Совуқ урушдан кейинги «энг ёмон инқироз». Путин ва Макрон нималарни гаплашди?
Шарқий Европада Украина атрофидаги вазият кескинлашиб бормоқда. Бироз аввал НАТО аъзоларининг хавотирлари, Россиянинг позицияси ҳақида таҳлилларни тақдим этган эдик.
Ғарб Украина - Россия муносабатларини кескинлашганига ҳаммани ишонтиришга уринмоқда. Хусусан, Кремлдаги Франция президенти Эммануэл Макрон ва Владимир Путин учрашуви кўплаб баҳсларга сабаб бўлди.
Душанба кун ташкил этилган мулоқот 5 соатдан ортиқ давом этди. Ғарб ОАВларига қараганда, асосий масала Россия армиясининг Украина чегараларидан олиб кетиш ва Путинни ҳужум қилмасликка кўндириш бўлган.
Шунга қарамай, юқоридаги тахмин тўла ишончли эмас, чунки мунозаралар бошлангандан бери Москва ҳужум режаси йўқлигини, қўшинларини ўз ҳудудида хоҳлаганича ҳаракатлантириш ҳуқуқига эга эканини айтган.
Франция раҳбари ва Россия лидерининг учрашув тафсилотларининг маълум қисмидан номаълум қисми кўпроқ, наинки, агар маълум бўлганда энг машҳур ОАВлар турлича фикр билдирмаган бўлар эди. Британиянинг энг машҳур нашрлари «The Guardian», «BBC», АҚШнинг «Politico», «CNBC», «New York Times» нашрлари турлича ёндашди.
«The Guardian» нашрига кўра, Эммануэл Макрон музокараларда Россиянинг Украинага ҳужум эҳтимолини тўхтатишга эриша олмаган. Беш соат давом этган музокаралардан сўнг Макрон вазият кескинлашуви хавфидан қочиш учун томонлар тезкорлик билан ишлашлари зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Шу мақсадда зудлик билан Киевга учиб кетган.
«Ҳозир кескинлик кучаймоқда ва беқарорлик хавфи ортиб бормоқда. Россия ҳам, европаликлар ҳам коронавирус пандемияси фонида беқарорликни хоҳламайдилар. Шунинг учун биз аниқ чора-тадбирларни келишиб олишимиз керак», ̶ деган Макрон «The Guardian»га кўра.
Макрон бугун Киевда президент Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказмоқда. Француз сиёсатдони учрашувдан сўнг Путин билан яна алоқага чиқиб вазиятни юмшатишга ўриниб кўради.
Яна бир ишончли инсайдер «BBC» «Guardian»дан фарқли равишда Макроннинг натижага эришганини ёзмоқда. Макрон Путин билан учрашувдан сўнг яқин кунлар Украинадаги зиддиятни юмшатиш учун муҳим бўлишини қайд этган. Нашрга кўра, Ғарб Россия қўшинларини Украина чегараларидан олиб чиқиб кетиш борасида илк муваффақиятга эришган.
Иккала нуфузли нашрнинг ҳам умумий сценарийлари йўқ эмас. Киевдаги Макрон - Зеленский учрашуви музокараларда муҳим бўлади.
Россия томони нашрлари ҳам жим тургани йўқ. Хусусан, «The Moscow Times»нинг ёзишича, Россия президенти Владимир Путин муросага тайёрлигини, Париж томонидан илгари сурилган таклифларни кўриб чиқишини таъкидлаган. Дипломатик баёнотда Украина бўйича кескинликни Ғарбнинг ўзи ошираётгани таъкидлаган. Рус нашри музокаралар Украина билан боғлиқ ҳолатни Совуқ уруш тугаганидан бери юзага келган «энг ёмон инқироз» деб атагани ҳам эътиборни тортади.
Франция раҳбари Москвага аниқ таклифлар билан келганини айтган нашр уларнинг тафсилотлари ҳақида тўхталиб ўтмаган. «Парижнинг бир қатор ғоялари, таклифлари... кейинги қадамлар учун асос бўлиши мумкин. Биз ҳаммага мос келадиган муросаларни топиш учун ҳамма нарсани қиламиз», - деган Путин.
«The New York Times» вазиятнинг бошқа томонига эътибор қаратди. Кремлдаги учрашув билан бир вақтда Вашингтонда Жо Байден Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашди. Шолц учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Россия Украинага ҳужум қилган тақдирда, Ғарб санкциялари жуда қатъий бўлиши, Германия бундай чоралардан зарар кўриши, аммо иттифоқчилар билан келишиб ҳаракат қилиш тарафдори эканини айтган. Аввалроқ Берлиннинг Украинадаги инқирозни тўхтатиш учун Россия билан қандай муносабатда бўлиш борасидаги чекловли позицияси иттифоқдошлари орасида норозилик уйғотгани ҳақида ёзгандик.
Байден эса Россия Украинага тажовуз қилса, Россия газини Европага етказиш учун қурилган «Шимолий оқим-2» лойиҳасини тўхтатиши ҳақида айтган. «Агар Россия яна бостириб кирса... «Шимолий оқим-2» бўлмайди. Биз уни бутунлай тўхтатамиз», ̶ деган АҚШ президенти. 80 ёшли сиёсатчи Вашингтон бу мақсадга қандай эришмоқчи эканига аниқлик киритмаган.
Сешанба куни Шолц ҳам худди Макрон каби Киевда музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Душанба куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан учрашгани, аммо Зеленский билан учрашуви рўй бермагани маълум қилинганди. Миш-мишларга қараганда, учрашув Германиянинг позицияси сабаб бекор қилинган.
Эммануэл Макрон Украина мавзусини доимий равишда Шолц билан ҳам, Евроиттифоқнинг бошқа давлатлари раҳбарлари билан ҳам, шунингдек АҚШ ва Британия билан маслаҳатлашиб турганини айтган. Музокаралар ҳал қилувчи паллага яқин бўлиши мумкин. Шунга қарамасдан Россия «қандайдир мўжиза кутмасликка» чақирган. Россия Украинанинг НАТОга қабул қилиниши мамлакат учун хавф сифатида эътироф этиб, аъзоллика киритмасликни сўраб хат жўнатган, Вашингтон эса аъзолик бўйича кафолат тақдим этилмаслигини билдирганди. Ҳозирча ҳеч қайси томон ўз позициясидан чекингани йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter