Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қодиров, Абдуллаев, Муродов... Ўтмиш аччиқ. Келажак-чи? (Иккинчи мақола)

Қодиров, Абдуллаев, Муродов... Ўтмиш аччиқ. Келажак-чи? (Иккинчи мақола)

Президентнинг Олий Мажлис Сенатидаги маърузаси кўп нарсани қайта идроклашга ундади. Прокуратура тизимининг нимаси нотўғрики, хатолар кетидан хатолар юз бермоқда? Кеча бу борада айрим мулоҳазаларимизни билдирган эдик. Мавзуни давом эттирамиз.

Собиқ бош прокурорларнинг яна бир хатоси тизимда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини тотал назорат қилувчи «кураторлар» институтини жорий этиши бўлди.

Ҳали она сути оғзидан кетмаган, тунов куни ўқишни тугатиб келган ходимлар ҳам бутун бошли бир тизимга ёзилмаган қоидага кўра «куратор» бўлиб, меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича «команда» қиладиган раҳбарга айланиб қолди. Кечирасиз-у, қонун бузилиши ҳолати қайд этилмадими, ҳар бир ташкилотнинг ишига бурун суқишнинг ўзи ноқонуний иш эмасми?


Бошланиши: Қодиров, Абдуллаев, Муродов... Ўтмиш аччиқ. Келажак-чи? (Биринчи мақола)


Яна бир мантиқсиз ҳолат. Судда адвокат ва прокурорнинг иштироки, ўрни ва мақоми тенглашмас экан, ҳуқуқий-демократик давлат қурилиши ҳақида гапиришимизга ҳали эрта. Адвокатура инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилар экан, уларни «иккинчи сорт» деб қарамасдан, прокурор ҳам, судья ҳам адвокатни ҳурмат қилиши шарт.

Уларнинг тенглигини таъминлайдиган қонунчилик базасини яратиш вақти етган. Токи, кимнингки иши судга тушса, ёнида туриб ҳимоя қиладигани фақат ва фақат адвокат бўлишини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Баъзан «чекланган ҳуқуқли» адвокатнинг мижози бош прокурор ҳам бўлиб қолиши мумкинки, зотан, сўнгги пушаймон —  ўзингга душман, деган нақл бор.

Прокуратура тизимига кадрлар танлаб олишнинг замонавий тизимини янада кенгайтириш ҳам фойдадан холи бўлмасди. Меҳнат фаолиятини прокуратура тизимида бошламаган, бироқ ҳуқуқшунослик борасида катта билим ва тажрибага эга, кўзга кўринган судья, адвокат, адлия, ички ишлар органларидан масъулиятли ва малакали кадрларни ишга жалб қилиш амалиётини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Дунёда коррупциядан холилик бўйича 1-ўринда турадиган Сингапур айнан шу йўлни танлаган ва бугун мамлакатнинг қандай тараққий этаётганига барча ҳавас қилади.

Мамлакатимизда адлия тизими негадир шўъбаларга бўлиниб кетган, ваҳоланки, у ягона ва бўлинмас бўлиши зарур. Ёхуд ҳар бир орган наздида қонунийликни таъминлаш алоҳида усул ва ёндашувларни талаб қиладими?

Олий Суд, Прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Солиқ ва Божхона органлари тизимларида, борингки, бошланғич бакалавр ва магистратура тайёрлаш алоҳида бўлгани ҳолда, аммо уларни кейинчалик раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш учун ягона Академия тузиш мақсадга мувофиқдай.

Бир неча академия эмас, ягона ва кучли, энг илғор ва замонавий билимлар беришга қодир Адлия академияси ташкил этилишини ҳаётнинг ўзи кун тартибига чиқармоқда. Бунда Бош прокуратура академияси тажрибалари асқотиши мумкин. Уни битирувчилар орасидан энг сараларини барча тизимларга ҳам ишга жалб этиш имконияти пайдо бўлади. У ҳар қандай идоравий айрича манфаатларга мансубликдан холи, давлатнинг ягона адолатли адлия-ҳуқуқ тизимини шакллантиришнинг муҳим ҳалқаси бўлмоғи зарур. Унда адвокатлар ҳам, турли ташкилотларнинг юристлари ҳам ўқиши ва кейинчалик кадрлар тақсимотида ажратувчанликка йўл қўйилмаслиги шарт.

Биз узоқ йиллар солиқ органини қўлсиз-оёқсиз қилдик. Солиқчи солиқ интизоми ва қонунчилигини бузган ўнта жиноят топса ҳам, мингта топса ҳам, охир-оқибат иш прокуратурага ўтди. Ёмон одам солиқчи бўлиб қолаверди. Шунда улар «энг яхши» йўл — «тадбиркорлар» билан келишишга ўтди. Бюджетга тушум туя гўшти ейдиган бўлди. Солиқ билан боғлиқ жиноят ишларини кўришни ҳам Қодиров жаноблари қаттиқ туриб прокуратура ихтиёрига олишга муваффақ бўлди. Шу тариқа муаммонинг моҳиятига чуқур кириш ва ихтисослашув ўлди. Бутун дунёда давлат бюджети ва тузилмалари, шубҳасиз, солиқ тушумлари билан тирик.

Шундай экан, солиқ идораси таъсирчан воситаларга, катта база ва солиқ даромадларини аниқлаш, кузатиш ва мониторинг қилиш механизмларига эга бўлиши лозим ва солиқ тўловчиларнинг ортиб бориши йўлларини ўйлаб топиши керак. Токи, давлат бюджети муттасил ўсиб бормаса, эртага 33 миллион халқни қандай боқиш мумкин, маошларни қандай қилиб оширса бўлади?

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини Бош прокуратуранинг бошқармасига айлантириш, унинг таркибидаги Солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бошқармасини Давлат солиқ қўмитаси ихтиёрига ўтказиш мақсадга мувофиқдай кўринади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси раиси бош прокурор эмас, балки Президент администрацияси раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раиси ёки Сенат раиси бўлиши, адвокатлар уюшмасининг раиси қоида тариқасида унга ўринбосар бўлиб кириши ва комиссия таркибида коррупцияга қарши курашиш борасида ном қозонган журналистлар ҳам албатта бўлиши зарур. Кўпдан-кўп комиссия тузиш амалиётига ҳам чек қўйиш керак. Қонунлар бир зайлда ишласа, комиссиябозликка эҳтиёж ҳам қолмайди аслида.

Ва ниҳоят, прокуратура ходимларининг маънавий комиллиги устида яхшилаб ишлаш керак. Бир ҳақиқат аёнки, бу халқ минг йиллардан буён бор ва ҳар қандай амалдор унинг борлиги учун ҳам яшаб келяпти ва қозони қайнаяпти. Дарахт ўқ томирнинг озиқ манбасини унутган маҳалда қурийди ва чирийди, яна ўша ерга ағдарилиб тушади.

Яқинда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли аудиоёзув тарқаб кетди. Унда соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоятда соҳага оид қатор қонунга зид ҳолатлар бўйича Бош прокуроратурага материаллар тақдим этган бўлса-да, бу ҳақда вилоят ҳокимига қўнғироқ қилиб, масалани ҳал қилиб олинг, дея телефондан шипшитса... Ва буни ҳоким бува ҳеч уялмай-нетмай катта мажлисдаги ҳақоратларга тўла нутқида мақтаниб айтиб ўтирса!..

Ниғматилла Йўлдошевга мажлисда, аввало коррупциясиз тизимни яратиш талаби қўйилар экан, у бунга қандай эришиш йўллари бўйича ўз стратегиясини яратиб олган бўлса не ажаб, унинг қанчалик самарали эканлигини вақт кўрсатади.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан прокуратуранинг ўзи қонунчиликка қандай амал қилаётганини қатъий назорат қилиш механизмини яратиш масаласи ҳам ўйлаб кўрилиши, бунда фақат ҳисобот тинглаш ёки тавсия бериш усуллари билан чекланиб қолмаслик лозим.

Прокурорлар фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилиши ва у соат капгиридай ҳаётда қўлланилишини орзу қиламиз. Йўқса, иш чуқурлашиб, Бош прокурорлар тийиқсиз ва назоратсиз, мутлақ гегемонга айланиб қолади. Кўланкаси майдон, хизмат мавқеини истаганча суиистеъмол қилганлик, коррупция, адолатсизлик ва юлғичлик каби ножўя хатти-ҳаракатлар учун зудлик билан жазосини олиши керак. Токи, прокуратура деганлари давлат ичида алоҳида давлат эмас, балки давлатнинг одил адлия тизимини таъминловчи муҳим бир бўғинга айланиши вақти етди.

Шу ўринда Бош прокурорнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси билан мурожаат этиши ҳуқуқини ҳам чуқур муҳокама қилиш керак. Тўғри, прокуратура қонунлар ижросини назорат қилади, амалиётдан келиб чиқиб, қонунлардаги бўшлиқларни ўз вақтида кўради, илғайди. Шу баробарида айни ҳуқуқ қонун орқали ўз ваколату имтиёзларини кенгайтиришига имконият беришини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Фақат Адлия вазирлиги орқали бундай ташаббусни илгари суриши мумкинлигига урғу бериш зарур.

Қолаверса, халқаро экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон раҳбариятининг кучишлатар тизимлар фаолияти устидан парламент ва жамоат институтлари назоратини қатъийлаштираётгани ҳамда уларнинг сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётга аралашувини қисқартираётгани Президентнинг фуқаролик жамияти ва эркин бозор иқтисодиётини яратиш йўлидаги аҳдида собитлигини кўрсатмоқда. Бу йўлда ҳар қандай тўсиқ қўйиш ёки чалғитишга уриниш очиқ хиёнатдан бошқа нарса эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг