Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси бўлишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман!» ЖСТда ишлаётган илк ўзбек билан суҳбат

«Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси бўлишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман!» ЖСТда ишлаётган илк ўзбек билан суҳбат

Носирхон Ғозихонов.

Фото: «Xabar.uz»

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали «жаҳон давлатлари бўйлаб саёҳат»ни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Европанинг йирик молиявий марказларидан бири —Швейцариянинг Женева шаҳрида истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Носирхон Ғозихонов бўлди. Қаҳрамонимиз ҳозирда Женевада жойлашган Жаҳон савдо ташкилоти бўлимида амалиёт ўтаб келмоқда.

— ЖСТда ишлаш имкониятига эга бўлган илк ўзбекистонликсиз. Бу қандай амалга ошган?

— Тошкент шаҳрида туғилганман. 2012 – 2016 йиллар Тошкентдаги Халқаро Вестминестер университетида «Тижорат ҳуқуқи» факультетида таҳсил олдим. Бакалаврни тугатиб, бир муддат «Ипак йўли» банкининг Мирзо Улуғбек филиалида хизмат қилганман. Ишлаш қатори, 2017 – 2018 йиллар Тошкент давлат юридик университетининг магистратура босқичида ҳам ўқишга муваффақ бўлдим.

Икки олийгоҳдаги таълим ва банкдаги хизмат даври, дунёқарашим ва соҳам бўйича тажрибага эга бўлишимга катта ёрдам берди. Аммо, болаликдан хорижга чиқиш, чет эллик дўстлар орттиришни ният қилар эдим.

Шу боис, 2018 йил Франция ҳукуматининг BGF стипендия дастурига ариза топширдим ва ижобий жавоб олдим. Ушбу грант Францияда ўқиш учун ойлик стипендия, йўл ва тиббий суғурта харажатлари кабиларни қоплайди. Аммо, мен Франциядаги хусусий университетда ўқиганлигим сабабли стипендия дастури тўлов-контрактимни тўлиқ қоплай олмади. Бироқ, мен ишлаган «Ипак йўли» банкининг молиявий кўмаги билан шартнома миқдорини тўлиқ тўлашга эришдим.

Франциянинг Лион шаҳрида «Халқаро савдо ва инвестициялар ҳуқуқи» бўйича бир йиллик магистрлик дастурида таҳсил олиб ҳозир, аниқроғи 2019 йилнинг июнь ойидан бери Женевада Жаҳон савдо ташкилоти бўлимида амалиёт ўтаб келяпман. Эътиборлиси, ЖСТда ишлаш имкониятига эга бўлган илк ўзбекистонлик эканимдан ҳам хурсандман.

Фото: «Xabar.uz»

— Сизнингча, Швейцария бугунги ривожланиш босқичига қандай омиллар ортидан эриша олди?

Жуда қизиқ савол. Аввало, Швейцария ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам. Мамлакат 26 кантондан иборат конфедерация ҳисобланади. Ушбу кантонлар аслини олиб айтганда «штатлар» бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз қонунлари, қонун чиқарувчи органи, суд ва ижро этувчи ҳокимиятига эга. Бу ернинг демократик тамойилларига ҳавас қиласиз. Яъни улар йилига бир неча марта мамлакат учун муҳим бўлган мавзулар бўйича референдум ўтказади. Аммо бундай бошқарув усулининг бир мунча мураккаб жиҳатлари ҳам бор. Бунда давлат учун муҳим бўлган қонун ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни барча 26 кантонларда уйғунлаштириш учун бир неча йиллар вақт кетади.

Шунингдек, Швейцария Европа қитъасининг юрагида жойлашган бўлса-да, Европа Иттифоқига аъзо эмас, ҳатто Европа иқтисодий ҳудудига ҳам кирмайди. Бироқ, бунинг ўрнига мамлакат Европа Иттифоқи билан муносабатларни икки томонлама келишувлар орқали амалга оширади. Шунга қарамай, Швейцария Европа Иттифоқи ўртасида товарлар, хизматлар ва одамларнинг эркин ҳаракатланиш имконияти мавжуд.

Яна Швейцария бетараф давлат ҳисобланади. Бу ерда социолизимнинг минимал даражаси сақланиб қолган. Масалан, Францияда ўқиётганимда менда талабалар учун мўлжалланган кўплаб имтиёзлар бор эди. Жумладан, ётоқхона учун ойлик ижара ҳақининг 50 фоизини қоплаш, ўқиш вақтида бепул тиббий суғурта, траспорт ва спорт залларига 50 фоизли чегирма, талабалар учун махсус ресторанларга кириш ва ҳатто баъзи кийим дўконларида менга 25 фоизгача чегирмалар бериларди. Швейцарияда эса булар ҳақида фақат орзу қилиш мумкин, холос.

Ўйлашимча, юқоридаги мисолларни Швейцариянинг ривожланиш омиллари сирасига киритса бўлади.

Фото: «Xabar.uz»

— Очиғи, сўнгги гапларингиздан Швейцарияда яшаш катта харажатларни талаб қилади, деган хулосага келяпман. Мамлакатдаги нарх-наво қандай ўзи?

Аслини айтганда, хоҳ Европа, хоҳ Осиё бўлсин ҳамма жойнинг ўзига яраша пасту баландликлари, етарлича фойда ва қийинчиликлари бор. Швейцариядаги нарх-наволар тўғрисида гапиришдан олдин мамлакатда иш ҳақи дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Энди саволингизга тўхталадиган бўлсам, Швейцариядаги Женева ва Цюрих шаҳарлари ҳар йили дунёдаги энг қиммат шаҳарлар ўнталигидан жой олиб келмоқда. Бу ерда одатий тушлик нархи 20 – 25 доллар, транспорт учун ойлик обуна 70 доллар ва Женевадаги бир хонали квартира ижараси ўртача 1200 – 1500 долларни ташкил этади. Буларнинг барчаси албатта АҚШ долларидаги нархлар.

Фото: «Xabar.uz»

— Швейцарияликлар характер жиҳатидан қандай халқ?

Бу саволга жавоб бериш учун, Швейцарияда 4 та расмий тил мавжудлиги, шундан учтаси энг кенг тарқалганлигини таъкидлаш лозим. Ўз навбатида ҳар бир тил маданият ва характер жиҳатидан ҳам фарқланишларни тақозо этади.

Умуман, швейцарияликлар биз ўзбекистонликлар сингари самимий ва меҳмондўст халқ.

Юқорида бу ерда учта энг кенг тарқалган тил ҳақида айтдим. Шу жиҳатдан Швейцария 3 қисмга ажратиш мумкин.

Мамлакатнинг қарийб 60 фоизини Швейцария-Германия қисми ташкил этади. Бу ерда асосан немисзабонлар яшашади. Улар мулоқотга киришувчан ва дўстона бўлишса-да, вақтларини беҳудага сарфламайдилар. Бу қисмнинг яна бир ўзига хослиги жамоат транспортидаги тартиб ва вақт қоидаларига амал қилишидир. Яъни, сиз ишга ёки учрашувга жамоат транспортининг кеч келиши ортидан кечикканингизни айтсангиз, унда бу қабул қилиб бўлмайдиган узр бўлади.

Шунингдек, мамлакатнинг қарийб 20 фоизини Швейцария-Франция қисми эгаллаган бўлиб, энг маданий ҳудудлардан. Бу қисмда французча ҳаёт нафаси сезилиб туради.

Ва ниҳоят, Швейцария-Италия қисми давлат ҳудудининг 10 фоизини ўз ичига олган. У ердаги яшаш тарзи Италияга ўхшаш бўлса-да, анча самарали тизимга эга. Яъни, Италиядан фарқли ўлароқ жамоат транспорти ҳар доим ўз вақтида ҳаракатланади. Йўллар тоза, полиция ҳам жуда тартибли ва хушмуомала.

Энди умумий швейцарияликларга хос характер бу – уларнинг жуда кам хорижий саёҳатларга чиқиш одатларидир. Улар кўпинча, ўз мамлакатлари бўйлаб саёҳатни афзал кўришади. Албатта бунинг ажабланарли жойи йўқ. Боиси, Швейцарияда турист кўришни хоҳлаган деярли ҳамма нарса бор. Тоғлар, дунёдаги энг тоза кўллар, ривожланган транспорт тизими ва ҳаказо.

Фото: «Xabar.uz»

— Келгусида амалга оширмоқчи бўлган қандай режаларингиз бор?

Амалиётни тугаллаганимдан сўнг, ўзимнинг менга яқин бўлган банк тизимида ишлашимни истисно қилмасам ҳам, аммо халқаро савдо соҳасидаги профессионал фаолиятимни давом эттиришни режалаштирмоқдаман.

Хусусан, энг мақбул шароитларда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси бўлишига ўз ҳиссамни қўшишдан мамнун бўламан.

Шунингдек, келгусида бўш вақтларимда дарс беришни ҳам хоҳлардим.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг