Озарбайжон таассуротлари: туркий мамлакатлар электрон ҳукуматни қандай қуришмоқда? (видео)
Ўзбекистон Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази вакиллари яқинда Озарбайжонда ўтказилган махсус форумда иштирок этиб қайтишди. Марказ ходимлари — Ниғматулла Шарофиддинов ҳамда Герман Стимбан у ерда нималарни ўрганишди? Тафсилотлар бугунги суҳбатимизда.
Сафар сизда қандай таассурот қолдирди? Умуман, Озарбайжонга ташрифдан кўзланган мақсад нима эди?
Ниғматулла Шарофиддинов: Озарбайжонга ушбу мамлакат таклифига биноан бордик. Туркий давлатлар кенгаши аъзолари, хусусан, ахборот технологиялари, электрон ҳукумат соҳаси вакиллари учун йиғилиш, пресс-тур ташкил этилди. Мақсад Озарбайжон ва форумда қатнашган мамлакатларнинг электрон ҳукумат қуриш амалиётини ўрганиш, тажриба алмашиш, келгусида трансчегаравий давлат хизматларини кўрсатиш йўналишида ишларни ташкил қилиш эди.
Герман Стимбан: Сафар давомида нафақат Озарбайжон, балки Туркий давлатлар кенгашига аъзо бошқа мамлакатларнинг электрон ҳукумат йўналишидаги иш тажрибалари билан ҳам яқиндан танишдик, албатта, келгусида бу кўникмалардан фойдаланамиз.
Айнан Озарбайжон тажрибасига тўхталишдан асосий мақсад нима?
Ниғматулла Шарофиддинов: Очиғи, Озарбайжон томонининг таклифи биз учун кутилмаганда бўлди. Бориб, ташкилотчилар билан гаплашганимизда, ушбу ғоя қирғизистонликлар томонидан илгари сурилганини айтишди. Яъни улар Озарбайжон тажрибасига қизиқишган, ўрганишган. Яқинда Ўзбекистонга Қирғиз Республикаси бош вазири ташрифи давомида бизнинг электрон ҳукумат йўналишида қилаётган ишларимизга ҳам жуда катта қизиқиш билдиришганди. Озарбайжонликлар ушбу қизиқишлардан келиб чиқиб, барчани бир жойга таклиф қилишган.
Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, биз Озарбайжондан электрон ҳукумат йўналишида нималарни ўрганишимиз мумкин? Улар қайси соҳаларда биздан олдинда?
Герман Стимбан: Айрим йўналишларда устунлигимиз бор, баъзи соҳаларда улардан ортда қоляпмиз. Биринчи навбатда, қонунчилик соҳасида. Озарбайжонлар Рақамли кодекс ишлаб чиқишган. Бизда эса фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳануз ҳуқуқий баҳоланмаган. Шахсий маълумотнинг қийматини аниқ билмаймиз. Озарбайжонда шу йўналишда анча тажриба тўпланганига гувоҳ бўлдик.
Иккинчидан, техник янгиликлар. Озарбайжонда мобил рақамлар маълумотлар базаси шакллантирилган: барча мобил операторлар маълумотлари йиғилган, улар умумлаштириб бир жойда сақланади. Биз эса бундай базага эга эмасмиз.
Электрон ҳукумат доирасида шахсий маълумот бўйича қилинган ишлар ҳам яхши таассурот қолдирди. Масалан, озарбайжонлик фойдаланувчи ўз шахсий кабинетига кириб, бемалол шахсий маълумотлари билан таниша олади. Қайси мобил оператор, банк ёки дейлик меҳмонхона қачон унинг маълумотидан фойдаланган — барчасини кўра олади. Қисқа қилиб айтганда, фойдаланувчи ўз шахсий маълумотларидан кимлар қандай мақсадларда фойдаланаётганини билиш имкониятига эга.
Ниғматулла Шарофиддинов: Ҳамкасбим тўғри таъкидлаганидек, Озарбайжондан ўргансак бўладиган жиҳатлардан бири шахсий маълумотларнинг қийматлангани. Ҳар бир киши ўзига тегишли маълумотдан қайси давлат органи ёки ташкилот фойдаланганини кўриб туради.
Бундан ташқари, Озарбайжонда маълумотлардан фойдаланиш, уларни қайта ишлашда булутли технологиялар жорий этилиши бошлангани, очиғи, биз учун янгилик бўлди. Умуман олганда, Озарбайжонда электрон давлат хизматлари сони биздагидан анча кўп. Аҳоли сонига нисбатан, жойлашуви, ҳудудларни қамраб олиш бўйича яхши кўрсаткичларга эришишган.
Яна бир эътирофли жиҳати, улар жуда кўп маълумотларни рақамли кўринишга ўтказиб бўлишган. Шунинг учун ҳам комплекс давлат хизматларини, проактив давлат хизматларини кўрсатишда илгарилаб боришяпти.
Герман Стимбан: Озарбайжонда чегаралараро электрон ҳужжат айланиши ишга туширилган. Ҳозир Туркия, Руминия, Беларусь билан электрон ҳужжат алмашишмоқда. Бу ҳужжатлар одатийси билан бирдек юридик кучга эга. Бу мамлакатларга борган Озарбайжон фуқаролари бемалол электрон ҳужжатлардан фойдаланишлари мумкин.
Озарбайжон электрон ҳужжатлар соҳасида ҳам анча илгарилаб кетган. Масалан, мобил паспорт. Яъни фуқаро шахсий паспорти ёки ID-картасини ўзи билан олиб юриши ҳам шартмас, мобил телефондаги дастур орқали маълумотларини кўрсатади, холос, бир хил юридик кучга эга.
Форумда қатнашганлар асосан ривожланаётган мамлакатлар. Хусусан, туркий давлатлар электрон ҳукумат қуришда қайси жиҳатларда биздан устун, улардан нималарни ўрганишимиз мумкин?
Ниғматулла Шарофиддинов: Ушбу форумда мезбон — Озарбайжон жуда ҳам қизиқарли, истиқболли таклифларни илгари сурди. Хусусан, электрон ҳукумат, ахборот технологиялари соҳасида Туркий давлатлар альянсини ташкил этиш ғоясини ўртага ташлашди. Альянсга аъзо мамлакатларда хизматлар кўрсатиш, ҳужжат алмашиш жараёнлари ўзаро тан олинади, яъни бир давлат ҳудудида тасдиқланган электрон ҳужжат бошқа давлатда ҳам бирдек кучга эга бўлади. Ҳозирда ушбу ташкилотни тузиш бўйича ишлар кетмоқда.
Шу ўринда туркий мамлакатлар орасида электрон ҳукумат йўналишида Қозоғистон эришган ютуқларга алоҳида тўхталишни истардим. Ҳозирги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Қозоғистондаги давлат хизматлари кўрсатувчи марказларнинг эшиклари тўлиқ ёпилган. Аммо хизматлардан фойдаланиш тўхтаган эмас, фақат электрон шаклда. Ҳатто пандемия чекинган пайтда ҳам марказларни очишмади. Бунинг сабабини ўзларидан сўраганимизда: «Давлат хизматлари кўрсатиш марказларини очдик, лекин хизмат кўрсатмадик, бунинг ўрнига одамларга электрон давлат хизматларидан қандай фойдаланиш кераклигини ўргатдик», дейишди. Шунинг учун ҳам электрон хизматлардан фойдаланишда муаммолар деярли кузатилмаётган экан.
Герман Стимбан: Озарбайжон форумида тўрт мамлакатдан — Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари қатнашгани учун асосан шу уч мамлакатда йўлга қўйилган янгиликлар ва тажрибаларни ўргандик.
Шахсий маълумот, электрон ҳужжат йўналишида менга, айниқса, Қозоғистон тажрибаси маъқул келди. Масалан, ҳаво йўллари орқали парвоз қилишда сиздан паспорт ёки ID-картани кўрсатиш талаб қилинмас экан. Мобил телефондаги иловани очиб, мобил-ID ни кўрсатсангиз кифоя. Полиция ходим тўхтатганида ҳам шу илова шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат ўрнига ўтади. Бизда ҳам буни йўлга қўйиш керак.
Ушбу мамлакатларнинг қайси тажрибаларини ўзимизда амалга оширсак юртимиз равнақига хизмат қилади?
Ниғматулла Шарофиддинов: Озарбайжон электрон ҳукумат йўналишида қилаётган ишлар бизни ҳайратлантирди. Мисол учун, «ABAD» лойиҳаси. Бу лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб кичик тадбиркорлар — ўзини ўзи банд қилганлар, ҳунармандлар, шахсий томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қамраб олган. Яъни уларнинг маҳсулотлари «ABAD» бренди остида «ABAD» супермаркетларида ёки бошқа супермаркетларда, аэропортлардаги «ABAD» пештахталарида сотилмоқда.
Дейлик, асаларичилик билан шуғулланувчи хонадонга «ABAD» маркази ходимларининг ўзлари бориб, маҳсулотни экспертизадан ўтказишади, қадоқлаб, пештахтагача етказиб, сотишади. Сотувдан тушган пулни шартнома ааососида ишлаб чиқарувчи билан ўзаро тақсимлаб олишади. Миллий ҳунармандчилик, турли эсдалик буюмлари сотишда ҳам шу усулдан фойдаланишади. Ўрганса бўладиган, жуда ибратли тажриба. Буни ўзимизда ҳам жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаяпмиз.
Герман Стимбан: Бу сафар биринчи қадам бўлди. Озарбайжонда атиги уч кун бўлдик. Чуқур тажриба ўрганиш учун жуда кам вақт. Шунинг учун бундай тажрибаларни кўпайтириш, кўпроқ мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, уларни ҳам ўзимизга таклиф этишни режалаштиряпмиз.
Озарбайжонда давлат хизматлари яхши йўлга қўйилиши сабабларидан бири уларнинг тарғиботи яхшилигида — телевидение, радио, газеталар орқали жуда кўп маълумот беришаркан. Хизматлар ҳақида фуқаролари яхши хабардор. Шунинг учун ҳам бу хизматлардан фойдаланишда фаол.
Бизда 200 дан зиёд хизматлар йўлга қўйилган. Лекин фойдаланиш даражаси суст. Чунки одамлар унча хабардор эмас.
Форум қатнашчилари бизда амалга оширилган ишларга ҳам қизиқиш билдиришдими?
Ниғматулла Шарофиддинов: Бизнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қўлланган архитектура қозоғистонликларни қизиқтириб қўйди. Маълум бўлишича, улар бирон бир жиддий ўзгартириш киритишаётганида, масалан, янги хизматларни жорий этишаётганида бутун платформа тўхтаб қоларкан. Бизда эса биронта хизматни ишга тушириш ёки такомиллаштириш даврида портал тўхтамайди: қолган хизматлар ишлашда давом этади.
Қолаверса, биздаги маълумотларнинг идоралараро интеграциялашуви платформаси ҳам қизиқиш уйғотди. Улар қандай ҳимояланган, қандай ташкил этилган, бу борада келгусида ҳамкорлик қилинади.
Ташрифдан қандай хулоса чиқардингиз? Режалар қандай?
Ниғматулла Шарофиддинов: Юқорида таъкидланганидек, бу ҳамкорлик томон дастлабки қадам. Эндиги вазифалар ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, расмий кўринишга олиб чиқиш. Мақсадимиз, «ишончли учинчи томон» тамойилиги ўтиш, яъни бир давлатдаги бир марказ ёки хизмат томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, электрон рақамли имзолар бошқа бир давлатда ҳам тан олинишига эришиш. Шу тамойил асосида фуқароларимиз кўп борадиган Туркия ва Қозоғистон билан ҳужжат алмашишни йўлга қўйиш бўйича ҳозирча оғзаки келишувларга эришилди. Асосий мақсадимиз шунинг қонуний асосларини яратиш.
Герман Стимбан: Албатта, ўрганадиган, фойдалансак бўладиган жиҳатлар кўп. Улар ва биздаги электрон ҳукуматлар архитектуралари, марказлашган маълумот базалари, ахборот тизимлари ўхшаш, функционаллиги жуда яқин. Камчиликларимиз нимада, қандай хатоларга йўл қўйяпмиз — ўзаро мулоқот ва ҳамкорликларда яхшироқ намоён бўлади. Шу асосда ахборот тизимларимизни янгилаб, такомиллаштириб борамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter