Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Испаниялик элчи Амир Темурни қандай тасвирлаган?

Испаниялик элчи Амир Темурни қандай тасвирлаган?

«Улар филларни от ва одамлар кетидан чоптириб, ҳар хил қизиқарли томошалар кўрсатдилар. Ҳаммаси бир бўлиб чопганида эса ер ларзага келгандай туюларди. На от, на бошқа бирор жонивор югуришда филга бас келолмайди. Камина буларни ўз кўзим билан кўриб, битта фил жангда минг одамга тенг кела олади, деган фикрга ишонч ҳосил қилдим. Чунки у одамлар орасида юриб, жанг қилганида ҳар икки томонга ҳам зарба беради. Ўзи яраланганида эса орқа-олдига қарамай, йўл танламай, тез ҳаракат қилиб, янада шиддатлироқ жанг қилади...»

Руи Гонзалес де Клавихонинг ўз кўзи билан кўрган жангга оид кузатувларидан лавҳа эди бу. Испаниялик элчи Европада эмас, балки Самарқандда бўлганида филлар жангига гувоҳ бўлганди. Ўшанда Амир Темур ҳазратлари салтанатининг довруғи Европада ҳам маълуму машҳур эди. Зеро, соҳибқирон Чингизхоннинг ворислари бўлган мўғул босқинчиларига қарши курашиб, ўз ватанини озод ва обод ўлкага айлантирганди.

Усмонийлар Европага таҳлика солаётган дамда у қудратли давлат раҳбари даражасига етди. Шу боис, Европадаги кўплаб давлат ҳукмдорлари соҳибқирон билан ҳарбий, сиёсий ва савдо муносабатлари ўрнатишга интилдилар. Хусусан, Кастилия қироли Ҳенрих III нинг элчилари Пайо де Сатомайор ҳамда дон Эрнан Санчес Паласуэлос 1402 йили Амир Темур Қорабоғда турганида унинг ҳузурига келишганди. Кастилия ва Леон қироли Ҳенрих III де Трастамар (1390 – 1407) иккинчи маротаба элчиларини Самарқандга жўнатди. Улар Руи Гонзалес де Клавихо, Альфонсо Поэс де Санта Мария, Гомес де Салазалар эди.

Ҳенрих III йўллаган элчилар 1402 йили соҳибқирон хожа Муҳаммад қози бошчилигида Испанияга йўллаган элчиликка жавобан юборилганди. Хуллас, учала европалик хожа Муҳаммад қози ҳамроҳлигида 22 май куни Ўрта ер денгизи орқали Муқаддас Мария форти (қаъласи)га, у ердан Италия жануби бўйлаб Греция, Радос, Кичик Осиёдан ўтиб, Константинополь ва Трапезундга келишди. Кейин эса бу шаҳарлардан Султония, Теҳрон, Нишопур, Балхга ўтиб, 1404 йилнинг 21 августида Амударё бўйларига етдилар. 22 августда улар Шаҳрисабзга, 8 сентябрда эса Самарқанд атрофидаги Боғи Дилкушога кириб келиб, соҳибқирон билан учрашиш шарафига муяссар бўлишди.

Элчиларнинг Испаниядан Самарқандга келишига ўн беш ой вақт кетган эди. «Олтин ҳамда зангори кошинлар билан зеб берилган жуда кенг ва баланд дарвозадан боққа кирилади. Эшик олдида найзалар билан қуролланган посбонлар турар эди», дея ёзади ўз кундалигида Клавихо Боғи дилкушога ташрифи ҳақида.

Маълумки, Амир Темур ҳазратлари 1402 йилда хожа Муҳаммад қозини Испанияга жўнатган ва у икки йилдан сўнг соҳибқирон ҳузурига европаликлар билан бирга қайтиб келганди. «Темурбекнинг Кастилия қироли ҳузурига йўллаган элчиси ҳам биз билан бирга эди. Испанча кийинган ўз элчисини кўриб, ватандошлари кулиб туришарди», дейди бу ҳақда Клавихо.

Табиийки, соҳибқирон саройидаги амалдорлар хожа Муҳаммадни икки йилдан бери кўришмаган ва европача кийим кийгани уларга ғайритабиий кўринаётган. Шундан сўнг Клавихо ҳамда унинг ҳамроҳлари Амир Темур билан учрашдилар. Суҳбат мавзуси эса иккала давлат ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, савдо-сотиқни ривожлантириш хусусида кечди.

«Улуғ амир болишга ёнбошлаган ҳолда шойи тўшакча устида ўлтирарди. Подшоҳнинг эгнида гулсиз силлиқ шоҳи яктак, бошида узун телпак, телпакнинг тепасида қизил ёқут, жавоҳир ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган», дея Клавихо соҳибқиронни кўргани асосида тасвирлайди ўз хотираларида. Бундан ташқари, испан элчиси Самарқандда бўлганида соҳибқирон томонидан ўтказилган турли базм ва зиёфатларда иштирок этиб, бу ҳақда ҳам маълумотлар бериб ўтади. Жумладан, Дилкушо боғида меҳмонлар олдига тортилган дастурхон ва унга қўйилган гўшт ҳақида шундай ёзади: «Бу ерда турган кўплаб хизматкорлар ушбу чарм дастурхонни судраб келтирдилар, чунки унинг устига шу қпдар кўп гўшт қўйилгандики, кўтарганда тамоман йиртилиб кетиши мумкин эди. Сўнг гўшт майдаловчилар пайдо бўлдилар, олдиларига пешбанд тутган, қўлларига чарм қўлқоп кийиб олган ҳолда гўштларни олтин, кумуш ва ҳатто, сопол лаганларга, шунингдек, бу ерларда нодир буюм ҳисобланган қимматбаҳо чинни идишларга бўлаклаб қўя бошладилар».

Хуллас, зиёфатларда дастурхонга турли таомлар келтирилгани, Амир Темур ҳазратларининг Самарқанд шаҳри ташқарисига чодир тикиб, у ерда ҳам элчилар шарафига зиёфат бергани, Сароймулкхоним ва бошқа маликалар, сарой амалдорларини кўргани, уларнинг кийимлари, соҳибқирон олдида ўзини қай тарзда тутишлари тўғрисида ёзиб ўтади.

Клавихонинг 1404 йил 22 августдан 5 декабргача, яъни Бухоро орқали юртимиздан чиқиб кетгунича бўлган муддат давомида кўрган-кечирганларини қоғозга туширгани катта аҳамиятга эга. У ўша даврнинг жонли гувоҳи сифатида бевосита соҳибқирон билан учрашиш шарафига эришган европалик кишилардан эди.

Руи Гонзалес де Клавихо 1412 йили Мадрид шаҳрида вафот этди. Айнан бошқа иккита ҳамроҳи сафарнома ёзмаганлиги ҳамда ўзининг кўрган-кечирганига оид саёҳатномаси сабабли Клавихо шарқу ғарб тарихидан муҳим ўрин эгаллади.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг