Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Изоҳ ёзиш «маданияти»: нафрат ўчоғига айланиб бораётган интернет ёхуд иғвога «ем» бўлаётган умр

Изоҳ ёзиш «маданияти»: нафрат ўчоғига айланиб бораётган интернет ёхуд иғвога «ем» бўлаётган умр

foto: internet, ochiq manba

 Журналист бировларга ёқиш учун ишламайди

Анча йиллар олдин, аниқроғи, маҳаллий телевидениеда ишлаб юрган пайтларим Наманганга қатновчи автобусда бир аёл билан ёнма-ён кетганман. Аёл журналист эканлигимни билгач, мени суҳбатга тортди. Ўзини  Андижон телевидениеси мухлиси эканлигини айтиб, ишимиз ва бошловчиларимиз ҳақида саволлар бера бошлади. Мен бошловчи эмасдим, бироқ муаллифлик кўрсатувларимни ўзим олиб борардим. Экранда ҳаётдагидан бошқачароқ кўринади одам. Балки, шу боис ҳамроҳим мени танимагандир. Аёл ўзимни ўзимга ёмонлай кетди. «Шу қизни жуда ёмон кўраман, сунъий, шундан бошқа дикторлар йўқми, нима бало? Сап-сариқ, сепкилини беркитиш учун юзига роса чаплайди ва ҳоказо... Йўқотинглар шу қизни, деб хат ёзмоқчи бўптурувдим!», дейди...

Наманганга етгунча гаплашиб кетдик. Етай деганимизда, ўша «сариқ» қиз эканлигимни ошкор қилдим. Аёл роса ҳижолат бўлиб кетди, «ҳаётда ростдан ҳам бошқача экансиз, сизни бунақа тасаввур қилмагандим» – дея, узр сўради. Мен эса, «ҳижолат бўлманг, аслида сиз мени ёқтиришга мажбур эмассиз», – дедим.

Ҳақ эдим ва ҳозир ҳам шу фикрдаман. Ҳаммага ёқишга мажбур эмасмиз. Нафақат ўзимиз, ҳатто тайёрлайдиган материалларимиз – кўрсатувлар, ёзадиган мақолаларимиз ҳақида ҳам ҳамма ижобий фикрда бўлиши шарт эмас. Фикрлар хилма-хиллиги муҳим, жамият шу билан қизиқ, фақат нафрат ва адоватларимизни жиловлай билишимиз ва ўз фикрларимизни маданият билан ифодалашни ўрганишимиз лозим.

Журналист бировларга ёқиш учун ишламайди. Бошловчиликка ҳам, шоирлигу  носирликка ҳам даъвоим йўқ. Аммо, мен журналистман, буни ҳеч ким ўзгартиролмайди. Маза-бемаза контентлар, савиясиз видеолар эмас, инсонларга нафи тегадиган, жамиятга фойда келтирадиган сифатли медиамаҳсулот тайёрлайдиган, зўр мақолалар ёзадиган фидойи ҳамкасбларим жуда кўп.

Бироқ,  негадир кишига сиртдан баҳо беришга ва қиёфасини муҳокама қилишга ўрганиб қолганмиз.

Ғийбатга айланиб кетаётган изоҳлар 

Инсон кексайганда нимани орзу қилади? Фарзандлари, набиралари эъзозида кексалик гаштини суришними? Ёхуд ўғил уйлаб, қиз чиқаришдек ширин ташвишлардан қутулиб, қолган умрини тоат-ибодатда ўтказишними? Балки, ўзи учун яшаш, саёҳат қилишни орзу қилар? Яна бир катта орзуси бу – Ҳаж ва Умра зиёрати бўлса керак.

70 ёшдан ошган қишлоқлик бир онахон умрага боришни орзу қилиб, велосипедда йўлга тушибди. Онахоннинг маҳрамлари – эри, ўғиллари, ака-укалари бор-йўқлигини билмайман. Онахоннинг йўл-йўлакай кетаётган пайтида олинган кичик бир видеосини каналимга жойладим. Ҳавас қилиб, йўллари бехатару зиёратлари қабул бўлишини тилаб, изоҳ ёзганлар кўп бўлди. Аммо, ўйлаб-ўйламай, бефаросатларча, ўзидан-ўзи ҳукм чиқариб ёзганлар ҳам ўшанча...

«Бу хола инстаграмни ҳам биларкан ахмоқни катта кичиги бўлмайди  уйингда ўтириб ибодат қилсанг ҳам бўлаверади»

«Ақли паст десамам бўлади, нима бу аҳвол, кап-катта аёл бефаросат қаерга боради. Қани бунинг фарзандлари, авлодлари...»

«Бу умрага сафар эмас, бу бизнес умра баҳона пул тўплаш ҳеч қаерга бора олмайди. Пул йиғиб, ўзига маҳрам топиб қайтади».

Барча изоҳлар шу қадар хато билан ёзилган эдики, «аввал ўзларинг хатосиз ёзишни ўрганиб олинглар», дейдиган одам йўқ.

Онаси тенги аёл ана шундай маломатларга қолиб кетди. «Тузукроқ дуо қилишниям билмас экан», дейдиганлар ҳам топилди. Қайдан ҳам билсин? Асосий умри совет даврига тўғри келган бу авлодни. Балки, онахон бу иши нотўғрилигини билмас, тушунмас. Аммо, кекса аёлни маломат қилаётган  одамлар – ҳукм чиқариш бандасига эмаслигини билмайдиларми?

Бир ожизани билиб-билмай қилган амали орқасидан ҳақоратли сўзлар ёзиш учун одам қанчалар тошбағир бўлиши керак. Ахир, бу гапларни у барибир эшитмайди, ёзилган изоҳларни ўқимайди. Демак, бу – ғийбат. Наҳотки, негатив ёзаётган «ақллилар» ғийбат – гуноҳ эканлигини билишмаса...

«Видео қилиб чиқармаганинг – майит қолувди»

Ўтган йили Youtube даги каналимга бир фильм жойлагандим.

Фильм майитни сўнгги йўлга кузатишда бажариладиган амаллар ҳақида. Отинойининг вазифаси, ғассолнинг меҳнати ҳаётий сабоқлар ва гўзал суҳбат  билан очиб берилган.

Ўтган вақт давомида видеони икки миллиондан ошиқ фойдаланувчи кўрди, изоҳлар ва ёқтиришлар кўп бўлди. Шунингдек, негативлар, мавзу бир ёқда қолиб менинг рўмол ўрамай қалпоқ кийганимни муҳокама қилувчилар ҳам.

Фильм мазмуни, мавзунинг ёритилиши қолиб, видеога эмас, шахсимга тааллуқли бўлган изоҳлар ҳам ёзилди, мавзудан сабоқ чиқариш ўрнига тирноқ остидан кир қидирилди. «Видео қилиб чиқармаганинг – шу ўлик қолувди», деб маломат қилишди.

Начора!  Аммо, ўлим ҳақ. У ҳар бир инсоннинг бошида бор. Туғилибмизки, ўлим сари бир қадам ташлаймиз. Демакки, охиратга тайёргарлигимиз бўлиши керак. Қуръони Каримда ёзилганидек,  «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Анбиё сураси, 35-оят).

Қайси мусулмон одам ўлган яқинининг ювиш жараёни ёки кафанланиш жараёнини тасвирга олишга рухсат беради? Биз майит ўрнига манекендан фойдаланганмиз, барака топгурлар, бу одам эмаслиги кўриниб турибди-ку.

Тасвирга олиш жараёнида рўмол ўрнига қалпоқ кийганим – жанозани беҳурмат қилганимни англатмайди. Бу – ҳақиқий жаноза  эмас, бор-йўғи саҳналаштирилган жараён, ижодий ишимнинг бир қисми холос. Қолаверса, мавзу – менинг кийиниш услубим ҳақида эмас.

Мақсадимиз – ғассоллик, жанозадаги амаллар ҳақида маълумот бериш ва ҳар бир мусулмон аёл билиши лозим бўлган вазифаларни ўргатиш эди.

«Кетмони учаётган» блогерлик

Бугун Интернет олами нафрат ва адоват тилига тўлиб ётибди. Диндорлар – дин борасида билимсизларга, дунёвийлик тарафдорлари – тақводорларга, ўранмаганлар – ҳижоблиларга, рўмоллилар – боши очиқларга тош отиш билан машғул.

Миллат икки, уч гуруҳга бўлиниб олгандек, гўё. Халқ бирлашмас экан, юрт тараққиёти ҳақида гап бўлишиям мумкин эмас. Фикрлар хилма-хиллиги яхши, аммо бу тоқатсизликни  келтириб чиқармаслиги керак. Биз ўзгалар фикрини ҳурмат қилишни билмаймиз. Бир фикр билдирсам, бу – «албатта ҳақман!» деганим эмас. Бироқ, бу менинг шахсий фикрим, дунёқарашим инъикоси, ҳуқуқим, эркинлигим. Сиз мени ёқтиришга мажбур эмассиз, аммо фикримни ҳурмат қилишга мажбурсиз. Изоҳларда хоҳлаганча фикр билдиринг, бироқ бу шахсий адоват ва ҳақоратга айланиб кетмаслиги керак.

Авваллари,  бирон бир хабар, янгилик аввал текширилиб (ҳеч бўлмаса 2 та манба тасдиқлаши шарт!), тўғри ё нотўғрилиги тасдиқланиб, кейин тарқатилган. Ҳозир маълумот тўғрими, ростми-ёлғонми, фарқи йўқ. Муҳими – тезкорлик. Каналлар кўп, сайтлар кўп, ким янгиликни биринчи тарқатса, ютуқ ўшаники. Ижтимоий тармоқда саҳифа ё канал очган айрим профессионал журналистлар ҳам блогерликка қўл ургач, айнияптилар. Ҳозир журналистика билан блогерлик аралашиб кетгандай, гўё. Ҳеч ким нафрат тили, журналист этикасига риоя этмай қўйган. Чунк блогерлик стилида ёзилган постлар севиб ўқилади, ҳатто ғиж-ғиж хато билан ёзилса ҳам. Дейлик, қайсидир машҳур инсон ижтимоий тармоқларда трендга чиқди. Барча каналлар шу ҳақдаги хабар ёки видеони жойлайди. Деярли барча каналлар. Фақат ёритиш услуби турлича. Қайсидир блогерга ўша инсон ёқмаса, ўзи хоҳлаганча матн ёзиб, пост қўйиши мумкин. Шу ерда адоват ёки ҳасад профессионалликдан устун келади. Аёл бўлса фоҳишага, эркак бўлса ўғри-муттаҳамга чиқариб пост қўядиган аноним каналлар ҳам бор. Энг қизиғи, бунақа постлар минглаб лайк ва изоҳлар йиғади. Шу боис, журналистларнинг айримлари этикага тупуриб, «блогерлашяпти». Постлардаги нафрат тили ва изоҳлардаги бефаросатликка чидашнинг иложи йўқ. Мана сизга замонавий журналистика.

«Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё!»

Олимларнинг ҳисоблашларича, суткадаги аввалги 24 соат ҳозирги 16 соатга тўғри келмоқда экан. Иш кўп, вақт кам, ҳеч нарсага улгура олмаймиз. Ҳамма нарса тезлашиб боряпти. Мулоҳаза юритиш, фикр билдириш, ҳатто хулоса чиқариш ҳам. Ҳамма шошилган. Биров ҳақида билиб-билмай изоҳ ёзишга ҳам уста бўлиб кетдик, ҳукм чиқариш эса писта чақишдай осон бўпқолди. Аммо, билмаймизки, эртага бу фикримиз ўзгариб қолиши мумкин.

Ҳар ким бошқаларнинг айбини ахтариб, жамоатчилик олдида мағзава ағдаргунча, ўзи учун жавоб берса, ўзини ислоҳ қилиш билан шуғулланса, ширин тил билан бўлса ҳам яхшилик қилса, улуғ иш бўлар эди.

Аслида, бу майдон эзгуликка хизмат қилиши керак, кишилар ўртасида низони кучайтириш, фитна чиқариш учун эмас.

Яна 100 йилдан кейин ер юзида ҳаёт бўладими-йўқми, ҳеч ким билмайди. Биз эса ҳамон бир-биримизни маломат ва иғво қилиш билан бандмиз.

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг