Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шимолий Кореянинг ваъдаларига ишониш мумкинми?

Шимолий Кореянинг ваъдаларига ишониш мумкинми?

Фото:«Breaking 911»

Аввал хабар берганимиздек Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 21 апрелдан бошлаб мамлакатнинг ядро ҳамда баллистик ракеталар синовини тўхтатганини маълум қилган эди. Ушбу оламшумул хабар бутун дунёнинг бир лаҳза енгил тин олишига сабаб бўлди. Шу пайтга қадар ўзининг ядровий дастурини ривожлантириш истаги билан яшаётган ва барчани хавотирда ушлаб турган бу давлатнинг ушбу қарори ҳақиқатан ҳайратланарли ҳодиса бўлди. Ушбу қарорни дунёнинг етакчи давлатлари лидерлари олқишлар билан қарши олган бўлса-да, Япония ҳали кўнгли тўлмаётганини маълум қилди ва Пхенянга нисбатан босимни давом эттиришга чақирди.

Хўш, Шимолий Корея ўз ваъдасида туриб ядро дастуридан воз кечадими? Бу ҳозирча номаълум. Келинг, мамлакат ядровий дастурининг тарихига бир назар ташлайлик.

Бир қадам олдинга, бир қадам орқага

Шимолий Кореянинг ядровий дастурининг илдизи совуқ уруш даврига бориб тақалади. 1950-йиллардаги Корея можаросидан кейин АҚШ минтақани тарк этди ва СССР Ким Ир Сен томонидан қаттиққўллик билан бошқариб келинаётган Шимолий Кореяга яқинлашди. 1965 йилда советлар Шимолий Кореяга тадқиқот реакторини қуриб беришди. Бу мамлакатнинг атом билан илк учрашуви эди. 1970-йилларда Пхенян яқин масофаларга учувчи ракеталар устида ишлади. Бироқ Ким Ир Сен 1985 йилда Ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномаси (ЙҚТШ)ни имзолашга қарор қилади.

Аммо бу шунчаки қуруқ имзо бўлиб қолди: Пхенян махфий равишда 1980-йиллар бошидан ўзининг атом реакторларини ривожлантириб борди. Шимолий Кореяни ўзининг ядровий қуролига эга бўлишга ҳаракат қилишда айблаётган АҚШ билан зиддият кучайди. Ниҳоят, 1994 йили Ким Ир Сеннинг вафоти ўртадаги зиддиятларга бироз тин берди. Ҳокимиятни мерос қилиб олган ўғли Ким Чен Ир эса ядровий ҳарбий дастурдан фуқаролик реакторларини қуриш эвазига воз кечишга ваъда берди.

Илк ядровий синовлар

АҚШда ҳокимият тепасига Жорж Бушнинг келиши барча нарсани ўзгартириб юборди. Вазифасига киришган кундан бошлаб у Шимолий Кореяни яна яширин тарзда ўзининг иккинчи ядровий дастурини тайёрлаётганликда айблади ва мамлакатни ўзининг «қора рўйхати»га киритиб қўйди. Бунга жавобан Ким Чен Ир мамлакатдан хорижий кузатувчиларни чиқариб юборди, ЙҚТШдан чиқди ва баллистик ракеталар синовини амалга оширди. Ниҳоят 2006 йил 9 октябрда Шимолий Корея гегемон давлатларнинг шундоққина тумшуғи остида ўзининг илк ядро қуролини синовдан ўтказди. Дарҳол БМТ вазиятга аралашди ва мамлакатга қарши санкциялар жорий этиш бўйича резолюция қабул қилди.

Ғарб томонидан ўтказилган босим Пхенянни яна ён беришга мажбур қилди. 2007 йилдан кузатувчиларга мамлакатга киришга рухсат берилди ва мамлакат ядровий дастурининг тўхтаганини маълум қилишди. Аммо икки йилдан сўнг мамлакат ўзининг иккинчи ядро синовини амалга оширди. Яна ҳарбий ядровий дастур кучга кирди ва кузатувчилар мамлакатдан қувилди. 2011 йили Ким Чен Ирнинг ўлими АҚШ билан муносабатларнинг яхшиланишига сабаб деб кўрилди. Бироқ бу умидлар ҳам тез орада саробга айланди.

Провокатор Ким Чен Ин

Ҳукуматга келиши билан Ким Чен Ин бир неча бор баллистик ракеталар синовини ўтказди ва Обама маъмурияти билан алоқаларини узди. 2013 йилнинг бошида у мамлакат тарихидаги учинчи ядро синовини амалга оширди. Бу сафарги уриниш олдингилардан анча кучли бўлди.

Бир неча йиллик танаффусдан сўнг, 2016 йилнинг январь ойида Шимолий Корея кенг кўламли янги синовларни бошлаб, тўртинчи ядро синовини амалга оширди. Пхенян бу сафарги бомба атом бомбасидан бир неча марта кучли ва серталафот бўлган водород бомбасини синовдан ўтказганини маълум қилди. Ёш лидер шу йилнинг сентябрь ойида, аниқроғи 9 сентябрда бешинчи ядро синовини амалга оширди. Аммо экспертлар ҳар доимгидек унинг кучига шубҳа билан қарадилар.

2017 йил мамлакатда синовларга бой йил бўлди. Йил давомида КХДРда жами 14 марта баллистик ракеталар синалди ва Шимолий Корея бутун АҚШни ер юзидан супуриб ташлаш билан таҳдид қила бошлади. Январь ойида Оқ уйга келган Доналд Трамп доимий равишда Шимолий Кореянинг ҳарбий амбицияларидан ғазабланиб келди. Икки раҳбар ўртасида «даҳанаки жанглар» бўлиб ўтди. Бунинг энг чўққиси август ойида рўй берди. Орадан бир ой ҳам ўтмасдан, 2017 йил 3 сентябрда Шимолий Корея ўзининг олтинчи ва ҳозирча сўнгги ядро синовидан ўтказди. Шимолий Кореянинг таҳдидлари ҳақиқатга яқинга ўхшаб борди ва ядровий уруш хавфи пайдо бўлди. Бунга қарши Ғарб иқтисодий санкцияларни кучайтирди. Бу сафар унга КХДРнинг азалий ҳамкорлари Россия ва Хитой ҳам қўшилди. БМТ минбаридан туриб Доналд Трамп Ким Чен Инни «ракета одам» дея сифатлаб Шимолий Кореяни бутунлай вайрон қилиб юбориши мумкинлигини айтди.

Яхшилик учун ён бериш

Барчани ажаблантириб, кескинлик ҳар доимгидан ҳам юқори бўлиб турган бир пайтда Шимолий Корея ён беришга қарор қилди. Февралда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган қишки олимпиада арафасида КХДР раҳбари мусобақага мамлакат делегациясини жўнатишга қарор қилди. Энг ҳайратланарлиси икки Корея спортчилари бир байроқ остида баҳсларда қатнашиши бўлди. Шундай бир вазиятда Ким Чен Ин Доналд Трамп билан учрашишга рози бўлди ва ушбу тарихий учрашув шу йилнинг июнь ойи бошида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Уч ой давом этган узоқ музокаралардан сўнг 21 апрель куни Шимолий Корея лидери мамлакатни ядродан холи ҳудудга айлантиришга доир муҳим қарорни қабул қилди. Унинг айтишича, Пхенян бундан буён «ядродан холи дунё» учун ҳаракат қилади. Унинг ушбу қарорини Доналд Трамп олқишлади ва дунё учун жуда зўр янгилик дея баҳолади. Энди фақатгина Ким Чен Иннинг ҳалол ўйин олиб бораётгани тасдиқланса кифоя. Аммо тарих Шимолий Кореянинг доим бир қадам олдинда юрганини кўрсатмоқда...

Жаҳонгир Остонов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг