Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда шундай жойлар бор, аммо...

Қорақалпоғистонда шундай жойлар бор, аммо...

Фото: Андрей Кудряшов

Қаерга бормай (хориж бўладими, мамлакатимизнинг туманлари бўладими) ўша масканнинг табиатига, тарихига, маданий ва тарихий обидаларига қизиқиб, эътибор қаратаман.

Қорақалпоғистонга уюштирилган пресс-тур давомида Қўнғиротга кираверишда жойлашган Давуд ота қабристонига тўхтаб ўтдик. Тиловат қилдик, дуо қилдик. Аммо вақт тиғизлиги боис қабристонга кириб зиёрат қилиш имкони бўлмади. Бу ҳам яхшиликка, демак яна бир бор Қорақалпоғистонга келаман.

Эртаси куни якшанба. Бўш вақтимиз бўлди. Тушдан кейин қармоқда балиқ тутиш таклифи ўртага ташланди. Қармоқда балиқ тутиш юрагимни сиқиб юборишини билсам-да, «кўпчиликдан қолмай», дея рози бўлдим. Аммо тушлик вақтида Нукусдан 20 километрча узоқликда жойлашган Хўжайлидаги «очиқ мозорлар»ни зиёрат қилиш таклифи берилди. «Очиқ мозор» совуқ сўз. Аммо қизиқиш устун келиб бу таклифга розилик билдирдим. Бордик. Борганимга афсусланмайман.

Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлмиш Хўжайли номи, менимча, «хўжа эли» деган маънони билдиради. Аммо кўпчилик «зиёратчилар юрти» деган маънони беради», дейди. Қадимда Хўжайлининг номи Миздаҳқон бўлган. Айни дамда умумий майдони 2000 квадрат километр атрофидаги улкан қабристонгина Миздаҳқон номи билан аталади. Кўплаб ғаройиб афсона ва ривоятлар билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолари билан танилган Миздаҳқондаги мақбарага ҳар йили юз минглаб зиёратчилар ташриф буюрадилар.

Шу кунгача юртимизда дафн икки хил кўринишда амалга оширилишини билардим. Яъни, ҳаммамиз билган анъанавий қабр юртимизнинг ҳамма ҳудудларида маълум. Иккинчи хил дафн маросими Хоразм, қисман Қўқонда бўлиб, жасад махсус сағана(даҳма)ларга қўйилади. Хўжайлидаги Миздаҳқон қабристонида қабрлар бошқача эканига эътибор қаратдим. Яъни, лаҳад қазилмайди. Гўр чуқур қазилади, жасад қўйилгач, устига ёғоч қўйилади (бу жараённи турк сериалларида кўрганмиз), сўнг тупроқ тортилади. Орадан йиллар ўтиб ёғочлар чирийди ва тупроқ босиб қолади. Одамлар кўзига қабрлар сал очилиб қолгандек кўринади. Энг қизиғи, юртимизнинг барча ҳудудларида марҳумлар учун умумий тобутлардан фойдаланилади. Аммо Миздаҳқон мажмуасидаги қабрлар устида марҳумлар жасади олиб келинган катта-кичик тобутларга кўзингиз тушади.

Бизга ҳамроҳлик қилувчилар қабристон тарихи ҳақида имкон қадар сўзлаб беришди. Шунда ҳам асосий урғу Мазлумхон Сулув мақбарасига берилди. Тошкентга қайтгач интернет орқали Миздаҳқон қабристони ҳақида маълумотларни изладим. Деярли маълумотлар йўқ даражада. Борларидан ҳам унумли фойдаланиб, ўзим учун бебаҳо маълумотларга эга бўлдим.

Фото: Андрей Кудряшов

Хоразмда бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам сайёҳлар учун қизиқарли манзиллар кўплигига амин бўлдим. «Экологик инқироз сабабли дунё эътиборидаги бу ўлканинг бой тарихи, удумлари, маданий мерос объектлари ва меъморий обидалари ҳақида кўпроқ ёзишимиз, сайёҳларни жалб қилишимиз давр талаби», деган фикрга келдим. Чунки туризм Қорақалпоқистон аҳолиси даромадини ортишига хизмат қилиши аниқ.

Муқаддас жойларни кузатар эканман, «қорақалпоқ заминининг туристик салоҳиятидан ҳали тўлалигича фойдаланилмаяпти», деган хулосага келдим. Бунинг учун яхши тарғибот, инфратузилмани ривожлантириш, қулай транспорт логистикасини йўлга қўйиш керак бўлади.

Хўжайли – Оролбўйидаги машҳур бешта шаҳарнинг биридир. Бу ерда одамларнинг доимий яшаётганига 2400 йилдан ошди, деган илмий тахминлар мавжуд. Ривоятларга кўра, биринчи инсон – Ҳазрати Одам алайҳисаломнинг қабри, пайғамбар Шамъуннинг дахмаси ва Эрежеп Халфанинг мақбараси Миздаҳқонда жойлашган. Таниқли археолог Сергей Толстов (1907-1976) «зардуштийликнинг ватани сифатида Амударёнинг Орол денгизига қуйиладиган зироатчилик воҳаси бўлмиш Хоразмни санаш керак», деган фикрни билдирган. Унинг бу фикрига қўшилиш керак. Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистонда топилган зардуштийликка оид олтмиш учта диний ёдгорликдан ўн еттита энг кўҳналари айнан Хоразмда жойлашган. Илмий тадқиқотчиларга кўра, Ҳазрати Одам алайҳисаломнинг Миздаҳқондаги қабри тўғрисидаги ривоят Авестадаги Ахура-Мазда яратган биринчи инсон – Говмард (ҳўкиз-одам) ҳақидаги афсонанинг янгича талқини бўлган.

Миздаҳқон милоддан аввал II-IV асрларга оид қадимий оташпарастлар шаҳрига яқин жойда пайдо бўлган. Зардўштийларнинг муқаддас «Авесто» китобида оташпарастларнинг қуёш илоҳаси Ахура-Мазда шарафига қурилган Мазда шаҳрининг номи тилга олинади. Номи Авестодаги номга ўхшаш Миздақҳон муқаддас даргоҳининг ўзи катта қабристондан иборат бўлиб, учта адирликда жойлашган. Археологларнинг таъкидлашича, бу ердаги биринчи қабрлар милоддан аввал икки аср муқаддам пайдо бўлган. Заратуштранинг издошлари ўзлари учун муқаддас бўлган табиат кучлари – олов, тупроқ ва сувни ифлос қилмаслик учун ўлганларнинг жасадларини дафн этмай, мурдаларни махсус миноралар – дахмаларнинг томларига чиқариб қўйишар, бу ерда эса уларни ўлаксахўр қушлар еб, қоқ суякларини қолдиришар эдилар. Қуёш тиғлари остида қуриган устихонларни тўплаб, махсус сопол идишлар – остадонларга жойлаб, сағаналарга жойлашар эди.

Хўжайли номи XVII асрда пайдо бўлган. Тарихда Хўжайли Гауир, Антакия, Миздаҳқон номлари билан машҳур бўлган. Миздаҳқон (Миздакхан ҳам дейилади) ҳақда X асрда истиқомат қилган араб географлари Ибн Русте ҳамда ал-Истраҳий маълумот қолдирган. Машҳур араб олими ал-Мақдусий 985 йилда шу ердан ўтганда «Миздакхан ўзининг катталиги бўйича Кат, Гурганж каби Хоразм давлатида учинчи шаҳар» дея таъриф берган. Унинг қайд этишича, Миздаҳқон 12 мингта феодал қалъанинг марказий шаҳри бўлган. Шаҳарнинг энг қадимий қисми Гауир қалъа деган ном билан маълум бўлган. IX-XI асрларда қалъада янги қўрғон деворлар қад ростлаб, саройлар қурилган. Шу жойдан Хитой тангалари, Ўрта Ер денгизи бўйи халқларига оид чинни буюмлар топилган. Кўриниб турибдики, Миздаҳқон Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган. Хўжайли тарихини эслатувчи мажмуада Миздаҳқон эсдаликлар мажмуаси ҳамда унга кирувчи Мазлумхан сулув мақбараси, Шамун Наби мақбараси, Жўмард қассоб тепалиги, Ережеп халфа уйи ва бошқа ёдгорликлар ҳам бор.

Таъкидлаб ўтилганидек, Миздаҳқон некрополи қадимий қабристон бўлиб, бу ерда қадимий қабрлар мавжуд, уларнинг баъзилари 2400 йиллик тарихга эга. Демак, Миздаҳқон — Марказий Осиё минтақасидаги энг қадимий ва йирик қабристонлардан биридир. Қадим замонлардан бери бу жой муқаддас ва сирли маскан сифатида кўплаб зиёратчиларни жалб қилиб келмоқда. Археолог олим Саъдулла Саиповнинг фикрича «Миздаҳқон мажмуаси археологик нуқтаи назардан ҳали тўлиқ ўрганиб бўлинмади. Қазишма ишлари яна юзлаб йил давом этиши мумкин. Мажмуанинг археологик қўриқланадиган майдони 7 гектар бўлгани билан унинг ташқарисидаги, яъни дафн қилиниш учун рухсат берилган қарийб 70 гектарлик ҳудуддан ҳам зардуштийлик маданиятига оид ёдгорликлар топилмоқда».

Тўғриси, Миздаҳқон мажмуасида сайёҳларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида - дарвозадан то мақбаралар жойлашган тепаликка қадар ўзига хос «туннел» - пластик соябонли йўлак (коридор) қурилган. Бу мажмуанинг тарихий қийматига соя солмоқда. Масалан, дейлик, суратга тушмоқчи бўлсангиз, мана шу пластик соябон тарихий қабрлар акс этган суратни бузиб туради. Узоқни кўзламай қурилган соябонли йўлак туризм ривожи учун хизмат қилмаслиги аниқ. Расмийлар йўлак қурилишини қуйидагича изоҳлаган экан:

«Миздаҳқон тарихий мажмуасига олиб борадиган тепаликка чиқиш учун йўлак (коридор) қурилса нимаси ёмон? Биринчидан, зиёратга ёки сайёҳлик мақсадида келган фуқаролар, хусусан, нуронийларимиз учун қулай, тарихий девор расмларини томоша қилиб дам олиши мумкин. Иккинчидан, ноқулай об-ҳаво кунларида ёки жазирама иссиқда салқин соя, пана. Учинчидан, чор атрофни кўриб завқланиш учун очиқ дизайн. Тўртинчидан, йўлак сайёҳларнинг эътиборини жалб қилувчи миллий анъаналар билан бойитилган нақшлар билан безатилади ва алалхусус, кўпчилик фуқароларга очиқ қабрлар оғир таъсир қилиши инобатга олинса, эстетик жиҳатдан тўғри бўлади».

Яна бир нарсани айтиш керакки, реставрацияни мутлоқо тушунмаслик оқибатида 2017 йилда мазкур мажмуага кирадиган XIII-XIV асрларга тегишли Шамун-Наби мақбараси бузиб ташланиб, ўрнига янги обида қурилган ва шу билан муҳим аҳамиятга эга тарихий ёдгорлик ҳам батамом йўқ қилинган эди.

Миздаҳқоннинг шарқий адирлигида дахма миноралигининг барча белгиларига эга афсонавий Жўмард қассоб тепалиги бор. Афсуски, биз у ерга бормадик. Рестарация ишида иштирок этаётган йигитлардан тепалик ҳақида сўраганимизда, улар совуққонлик билан «бир қассобнинг қабри» дейишди. Тошкентга келиб, интернетдан билдимки, биз у ерга бормай жуда катта хато қилибмиз. Жўмард зардуштийлик динидаги биринчи инсон – Говмард ҳам бўлиши мумкин. Бу ўз навбатида Одам алайҳиссаломнинг қабри тўғрисидаги ривоятнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бўлиши эҳтимоли бор. Тепалик атрофида ичида олтин иплари сақланиб қолган зарбоф матоларнинг қолдиқлари, безаклар, тангалар ва диний маросимларда қўлланадиган шамчироқлар сақланаётган остадонларнинг кўплаб намуналари топилган.

Миздаҳқондаги авлиё Эрежеп (Ражаб) Ҳалфанинг мақбараси ҳаробалари «Дунё соати» деб аталар экан. Мақбара IX асрларга оид тўртбурчакли иншоотдан иборат бўлиб унинг бир тарафдаги девори ва томи бутунлай йиқилиб тушган. Қолган деворлар, гарчи улар мустаҳкам пойдеворлар устида турган бўлса ҳам, оҳисталик билан нураб бормоқда. Пойдевор остида қамиш қатлами нафақат намлик ва сизоб сувларидан ҳимоя қилади, балки зилзила тебранишларига нисбатан бардошлиликни кучайтиради ҳам.

 Ўтган асрнинг 40-йилларидан бошлаб Хоразм диёрида кенг кўламли илмий ишлар олиб борган машҳур археолог олим Сергей Толстов бу заминни «икки дарё оралиғидаги иккинчи Миср», деб атаган эди. Чунки, ўша пайтларда биргина Қорақалпоғистоннинг ўзида 1000 га яқин яхши сақланган тарихий обидалар топилган эди. Афсуски, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш баҳонасида 700 га яқин обида йўқ бўлиб кетган. Энди қолганларини асл ҳолича сақлаб қолишимиз, реставрация ишларини тўхтатиб, ёдгорликларни консервация қилишимиз керак. Шу орқали бутун дунёга бетакрор маданий меросимизни, очиқ осмон остидаги беқиёс тарихий ўтмишимизни танитиб, туризмнинг ривожланишига кенг йўл очишимиз мумкин.  

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг