Олимхон қисматидаги суиқасдлар
Негадир ҳалқа ичида зикр тушаётган зокирлардан бири ўзини бошқача тута бошлади. Бу пайтда ҳамма Пир Шайх Носир бошчилигида зикрга машғул бўлиб, Аллоҳга илтижо қилиш билан банд эди. Айниқса, Олимхон астойдил илтижо қилиб, шайх ортидан зокирлар ҳамроҳлигида ҳалқани айланаётганди. Кутилмаганда бошқача ҳаракат қилаётган бояги кимса узун енгидан пичоқ олиб, Олимхоннинг орқасига санчди. У иккинчи бор уришга улгурмади, шу заҳоти ушланди...
Қўқон хони Олимхонга (1798-1810 йилларда ҳукмдорлик қилган) етказилган жароҳат енгил ва хавфсиз экан, озгина даволангач, пичоқнинг ўрни деярли қолмади. Ёлғондакам зикр тушиб, суиқасд уюштирган кимса эса қатл этилди. Суиқасд ижрочиси хоннинг ўрнини эгалламоқчи бўлган тахт ворислари томонидан ёлланган эди.
1798 йилда отаси Норбўтабийнинг вафотидан сўнг Қўқон хонлиги тахтига чиққан Олимхон ҳаётида шу тахлит суиқасдлар бўлиб турган. У ҳукмронлигидаги давлат мавқеини юксалтириб, юртда тинчлик ва барқарорлик ўрнатди.
Табиатан мулойиму ўта тақводор Олимхон вақтини уламолар ўртасида дину давлат қудрати борасидаги баҳс-мунозаралар билан ўтказар, айни пайтда хонликнинг ҳарбий қудратини ҳам оширган эди. У ўз атрофига садоқатли амалдорларни тўплаб, доимий равишда кенгаш ўтказиб турарди.
Бу пайтга келиб, Қўқон хонлиги бир неча мустақил бекликка бўлиниб кетиш асносида турар, Олимхон уларни ягона Қўқон хонлигига бирлаштиришни қатъий мақсад қилиб қўйган эди.
Хўжанд, Бадахшон, Қоратегин, Кўлоб, Ҳисордаги айрим уруғлар тинмай уруш олиб борарди. Уларнинг оқсоқоллари билан баъзида музокара, баъзида уруш йўли орқали давлатнинг парчаланиб кетишига йўл қўйилмасди.
Бир куни хоннинг жосуслари Тошкент вилояти волийси Юнусхўжанинг қўшин тўплаб, Қўқонга ҳужум қилиш учун Чодук йўли орқали Ғарамсаройга келиб ўрнашгани ҳақида хабар қиладилар. XVIII асрнинг охирларидан бошлаб мустақил бўлиб олган ва Шайх Ҳаванд Тоҳур (ҳозирда Шайхотовур номи билан машҳур, XIV асрнинг кўзга кўринган дин пешволари) авлодларидан бўлган Юнсухўжа бошчилигидаги Тошкент вилоятининг Қўқон хонлигидан ажралиб чиқиши давлатнинг парчаланишини бошлаб берган эди. Боз устига энди Юнусхоннинг Қўқонга ҳужум бошлаётгани бошқа бекларнинг ҳам ажралиб чиқишини келтириб чиқариши мумкин эди. Шундай вазиятда Олимхон қўшинининг Юнусхон устидан ғолиб чиқиши Қўқон хонлиги тарихида муҳим воқеа бўлди. Зеро, 1809 йилдан яна Тошкентнинг аввалгидек Қўқон хонлигига кириши натижасида давлатнинг парчаланиб кетишининг олди олинди.
Орадан вақт ўтиб, Олимхон Сайрам, Чимкент, Ясси ва Авлиёотада ҳам ҳарбий юришлар олиб бориб, давлатнинг чегарасини янада кенгайтирди.
Гарчи Олимхон Қўқон давлати мавқеини юксалтириб, хонликни парчаланиб кетишдан сақлаб қолаётган бўлса-да, атрофидаги амалдорлар орасида ўзига қарши гуруҳбозлик шаклланаётганини сезмади. Бир гал, 1809 йилнинг кузида Олимхон Тошкентни эгаллаб, Тўйтепа ва Ниёзбекка ўз тарафидан бек ва аскарлар қўйиб, Қўқонга қайтган заҳоти улар талончиликни бошлаб юбордилар. Бек ва аскарлар тошкентликларнинг бутун бойлигини талаб, шаҳарни қамал ҳолатида сақлаб турдилар. Натижада ғалла топилмай, қимматчилик қаҳатчиликка айланди, одамлар очликдан кўча-кўйда ётиб жон берди. Улар, ҳаттоки, кушхонадаги қўйларнинг қони учун ҳам талашган эди. Халқ бу фожиани ҳукмдор билан боғлаб, Олимхонни «Золимхон» деб атайдиган бўлди.
Гарчи Олимхон келиб, бек ва саркардаларга жазо берса-да, гуруҳбозлик тўхтамади. Ҳатто, Ирисқулибек ва Мўминбек исмли саркардалар Олимхоннинг укаси Умархоннинг ҳузурига бориб, «акангиз қўшини билан Дашти Қипчоқда, аскарлар орасида саросималик бошланган, шу боис давлатни ўзингиз қўлингизга олсангиз», деб таклиф қилишади.
Жосуслар бу ҳақдаги хабарни Олимхонга етказишади. Хон ҳукмронлигини қўлдан чиқармаслик учун тезда Қўқонга қараб йўлга чиқади. Аввал Дашти Қипчоқдан Чимкент, Сайрам орқали Тошкентга, у ердан Тўйтепага ўтади. Бу орада қўшин ичида Олимхондан норози гуруҳбоз амалдорларнинг «хондан давлат қайтган, Қўқонга борганида уни тахтдан туширадилар, аскарларига ҳам жазо берадилар» деган миш-миши тарқалади.
Бундай гап-сўзлар таъсир қилиб, 2000 аскар қўшиндан ажралиб кетади. Оз сонли лашкар, боз устига, бутун давлатда тарқалган миш-мишдан кейин баъзи беклар ҳам Олимхонга итоат этмай қўяди. Ҳатто, Кайровчи тумани ҳокими Олимхонни туманга киритмайди. Қўқонга борса, тахтни топширажаги аниқ бўлиб қолган хон Хўжандга йўл олиб, қўшин тўплаш ва у ердан гуруҳбоз амалдорларга қарши юриш қилишни маъқул кўради, аммо...
Олимхон садоқатли навкарлари билан Сирдарёдан, сўнг Чорбоғдевона номли мавзедан ўтаётганида, гуруҳбоз амалдорлар ёллаган суиқасдчи дарахт панасидан отган ўқ келиб тегади. Шу тарзда Олимхоннинг умрига якун ясади.
Олимхон биринчи бор зикр тушаётган пайтда суиқасддан омон қолган эди. Қарангки, унинг тақдирига барибир суиқасдлар қурбони бўлиш ёзилган экан. Шу тарзда хоннинг 12 йиллик ҳукмронлиги якун топди.
Қўқон хонлигини парчаланиб кетиш хавфидан асраб қолган Олимхон исломий эътиқодли ҳукмдор сифатида мозийдан жой олди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter