Ўзбекистон – “айти” бизнес учун энг қулай мамлакат
Таъбир жоиз бўлса, бугунги кунда ахборот технологиялари алоҳида соҳа саналмай қолди. Балки, у ҳар бир соҳанинг бир қисми ва айнан муҳим қисмига айланди. Ҳар бир касбда турли даражаларда ахборот-коммуникация технологияларининг салмоқли аралашуви ва улуши мавжуд. Жумладан, тиббиёт, таълим, давлат бошқарувига чуқур назар солсангиз, уларнинг кундалик фаолиятини техник имкониятларсиз тасаввур этолмаслигингизга амин бўласиз.
Замонамизда дунё афкор оммаси ҳолатига реал нигоҳ қадасак, айрим мамлакатларда турли сабабларга кўра IT-мутахассислар ўз ватанларини тарк этиш қарорига келаётганларини кўриш мумкин. Бу соҳа ходимлари учун тинч макон ва қулай шароит бирламчи аҳамият касб этади. Ахборот технологиялари бошқа касблардан фарқли ўлароқ, унинг одами даромадларини аниқ башорат қила олади. Кўпроқ ва яхшироқ ишлаш орқали мўмай маошга эга бўлиш кўп жиҳатдан ўзига боғлиқ. Қўшимча даромад, ўриндошлик асосида ишлаш, масофавий меҳнат имкони ҳам “айтичи”ларнинг муваффақиятларидан бири.
Масаланинг ушбу қиррасига эътибор қаратганда, бугунги таҳликали замонда Ўзбекистон ахборот технологиялари мутахассислари учун қулай макон эканлигига заррача ҳам шубҳа йўқ. Юртимиздаги муҳит уларга мослиги боис афзал кўрилишга арзийди. Чунки, биринчидан, Ўзбекистон тинч, суверен ва ташқи хавфлардан холи ҳудуд, иқлими мўътадил. Иккинчидан, Ўзбекистон - ёшлар мамлакати. Аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ёшларнинг ҳаёти ахборот технологиялари билан узвий боғлиқлигини инобатга олганда IT-компаниялар учун мижоз, кадр ва хайрихоҳларни топиш муаммо эмас. Мутахассислар ҳам ўзлари яратган ахборий маҳсулотлар учун фойдаланувчиларнинг кенг аудиториясига эга бўла оладилар. Учинчидан, маҳаллий аҳолида соҳага оид янги қулайликларга эҳтиёж юқори. Технологик имкониятлар, ақлли маҳсулотлар билан яшашни осонлаштиришга, вақтни тежашга талаб ва истак юқори. Масалан, айни вақт хорижда сувни фильтрлайдиган, хонани иситадиган, "Wi-Fi" улатмаган ҳолда интернет таъминотини берадиган гаджетлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар учун хориждан кўра бизда кўпроқ харидорлар топилиши эҳтимоли юқори. Ақлли уй воситалари ҳам ўзбек хонадонларида оғирини енгил қилувчи қулайлик сифатида ижобий қарши олинади.
Албатта, бу борада икки томонлама ғалаба бор. Ўзбекистонда фаолият юритаётган IT-мутахассислар ўзлари учун мақбул бизнес муҳитига эга бўлиб, ҳамкорлар ва мижозлар қуршовида қолсалар, уларнинг меҳнати ватанимиздаги соҳа ривожига янги қон киритади. Тажриба алмашинуви юртдошларимизнинг билим ва малакаси ошишига сабабчи бўлиб, мотивацион руҳ бағишлайди. Бордию улар юртимиздаги фаолиятларини кенгайтириб, педагогик йўналишдан борсалар, етишиб чиқаётган кадрлар ҳам мукаммал илм заҳираси билан қуролланадилар.
Ўзбекистон хорижий IT-компаниялар ва мутахассисларни юртимизга таклиф этиш истиқболидан иккиланмайди ва ишонч билан қарай олади. Чунки бу синовда ўзини оқлаган ғоя. Аллақачон EPAM, EXADEL каби йирик экспортерлар Ўзбекистондаги офисларида ўз фаолиятларини кенгайтира олдилар. Шундай экан, бағрикенг ўзбек юрти етук мутахассисларга эшикларини кенг очади ва уларга уй-жой, солиқ, маош бўйича имтиёз ва имкониятлар яратишга қодир. Ўзбек иш берувчиси хориждаги ҳамкасбининг кўнглидан жой топиш, билими ва меҳнатидан унумли фойдаланиш ва, ўз навбатида, унга ҳам ўзининг янги қирраларини кашф этишда ёрдамлашишни уддалайди.
Яна бир масалага диққатингизни қаратинг. Бир нафар экспортда ишлайдиган ходим ўртача 2000 доллар ойлик олса, бир йилда унинг маошининг ўзи 24 минг доллар экспорт даромадини олиб келади. Шундай ходимларнинг сони 40 мингдан ортса, уларнинг ойлигини ўзидан деярли 1 миллиард доллар экспорт даромади юртимизга кириб келади. Дастурчилар учун Президент фармони билан алоҳида солиқ муҳити яратилганидан кейин дастурлаш хизматлари 50 баробардан ортиқ ошгани бошланғич қадам бўлди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов буни дастурчилар ва BPO бўйича хизматлар экспортида шуғулланаётган ёшларимизнинг юқори даромад топаётганлари бошқа ёшларимизни ҳам чет тиллари ва ахборот технологияларини ўрганишга ундаётгани билан изоҳлайди. Шу йилнинг 28 февралидан 3 мартигача Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган MWC Барселона 2022 Жаҳон мобил конгрессида АКТ вазири раҳбарлигидаги делегация иштирок этди. Айтиш жоиз, дунёнинг манаман деган “айти” компаниялари билан ўтказилган мулоқотларда ҳам ахборот технологиялари мутхассислари ҳамда компанияларига мамлакатимизда қулай шароит ва имкониятлар борлиги айтилди, ҳамкорликда ишлаш таклифлари берилди. Албатта, бу ҳаракатлар ўз натижасини беришига ишонамиз.
АКТдан фойдаланиб, Корея IT компаниялари ҳамкорлигида, IT, BPO ва KPO хизматлари экспортини кўпайтириш имкониятларидан фойдаланиш масаласи ҳар доимгидан-да долзарблашмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг Кореяга ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида АКТ соҳаси белгилаб берилган эди. Агар бу тенденциялардан тўғри фойдаланилса, бу Кореянинг IT компанияларини Ўзбекистонга келиб қўшимча даромадига имконият бўлиши билан бирга, бизнинг ёшларимизга ўз оиласи билан ўз юртида яшаб, экспортга хизмат кўрсатиш орқали юқори маошли ишларни йўлга қўйишига имконият яратилади.
Мухтасар айтганда, ахборот технологияси мутахассиси дунё глобаллашаётганини яхши тушунади ва тан олади. Интернет чегара билмаганидек соҳа усталарининг ҳам билим сарҳадлари чексиз, унда ўзи лозим топган қулай макон ва мос муҳитда янги ғоялар туғилишига рағбат уйғонади.
Дурдона Алимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter