатта. Лекин мурожаатни ўрганаётган журналист нега фақат тадбиркор айтган гаплар билан чекланди? Иккинчи томон фикри билан умуман қизиқмади? Нега бор ҳолатни ўз кўзи билан кўрмай, масъуллар устидан мағзава ағдаришга уринди? Жуда бўлмаганда, телефон орқали бўлса-да масъуллардан ҳолатга изоҳ сўрамади? Қани журналистнинг адолати?

Мақолада журналист мурожаатчининг қуйидаги гапини келтиради: «Мен Деҳқонобод туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонасига ушбу ҳуқуқбузарлик ҳақида бир неча бор оғзаки ва ёзма мурожаат қилдим, — дейди тадбиркор Х.Ибрагимов. — Аммо қилган мурожаатларимнинг ҳеч бирига жавоб қайтарилмади». Ҳолбуки тадбиркорнинг 16 июлда туман ҳокимлигига қилган мурожаатига 24 июль куни жавоб берилган.

Туман ҳокимлиги юқоридаги ҳолатларга қарамасдан, ҳар қандай ҳолатда ҳам тадбиркорни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилиб, журналистлардан ҳар бир масалага адолатли ёндашувни, ҳар иккала томонни ҳам бирдек эшитиб кўришни сўраган бўларди.

Деҳқонобод туман ҳокимлиги матбуот хизмати

***

Энди  сўзни тадбиркорга берамиз. Эшитинг:

— Деҳқонобод туман ҳокимлиги муносабатини ўқиган ўқувчи «Қойил, туман ҳокимлиги масалага тезкор муносабат билдириб, ечим топибди. Ҳамма айб «мажбуриятларини бажармай, ҳатто солиқ тўлашдан бўйин товлаб келаётган «тошкентлик» тадбиркорнинг ўзида экан-да», деган хулосага келиши табиий.

Аслида ҳокимият бу масалага тадбиркорнинг ўзини «айбдор» қилмай, бошқага ечим топиши мақсадга мувофиқ эди. Ҳокимлик муносабатида мен ва фирмамга қўйилган айбловлар мутлақо ҳақиқатдан йироқ.

Исботми? Марҳамат:

  1. Муносабатда «Деҳқонобод туман ҳокимлиги мазкур мақолада тилга олинган ҳолатларни ўрганиб чиққани»ни иддао қилинган. Ҳокимият, менимча, бу масалани ҳокимият биносидан чиқмай, фақат қоғозда ўрганган кўринади. Чунки мақола эълон қилингандан сўнг ҳокимликнинг ҳеч бир мутасадди вакили бевосита менга ажратилган ҳуддудга чиқиб, аҳволни ўргангани йўқ.
  2. Ҳокимият тан олганидек, туман мутасадди идораси менга ажратилга ер чизмасини чизишда хатога йўл қўйган экан, нима учун ҳанузгача хатоликни тўғирлаш устида иш олиб борилмаяпти? Англашилмовчилик сабаб, «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ ишчилари «FERULA TRADING» корхонасига тегишли плантацияни оралаб, коврак ширасини йиғиб олаётган экан, энди етказилган зарар ким томонидан қопланади? Ер чизмасини нотўғри чизган Туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонасими ёки билиб туриб ишчиларни бизга тегишли ерни «оралашга» мажбур қилган «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ раҳбарими? Ахир у ерга беш йил давомида қанча меҳнат, қанча пул харажат қилинигани шундоқ кўриниб турибди-ку!
  3. Туман ҳокимлиги тўла ишонч билан муаммо ҳал қилингани таъкидламоқда. Бекор гап. Чунки, муаммога ҳали ҳам ижобий ечим топилгани йўқ. «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ ишчилари  ҳали ҳам бизнинг ҳосилни йиғишда давом этяпти. Бизда буни исботловчи фотосуратлар бор.
  4. Қизиқ ҳолат: бизнинг муаммомиз сабаб туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси раҳбари Манзир Аширов ишдан олингани ва хатти-ҳаракати туман прокуратураси томонидан ўрганилаётгани таъкидланган. Аслида М.Аширов бу масала ҳали кўтарилмасдан икки ой олдин ишдан бўшатилган эди.
  5. Туман давлат солиқ инспекцияси «FERULA TRADING» ХК 2014 йилдан буён туман бюджетига мажбурий тўловларни тўламай келаётгани ва ҳисоботларни топширмаётганини маълум қилибди. Туман солиқчилар наҳот «FERULA TRADING» ХК Тошкент шаҳар Сергели туманидан давлат рўйхатдан ўтгани, корхона қаерда рўйхатга олинган бўлса, мажбурий тўловларни ўша ерга тўлаши ва ҳисоботлар ўша ҳудуд ДСИга топширилишини билишмаса?

Деҳқонобод ДСИ иддао қилганидек, «FERULA TRADING» туман ДСИ олдидаги мажбуриятларини қарийб 6 (олти) йилдан бери бажармай келяпти ҳам дейлик. Солиқ идораси ҳақ бўлса, нима учун шу пайтгача корхонамга қарши бирон чора кўрмади? Ахир улар қарздорликни корхонанинг банкдаги ҳисоб-рақамига тақиқ қўйиш ёки суд орқали ортиғи билан ўндириб олса бўларди-ку!

Шу пайтгача «ухлаб» ётган Деҳқонобод ДСИ яқинда «FERULA TRADING» ХК номига 2019 йилнинг 13 августида 22-03340 сонли Талабнома жўнатди. Унда ёзилишича, корхона 2015-2019 йиллар учун ер солиғи ҳисоботини тақдим қилмаган. Камерал назорат жараёнида аниқланишича, корхонамиз 4 (тўрт) йил ичида 611 миллион 309 минг сўм қарз экани, қарз белгиланган муддатда тўланмаса, мажбурий тартибда судга даъво аризаси киритилишини маълум қилган.

Наҳотки, туман содиқ инспекцияси ушбу Талабномани ёзишдан олдин корхонамиз Солиқ кодексининг 279 ва 282-моддаларига асосан имтиёзга эга эканини билишмаса?!

«FERULA TRADING» ХК ушбу хабарнома бўйича хат тайёрлаб, шу йилнинг 21 август куни Деҳқонобод туман ДСИ топширди. Хат билан танишган туман солиқ идораси мутасаддилари ҳақиқатан ҳам бизнинг корхонамиз Солиқ кодексининг юқорида кўрсатилган моддалари бўйича имтиёзга эга эканини тан олишди.      

Албатта, корхонамнинг экспорт кўрсаткичлари Деҳқонобод ДСИ ҳисоботида кўринмайди. Агар шундай маълумот керак бўлса, марҳамат, Сергели тумани ДСИ идорасига мурожаат қилиши мумкин. Қолаверса, «FERULA TRADING» ХК 2017 йилгача Деҳқонобод тумани ҳокимлиги томонидан экспорт мажбуриятини олмаган.

  1. Корхона туман салоҳиятига кам бўлса-да, ҳисса қўшиб келяпти. 4 нафар кишини доимий, 24 кишини эса мавсумий иш билан таъминлаган. «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖ орқали туман бюджетига қарийб юз (100) миллион сўм миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Лекин на ҳокимият, на туман ДСИ бу ҳақда чурқ этмайди?!
  1. Биогаз комплекси ҳақида эса куйдагиларни маълум қиламан:

Журналист биогаз комплесини кўрган ва ҳақиқатан ҳам ушбу инновация янгилик бугун ўзимизнинг эҳтиёжимиз учун хизмат қиляпти. Яъни, газга бўлган талабимизни қондириб келяпти ва у юз фоиз корхонанинг маблағи ҳисобига бунёд этилган. 

Қайси ҳужжатда «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖ ёки «FERULA TRADING» ХК аҳолини газ билан таъминлайди, арзонлаштирилган газ ишлаб чиқаради деб ёзилган?!

Туман ҳокимлиги қайси ваъда ҳақида гапиряпти?!

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 июндаги «2017-2019 йиллар даврида Республикада биогаз қурилмаларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қароридан наҳот туман ҳокимлигининг хабари бўлмаса? Қарорда «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖ номи ҳам тилга олинган ва мол гўнгидан газ ишлаб чиқарувчи мазкур инновацион янгилик Вазирлар Маҳкамасининг 338-сони қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган.

Туман ҳокимлигини эса ушбу лойиҳа ҳанузгача қизиқтиргани йўқ. Масъул раҳбарлар бу лойиҳани танқид қилмай, аксинча, туман миқёсида кенгроқ ёйиш чораларни кўриши керак эмасмиди?! Ахир ерлари асосан қир-адирлардан иборат, табиий газ билан таъминлаш эса қийин бўлган Деҳқонобод учун бундай лойиҳалар сув ва ҳаводек зарур эмасми?

  1. 1 (бир) гектар ерда иссиқхона, қуёнчилик, беданачилик хўжалигини ташкил қилганимиз ҳақиқат. Олинган суратларда булар акс этиб турибди. Афсуски, қуён ва беданаларимиз шу йилнинг июн ойида қандайдир бизга маълум бўлмаган касалликдан қирилиб кетди. Туман ва хўжалик ветеренарлари ҳам бизга ёрдам бера олмади ва уларнинг нобуд бўлганини ўз кўзлари билан кўришган.
  2. «FERULA TRADING» ХК иш бошлашдан олдин Деҳқонобод туманига хорижий инвестиция киритиш мажбуриятини олмаган. Лекин «Dexqаnаbаd Biogaz» МЧЖни тузиб, икки миллиард сўмдан ортиқ инвестиция жалб қилган.
  3. «PINNACLE WORLDWIDE EXIM» МЧЖ хорижий корхона томонидан 2019 йилда туманга 43 500 АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри инвестиция киритилгани айтилади. Биздаги маълумотга қараганда, корхона инвестиция ҳисобидан 2 (икки)та автомашина харид қилган. Наҳотки бу «тўғридан-тўғри инвестиция» киритилган ҳисобига ўтса?! 
  4. Ҳокимият тадбиркорнинг мурожаатига шу йил 24 июл куни почта орқали жавоб хати юборилганини маълум қилган. Туман матбуот хизмати иддао қилаётган жавоб хати туман ҳокимияти томонидан эмас, Қашқадарё вилояти «Ермулккадастр» ДК Деҳқонобод туман филиали бошлиғи А.Лалиев томонидан тушунарсиз бир ҳолатда ёзилган.

Яна бир ажабланарли ҳолат: ушбу жавоб хатига туман почта хизмати томонидан 14.08.2019 йил санаси билан муҳр босилган ва у корхона манзилига 17.08.2019 йилда етиб келган.

Демак, бундан кўриниб турибдики, ушбу жавоб хати «Тошкентингга жўна, кетмасанг — хонавайрон қиламиз!» (09.08.2019) мақоласи «Xabar.uz»да эълон қилингандан сўнг ҳокимият ўзини оқлаш учун шошилинч тарзда ёзилган ва тадбиркор манзилига жўнатилган.

Туман матбуот хизмати эса бу кўзбўямачиликдан хабари бўлиб нотўғри маълумот тарқатган ёки уни ҳам алдашган.

Туман ҳокимлиги эса «Фуқаролар мурожаати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўпол равишда бузиб келмоқда.

Хуллас, Деҳқонобод туман ҳокимлигининг  асосий эътибори муаммони ҳал қилишга эмас, исботи йўқ айбловлар билан «тошкентлик» тадбиркорни қоралашга қаратилгани шундоқ кўриниб турибди. Юқорида таъкидланганимдек, муаммо эса ҳануз ҳал қилингани йўқ.

Туман мутасаддилари бу масала билан қачон жиддий шуғулланади, билмадим?

Ҳурмат билан, «FERULA TRADING» ХК раҳбари Х.Ибрагимов.

***

Таҳририятдан: Ушбу жавоб хати ёзилганига анча вақт бўлди. Аммо тадиркор «Жавоб хатим билан танишган баъзи бир идора мутасаддилари қўнғироқ қилиб, ушбу хатни таҳририятга топширмай туришимни ва бу масала Мустақиллик байрами арафасигача тўла ҳал қилиб беришга ваъда берган»ини айтиб, хатни эълон қилишни ортга суришимизни сўраган эди.

Ниҳоят, тадбиркорнинг тоқати тоқ бўлдими: «У идорадан бу идорага чақиртираверилиб чарчадим, фақат қоғозбозлик қилиш ва ваъда беришдан нарига ўтмаяпти, хоҳласаларинг материални эълон қилаверинглар», деди.

Хулосани эса, энди ўзингиз бераверинг.      

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг