Мардикор одам эмасми?
Истилоҳда «мардикор» сўзида қандайдир камситувчи маъно бордай туюлади. Аслида бировнинг корига яраган мард инсон «мардикор» дейилиши айтилади. Бу сўзнинг «културнийроқ» синоними бордай: ёлланиб ишловчилар! Ҳозир гап шу ва шу каби сўзларнинг маъноси ҳақида эмас. Гап ўша ёлланиб ишовчилар ёки қисқача айтганда мардикорларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ҳақида.
Маълумки, иш ва хизматлар кўрсатиш фуқаролик ва меҳнат ҳуқуқи меъёрлари билан тартибга солинади. Лекин ёлланиб ишловчиларнинг хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти-чи? Улар ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинганми? Йўқ-да! Биласиз, меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасида (меҳнат) муносабатларини юзага келтиради. Тартиб-таомил меҳнат қонунчилиги асосида белгиланади. Бироқ ёлланма ишчилар, яъники, мардикорларда бундай имконият йўқ даражада.
2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9,3 фоизни ташкил этди. Шундан 30 ёшгача ёшлар ишсизлик даражаси 15,9 фоизни, аёллар ўртасида — 13,4 фоизни ташкил этган. Энг кўп ишсизлик даражаси эса Фарғона (10,0 фоиз), Андижон (9,9 фоиз), Сурхондарё (9,9 фоиз) вилоятларида, энг ками Тошкент (7,8 фоиз) шаҳрида қайд этилди. Янги иш ўринларининг яратилиши натижасида 2018 йилнинг якунига кўра бу кўрсаткич 0.3 фоизга яхшиланган.
Аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламининг катта қисми ёлланма ишчи кучига айланиши табиий ҳол. Бироқ бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ёлланиб ишловчиларнинг хавфсизлиги, меҳнати муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас.
Бу эса ёлланиб ишловчиларнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмаётганлигини билдиради. Мисол учун, агар бирор бир мардикор иш жараёнида жароҳат олса ёки, худо кўрсатмасин, вафот этса, унинг хавфсизлиги таъминланмаганлиги учун ким жавобгар бўлиши белгиланмаган. Бундан ташқари, ёлланиб ишловчи шахсларга бажарган иши учун келишилган ҳақ тўлиқ тўлаб берилмаса ёки умуман тўланмаса, мазкур шахслар кимга мурожаат қилишлари ҳам бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатиб ўтилмаган.
Тўғри, улар умумий тартибда судга мурожаат қилиши мумкин. Лекин бу узоқ давом этадиган жараён бўлиб, бунга мардикорда вақт, иштиёқ ва имконият қайда, дейсиз?! Уларнинг меҳнатини эксплуатация қилган шахсларга нисбатан самарали таъсир чоралари белгиланмагани эса муаммо устига муаммо туғдиради.
Бу борада хориж тажрибаси қандай?
Германия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларда ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқларини кафолатовчи ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Лекин мазкур давлатларда асосан хорижий меҳнат мигрантлари ва ноқонуний кириб келиб, меҳнат қилаётганлар ўртасидаги ҳуқуқий тафовутларни белгилаш мақсадида нормативлар ишлаб чиқилган.
Бизда эса... Демак, бизда ҳам ички миграция, кунлик ёки муайян ишнинг натижасини топширгунга қадар бўлган оғзаки шартнома асосида меҳнат қилувчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланган ҳуқуқий ҳужжатга эҳтиёж катта. Бу эса «Ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш заруратини келтириб чиқармоқда.
Қонун мардикорларнинг меҳнатига тўловлар тўлиқ ёки умуман амалга оширилмаганда, меҳнат шароитлари ва санитар гигиеник талабларга жавоб бермайдиган жойларда ишлаганлиги учун соғлиғига зарар етказилган ҳолларда, шунингдек, ишлар (хизматлар)ни бажариш вақтида соғлиғига зарар етган, жароҳат олган ёки вафот этган ҳолларда қандай йўл тутилиши каби масалалар аниқ тартибга солиниши лозим. Зеро, ҳуқуқнинг тоифаси бўлиши мумкин, илло мазҳаби бўлмайди.
Шамсинур Ахтамов,
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти катта маслаҳатчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter