Менинг касбим – интервьюер (видео)
Ўзбек хотин-қизлари орасида янги, ноодатий касблар пайдо бўлаётганига эътибор берганмисиз? Аслида давр ўтган сайин, қайсидир касблар йўқолиб, бошқалари пайдо бўлиб боравериши табиий ҳол. Интервьюер деган касбнинг ҳам ўзига хосликлари, масъулияти, завқи ва мураккаблиги бор.
«Бунча пулни кўриб қон босимим ошиб кетди»
Ўтган йили ёз бошида камбағаллик чегараси қандай белгиланишини ўрганаётган эдим...
...Аёл йиғларди. Оилада беш нафар жон. Галия опа, икки қизи, вояга етмаган икки набираси. Совутгич бўм-бўш. Еган-ичганлари қарз. Газ, электр, сувдан катта қарз. Шу кунларда ҳеч қандай даромад йўқ. Оила боқувчиси – ота яқинда оламдан ўтган, яна бир рўзғорга нафи тегиб турган набиранинг ҳарбий хизмати ҳам шу вақтга тўғри келган.
Сергелидаги «Дарё бўйи» маҳалласидаги бу хонадонга мени интервьюер қиз Шоира Исломова бошлаб келди. У Тошкент шаҳар статистика бошқармаси турмуш даражаси статистикаси ва уй хўжаликлари кузатувлари бўлими ходими. Ҳа, шундай касб бор. Бу касб эгалари хонадонларда бўлиб, уй соҳиблари маълумоти ва бевосита кўрганлари орқали рақамларни қайд этадилар. Планшетда пайдо бўлган рақамлардан фаровонликни юксалтириш йўлидаги маълумотлар шакллантирилади.
«Кузатувдаги хонадонлар тасодифий танланиш орқали аниқланади. Энди сиз камбағаллик даражаси билан қизиққанингиз учун шу ерга олиб келдим. Кузатувга тушган оилаларнинг асосий қисми ўртаҳол ва таъминоти яхши, яна қандайдир қисми бадавлат» деганди Шоирахон.
Ўшанда камбағаллик чегарасини белгилайдиган миқдор 440 000 сўм эди. Галия опа эса «Агар киши бошига 440 000 сўмдан даромад бўлса, 2 млн. 200 минг сўмни, мана бу ҳолимдан кўра, оилани боқишга етказардим» деганди.
Орадан қарийб бир йил ўтиб яна шу хонадонга йўл олдик. Бу сафар Галия опанинг руҳи тетик. Катта қизи ишга чиқибди, боласига опанинг ўзи қараб туради. Кичик қизи ҳам ишга чиқиш арафасида. Ҳарбийдаги набираси эса «яқинда бораман, энди қийналмайсизлар» деб ёзиб турибди. Галия Мамаева Шоирахондан миннатдор. Улар аҳволи ҳақида мақола берилгач, ҳомийлар катта ёрдам берган кунни унутолмайди.
«Мақолани ўқиган Шерзоджон деган йигит келиб ҳолимиздан хабар олди. Бир неча кундан кейин 3 та конвертни ташлаб кетди. Ҳар бир конверт устига исмларимиз ёзилган эди. Улар кетгач, конвертни очсак, ҳар бирида 7 миллиондан, жами 21 миллион сўм. Ҳаяжонланиб қон босимим ошиб кетди. Катта қизим ёнимда эди, унинг юраги ўйноқлаб қолди...»
Галия опа ҳомийларни ҳам, Шоирахон ва нашр ходимларини ҳам узоқ дуо қилди. Айтишича, берилган пул билан хонадондаги барча қарзлар ёпилган, ўнқир-чўнқир бўлиб ётган ҳовли саҳни бетон билан текисланган, аёлнинг оёғидаги ўсма олиб ташланган, невараси суннат қилинган, бир сидрадан кийинишган...
«Аслида интервьюернинг вазифаси ҳомий топиб бериш эмас. Бу шунчаки тасодиф эди, – дейди Шоира. – Биз кириб борадиган хонадон ҳар бири ўзига хослиги, ҳар бир оиладан ибратли ниманидир илғаб олишимиз билан касбимиз қизиқ».
Қувончлар ва ташвишлар ёнма-ён
Шоира аввал ишлаган коллеж ёпилгани ортидан статистика бошқармасига ўтган, интервьюер касбини танлаганига яқинда икки йил тўлади. У каби ёшларга бош-қош бўлаётган, иш ўргатаётган, ўзи ҳам ишлаётган Дилдора Ҳамидова эса 15 йилдан буён ана шу касбда. «Ҳар бир интервьюер унга биркитилган маҳаллада олти ой муддатда иш олиб бориши туфайли улар яқинингга айланаётгандек туюлади баъзан» кулиб гапиради Дилдора.
Суҳбатдошларимиз айтишича, танланма хонадонларга киришдан олдин, аввало, маҳалла қўмитасига маълум қилинади. Интервьюер касби, исми-шарифи ёзилган бежикда бўлиши шарт. Ҳар бир интервьюерга планшет бериб қўйилган. Планшетга ундаги жадвал асосида хонадондаги маълумотлар киритилади.
«Уй хўжаликларини кузатиш натижасида хонадоннинг таълим даражаси, соғлиғи, иш билан таъминланганлиги, яшаш шароити, даромади ва харажатлари, қайси маиший техникаларни ишлатишидан то саёҳатга чиқиш-чиқмаслиги, ҳаттоки интернетдан қанча фойдаланишигача саволларимиз бор. Хонадон эгасининг камида икки соат вақтини оламиз. Вақт ажратгани ва маълумотларни тақдим қилгани учун мукофот ҳам берилади» дейди Дилдора.
Шоирахон қатор хонадонлар уларни яқин дугона, синглиси каби кутиб олишларини айтади. Айни вақтда интерьюерларни тушунмаган, махфийлиги кафолатланса-да, шахсий маълумотларини беришни истамаган ҳолатлар кам бўлмаслигини ҳам таъкидлайди. Айрим ҳолларда чекка ҳудудларда дайди итларга дуч келишларини ҳам айтишади. «Чилонзорда бир хонадонда аёл узоқ йиллар ётоқда экан. Бир чимдим суҳбатга илҳақ. Шунақа ҳолатларда психолог ролини ҳам ўйнаймиз. Маълумот олишдан аввал уларни тинглаймиз, қўлимиздан келгунча таскин берамиз. Дуолар қилишади. Шунда касбимдан хурсанд бўлиб кетаман», дейди у.
Дилдорахон бир хил оилаларга кирганда ўзларининг баҳри дили очилиб кетишини айтади. «Яқинда бир оилада бўлдим. Ўқимишли, камтар, ҳар бир айтган гаплари ўйловли. Буви ва додалари илмий ишлар қилган. Буви ва дода тарбиясини олган қизлар бошқача бўлади. Бир ҳамкасбимиз келинликка қиз излаб юрган эди, ўша оиланинг қизини тавсия қилдим» дея аслида ишга дахли бўлмаган, лекин ишидан олган қувончи билан ўртоқлашади.
Лекин, айрим ҳолатларда бир интервьюерга бўлган ўринсиз муносабат бутун жамоанинг кайфиятини тушириб юборади, дейишди суҳбатдошлар. Улар бошқа бир ҳамкасблари кузатувга тушган кўп қаватли уйдаги хонадон эшиги тугмасини босганда «ҳозир» деб овоз беришган ва... милицияга хабар беришган. Ички ишлар ходимлари келиб, интервьюерни бўлимга олиб кетишган ва кечгача, то статистика бўлими бошлиғи келиб олиб чиқмагунча, уни ушлаб туришган...
Интервьюер касби қайсидир жиҳати билан мухбирликка ўхшаб кетади. Аммо ўзига хослиги ҳам бор. Интервьюерлар ўтказган кузатувлар натижасида муҳим статистик кўрсаткичлар ҳисоблаб чиқилади. Ўзбекистонда бу касбга ҳозирча ҳеч қаерда ўқитилмайди, ўргатилмайди. Ходим жамоада ўрганиб, жамоада тобланади. Дилдора Ҳамидова «Баъзан ишлайман деб келган қизларнинг бир кунда кетиб қолгани бўлган» дейди.
Тошкент шаҳар статистика бошқармаси «Турмуш даражаси статистикаси ва уй хўжаликлари кузатувлари бўлими» бошлиғи Масуда Жалиловага кўра, ҳозирда бўлим тасарруфида ўн нафар хотин-қиз интервьюер вазифасида ишлайди. «Давлат миқёсидаги маълумотлар шаклланишида уларнинг ўз ўрни бор. Шунингдек, кузатув натижалари, аҳолининг кам таъминланганлик кўрсаткичлари ва истеъмол нархлари индексини ҳисоблашда фойдаланилади».
Қизларимиз машаққатли ва шарафли касб эгалари, десам баландпарвоз бўлиб туюлмасин. Интервьюерлар учун шароитларини янада яхшилаш ва маошларини ошириш учун ҳаракат қилаяпмиз» дейди Масуда Жалилова.
Эшик қўнғироғи жиринглайди. Қарангчи, балки у интервьюердир.
Мустаҳкам Тангриёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter