Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Канададаги ҳаёт ва «ўзгача қарз» – дастурчи Муҳаммаджон Тошпўлатов билан суҳбат

Канададаги ҳаёт ва «ўзгача қарз» – дастурчи Муҳаммаджон Тошпўлатов билан суҳбат

Муҳаммаджон Тошпўлатов.

Фото: Xabar.uz

Хабарингиз бор, бир неча ой илгари Канаданинг Далҳауз университетида ўқиётган ватандошимиз Юлдуз Хўжаева билан суҳбат эълон қилинган эди.

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамизнинг навбатдаги қаҳрамони мазкур университетнинг магистратура босқичида таҳсил олаётган яна бир ҳамюртимиз Муҳаммаджон Тошпўлатов бўлди.

У билан суҳбатимиз дастурлаш соҳасини нега танлагани, Канадага кетиш, у ердаги ҳаёт ва «ўзгача қарзи» ҳақида кечди.

Энг тўғри қарор

Ҳар бир инсон учун ҳаётида олий таълимгача бўлган давр, яъни ўқувчилик йиллари жуда муҳим босқич, деб ҳисоблайман. Боиси, айнан шу даврда бир умрга эсда қоладиган, «тошга битилган» билимлар эгалланади. Яхши ўқув масканини танлаш эса, асосан, ота-оналарнинг қўлларида.

Ўрта таълимни Наманган шаҳридаги 2-мактаб-интернат ҳамда Наманган давлат университети қошидаги 1-академик лицейда олишимга ота-онам сабабчи бўлишган ва бу энг тўғри қарор бўлганига ҳозир ҳам амин бўляпман.

Мактаб ва академик лицейдаги ўқитувчилар, тизим ва муҳит фанларни чуқурроқ ўрганишимга сабаб бўлди. Айниқса, академик лицейда мени математикадан олимпиадаларга тайёрлаган ўқитувчим Зокиржон Тўланов ушбу фанга бошқача назар билан қарашга ўргатди. Ҳар бир формула ёки теоремани шунчаки ишлатиш эмас, балки биринчи исботлаш кераклигини шу устозимдан ўргандим. Натижада математикани дарслик доирасидан ташқарида ўрганиш имкониятига эга бўлдим.

Ахборот технологиялари соҳасини танлаш

Академик лицейдаги ўқишни тамомлашим арафасида янги олий таълим муассасаси – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети очилиши ҳақида хабар топдим. Ахборот технологиялари соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги янги университет айнан биз битираёган йилда очилиши худди бизга берилган имкониятдек туюлди. Математикага кучли қизиққаним, инглиз тилини билганим ҳамда ахборот технологиялари даврида яшаётганимиз учун шу университетни танлашга қарор қилдим.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистондаги бошқа кўплаб университетлардан ажралиб турарди. Университетда талабаларнинг яхши билим олиши энг юқори мақсад қилиб қўйилган эди. Ўқитувчиларнинг чет давлатлардан олиб келиниши ва Жанубий Корея томонидан назорат қилиниб бориладиган юқори сифатли таълим бунга мисол бўла олади. Айниқса, тўртинчи босқични ўқиш учун барча талабаларнинг Корея Республикасига жўнатилиши бизга ўзига хос янгилик, яъни ҳақиқий халқаро муҳитни хис қилиш имкониятини берди.

Янги университетни «биринчи қалдирғочлар» қаторида биритириб, сўнг икки йил давомида «Мароқанд», «Ўзбектелеком» АКнинг «Ахборот тизимлари» филиалида мобил дастурчи бўлиб ишладим.

Магистратура босқичига тайёргарлик

Ривожланган давлатларда таълим олиш ва яшаш шу давлатларнинг устун тарафларини яхшироқ англаб етишга ёрдам беради. Бундай давлатларнинг устунлиги фақат иқтисодиёт томонидангина эмас, балки қонунларнинг ишлаши, одамларнинг уларга риоя қилиши каби жабҳаларда ҳам ўз аксини топади. Шу сабабдан 2017 йилда Жанубий Кореяда таълим олаётган пайтимда магистратура босқичини ривожланган давлатда ўқиш тўғри қарор бўлишини ҳамда бу менга орттирадиган тажрибаларимни кейинчалик Ўзбекистонга жорий қилиш имкониятини беришини тушуниб етдим.  Бакалаврни тугатишим билан ўзим учун тўғри келадиган университетлар рўйхатини тузишни бошладим. Университетларни танлаб олиш учун асосий жиҳатлар қуйидагилар эди:

  1. Мен қизиққан йўналишлар – «Machine Learning», Сунъий онг ва Киберхавфсизликнинг университетда мавжудлиги ҳамда университет жойлашган давлатлар ушбу соҳалар бўйича юқори тажрибага эга бўлиши;
  2. Рейтинг – Жаҳонда TOP-500 таликда бўлиши;
  3. Тил – Таълимнинг инглиз тилида олиб борилиши;
  4. Грантлар – Янги ва ўқиётган талабалар учун грантларнинг мавжудлиги.

Юқоридаги жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда Канада ҳамда Австралиядаги университетларга эътибор қаратдим. Якунда 3 та университетга ҳужжат топширдим ва барчасига қабул қилиндим: Мелбурн университети, Монаш университети (Иккаласи ҳам Австралия), Далҳаузи университети (Канада).

Нега айнан Далҳаузи университети?

Очиғини айтишим керак, Мелбурн университети менинг биринчи рақамли танловим эди. Бироқ ўқиш тўлов пуллари жуда қимматлиги (йилига тахминан 32 000 АҚШ доллари) асосий муаммо эди. Шу сабабдан 2018 йилда ташкил қилинган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси учун ҳужжат топшириш вариантини кўриб чиқдим. Фонднинг бир нечта талаблари орасида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш талаби ҳам бор эди. Эндигина бир йиллик иш тажрибасига эга бўлганим учун бу фондга ҳужжат топшира олмадим ва Мелбурн ҳамда Монаш университети танловларидан воз кечишимга тўғри келди ва эътиборимни Далҳаузи университетига қаратдим.

Ҳозирда Далҳаузи университетида «Компьютер фанлари» мутахассислиги бўйича магистратура босқичида ўқияпман. Кўплаб магистратура йўналишлари каби бу йўналиш ҳам икки йиллик. Фақат фарқ шундаки, бу ерда ўқув йили иккига эмас, учга бўлинади.

Талабалардан биринчи йилда асосан «Компьютер фанлари» йўналишидаги тўрт фанни ўқиб тугатиш талаб этилади, қолган вақтда эса илмий иш жараёнларида қатнашиб, тезис ёзиш керак. Менинг тезисим Интернетдаги киберҳужумларни «Machine Learning» ёрдамида аниқлашга қаратилган. Бундай мавзуни тезис ёзишда менга кўрсатма берадиган профессорнинг тавсияси ҳамда ўзимнинг қизиқишимдан келиб чиқиб танладим.

Канададаги бир нечта университетлар каби Далҳаузи университети ҳам илмий ишлар миқёси ҳамда натижалари бўйича юқори ўринларда туради. Бунга асосий сабаблардан бири университет профессорлар ҳамда талабаларга илмий иш қилишлари учун зарур бўлган ёрдамни аямайди. Бундан ташқари ўқиш давомида яхши натижа кўрсатган талабаларга грантлар ажратилади. Мен ҳам декабрь ойида илмий иш учун университет томонидан грант соҳибига айландим. Орадан кўп ўтмай, биринчи босқичда юқори баҳоларга ўқиганим учун университет яна қўшимча грант ажратди. Бундай ютуқлар талабарни, шу жумладан мени янада яхшироқ изланишга ундамоқда.

Буни қандайдир таҳририят ёки блогер аниқлаб ўтирмайди

Далҳаузи университетидаги ва Канададаги бир йиллик тажрибаларимда жуда кўп муҳим жиҳатлар эътиборимни тортди.

Биринчиси бу – илмий ишларнинг ҳукумат томонидан доимий қўллаб-қувватланиши. Ҳар йили ҳукумат илмий ишлар ва тадқиқотлар учун бюджетдан пул ажратади. 2016-2019 йилларда Канада ҳукумати шундай мақсадларда 10 млрд Канада долларидан кўпроқ пул ажратган. Бу пулларнинг бир қисми университетлардаги илмий ишлар учун йўналтирилади.

Кейингиси университетлар битирувчиларининг кўпчилиги ўзлари ўқиган таълим масканларига пул ўтказиш орқали хайрия қилишади. Хайрия пулларининг қандай мақсадда фойдаланишини шу битирувчиларнинг ўзлари танлашлари ёки университетнинг ўзи тасарруф қилишига рухсат беришлари мумкин.

Масалан, бирор бир университетнинг сайтига кириб, грантлар ҳақида ўқиб кўрсангиз, одамларнинг исми билан номланган грантларга кўзингиз тушади. Бундай грантлар ўша битирувчилар томонидан қилинган хайрия пуллари эвазига ташкил этилади.

Шунингдек, бу ерда университетлар таркибий жиҳатдан бир-биридан мустақил қисмларга бўлинган:

- Университет администрацияси – университетнинг бошқаруви ва бюджетга жавобгар;

-  Ўқитувчилар ассосацияси – университетдаги ўқитувчилар;

-  Талабалар бирлашмаси – талабалар номидан фаолият олиб борадиганлар.

Бу гуруҳлар бир-биридан мустақил, очиқ ва бир-бирларинининг фаолиятини кузатиб туришади. Мисол учун университет администрацияси ўқитувчиларнинг ойлигини камайтирмоқчи бўлса, Ўқитувчилар ассосацияси билан келишмасдан туриб буни амалга оширолмайди. Ёки талабалар нимадандир қониқмаётган бўлишса талабалар бирлашмаси орқали университетни хабардор қилишлари лозим.

Яна бир ҳолат, мамлакатда қандай ташкилот бўлмасин атрофида бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида жамоатни хабардор қилиб туради. Буни қандайдир таҳририят ёки блогер аниқлаб ўтирмайди, аксинча ташкилотлар бунга ўзларини жавобгар деб ҳисоблашади. Буни асосан аҳоли орасида оммабоп бўлган ижтимоий тармоқлар орқали (Асосан Twitter вa Facebook) амалга оширишади. Мисол учун, қисқа туташувни деб шаҳарнинг қайсидир қисми электрдан узилиб қолди. 10 дақиқа ўтар-ўтмас, Twitterда электр тармоқлари ташкилоти бунга нима сабаб бўлгани ва ҳозирда қандай ишлар амалга оширилёгани тўғрисида аҳолига хабар беради. Агар жараён чўзилиб кетса, янги маълумотларни бериш орқали аҳоли орасидаги шубҳа-гумонларни камайтиришади.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳим деб билган бир масалага тўхталмоқчиман. Ўзбекистонда доимий равишда четдан кириб келаётган, фанга оид сўзларни ўзбек тилидаги муқобил вариантини белгилаб берилиши ва бундан доимий равишда жамоатни хабардор қилиб турилиши керак. Суҳбатимиз давомида юқорида икки марта «Machine Learning» деган терминни ишлатишимнинг сабаби айнан шу. Бу терминни ўзимча таржима қилсам, маъносини бузиб қўйиш эҳтимоллиги бор. «Machine Learning», «Deep Learning», «Big Data», «Data Science» каби ҳозирги кунда энг оммалашиб бораётган соҳаларни ўзимизнинг юртда бошлаш учун аввало одамлар орасида улар ҳақида тушунчани шакллантириш зарур. Назаримда, уларнинг таржимасини билмай туриб бунга эришиб бўлмайди.

1-2 йил қолганда қўшимча курсларга боришни режа қилманг

Ўзимни катта тажрибага эга одам ҳисобламайман, бироқ ҳозиргача кўрган-билганларимдан ҳисобга олган ҳолда мактабдаги ўқувчилар, талабалар ва бошқа ёшлар учун қуйидаги тавсияларни беришни хоҳлардим.

Мактаб ўқувчиларига

  • Университетга ҳужжат топширишга 1-2 йил қолганда қўшимча курсларга бориб, қаттиқ ўқиб-тайёрланиш орқали ўқишга кириб олишни асло режа қилманг. Агар шундай қилсангиз ўша пайтга келиб ўзингиз хоҳлаган жойга эмас, фақатгина кучингиз етган жойга топшира оласиз. Ҳозирданоқ яхши ўқишни бошлаш керак.
  • Қайсидир соҳани эрта танлаб олиб, фақат шу соҳага тааллуқли фанларни ўқиманг. Мактабдаги барча фанларни яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилиш зарур. Балки сиз ҳозир нотўғри ўйлаётгандирсиз, мактабни битиргунгача бошқа соҳага бўлган қизиқишингиз ортиб кетиши ҳам мумкин.
  • Тил ўрганинг. Мен инглиз тилини ўрганишни тавсия қилган бўлардим. Бу сизга жаҳонда бўлаётган воқелалар, янгиликлар билан тенгма-тенг кетиш ҳамда мустақил фикрлаш имкониятини беради.
  • Талаба бўлиш энг катта мақсадингиз бўлиб қолмасин. Бу шунчаки кейинги мақсадлар учун бир кўприк вазифасини ўташи лозим.

Талабаларга:

  • Ўзингизга инвестиция киритинг. Ўқиб-ўрганиш орқали. Фақатгина дарслик билан чекланиб қолмаган ҳолда қўшимчасига сўнгги технологияларни ўрганишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун интернет бўлса бас.
  • Маълумотларни тўғри фильтрлашни ўрганинг. Биз ҳар куни минглаб ахборот қуршовида қоламиз, фақатгина керакли ва тўғриларини ажратиб олишимиз жуда муҳим.
  • Осон йўлни танламанг. Агар шундай қилсангиз эришадиган муваффақиятингиз ҳам кичкина бўлади.
  • Агар магистратура босқичида ўқимоқчи бўлсангиз, ундан олдин 1-2 йил ишлаб бироз тажриба орттиринг. Шунда тўрт йил давомида ўқиганларингизни амалда қўллаб, билимларингизни мустаҳкамлаш имкониятига эга бўласиз. Магистратурада ўқиётганингизда бунинг фойдаси катта бўлади.

Талаба бўлиш насиб этмаганларга эса, талаба бўлмасдан туриб ҳам муваффақиятга эришиш учун дастурлашни ўрганишни тавсия қиламан.

Жамиятдан олинган қарз

Яқин келажак учун биринчи режа, албатта, ўқишни муваффақиятли тугатиб олиш. Олинган таълимни амалда қўллаб кўриш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Шунинг учун Канаданинг ўзидаги катта компаниялардан бирида 2-3 йил тажриба орттиришни мақсад қилганман. Сўнгра Ўзбекистонга қайтиб бориб, бу ерда ўрганганларимни, тажрибаларимни жорий этишга ҳаракат қиламан. Бу асосан, юртимизда унчалик ривожланмаган ёки бирор-бир янги соҳада бўлади.

Фикримча, ҳар бир одам ёшлигидан олган таълимни, ўзлаштириб келган билимларини, тўплаган тажрибаларини жамиятдан олинган қарз сифатида қабул қилиши керак. Бир кун келиб биз уларни жамиятга қайтаришимиз зарур: кимдир таълим бериш орқали, кимдир хайрия қилиш, яна кимдир, шунчаки, тажрибаларини ўртоқлашиш орқали. Фақат бу қарзнинг бошқалардан фарқи шундаки, ҳеч ким ҳеч қачон ҳеч нарса йўқотмайди!

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг