Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум: асосий рақамлар очиқланди

Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум: асосий рақамлар очиқланди

Фото: Xabar.uz

Қозоғистон Республикасида 6 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтадиган АЭС қурилишига доир референдумда овоз бериш учун 12 миллион 244 минг 683 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни Остона шаҳрида ташкил этилган матбуот анжуманида Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Константин Петров маълум қилди, деб хабар бермоқда Xabar.uz мухбири.

МСК раиси ўринбосарига кўра, мамлакат фуқаролари «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?» деган саволга  жавоб қайтаради.

«Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2024 йил 2 сентябрь куни атом электр станциясини қуриш бўйича референдумни 2024 йил 6 октябрда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Аммо айтиш мумкинки, ушбу муҳим масала бўйича муҳокамалар салкам 400 кун мобайнида давом этди», — деди Константин Петров.

Қайд этилишича, мамлакат раҳбари АЭС қурилиши масаласини плебисцит — умумхалқ муҳокамасига қўйишни таклиф этган 2023 йил 1 сентябрданоқ ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик, тарғибот ва тушунтириш ишлари бошланган.

Матбуот анжуманида қатнашган МСК котиби Мухтор Ерман ҳам референдумга доир айрим рақамлар билан ўртоқлашди.

«Референдум участкаларининг умумий сони 10 323 тани ташкил этди. Уларнинг 74 таси Қозоғистон ҳудудидан ташқарида, яъни дунёнинг 59 та давлатида жойлашган», — деди Мухтор Ерман.

Референдумда 30 давлатдан келган 177 нафар кузатувчи қатнашади.

Овоз бериш 6 октябрь куни соат 7:00 дан 20:00 гача давом этади. Референдумнинг якуний натижалари 7 кун ичида эълон қилинади.

Овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг ярми қатнашган тақдирда референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг