Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўнгги ўқ. Путин Лукашенкога ҳарбий ёрдам кўрсата олмаслигининг 5 сабаби

Сўнгги ўқ. Путин Лукашенкога ҳарбий ёрдам кўрсата олмаслигининг 5 сабаби

Фото: ТАСС

Беларусда 9 август кунги президентлик сайлови ортидан бошланган норозилик чиқишлари давом этмоқда. Кўп сонли аҳоли ҳамда мухолифат мамлакатни 26 йилдан бери идора этиб келаётган Александр Лукашенкодан истеъфо талаб қилмоқда. Ғарб мамлакатлари, хусусан, Европа иттифоқи 9 август сайлови натижаларини тан олмади.

«Биз Александр Лукашенкони Беларуснинг қайта сайланган президенти дея тан олмаймиз ва уни ЕИ ҳудудида персона нон грата деб эълон қиламиз», – дейилади Европарламент баёнотида. Расмий Брюссель яқин фурсатда Беларусь расмийларига жазо чоралари жорий этмоқчи. 

Кейинги кунларда норозилик намойишлари иш ташлашга уланиб кетди. Мамлакатдаги йирик заводлар ишчилари ҳам қайта сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.

Александр Лукашенко эса мавжуд вазият бўйича фақат Россия президенти Владимир Путин билан кенгашиб-маслаҳатлашмоқда. Кремлга навбатдаги қўнғироқдан кейин Лукашенко илк сўров йўлланиши билан  Россия КХШТ битими доирасида Беларусь хавфсизлигини таъминлаш учун ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Мазкур баёнот ортидан Россия Беларусга қўшин юбориши ҳақида тахмин-тусмоллар ёйилди. Хўш, Владимир Путин чиндан ҳам қўшни ўлкага қўшин киритиши мумкинми? Бу борада сиёсий таҳлилчиларнинг фикрларига қулоқ тутамиз. 

«Москва Лукашенкони ҳокимиятда сақлаб қолишни истайди. Аммо Кремль учун қўшни мамлакат етакчиси заиф бўлгани айни муддао. Негаки, бу икки мамлакат интеграцияси бўйича лойиҳани амалга ошириш имконини беради. Кремль бор имкониятни ишга солиб Беларусни сақлаб қолади. Аммо бу борада армия эмас, чекланган ҳарбий гуруҳ, масалан, Росгвардия ёки ИИВ кучлари ҳақида тахмин қилиш мумкин», – дейди «R.Politik. Reality of Russian Politics» таҳлил маркази раҳбари Татьяна Становая. Аммо таҳлилчи чекланган ҳарбий куч юборилишини ҳам эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди. Чунки кам сонли гуруҳнинг киритилиши ҳам Лукашенконинг вазиятни мустақил ҳолда идора эта олмаслиги ва унинг ҳокимияти умри тугаганини англатади.

«Путин Беларусдаги вазиятга бевосита аралашмайди. У ташқи сиёсий авантюралар вақти ўтганини яхши англайди», – дейди сиёсатшунос Аббос Галлямов. Қайд этилишича, Беларусга Россия қўшинининг  киритилиши Путиннинг ўзи шундоқ ҳам кўнгилдагидек бўлмаган ички рейтингига салбий таъсир кўрсатади.

«Лукашенко, гарчи ҳокимиятдан кетмаслигини эълон қилган бўлса-да, амалда мағлуб бўлди. Мағлубият эса хатар кўламини оширади: у учун Беларусда ҳаракат майдони торайди, Ғарб билан алоқаларда ўйин имконияти қолмади. Ортга чекиниб бўлмайди, айни чоқда, олдинга ҳам қадам ташлаш имконсиз. Фақат Россияга умид қилиш мумкин. Оқибат эса номаълум: ё нажот арқони ташланади, ё чўктириб юборилади», – дея мавжуд вазиятни изоҳлайди сиёсатшунос Лилия Шевцова.

Қайд этилишича, Лукашенкога ортиқча ён босиш Беларусда аксилроссия кайфиятини кучайтириши мумкин, бу эса пировардида Путиннинг азалий орзуси – иттифоқдош давлат тузиш ғоясини чиппакка чиқаради. Сиёсатшунос Кремлнинг «қўл»ини бир неча марта тишлаган, айни пайтда эса халқ қўлловидан мосуво бўлган қўшни давлат раҳбарини Москва учун бошоғриқ деб атайди.

«Россия қулаётган ҳукуматни қўшин ёрдамида қутқармайди. Тўғри, етакчининг ўзини олиб чиқиш кетиши мумкин, аммо ички дастакдан айрилган режимни сақлаб қолишга ҳаракат қилмайди», – дейди сиёсий эксперт Артем Шрайбан.

Сўнгги сўровларга кўра, аксар белоруслар Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори. Намойишчилар ҳам аксилроссия кайфиятида эмас. Қўшин киритилиши эса Россия учун оғир оқибатларга олиб келади, мамлакат Украина каби яна бир қардошидан айрилади. Сиёсий экспертга кўра, ҳозирги вазиятда расмий Москва юридик жиҳатдан ҳам Беларусга қўшин кирита олмайди. КХШТ битими аъзо давлатга ташқи агрессия рўй берган ҳолатдагина ҳарбий кўмак беришни кўзда тутади. Беларусда эса вазият буткул ўзгача: фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишини ташқи агрессия деб баҳолашни соғлом ақл қабул қила олмайди. 

Carnegie.ru таҳлилий сайти бош муҳаррири Александр Бауновга кўра, Владимир Путиннинг бошқаруви даврида норозилик намойишлари орқали 6 нафар собиқ иттифоқ республикаси раҳбари ҳокимиятдан кетказилди. Аммо Путин фақат Украина президенти Виктор Януковичгагина жиддий кўмак берди. Айни чоқда, Россия раҳбари Беларусни ҳам Украина каби йўқотишдан қўрқади. Таҳлилчига кўра, ҳозирги вазиятда Владимир Путин учун энг муҳими Россия–Беларусь иттифоқдош давлати масаласидир. Агар Лукашенко иттифоқдош давлат ғоясини дастакласа, Путин у томонда бўлади. Агар амалдаги президентга қарши гуруҳлар Россия билан иттифоқчиликни танласа, Кремль уларга кўмак беради. 

«Лукашенко барча яккаҳукмдорлар каби сўнгги ўқи қолгунча курашиши аниқ. Унинг ҳозирги позицияси ҳам шундан далолат беради. Лукашенко Россияни имкон қадар тезроқ ушбу зиддиятга тортишга уринмоқда. Бу мақсадда у сунъий равишда Литва ёки НАТОнинг бошқа бирор давлати билан ихтилоф ҳам юзага келтириши мумкин. Ана шунда Россия КХШТ аъзоси сифатида  Беларусдаги вазиятга аралашади», – дейди University college of London илмий ходими Владимир Пастухов. Таъкидланишича, Беларусда аксилроссия кайфияти кучайиб, европапараст кучлар етакчиликни қўлга олсагина Путин қалтис ишга қўл уриши мумкин. Аммо эҳтимолий бу ҳодиса улкан фожиага олиб келади, деб ҳисоблайди В.Пастухов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг