Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Оддий ўқитувчиликдан диктаторликгача ёхуд Ғарбий Европанинг сўнгги диктатори

Оддий ўқитувчиликдан диктаторликгача ёхуд Ғарбий Европанинг сўнгги диктатори

«Мутлақ ҳокимият мавжуд бўлиши мумкин, мутлақ эркинлик ҳеч қачон мавжуд эмас».

Антонио де Салазар

 

XX асрни тоталитар тузумлар даври, деб аташ мумкин. Ушбу давр мобайнида кўплаб мамлакатларда ўзига хос бир шаклда диктатура тузуми илдиз отди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Европада Гитлер, Сталин, Муссолини, Ён Антонеску ва Миклош Хорти каби диктаторлар ўз мамлакатларини катта уруш гирдобига ташлашди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса Африка ва Жанубий Америка давлатларида янги диктаторлар пайдо бўлди. Улар мамлакатни юксалтириш ниятида ҳокимиятда узоқ муддат қолишди ва ўзлари англамаган ҳолатда бунинг аксини амалга оширишди.

Бугунги мақоламизда, оддий университет ўқитувчилигидан ҳақиқий диктаторга айланган, Португалияни қарийб 40 йил давомида бошқарган ва Ғарбий Европанинг сўнгги диктатори ҳисобланмиш Антонио де Салазар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Антонио де Салазар аслида ким?

Антонио де Салазарнинг шахсияти XX асрда ўтган диктаторлардан кўп жиҳатдан фарқ қилади. У на ҳарбий зобит, на разведкачи, на инқилобчи, на оммавий ҳаракат раҳбари эди.

Антонио де Салазар 1889 йилда Португалиянинг шимолидаги Вимейро шаҳридаги кичик ер эгаси оиласида дунёга келган. Ота-она диндор католик бўлганлиги учун ўз фарзандларини руҳоний бўлишини исташар эди. Бироқ ҳар доим ҳам инсоннинг истаклари амалга ошавермайди. 1910 йилда Салазар Коимбра шаҳридаги энг қадимги Португалия университетининг ҳуқуқ факультетига ўқишга кирди. Тўрт йилдан сўнг у университетни аъло баҳога тамомлаб, университетда ўқитувчи сифатида фаолият юрита бошлади.

Бўлажак диктаторни таниган одамлар уни камтарин, тортинчоқ ва одамови деб таърифлашган. Энг қизиғи, Салазар аёллар билан танишишдан қочган ва умрининг охиригача боши очиқ ўтган. Бундан ташқари, бўлажак диктатор тамаки чекмаган, спиртли ичимлик ичмаган ва мусиқа, театр ҳамда рақсга бефарқ бўлган. Антонио де Салазар ҳокимиятга келганидан кейин ҳам ўз одатларига содиқ қолди.

Бунёдкорлик ортидан келган бузғунчилик

1910 йилда Португалияда қирол тахтдан ағдарилди. Таъсис мажлис янги конституцияни қабул қилди ва мамлакат демократик республика деб эълон қилинди. Бироқ Португалияда демократия барқарор ривожланмади. Республика тарафдорлари бирлаша олишмади. Мамлакатда 16 йил ичида 9 та президент ва 44 та ҳукумат алмашди. Португалиядаги умумий вазият Биринчи жаҳон уруши(1914-1918) дан кейин оғирлашди. Урушда Португалия расман Антанта тарафида курашиб, ғолиблар қаторида бўлса-да, аслида бу уруш унга зарар келтирди.

XX аср бошларида Португалия Европанинг энг қашшоқ мамлакатларидан бирига айланди. Мамлакат иқтисодиётининг асоси ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги бўлиб, техникалар ҳам анча эскириб қолган эди. Португалияда импорт экспортдан анча ўсиб, мамлакатнинг ташқи қарзи кескин суръатда ошиб кетди. Иқтисодий инқирозлар ҳар доим ўзи билан инқилоб руҳини олиб юради. 1926 йилда Португалиядаги иқтисодий ва сиёсий инқироз фонида ҳарбий тўнтариш юз берди. Қўзғолон кўтарган ҳарбий генераллар мамлакатдаги иқтисодий ҳолатни ўзгартиришга интилишди. Бироқ уларга иқтисодий ва молиявий билимлар етишмади. Ўша вақтда Салазар Коимбра университетининг энг кўзга кўринган зиёлилардан бири эди. Ҳарбий тўнтариш бошлиғи Гомес да Коста  профессор Салазарни молия вазири бўлиб ишлашга таклиф қилди. Бўлажак диктатор бу таклифга рози бўлди, лекин унга берилган ваколатлар камлиги учун университетига қайтиб кетади.

Салазарнинг ҳокимятга келиши

Ҳарбийлар ўртасидаги ички келишмовчиликлар туфайли Гомес да Коста тез орада ҳокимиятдан четлаштирилди. Ҳарбийларнинг янги раҳбари Антонио ди Кармона янада мулойим инсон эди. 1928 йилда ҳарбийлар Салазар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Икки Антонио биргаликда ажойиб тандем ташкил қилиб, бири молия (кейинчалик Бош вазир) вазири, бошқаси президент сифатида мамлакатни 20 йил давомида бошқарди.

Антонио де Салазар молия вазири бўлгач, мамлакат харажатларини қисқартирди, маҳаллий коррупцияга чек қўйди, аксарият ижтимоий дастурлари қисқартирди ва хорижий капиталларни олиб киришни енгиллаштирди. Бу қилинган ишлар бюджет тақчиллигини ёпиш ва инфляцияни енгиш имконини берди. Ҳукмрон элита Салазарни мамлакатнинг қутқарувчиси сифатида кўра бошлади. 1932 йилда Салазар Бош вазир этиб тайинланди. У Бош вазир бўлганидан бир йилдан сўнг конституцияни ўзгартириш учун референдум ўтказди.

Салазар диктатурасининг барпо этилиши

Янги конституцияда ижро ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимиятдан устунлиги, фуқаролар ҳуқуқлари чекланиши ва бир қатор ҳокимиятни мустаҳкамловчи қонунлар белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, мамлакатда мухолифат фаолияти тақиқланди ҳамда унинг аъзолари таъқибга учрай бошлади. Бир сўз билан айтганда, бу ўзгаришлар Салазар диктатурасини барпо этиш фундамент вазифасини ўтади.

Бу режимга минглаб португалияликлар қарши чиқди. Аммо уларнинг тақдири аянчли якун топди. Салазарга қарши чиққанлар Таррафал концлагерига жўнатилди ёки шунчаки отиб ташланди.

Салазар ҳукмронлигининг дастлабки йигирма йиллиги самарали ўтди. У қўллаган сиёсат туфайли 1930 йилда юз берган буюк депрессия Португалияга таъсир кўрсатмади. Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945) даврида Португалия нейтрал давлат бўлиб қолди ва уруш охирига қадар шу позициясини сақлаб қолди. Португалия ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган бўлса-да, Германия ҳамда унга қарши бўлган тарафга ноёб вольфрам металлини сотди. Бу орқали Португалия мўмайгина пул ишлаб олди. Мисол учун, Германия вольфрам ўрнига Португалияга олтин берган. Уруш якунига келиб мамлакатнинг олтин захираси етти баробарга ошганди.

1940-1950 йилларда Салазар армия ва флотни модернизация қилди. 1961 йилга келиб, Португалия Осиё ва Африкада саккизта қарам ҳудудга эга бўлган. Булар: замонавий Ангола, Шарқий Тимор, Гвинея-Бисау, Кабо-Верде, Мозамбик, Сан-Томе, Ҳиндистоннинг Гоа провинцияси ва Хитойнинг Макао ҳудуди. Салазар уларга мустақиллик беришни қатъиян рад этди. Ҳатто халқаро ҳамжамиятнинг босими ҳам унинг қарорини ўзгартиришга ёрдам бермади.

Диктаторнинг изолациядаги ҳаёти

XX асрнинг 50-йилларига келиб, Португалия мустамлакаларида фуқаролар уруши бошланди. Бу ҳарбий харажатларни 2-3 баробар кўпайтирди. Мустамлакалардаги урушлар мамлакат иқтисодини вайрон қилди. Натижада Португалиянинг иқтисоди чўка бошлади. Ёш португаллар яхшироқ ҳаёт излаб мамлакатдан чиқиб кетди.

1968 йилнинг ёзида стулда тебранаётган Антонио де Салазар қаттиқ йиқилиб, миясига қон қуйилди. У бир ой касалхонада ётганида ҳам давлат раҳбари бўлиб қолди. Салазарнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашди. Шунда унинг маслакдошлари либерал профессор Марсело Каэтанони Бош вазир этиб тайинлашди. Бироқ кутилмаганда Антонио де Салазарнинг соғлиги тиклана бошлади. Бу унинг тарафдорлари учун ажойиб «совға» бўлди. Сабаби, улар ўзлари учун янги раҳбарни тайинлаб бўлишган эди. Шунда диктаторнинг ҳамроҳлари уни то ўлимига қадар шифохонадан сақлаб туришга қарор қилишди. Шифокорлар ва ҳамширалар беморга мамлакатдаги ҳақиқий вазият ҳақида ҳеч нарса айтмасликлари ҳақида огоҳлантирилди. Яъни, Салазар ҳақиқий ҳаётдан узиб қўйилди.

Салазар энди давлат раҳбари эмаслигини билмас, унга мамлакатда нима бўлаётгани махсус газета орқали етказиб турилган. Ҳатто, сохта ҳужжатлар тайёрланган. Кутилмаганда ҳаётга қайтган диктатор ҳар куни вазирлар йиғилишини ўтказиб, унга олиб келинган сохта ҳужжатларни имзолаб, қўл остидагиларга кўрсатмалар берган.

Бу сохтакорлик икки йил давом этди. 1970 йилда Португалия диктатори вафот этди. У умрининг сўнгги дақиқаларигача мамлакат Бош вазири бўлиб қолганига амин эди.

Сардор Али 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг