Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Саддамнинг қулаши. У диктаторми ёки халқ отаси? (2-қисм)

Саддамнинг қулаши. У диктаторми ёки халқ отаси? (2-қисм)

Яқинда эълон қилинган «Қашшоқ ва ерсиз Саддам. У ҳокимиятга қандай келган?» номли мақоламизда Саддам Ҳусайннинг болалик даври, қай тарзда Ироқда иккинчи рақамли шахсга айланиши ҳақида маълумот берган эдик.

Галдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда Саддам Ҳусайннинг давлат раҳбари сифатида Ироқда юритган 24 йиллик сиёсати ва у қурган тузумнинг қулаши ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ҳокимиятни Саддамга ўтиши

ХХ асрнинг 70-йиллари охирида Ироқда Саддам Ҳусайндан машҳур инсон йўқ эди. Де-факто ҳокимият тизгини ал-Бакрдан Саддамга ўтиб бўлганди. Фақатгина буни расмий тилга кўчириш қолганди, холос. Ироқ Коммунистик партиясининг фаолиятига нуқта қўйилиши билан мамлакатда якка партиявий тизим ўрнатилди.

1979 йилнинг 16 июль куни Ироқ президенти ал-Бакр «соғлиғидаги муаммо»лар сабабли истеъфога чиқди ва тез орада уй қамоғига ташланди. Бошқарув эса мамлакатдаги иккинчи рақамли шахсга ўтди. Шу тариқа Ироқда Саддам даври бошланди.

Ҳусайн иқтидорга келгач, ўз йўлига тўсиқ бўлиши мумкин бўлганларни четга суриб ташлади. Кутилмаганда Инқилобий қўмондонлик кенгашининг бош котиби Масхадий сирли тарзда йўқолиб қолди. Бир неча ойдан кейин, у Басснинг қурултойида минбарга олиб чиқилди. Масхадий Саддамга қарши Сурияда фитна ҳозирланаётганини, бунда партиядаги 60 нафар шахснинг қўли борлиги ҳақида нутқ сўзлади. «Фитначилар» шу заҳоти қўлга олинди.

Саддам амалга оширган ислоҳотлар

Ироқнинг асосий бойлиги – бу нефть эди. Ҳисоб китобларга кўра, Ироқ нефть захиралари бўйича дунёда учинчи ўринда турган. Бундан ташқари, Ироқ нефти жуда сифатли эди. 80-йиллар бошида Ироқ нефть экспортидан улкан даромад олди. Ана шу даромадлар мамлакатда кўламли ислоҳотларни амалга оширишга имкон берди. Ироқда «кучли иқтисод, кучли армия, кучли бошқарув» шиори остида ислоҳотлар татбиқ этилди.

Саддам Ҳусайн мамлакатда хусусий секторни ривожлантиришни рағбатлантирди. Хорижий компаниялар давлатни ривожлантириш дастурига кўпроқ жалб этилди. Қисқа вақт ичида мамлакатда мактаб, олий ўқув юртлари, автомобиль йўллари, электр станциялар, кичик ва катта уй-жой қурила бошланди. Қишлоқларда кўп тармоқли ва ихтисослашган касалхоналар очилди. Жаҳон стандарти бўйича таълим ва соғлиқни сақлаш тизими яратилди. Саддам Ҳусайн мамлакатда саводсизликни тугатиш учун таълимни ислоҳ қилиш билан бирга унга катта маблағ ажратди. Бу саводхонлик даражасини 30 фоиздан 70 фоизга ўсишига олиб келди.

ХХ асрнинг 80-йиллар ўрталарига келиб Ироқ аҳолисининг турмуш даражаси Яқин Шарқдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига айланди. Иқтисодий мўъжиза ортидан араб ва бошқа Осиё давлатларидан кўплаб инсонлар Ироққа иш излаб кела бошлади. Саддамнинг машҳурлиги ҳам йил сайин ошиб борди.

Халқаро банклар ва бошқа молия институтларининг ҳисоб-китобларига кўра, 80-йиллар охирида Ироқ 30-35 миллиард долларлик жуда катта валюта захирасига эга бўлган. 10 йил ичида Ироқ улкан миллий бойлик яратиб, Миср билан бир қаторда араб дунёсидаги энг ривожланган давлатга айланди.

Ироқ-Эрон уруши. Саддам ва Ҳумайни ўртасидаги адоват

1978 йил 8 январь куни Эронда Ислом инқилоби бошланди. Қарийб бир йил давом этган қуролли тўқнашувлардан сўнг, АҚШнинг Шарқдаги ишончли ҳамкори шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан ағдарилди. Муҳаммад Ризо Мисрга қочиб кетди. 1979 йилнинг 1 февралида Оятуллоҳ Ҳумайни 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади.

Ҳокимиятга келган Ҳумайни билан Ироқ раҳбари Саддам ўртасидаги муносабатлар унчалик илиқ эмасди. Бунинг асосий сабаби, 1964 йилда шоҳ томонидан Эрондан бадарға қилинган Оятуллоҳ Ҳумайни аҳолиси асосан шиа мазҳабига эътиқод қилувчи Ироқнинг Нажаф шаҳрига кўчиб ўтганди. Ҳумайни Саддамни «хиёнаткор» ва «Ғарбнинг қўғирчоғи» деб билиб, халқ орасида ҳукуматга қарши ҳаракатлар уюштирди. Бағрида илон сақлаб келаётганидан хабар топган Ҳусайн, дарҳол Ҳумайнини Ироқдан чиқариб юборганди.

Эрон-Ироқ ўртасидаги муносабатлар уруш бошланишидан олдин ҳам мураккаб ва зиддиятли эди. Бунга бир нечта сабаблар мавжуд бўлиб, улардан бири Эрондаги Ислом инқилобининг араб мамлакатларига ҳам ёйилиш хавфи эди.

1980 йил 22 сентябрь куни, пешин вақтида. Ироқ ҳаво кучларининг 192 та бомбардимончи самолёти Эронга кутилмаганда ҳужумга ўтди. Саддамнинг Теҳронга қарши ҳарбий компаниясини Ғарб давлатлари билан биргаликда Форс кўрфазидаги сунний монархлар Қувайт ва Саудия Арабистони ҳам қўллади.

Ироқ-Эрон ўртасидаги уруш 8 йил давом этди. Нима бўлганда ҳам уруш якунида ҳеч бир тараф ғалаба нашидасини тотмади. Ҳар икки томон ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий йўқотишларга учради. Ироқ бу урушда жами 342 миллиард доллар йўқотди ва мамлакат ташқи қарзи 110 миллиард долларга етди.

Ҳусайн режимининг эврилиши

8 йил давом этган Эрон уруши Ироқ иқтисодиётига миллиардлаб зарар олиб келди. Бунинг устига 1990 йилда дунё бозорида нефть нархи яхшигина пасайди. Бу омиллар Ироқ иқтисодини оғир аҳволга солиб қўйди. Саддам бу йўқотишларни қўшни Қувайтдаги «қора олтин» ҳисобига қопламоқчи эди. Қувайтдаги нефть конларининг деярли 90 фоизига Буюк Британия ва АҚШ компаниялари эгалик қиларди. Ироқнинг Қувайтга бостириб киримоқчи бўлгани табиийки Саддамни Ғарбга душман қилди.

1990 йилнинг 1 августида Ироқ армияси Қувайтга бостириб кирди ва уни босиб олди. Саддамнинг бу ҳаракатини ҳаттоки энг яқин иттифоқчилари Франция ва Ҳиндистон ҳам қоралади. СССР ва Хитой эса Ироққа қурол сотишга эмбарго қўйди. БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқ қўшинларини 1991 йилнинг 15 январигача Қувайтдан чиқиб кетишини талаб этди. Ҳарбий тажовузи ортида Ғарб мамлакатлари Ироққа қарши турли санкциялар жорий қилди. Бу шундоқ ҳам жар ёқасига келиб қолган иқтисодиётини батамом синдирди.

17 январь куни АҚШ бошчилигидаги коалиция «Саҳродаги бўрон» операциясини бошлади. Қисқа вақт ичида коалиция кучлари Ироқ армиясини фалажлантирди. Февраль ойида АҚШ Ироқдан зудлик билан Қувайтдан чиқиб кетишни талаб қилди ва қўшинларни Қувайт ҳудудидан олиб чиқишга бир ҳафта муҳлат берди. 28 февраль куни Саддам Ҳусайн сулҳ эълон қилди. Қувайтни озод қилиш қаторида халқаро коалиция кучлари Ироқ ҳудудининг 15 фоизини эгаллаб олди.

Қувайт урушидан сўнг Ироқ ва Саддам режими Ғарб тафаккурида Яқин Шарқдаги хавф сифатида гавдаланди. Ғарб оммавий ахборот воситалари Саддам ва унинг сиёсий тузумини кескин танқид остига олди. У бешафқат диктаторлар рўйхатига киритилди.

Саддам шахсиятига сиғиниш ва сиёсий репрессиялар

1990 йиллар ўрталарига келиб, Ироқда Саддам шахсиятига сиғиниш ўз чўққисига чиқди. Мамлакатдаги аэропорт, масжид, мактаб ва шаҳарларга диктатор номи берилди. Мактаб ўқувчиларига «Саддам, эй Саддам, сенинг кўзларингда миллат қуёши» сўзлари ёзилган шеърлар ёдлатилди. Бутун Ироқда Саддамнинг ҳайкаллари ва портретлари пайдо бўлди. Уни кўрган оломон «Биз сени ҳам руҳимиз, ҳам қонимиз билан қўллаб-қувватлаймиз» деб ҳайқирарди.

1991 йилнинг март ойида Ироқ бўйлаб кенг кўламда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Курдлар буни «Миллий исён» деб атади. Шиалар, курд миллатчилари ва радикал сўл гуруҳлар Саддам Ҳусайнни инсон ҳуқуқларини кенг миқёсда бузганликда ва мамлакатдаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашувида айблади. Норозилик акцияларида минглаб намойишчилар ҳалок бўлди. Намойиш бостирилгандан сўнг Саддам шиалар ва курдларни мажбурий кўчириш бошлади. Human Rights Watch маълумотларига кўра, деярли икки миллион инсон ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган, улардан деярли ярим миллионни мамлакатдан чиқиб кетган.

1995 йилда Ироқ конституциясига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, президентлик муддати 7 йилга узайтирилди. Ўша йилнинг 15 октябрида Ироқда Ҳусайнни яна етти йиллик муддатга қайта сайлаш бўйича референдум бўлиб ўтди. Мамлакат тарихида илк бор ўтказилган референдумда ироқликларнинг 99,96 фоизи Саддам Ҳусайн номзодини президентликка кўрсатишни ёқлади. 2002 йил 15 октябрда Ироқда президент Саддам Ҳусайннинг ваколатларини яна етти йилга узайтириш бўйича иккинчи референдум ўтказилди. Сайлов варақасида фақат битта инсоннинг номи бўлиб, унда «Сиз Саддам Ҳусайн Ироқ раҳбари бўлишини истайсизми?», деган савол бор эди. Овоз бериш натижасида Саддам Ҳусайн 100 фоиз овоз билан президентликни сақлаб қолди.

Саддам эрасининг интиҳоси

Йилдан йилга нефтга бўлган талабнинг ортиб бориши, нефть магнатларини Яқин Шарққа етаклади. Америка стратеглари дунёда нефть захиралари бўйича учинчи ўринда турувчи Ироқни эгаллашга қаратилган режа яратди. 1998 йилда Билл Клинтон Ироқни озод қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, Қўшма Штатлар Ҳусайн тузумини ағдариши ва Ироқни демократлаштиришга ҳисса қўшиши керак эди. 2000 йилда Жорж Буш ҳокимиятга келгач, АҚШнинг Ироққа нисбатан сиёсати кескин тус олди.

2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Қўшма Штатлар Ироққа бостириб киришни тезлаштирди. 2002 йилда Жорж Буш маъмурияти Ироқни оммавий қирғин қуролини яратиш ва ишлаб чиқаришда айблади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШнинг Ироққа бостириб киришини қўллаб-қувватламади. Қўшма Штатларнинг энг яқин ҳамкорлари ҳисобланган Франция ва Германия ҳам бу босқинга қарши чиқди.

2003 йилнинг март ойида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Ироққа бостириб киришга, Саддам Ҳусайн тузумини ағдаришга ва оммавий қирғин қуролини йўқ қилишга тайёр эканлигини билдирди. Буш Ҳусайнга ультиматум қўйди ва ундан ўз лавозимини тарк этишни талаб қилди. Бу вақтда Россия ташқи ишлар вазири Евгений Примаков Владимир Путиннинг буйруғи билан Бағдодга учиб келди. У Саддамга босқиндан қочиш учун Россияга кетишни маслаҳат берди. Бироқ Саддам Ҳусайн ўзини нима кутиб турганлигини билса-да, Ироқ халқи билан қолишни афзал кўрди. Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл!

2003 йил 18 март куни Жорж Буш Ҳусайнга ихтиёрий равишда ҳокимиятдан воз кечиб, 48 соат ичида ўғиллари билан мамлакатни тарк этишни таклиф қилди. Саддамни жавоби аниқ эди! 20 март куни АҚШ ва Британия қўшинлари Ироққа қарши ҳарбий амалиётлар бошлаб, ўша куни Бағдодни бомбардимон қилди. Босқин узоқ давом этмади – Саддамнинг ишонган генераллари уни ташлаб қочди. Коалиция кучлар қисқа вақт ичида ўша машҳур Бағдод остоналарига етиб келди. 14 апрель куни АҚШ қўшинлари Ироқ армиясининг марказлашган қаршилик кўрсатувчи сўнгги таянчи – Тикрит шаҳрини эгаллаб олди.

Бир вақтлар Саддамни олқишлаган халқ, энди унинг ҳайкалларини қўпориб, суратларини ёқа бошлади. Ҳусайн қулаганидан қувонган Ироқ халқи АҚШ қўшинларига қучоқ очиб пешвоз чиқди. Улар Ироқда энди демократия ҳукмронлик қилади, деб ўйлашганди. Лекин ўзларини келажакда нималар кутиб турганини билганларида, анча кеч бўлди.

Саддам Ҳусайн 2003 йил 13 декабрь куни ҳибсга олинди. 2005 йил 19 октябрда Ироқнинг собиқ президенти устидан суд жараёни бошланди. Саддамга қўйилган барча айбловлардан фақат биттасини суд кўриб чиқди. Шунинг ўзи Ироқнинг собиқ раҳбарини ўлим жазосига ҳукм этилишига етарли бўлди.

Саддам Ҳусайн 24 йил давомида Ироқни бошқарди. Ҳа, у қаттиқ қўл, ўз рақибларини аяб ўтирмасди. Ҳусайн ҳокимиятга келган илк йилларида Ироқ халқи учун мисли кўрилмаган ишларни амалга оширди, тан олиш керак! Бу ишлар тақсинга сазовор, лекин унинг буйруғи билан амалга оширилган жиноятлар тарозининг иккинчи палласини босиб туради. Бу эса Саддам Ҳусайннинг қанчалар зиддиятли шахс эканлигидан далолат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг