Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жарима эмас, кўмак керак. Коронавирус шароитида хорижий мамлакатлар таълим соҳасида нималар қилмоқда? (давоми)

Жарима эмас, кўмак керак. Коронавирус шароитида хорижий мамлакатлар таълим соҳасида нималар қилмоқда? (давоми)

Фото: «Haber7»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, шу кунларда бутун дунёда мактаб ва университетларда таҳсил олаётган 87 фоиз ёки 1 миллиард 520 миллион ёшлар коронавирус туфайли уйларида қолмоқда.

Инсоният учун кутилмаган глобал инқироз шароитида хорижий давлатлар таълим бобида қандай амалий саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда, рақамли дунё имкониятларидан нечоғли фойдаланмоқда, қандай самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда?

Жанубий Корея мактабларида 9 апрелдан дистанцион тартибда ўқув йили бошлаб юборилди. Шаҳар ва музофотлар маҳаллий ҳокимиятлари, таълим вазирлиги, «Samsung», «LG» каби йирик компаниялар кам даромадли оилалар фарзандларига интернетга уланиш учун компьютерлар (жами 320 минг дона) тақдим этиш ишларини бошлади.

Мамлакатдаги 3 та етакчи – «KT», «SK Telecom», «LG Uplus» мобил алоқа операторлари эса таълим жараёнида рақамли контентлардан фойдалаётган ўқувчиларга лимитсиз интернет тақдим этишни йўлга қўйди. Ўқувчилар Кореянинг «EBS» болалар таълим телеканали контентидан эркин фойдаланишлари мумкин.

Сингапурда март ойи охиридан мактабгача таълим ва ўқув муассасалари ишини қайта тиклаш режалаштирилган эди. Тиббиёт илмий тадқиқотлари асосида ёш авлод вирусдан кам зарарланиши мумкинлиги ҳақидаги хулосага бунга асос бўлган эди.

Бироқ, болаларни мактабга тайёрловчи «ПАП коммунюти фаундейшн» хайрия жамғармаси марказларидан бирининг 14 нафар ишчиси ва директори коронавирусга чалингач, 360 та ана шундай марказ ёпилди ва чекловни бекор қилиш бўйича режа бекор қилинди.

Ҳозирда барча мактабларда 1 апрелдан ҳафтада бир маротаба онлайн режимда уй таълими олиб борилмоқда. Бошланғич синфлар учун таълим чоршанба кунлари, ўрта мактаблар учун пайшанба, коллеж талабалари учун жума кунлари ўтказилмоқда.

Малайзия Халқ банки 10 та университет ётоқхоналарида истиқомат қилаётган талабаларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун 25 минг доллардан молиявий кўмак кўрсатди.

«ЙТЛ груп» корпорацияси «Йес» мобил алоқа оператори ва «ФрогАзия» таълим ташкилоти билан биргаликда 1-5 синф ўқувчилари учун фанлар бўйича мобил илова яратди, шунингдек мамлакатдаги ҳар бир болали оилага 40 ГБ интернет трафигига эга бўлган 5 тадан сим-карталарни беғараз асосда тарқатди. 

Покистоннинг Панжоб музофоти ҳукумати хусусий мактабларга кейинги икки ойда ўқиш учун тўловларни 20 фоизга арзонлаштириш топшириғини берди. Шу билан бирга бундай чегирмалар ўқитувчилар сонини қисқартирмаслик шарти билан амалга оширилиши жиддий белгиланди.

Яқин Шарқ ва Араб давлатларида ҳам қатор чекловлар, шу билан бирга кенг кўламли ёрдам дастурлари йўлга қўйилди.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари таълим вазирлиги уйда репетиторлик қилиш хизматини 3 ой муддатга чеклаб қўйди. Бу тартиб онлайн репетиторлик курсларига татбиқ этилмайди.  

Кувайт Амирлиги эҳтиёт чораларини кучайтирмоқда. Давлат ва хусусий олий таълим масканлари, мактаблар, ҳарбий таълим муассасаларида ўзига хос таътил 10 октябрга қадар узайтирилди. Бундан фақат битирувчи синфлар истиснодир. Чунки улар 4 августдан бошлаб, олий ўқув юртларига имтиҳонлар топширишиши зарур, олийгоҳларда ўқишлар эса сентябрдан бошлади.

Қолаверса, тиббиёт ходимлари ва бошқа шахслар ўртасида ижтимоий мулоқотларни минималлаштириш мақсадида шикофорлар ўзлари ишлаётган клиникаларга яқинроқдаги мактабларда вақтинчалик яшаш учун жойлаштирилмоқда.

Мисрда ҳам мактаб таълим муассасалари тўлиқ ёпилди. Таълим ва тарбия вазирлиги томонидан ўрта мактабларнинг 20 миллион ўқувчилари учун «Edmodo» янги платформасини ишга туширди. 18 апрель ҳолатига кўра, унда салкам бир миллион ўқитувчи, 6 миллионга яқин ўқувчи рўйхатдан ўтган. 

Эрон таълим вазири Муҳсин Марзаийнинг сўзларига қараганда, у бошқараётган идора Алоқа ва ахборот технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун «Шод Меду» махсус онлайн-платформасини ишга туширди.

Бу базага барча тоифадаги ўқувчилар учун 250 минг онлайн дарслар жойлаштирилган ва дастурга 2,9 миллион ўқитувчи, ахборот технологиялари мутахассислари жалб этилган. Онлайн дарслар билан шуғулланадиган ҳар бир ўқитувчига ойига 12 Гб ҳажмида интернет-трафик бепул тақдим этилмоқда.

Эрон таълим бўйича олий кенгаши ҳам таълим вазирлиги билан ҳамкорликда олий ўқув юртларига ҳужжатларни қабул қилиш ва жорий ўқув йили мактаб имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани ишлаб чиқди ва коронавирусга қарши кураш бўйича марказий штабга тақдим қилди. Чунки 20 майга қадар барча онлайн машқлар якунланиб, имтиҳонларга масофадан туриб тайёргарлик кўрилади.

Саудия Арабистони таълим бўйича интернет-каналларини фойдаланишга топширди, мактаб, олий ўқув юртлари фанларидан дарс бериш учун 20 та ТВ-каналларини ишга туширди. Ёшларнинг масофавий ўқитишни рағбатлантириш учун махсус мукофот таъсис этилди.

6 миллион ўқувчилар онлайн аудиторияларда виртуал ўқитилмоқда. 1,6 миллион талаба эса масофадан ўқитишнинг турли дастурларидан фаол фойдаланмоқда. Таълим вазирлиги 124 минг хориждаги саудиялик талабларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш масаласи бўйича 31 та бюро ташкил этди.

«Saudi Telecom», «Mobily», «Zain» телекоммуникация компаниялари 20 дан 50 гача Мбит/с тезликка эга бўлган таълим каналлари ва узатиш платформалари учун юқори тезликдаги интернет-хизматларини тақдим этиш бўйича ишларни фаоллаштирмоқда.

Шимолий Америкадаги Канада давлатида ҳам барча аҳоли оммавий борадиган жойлар қатори мактаблар ва болалар боғчалари иш фаолияти тўхтатилди. Бу ерда керакли чоралар кўриш юзасидан барча ҳудудий минтақалар алоҳида-алоҳида қарорлар қабул қилмоқда.

Масалан, Британия Колумбияси музофотида ўқитувчилар аллақачон масофадан таълимни бошлаб юборди. «Keep Learning BC» янги веб-сайти ишга туширилди. Унда таълим ресурслари билан биргаликда дарс жараёнлари ўқув мавсуми якунига қадар олиб борилади.

Онтарио музофоти ҳукумати эса мактаблар 4 майга қадар ёпиқ бўлишини, онлайн дарслар олиб бориш учун жиҳозларга эга бўлмаган оилалар интернетга уланиши учун керакли техникалар билан таъминланишини таъкидлади.

Квебек музофоти ҳукумати мактаблар май ойи охирида очилиши мумкинлигини инкор этмаяпти. Ҳозирда ўқувчилар учун электрон ўқитиш, онлайн-синфлар ташкил этилган.

Фото: «Business Insider»

АҚШда мактаблар ёпилишининг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида масофадан ўқитиш усулларига ўтилмоқда. Барча ўқувчиларнинг ота-оталарига электрон таълим маҳсулотлари («Кэнвас», «Сиесав»)дан фойдаланиш имконияти тақдим этилди.

Ўқитувчилар видео форматда ва узоқдан дарс беришлари учун аввало уларнинг ўзига машғулотлар ўтказилмоқда. Педагоглар болалар топшириқларни қандай ўзлаштираётни текшириб бормоқда ва янги, талабига мос янги мавзуларни жорий этишмоқда, онлайн тарзда бўладиган дарс бериш методларини тубдан ўзгартирмоқда.

Бундан ташқари, инқирозга қарши чоралар пакети доирасида йиллик даромади 75 минг доллардан кам бўлган  шахсларга 1,2 минг доллар ёрдам пули ажратилмоқда, оиланинг ҳар бир боласи учун эса 500 доллардан тўланмоқда.

Нью-Йорк маъмурияти гарчи ўқув йили охирига қадар мактабларни ёпиб қўйган бўлса-да, давлат мактабларининг анъанавий фаолиятини тўхтатиш бўйича кеч қарор қабул қилгани учун кўпчилик томонидан танқидга учрамоқда.

Чунки бадавлат кишилар зурриёдлари ўқийдиган хусусий мактаблар ўз мустақил ташаббуслари билан март ойи бошидаёқ ёпилган эди. Аммо давлат мактаблари ой ўртасига қадар фаолият кўрсатди. Аммо тан олиш керакки, бу мактаблар 114 минг уйсизлар ва қашшоқ оилалар болалари учун ижтимоий хизмат маркази вазифасини ҳам бажарди. Давлат мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ярмидан кўпи фақат шу ерда тўйимли овқат ейди. Уйсиз болалар учун эса мактаб кийим-кечакларини тозалаши ва ювиши учун ягона маскан ҳисобланади.

«Кўплаб болалар учун мактаб уйига қараганда хавфсизроқ гўша эди», дейди ўқитувчилардан бири. Уларнинг ёпилиши натижасида Нью-Йоркда ҳозир болалар ва оила зўравонликлари кескин ортиб кетди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида, жумладан қўшни Қозоғистонда 6 апрелдан буён мактабларда таҳсил масофавий форматда ҳафтада 5 кун олиб борилмоқда. 1-11 синф ўқувчилари учун «Балапан» ва «Ел Арна» телеканаллари ҳафтасига 2 мингтагача теледарсларни тақдим этаяпти.

Ахборот технологияларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида «Е-Learning» интернет тизими ва «E-gov» портали орқали мактаб ва университетларда масофавий ўқитиш тизимига ўтилмоқда.  

Қирғиз Республикасида 26 мартда олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида масофадан ўтириш услубларини ташкил этиш бўйича алоҳида фармон қабул қилинди. 8 апрелдан телеканалларда 1-11 синфлар учун видеосабоқларни эфирга узатиш бошланди. Ўқувчилар учун 400 та электрон дарсликлар тайёрланди.

Скриншот

Ўзбекистонда ҳам онлайн таълим ва телесабоқлар борасида тезкорлик билан чоралар кўрилган эди. Шунингдек, аксарият давлатларда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўз ётоқхона ва қўналғаларидан чиқмаган ҳолда масофадан таҳсилни давом эттиришмоқда. Қийин ва мураккаб аҳволда қолган ёшларга элчихоналаримиз ва консулликларимиз ходимлари томонидан барча зарур ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Дилафрўз Худойбердиева,
Бектемир тумани 290-умумтаълим
мактаби инглиз тили ўқитувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг