Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент кечаги учрашувда энг кўп қайси сўзларни ишлатди?

Президент кечаги учрашувда энг кўп қайси сўзларни ишлатди?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ)экспертлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашувда сўзлаган нутқининг лингвистик контент-таҳлилини ўтказдилар. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, таҳлилчилар давлат раҳбари нимага кўпроқ эътибор қаратаётганини аниқлашди.

Кеча, 2023 йил 18 август куни ТошкентдагиХалқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учинчи очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Бундай учрашув илк бор 2021 йил 20 августда ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан бу анъанага айланди ҳамда мазкур сана мамлакатимизда «Тадбиркорлар куни» этиб белгиланди.

Учрашувга иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган бизнес вакиллари таклиф этилган. Давлатимиз раҳбари тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Президент Шавкат Мирзиёев мулоқотдаги маърузасида бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди. Уларнинг ҳар бири ўз ичига кўплаб ташаббусларни қамраб олди:

Биринчи йўналиш – кичик бизнесга янги имкониятлар.

Иккинчи йўналиш – ўрта бизнесга оид ташаббуслар.

Учинчи йўналиш – янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш.

Тўртинчи йўналиш – юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш.

Бешинчи йўналиш– солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, бюрократияни йўқ қилиш.

Эслатиб ўтамиз, Марказ томонидан ўтказилган параллел тадқиқот шуни кўрсатдики, тадбиркорларнинг 46% ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини «яхши» деб баҳолаган.

Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, Марказ таҳлилчилари давлат раҳбари нимага кўпроқ эътибор қаратаётганини аниқлашди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида жами 3884та сўздан фойдаланган.

Президентнинг нутқини таҳлил қилиш (асл тилдан) тадбиркорларнинг энг долзарб муаммолари солиқлар ва кредитларэканлигини кўрсатди.

Президенттомонидан энг кўп тилга олинган сўзлар «тадбиркор», «бизнес», «солиқ», «корхона», «тизим», «маҳсулот», «кредит» ва «жамғарма»бўлди. (1-расм).

1-расм. Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан учинчи очиқ мулоқотида энг кўп ишлатган сўзлари.

Хусусан, «тадбиркор» сўзи 79 марта, «бизнес» сўзи 50 марта, «солиқ» сўзи 35 марта, «корхона» сўзи 35 марта, «тизим» сўзи 22 марта, «маҳсулот» сўзи 21 марта, «кредит» сўзи 21 марта ва «жамғарма» сўзи 18 марта тилга олинган. «Банк» ва у билан боғлиқ сўзлар 15 марта айтилган.

Икки сўздан ташкил топган иборалардан «кичик бизнес» ибораси 14 марта, «қўшилган қиймат» ибораси 8 марта, «ўрта бизнес» ибораси 10 марта, «очиқ мулоқот» ибораси 8 марта, «бизнесни ривожлантириш» ибораси 4 марта ва «тадбиркорлик жамғармаси» ибораси 3 марта тилга олинган. Уч сўздан иборат иборалардан «қўшилган қиймат солиғи» ибораси 6 марта, «бизнесни ривожлантириш банки» ибораси 4 марта, «кичик бизнес марказлари» ибораси 4 марта, «брендларни жалб қилиш» ибораси 4 марта, «кичик бизнес лойиҳалари» ибораси 3 марта, «саноатни ривожлантириш жамғармаси» ибораси 3 марта айтилган.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида 8 та муҳим янгиликни қайд этиб ўтди. Хусусан, кичик тадбиркорларни тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.

Бундан ташқари, кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.

«Қишлоқ қурилиш банк» «Бизнесни ривожлантириш банки»га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади.

Бизнес вакилларига енгиллик яратиш мақсадида кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 млн доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.

Шунингдек, ўз бизнесини йўлга қўя олган, «кредит ва солиқ тарихи» тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Тадбиркорлик жамғармаси туризм, савдо ва сервис соҳаларида «хизматлар ипотекаси» тизимини жорий қилади. Энди меҳмонхона, ресторан, савдо комплекси, автотураргоҳ, ёқилғи шохобчаси, кемпинг каби обектларнинг тайёр лойиҳалари тадбиркорларга таклиф этилади.

Логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 млн доллар йўналтирилади. Маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 млн доллар ажратилади.

Ҳамда йирик брендларни жалб қилган корхоналарга 50 млн сўмдан грант берилади.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, Президент нутқининг 18% қисми кичик бизнес, 18% қисми очиқ мулоқот натижалари, 13% қисми содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит, 13% қисми ўрта бизнес, 13% қисми сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқа масалаларга қаратилди.

Йўналишлар бўйича сўзларнинг тақсимланиши шуни кўрсатдики,  Президентнинг нутқининг аксарияти кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит шакллантириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва йирик корхоналарни қўллаб-қуватлаш ва кластер тизими ҳақида бўлди.

2-расм. Йўналишлар бўйича сўзларнинг тақсимланиши

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мулоқотдаги маърузасида келтирилган асосий йўналишлар ва уларга оид сўзларнинг қўлланиш тақсимоти қуйидаги расмда ифодаланган.

3-расм. Йўналишлар ва уларда ишлатилган сўзларнинг боғланиши

Давлатимиз раҳбари ишбилармонларнинг вақти ва харажатларини тежаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилишини таъкидлади. Барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилиниши айтилди.

– Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳар бир йил улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш даври бўлиб қолмоқда. Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва ташаббускор тадбиркорларимиз бор экан, биз албатта кўзлаган марраларимизга эришамиз, – деди Президент сўзининг якунида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг