Самарқанддаги қурилиш-бузилишлар: калаванинг учи қаерда?
«Уй олишга қўрқиб қолдик...»
Самарқандда қурилган ва қурилаётган қатор кўп қаватли уйлар бузилаётгани, бунга асос қилиб нуфузли ЮНЕСКО халқаро ташкилот ҳужжатлари пеш қилинаётгани кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Йиллар давомида тежаб-тергаб йиққан пули, банклардан катта фоиз эвазига олинган қарзлари эвазига уйли бўлган фуқароларнинг ҳақли эътирозлари ўз йўлига, аммо шаҳардаги «қур-буз можаролари»дан катта-катта мутасаддилар ҳам лол, улар орасида бош чангаллаганлари ҳам топилади.
Маданият вазирлиги маданий мерос объектлари (ММО)ни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат Инспекцияси ўзининг ғалати қарорлари билан Самарқандни ўз мулки қилиб олгандек гўё... Инспекция ўзи истаган бинони – масжид, мақбара, Чор Россияси босқинидан кейин қурилган иншоотлар, ҳатто бирор жойига беш-ўнта «Николай ғишти» терилган замонавий чойхона ва ошхоналарни ҳам «маданий мерос объекти» (ММО) дея эълон қилиб, уларни давлат муҳофазасига олиниши шартлиги тўғрисида ҳокимиятларга тавсиялар киритмоқда. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари улар истаган қарорни чиқариб бермоқда. Натижада, ММО деб тан олинган бино алоҳида мартабага эга бўлади, муҳофазага олинади, унга тегилмайди. Энг муҳими, бу бино ва унда фаолият олиб бораётган ишбилармонлар солиқ тўламайди.
Самарқандда Инспекция шунчалик нуфузга эга бўлдики, бирор уй қурилиши учун қурилиш фирмалари раҳбарлари, аввало, шу идора рухсатини оладиган, шусиз ҳокимлар қарор чиқармайдиган бўлди. Албатта, бунақа нуфуз идора раҳбарининг дамини ўткир қилиши табиий...
Хуллас, ММОнинг муҳофаза ҳудудини Вазирлар Маҳкамаси ёки ЮНЕСКО эмас, Инспекция белгиламоқда. Инспекция бугунги кунда деярли бутун бошли шаҳарни муҳофаза ҳудудига киритган. Бу идоранинг жуда улкан ҳудудни муҳофаза майдони дея қизилга бўяб олган харитаси бор. У Самарқандга кираверишдаги Чўпонота қирларидан бошланиб, шаҳарнинг эски шаҳар қисмини бутунлай, янги шаҳарнинг эса каттагина қисмини эгаллаган. 2004 йилда чизилган «ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий қўриқхонаси чегаралари харитаси» деб аталган бу чизманинг гирдига «Тасдиқлайман», дея ўша пайтдаги маданият вазири, «Келишилган», дея вазирлик қошидаги ММОни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори ҳамда Инспекция бошлиғининг ўзи қўл қўйиб, муҳр уришган. Бугун айнан Инспекция тепага олиб чиқаётган маълумотларга кўра, Самарқандда бинолар мулоҳазасиз бузилмоқда. Ажабланарлиси, қурилганига анча бўлган, беш-олти йилдан бери аҳоли яшаб келаётган уйлар бузилмоқда.
Уйларнинг неча қават бўлиши кераклигини ҳам Инспекция белгилаб бермоқда. «Нимага асосан, бунга уларнинг қандай ҳаққи бор?» дейдиган киши топилмаяпти. Инспекция эса, истаган қурувчига ўзи истаган баландликда уй қуришга рухсат бермоқда. Ниманинг эвазига, бу бошқа масала...
Инспекция белгилаб берган ҳудуддаги уйлар бузилиши керак экан, аввало, Самарқанднинг марказида, шундоққина Регистон майдони биқинида қад кўтарган вилоят ҳокимлиги биноси, унга туташ иншоотлар, қатор-қатор меҳмонхона, банк бинолари бузилиши керак эмасми? Йўқ, Инспекция ҳокимият бинолари бузилмаслигининг йўлини топиб берган: уларни ҳам ММО деб қарор чиқарган. Рост-да, Самарқанд шаҳар ҳокимияти биноси борича «Николай ғишти»дан тикланган бўлса, яна уни кимсан генерал-губернатор Абрамов жаноби олийлари қурдирган бўлса, ММО бўлади-да. «Афросиёб» меҳмонхонасини Ҳиндистондан келган қурувчилар қурганидан кейин ММО бўлади-да! Қизиқ, XVII аср обидаси, Намозгоҳ масжидидан 50 қадам берига яқиндагина қурилган ҳашаматли бино-чи? Уям ММОмикан?
Қонунда нима дейилган?
Ўзбекистонда 2001 йилдаёқ «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида» Қонун қабул қилинган. Унда ММОни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритишни тавсия қилиш ваколатигина Маданият вазирлиги ва унга тегишли Инспекцияга берилган. ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш эса, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига юклатилган (6-модда). Шунингдек, мазкур қонунда Маданият вазирлиги ва унинг ҳузуридаги назорат идораларининг вазифалари ҳам аниқ қилиб белгилаб берилган: «Маданият вазирлиги юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Бу борадаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади. Бу объектларни консервация қилиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурларда қатнашади. Шу объектларнинг маънавиятимиз дурдоналари эканини ўз тадбирларида тарғиб қилади» (7-модда). Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари ҳам кўрсатилган: «Ўз ҳудудларидаги ММОни аниқлайдилар, ҳисобга оладилар, асрайдилар, фойдаланадилар» (9-модда).
Кўриб турганингиздек, маҳаллий ҳокимият органлари ва Инспекцияга бундан ортиқ ваколат, яъни ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш, шаҳарда қурилаётган уйларнинг баландлигини чегаралаб бериш, уйларни буздириш, текислаш ваколатлари берилмаган.
Ғайриқонуний қарорлар ва ... ижролар
Ўзлари катта ваколатларни бериб қўйган, уй қурилиши, жойи, неча қават бўлишигача шу идорадан тавсиянома олиб келинишини талаб қилган вилоят ва шаҳар ҳокимларини Инспекция раҳбари ўз мақомига солиб олгандай.
Биргина Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан қурилишига ноқонуний қарор берилган 200 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг тақдири шубҳа остида қолди. Бугунги кунда прокуратура органлари ана шу уйларнинг 100 дан ортиғига оид қарорларнинг қонунийлиги борасида текширув ишларини олиб бормоқда. Натижада бир қанча қурилиш фирмалари раҳбарлари устидан жиноят ишларни қўзғатилди, улар қурган кўп қаватли уйларнинг бузилишига оид суд қарорларини чиқаришга ҳам муваффақ бўлдилар.
Самарқандлик тажрибали ҳуқуқшунослар Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон Бош прокурори ва Маданият вазирига мурожаат қилиб, таркибига қонунларни яхши тушунадиган, билимли, салоҳиятли фан, маданият арбоблари ва жамоатчилик вакиллари киритилиши лозим бўлган нуфузли комиссия ташкил этишни сўрамоқдалар. ММОни муҳофаза қилиш борасидаги қонунлар ижроси қандай аҳволда эканига холис баҳо бериб, бу борадаги қонунбузарликларни тафтиш қилиш лозимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги ММО муҳофазаси борасидаги тартибсизликларни бартараф этиш юзасидан қилиниши кўзда тутилаётган ишлар хусусида тушунча беришни талаб қилдилар. Инспекция берган маълумот асосида Самарқанд шаҳридаги 1600 та иншоот маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олингани, у рўйхат яна ортиб бораётганига изоҳ сўрадилар. Вазирлар Маҳкамасининг Самарқанддаги ММО атрофидаги муҳофаза ҳудудларини аниқ чегаралаб беришини, улардан фойдаланиш қоидаларини таърифлаб беришини талаб қилдилар. Улар бу борадаги қонунлар ижросини таъминламаган мутасаддилар фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини ҳам сўрадилар.
Афсуски, бу талаблар эътиборсиз қолди. Республика Бош Прокуратураси, Маданият вазирлиги, маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг мазмуни бир хилда бўлган, умумий гаплардан нарига ўтилмаган жавобларида Самарқандда бўлаётган тартибсизликларга жиддий аҳамият берилмади, масалага ойдинлик ҳам киритилмади. Уларнинг бу ҳаракатини тушуниш қийин. Аслида, уларнинг бу ҳаракати, тўғрироғи, ҳаракатсизликларини изоҳлаб ҳам бўлмайди.
Инспекция чизиб олган, ўзларича алоҳида қўриқланадиган ҳудуд ва ундан каттароқ бўлган яна бир ҳимоя ҳудуди – «буфер зонаси» деган тушунчанинг хаёлий бир нарса экани алдовдан бошқа нарса эмас! Энг қизиғи, «Қўриқланадиган ҳудуд» ва «Буфер» деган атамалар фақатгина Самарқандда, Инспекцияда бор. Бунақа атамалар Бухорода ҳам, Хивада ҳам учрамайди. Умуман, «буфер» даган атама Ўзбекистон қонунчилигида ҳам йўқ!
Қизиқ фактлар
Соҳа мутахассислари гувоҳлик беришича, Самарқанддаги 100 дан ортиқ уйлар, кафе, ресторан, дўкон, кинотеатр ва бошқа иншоотлар ММО сифатида давлат муҳофазасига олинган. Аслида, уларнинг бирортаси на тарихий, на маданий, на меъморий қимматга эга. Умумжаҳон ММО рўйхатига сира ҳам кирмайди. Бу рўйхатга Самарқанддаги саноқли бинолар кирганини ҳамма билгани ҳолда, вилоят ҳокими Инспекция тақдим қилган рўйхатга асосан, 1600 объект маданий мерос объекти эканини тасдиқлаб, муҳр урган. Ваҳоланки, бунга унинг на ҳақи бор, на ваколати!
Инспекция маҳаллий раҳбарлар онгига бир нарсани қуйган: «Николай ғишти» ишлатилган ҳар қандай бино – тарихий обида! Унга тегиб бўлмайди!» Самарқандликлар ўша биноларнинг фақат юзига ўша ғишлар терилгани, ҳаммасининг орқа тарафи хом ғишт, пахса девор эканини яхши билади.
Яна бир қизиқ факт: Самарқанддаги биноларни ММО деб топишни Инспекция бошлиғи ўзи тузиб, ўзи тасдиқлаган, раҳбар қилиб ўзини тайинлаган, таркибига эри ва бошқа яқин қариндошларини киритган Эксперт Кенгаши ҳал қилади.
Юқоридаги Қонуннинг 17-моддасига кўра, «ММОнинг ўзгартириш мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари белигилаб қўйилади». Бу вазифа Инспекциянинг эмас, Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.
Афсуски, ўз ваколатлари доирасидаги вазифаларни бажармаган идораларнинг ҳаммасининг ишларини бирваракайига ўз гарданига олган Инспекция бу вазифани қойилмақом қилиб уддалаган ва ЮНЕСКО номини қалқон қилиб, унинг 1972 йилда қабул қилинган «Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конвенция йўриқномаларини, шаҳар Умумжаҳон ММО рўйхатига «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» номи билан киритилганини пеш қилиб, бутун бошли шаҳарни муҳофаза ҳудудига киритиб қўйган.
Уйи бузилиши масаласида мурожаат қилган ҳар қандай фуқаро олдига маҳаллий раҳбарлар Инспекциянинг харитасини ташлаб, «Қаерга борсанг бор, шу идоранинг гапи гап!» дея жавоб бермоқда. Аммо такрор айтаман: бу харитани ким чизган? Нимага асосан чизган? Ким уни тасдиқлаган? Уни Ўзбекистон ҳукумати маъқуллаганми? Афсуски, бу саволларни берадиган ҳам, унга жавоб топадиган одам ҳам ҳозирча йўқ!
Инспекция томонидан ўйлаб топган «Муҳофаза ҳудуди» ва «Буфер ҳудуди»га кириб қолган биноларнинг тақдири биргина Инспекция ишораси билан ҳал бўлмоқда. Энг қизиғи, қайсидир бинолар қолдирилиб, ёнидаги, ундан пастроқ бинолар бузилмоқда.
Мутасаддилар нима дейди?
Мен ушбу масала юзасидан Маданият вазири, шаҳар ҳокими ва Инспекция бошлиғи, шунингдек, бузилаётган уйларнинг яшовчилари, шу муносабат билан жиноий жавобгарликка тортилган инсонлар билан гаплашдим. Раҳбарларнинг ҳар бири менинг гапларимни тасдиқлаб, Самарқанддаги ММО муҳофазаси, уйлар қурилиши ва бузилиши борасида жуда кўп тартибсизликлар бўлганини айтишди. Аммо ҳар бири Самарқанднинг тарихий қисмини қадимий ҳолида сақлаб қолиш шартлигини, бинолар тарихий обидалардан баланд бўлмаслиги лозимлигини таъкидладилар. Уларнинг барчаси хорижий сайёҳлар Самарқандга кўп қаватли иморатларни эмас, айнан қадимий биноларни кўргани келишини, биз уларнинг кўнглига қараб иш тутишимиз, уларни хурсанд қилишга интилишимиз лозимлигини айтдилар.
Бугун кўп аҳоли уйлари ва ўз тақдирларини ўйлаб, саросимада. Ўз уйини таъмирлагани учун жиноятчига чиққанларнинг эса, фиғони фалакда...
Шахсий хулосаларим
Аввалдан айтиб қўяй, булар менинг шахсий фикрларим ва бировни аниқ бир жиноятда айблаш фикридан йироқман. «ЮНЕСКО томонидан қўриқланади», «ЮНЕСКО тасарруфига олинган ҳудуд», деган гаплар, менинг назаримда, Инспекция ва у билан бир манфаатни кўзлаган маҳаллий ҳокимият раҳбарлари томонидан содир қилинган молиявий жиноятлар ва таъмагирликларни ниқоблаш учун ўйлаб топилган. Бу уйдирмалар, энг камида, қурилиш фирмаларидан уларга ер беришда пора олиш учун ўйлаб топилгани вилоятнинг собиқ ҳокими пора олиб қўлга тушгани билан исботини топди, деб ҳисоблайман.
Инспекция «ихтиёрига берилган» биноларда бугун корхоналар, дўконлар, ошхоналар, турли катта-кичик фирмалар фаолият юритаётганлиги ҳам сир эмас.
– Маҳалламизда жойлашган, бир замонлар маҳалла аҳли ҳашар йўли билан қурган, ҳеч қанақа ММО бўлмаган «Кўкмасжид» кўп йиллардан бери қаровсиз бўлиб, ярим вайрона ҳолига келиб қолган эди, – дейди Кўкмасжид МФЙ раиси Т.Халилов. – Маҳалла аҳлининг кучи, ҳомийларнинг кўмаги билан масжидни, ҳовлисини, ҳужраларни чиройли қилиб таъмирладик ва маҳалланинг маънавият марказига айлантирмоқчи бўлдик. Ҳамма иш битганида бу жойга эга чиқиб қолди. Қўлида Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан келган Инспекция раҳбари бу жой ўз тасарруфига ўтказилганини айтди ва бу жойга ... автомобиль мактабини жойлаштирди. Мактаб одамлардан пул олиб, ишлаб ётибди. Аммо давлатга солиқ тўламайди. Инспекцияга ижара пули тўлайди, холос.
2016 йилда Самарқанд вилоят ИИБ раҳбарияти тақдимномаси билан Маданият вазирлиги Инспекция ўз хизмат ваколатини суистеъмол қилгани, экспертизаларни ноқонуний ўказгани, ўзбошимчаликлар қилинганини аниқлаган эди. Аммо Инспекция қарорлари ноқонуний эканлигини аниқлаган суд унга жазо тайинлашгача етиб бормади...
Менинг назаримда, Инспекция раҳбари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган одилона сиёсатни обрўсизлантираётганга ўхшайди. Энг ёмони, Инспекция Самарқанд халқида ҳукумат ва Республика раҳбарига нисбатан норозилик кайфияти уйғониши эҳтимолини юзага келтирмоқда.
Сўнгги сўз
Менимча, Самарқандда бўлаётган тартибсизликлар, шубҳа-гумонларни тарқатиш мақсадида, халқнинг фикрини эшитиб кўрадиган, бу ишларга сабаб бўлаётган ММО ва муҳофаза ҳудудлари ҳақида ақл билан бир тўхтамга келадиган, бу борадаги ҳукуматнинг, Маданият вазирлиги, маҳаллий ҳокимият қарорлари қанчалар тўғри эканини баҳолайдиган, хуллас, масалани бир ёқли қиладиган пайт келди. Акс ҳолда кеч бўлади.
Адолатли бир комиссия тузилиб, бўлаётган ишлар холисона текширилса, баҳсли айблов билан жиноий жавобгарликка тортилган, ҳалигача турмада ўтирган кишиларнинг тақдири ижобий ҳал қилинган бўларди. Бундан ташқари, халқимизнинг маданий бойлиги бўлмаган, заррача тарихий, маданий, меъморий қиммати бўлмай туриб, ММО мартабасига эга бўлган юзлаб бинолар оддий бино мақомига тушар, бундан кейин юз берадиган қонун бузилишлари бартараф қилинган бўларди.
Бу текшириш ММОнинг ҳақиқий муҳофаза ҳудудини ҳам аниқлаб, Самарқанд шаҳрида қанча кўп қаватли уйларни қуриш учун ҳокимият қарорлари ноқонуний чиқарилганига ҳам ойдинлик киритарди. Бировларнинг мол-мулкини ғайриқонуний тарзда ўзлаштириб олган кимсаларнинг ҳам сирлари фош бўларди. Қанча «сохта ишбилармон» давлатга солиқ тўламай, қонунни четлаб ўтиб, бунинг эвазига кимларнидир «рози қилиб», гуллаб-яшнаб юргани ҳам аён бўларди. Неча кишига масжидлар ва бошқа бинолар ижарага бериб қўйилгани очиларди. Қанча иншоотлар юзасидан ноқонуний тарихий-маданий экспертиза хулосалари берилгани фош бўлади. Маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг бу борадаги ўзбошимчаликларига барҳам берилади... Ё, насиб!..
P.S.: Мақола тайёрланаётган кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унда 2018 йил 1 декабрдан бошлаб барча қурилиш объектлари лойиҳаларининг смета қисми мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши, шунингдек, қурилиш учун ер участкаларини вақтида ажратмаслик ёки нотўғри ажратиш натижасида юзага келган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағи ҳисобидан қопланиши айтилган. Қурилиш вазирлигига Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юкланган.
Бу фармон мақолада кўтарилган муаммоларнинг ҳам ечилишини тезлаштиради, ҳеч бўлмаганда, бундан кейин шаҳарларда бўладиган қурилиш ишларида қонунбузарликлар, порахўрликлар бўлмайди, деб умид қиламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter