Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тармоғидаги техник самарадорлиги баҳоланди

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тармоғидаги техник самарадорлиги баҳоланди

Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги билан узвий боғланган бўлиб, бу соҳанинг ЯИМдаги улуши юқорилиги бўйича жаҳон мамлакатлари орасида 18-ўринни эгаллайди.

Маълумот учун: Иқтисодиётида қишлоқ хўжалигининг улуши катта бўлган мамлакталар 20 талигидан Африка қитъасидаги 17 та мамлакат, Осиё қитъасидан эса Афғонистон ва Ўзбекистон жой олган. Мазкур мамлакатлардан Нигерия кешю ёнғоғи, окра, ерёнғоқ ва ширин картошка, Танзания кунжут ва ширин картошка етиштириш бўйича жаҳоннинг етакчи уч мамлакатидан бири саналади. Ўзбекистон ўрик етиштириш бўйича Дунё рейтингида Туркиядан, гилос етиштириш бўйича Туркия, АҚШ ва Чилидан, беҳи етиштириш бўйича Туркия ва Хитойдан,  ипак ишлаб чиқариш бўйича Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам ва Таиланддан, сабзи ва шолғом етиштириш бўйича Хитойдан кейинги ўринда туради.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистон ҳудудларининг қишлоқ хўжалиги тармоғидаги техник самарадорлиги баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказди. Унда DEА (Data Envelopment Analysis) модели асосида ишлаб чиқилган Färe-Primont индексидан фойдаланилди.

Тадқиқотда 2017-2019 йилларда Ўзбекистон ҳудудларида йирик шохли қорамол ва донли экинлар етиштиришнинг техник самарадорлиги кўриб чиқилди. Ишлаб чиқариш омиллари сифатида донли экинлар экиладиган ер майдони, ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги техникалари, соҳада иш билан банд аҳоли ва сарфланган органик ўғит ҳажми танлаб олинди.

Натижалар 2017 йилда омилларнинг ялпи унумдорлик кўрсаткичи (TFP) бўйича Жиззах, Андижон ва Бухоро вилоятлари, 2018 йилда Андижон, Навоий ва Бухоро вилоятлари, 2019 йилда Қашқадарё, Бухоро ва Андижон вилоятлари етакчи ҳудудлар бўлганини кўрсатди.

Қорақалпоғистон Республикаси 2017 йил рейтингида Қашқадарё вилоятидан кейинги ўринда (5-ўрин) бўлган. 2019 йилга келиб, 2 поғона пастга тушган (7-ўрин). Қорақалпоғистоннинг рейтингдаги ўрни бироз пасайишига қарамай, республикада унумдорлик бу даврда 15,2 фоизга ортган. Бу эса баъзи ҳудудларда унумдорликнинг ўсиш суръати янада юқорироқ бўлганидан далолат беради. Хусусан, рейтингда 8-ўринда бўлган Самарқанд вилоятида унумдорлик 25,7 фоизга ортиб, Қорақалпоғистондан ўзиб кетган ва 6-ўринни эгаллаган. Таҳлил даврида энг секин ўсиш (6,1 фоиз) Сурхондарё вилоятида қайд этилган.

Бундан ташқари, натижалар ишлаб чиқариш кўлами  катта баъзи ҳудудлар техник самарасиз бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Масалан, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида иқтисодий ва техник самарадорлик кўрсаткичлари ўртасида мутаносиблик кузатилган бўлса, қолган ҳудудларда тафовутлар мавжуд. Бу эса мазкур ҳудудларда ишлаб чиқариш омилларидан етарли даражада оқилона фойдаланилмаётганини билдиради.

Қўшимча тарзда, DEА модели асосида 2019 йил учун олинган натижалар ҳамда ҳудудларнинг агро-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ПМТИ экспертлари томонидан намунавий ҳудудлар аниқланди. Жумладан, Наманган вилояти учун Фарғона, Қорақалпоғистон Республикаси учун Бухоро, Сирдарё вилояти учун Жиззах, Сурхондарё вилояти учун Хоразм, Самарқанд вилояти учун Навоий вилоятининг тажрибасини ўрганиш тавсия этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг