Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пандемия бизга нималарни ўргатмоқда?

Пандемия бизга нималарни ўргатмоқда?

Фото: «Xabar.uz»

Карантин чекловлари яна узайтирилди. Ҳар гал узайтирилганда тартибларга шунчаки кўниб эмас, мослашиб боряпмиз. Карантин эълон қилинган дастлабки кунларда уйда қолиш, ниқоб тақиш, масофадан туриб ишлаш, хат-ҳужжат ишларини онлайн юритиш ва шу каби бошқа тартиблар одамлардан кундалик одатларини «тортиб олди».

Гарчи нотабиий бўлса ҳам, худдики кенг уст-бош кийишга ўрганган одам тор кийдирилганда ўзини қандай ўнғайсиз сезса, шундай бир ҳолат юзага келди. Мана энди жаҳон миқёсида қарийб етти ойлик, бизда эса салкам беш ойлик муддат – тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу вирус билан бирга яшашга, унга мослашишга мажбурмиз ва ҳозирча бундан ўзга йўл йўқ. Бошқача айтсак, пандемия жамият ривожининг янги йўналишларини кашф этишга, «тортиб олган»лари ўрнини муқобиллари билан тўлдиришга мажбур қилмоқда ва бу билан инсониятга яхшигина «дарс» бермоқда. У бизга нималарни ўргатяпти?

Вақтни тежаш

COVID-19 дунё компанияларини, давлат органлари ходимларини уйидан туриб ишлашга одатлантирди. Табиийки, бу ҳолат кўплаб иш берувчилар учун кутилмаган бўлди, аммо вазият тақозоси шу. Қайтанга, ишни масофадан юритиш «одатий иш тарзи»дан кўра афзалроқ эканлиги маълум бўлмоқда.

Жумладан, бу ходимларга вақтни тежаш имкониятини берди.  Ишга бориб-келиш, йўллардаги тирбандликларда «ҳавога учадиган» вақт ва унинг натижасида пайдо бўладиган стресслар камайди.

YouGov, LinkedIn, USA Today томонидан 2020 йил май ойида ўтказилган сўровга кўра, 54 фоиз иштирокчи пандемия сабабли масофавий ишлаш уларнинг самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатганини маълум қилган.

Бунинг асосий сабаблари эса, ишга бориш вақти тежалади (71 %), ходимлар бир бирини чалғитишмайди (61 %) ҳамда турли йиғилишлар бўлмайди (39 %).

Шунингдек, масофавий ишлаш тартиби иш берувчиларга ҳам бир қатор қулайлик яратади. Масалан, ушбу тартиб ходимларнинг иш ўрнини сақлаш, хизмат хонаси, техникалар, канцелярия, офисни таъмирлаш, уни сақлаш учун маблағларни тежаш имконини беради.

Иш вақти эмас, иш ҳажми

Бугун Ўзбекистон шароитида ходимларнинг масофадан ишлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилади.

Аввало, амалдаги меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш лозим. Айрим соҳаларда иш вақти тушунчасидан воз кечиб иш ҳажми тушунчасини жорий этиш – замон тақозоси. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган давлат ва хусусий секторда ишни масофадан ташкил қилиш мумкин эканини ҳозирги вазиятнинг ўзи исботлади. Ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ҳисобига масофавий иш режимини пандемиядан кейин ҳам сақлаб қолиш ҳар томонлама фойдали.

Бу борада FlexJobsning 2019 йилдаги (ҳали коронавирус деган гаплар йўқ шароитдаги) сўровларига эътибор қаратсак, 65 % мутахассис анъанавий офисдан кўра уйдан туриб ишлаш самаралироқ деб ҳисоблаганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, 49 % респондент фикрига кўра, уларда қандайдир стресс ёки сиқилиш бўлганида ўз уйларига бориб ишлашни афзал кўришини билдирган.

Масофавий таълим – чорасизлик эмас, талаб

Пандемия ўзгаришга мажбур қилган энг муҳим соҳалардан бири, шубҳасиз, таълим. Боғча, мактаб, коллежу лицей, университет – барида масофавий таълимга ўтилди. Бу «йўл» чорасизликдан эмас, давр талаби ҳам шу. Аслида, карантин шароитидан олдин ҳам аксар ривожланган давлатларда масофавий таълим уларнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиб улгурганини кўрамиз. Бу ҳар бир давлатнинг таълимни бу шаклда олиб боришда тайёргарлик даражаси билан боғлиқ. Айрим давлатларда бунга ресурс ҳам, имконият ҳам етарли. Бироқ сира кутилмаганда пандемия шароити кўп давлатларнинг таълимни масофадан туриб олиб боришга тўлиқ тайёр эмаслигини аён қилиб қўйди. Бизда ҳам муаммо шу.

Бу борада хориж тажрибаси қандай?

Масалан, Камбоджанинг Таълим, ёшлар ва спорт вазирлиги Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан биргаликда "Think!, Think!» деб номланувчи янги дастур ишлаб чиқди. Ушбу дастур ўқувчиларга онлайн дарс ўтишга мўлжалланган бўлиб, талабаларга Интернетга ёки шунга ўхшаш тармоқларга уланмаган Satellite Decho TV (DTV) орқали таълим олиш имконини беради. Ўқувчиларни онлайн дарсларга қизиқтириш учун дарслар турли ўйинлар, пазллар кўринишида режалаштирилмоқда.

Ёки Малайзияда шу йилнинг 6 апрелидан бошлаб барча ўқувчилар учун таълим дастурларини ўзлаштиришга ёрдам берувчи «TV Okey» деб номланган янги телеканал ташкил қилинди. Ушбу канал асосан интернетга уланиш имконига эга бўлмаганлар учун мўлжалланган.

Бундан ташқари, масофавий таълимда кузатиладиган энг кўп муаммолардан бири – фойдаланувчиларнинг ахборот хавфсизлиги билан ишлаш ҳамда маданият масалалари бўлиб қолмоқда. Ҳали интернет билан мулоқотни тўлиқ ўзлаштирмай туриб, таълимга алоқадор турли дилхира ҳолатлар тарқамоқда. Бундай ҳолатларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишни кўзлаб мутахассислар томонидан алоҳида йўриқнома ишлаб чиқилса, айни муддао бўлади деб ҳисоблаймиз.

Умуман олганда, ҳар бир соҳа эртанги куннинг ғамини ейиши, истиқболда қайси йўлдан боришини чамалаб олиши керак. Вақт, масофавий ишлаш, таълим асносида шулардан бир нечтасини санаб ўтдик, холос. Саналмаганлари эса анча.

Дилмурод Ражабоев,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг