Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ишсизларга 700-910 еврогача тўловлар қилинади...» – Финляндиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат

«Ишсизларга 700-910 еврогача тўловлар қилинади...» – Финляндиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат

Хабарингиз бор, 7 май куни Финляндияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳамюртимиз Раҳмонбек Расулов билан суҳбат эълон қилинган эди. Бугун унинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Шунчаки «yksityisalue» ёзуви илиб қўйилади...»

Ўзбекистонда кўплаб гўзал манзарали жойлар девор ёки шахсий мулк қилиб ўраб олинган ва одатда уларга кириш ҳам пуллик.

«Ҳар кимнинг табиатга бўлган ҳуқуқи» Финляндия қонунчилигининг ўзига хос хусусияти бўлиб, бу ҳуқуқ Финляндия ҳудудида саёҳатда бўлганларга ҳам тегишли, қайси давлат фуқаролигига эга бўлишидан қатъи назар табиатнинг исталган жойига саёҳат қилиш имконини беради. Финляндияда ҳар бир одам ўрмонлар, ботқоқликлар, тоғлар ва сув ҳавзаларида бемалол ҳаракатланиши, қўзиқоринлар ва меваларни йиғиб олиши ва ҳатто балиқ овлаши мумкин.

Кириш мумкин бўлмаган шахсий жойларга шунчаки «yksityisalue» ёзуви илиб қўйилади.

Шунингдек, финлар таълим тизими билан фахрланишади. Уларнинг Ўзбекистонда жорий қилиниши мумкин тажрибаларига қуйидагиларни келтиришим мумкин.

Мамлакатдаги барча мактабларда шароитлар тенг яратилишига ҳаракат қилинган. Округ комиссияси эса ўқувчиларни мактабларга тақсимлайди. Ота-оналар одатда фарзандлари келгусида қайси мактабда ўқиши ҳақидаги маълумотни почта орқали олади. Албатта, Ўзбекистонда бўлгани каби, округ болаларни уйига энг яқин мактабларга ёзишади. Агар мактаб узоқ бўлса, бола бепул таксидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Финляндияда уй вазифаси берилмайди, деган гаплар юради. Бу бироз янглиш тушунча. Шунчаки, вазифалар мактабнинг биринчи кунидан бошлаб юкланмайди. Юк аста-секин ўсиб боради. Иккинчидан, унинг ҳажми ўзбек мактабидаги ҳажмдан фарқ қилади. Финлар учун боланинг севимли машғулотлари уй вазифасидан кўра муҳим. Яъни боланинг оилада ва дўстлари билан вақт ўтказиши, тоза ҳавода сайр қилиши кабилар ҳисобга олинган. Шунинг учун мактабдан ташқари уларни бўш вақти бўлиши шарт. Ўқитувчилар эса боланинг ижобий томонларига кўпроқ эътибор қаратишади. Масалан, бир бола мусиқага, бошқаси спортга, учинчиси таълимга қизиқса ҳар бир боланинг қизиқишига қараб ўша томонга йўналтирилади.

Ҳеч қайси болага фалонча математикадан яхши ўқийди, сен иккичисан дейилмайди. Нари борса сен ҳам ҳаракат қилсанг фалончидай ўқишинг мумкин дейилади.

Мактаб қоидалари:

1) Ўқитувчилар кўп йиллар давомида битта мактабда ишламайди. Улар кўпинча иш жойларини ўзгартирадилар. Масалан, шаҳар ўқитувчиси қишлоқда дарс бериши мумкин ёки аксинча.

2) Талабалар ўзлари қўшимча фанларни танлайдилар ва жадвал тузади. Шунингдек, улар қандайдир мавзуни ўқитмоқчи бўлган ўқитувчини ўзлари танлашлари мумкин.

3) Барча дарсликлар, иш юритиш воситалари ва аксессуарлар мактаб ўқувчиларига бепул тарқатилади. Улар ўзларининг шахсий шкафларида нарсаларини қолдиради.

4) Мобил телефонлар тақиқланмаган, аммо дарсда улардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, мактаблар технологиялар билан жиҳозланган. Ўқувчилар синфдан фойдаланиш учун планшет ва ноутбуклар билан таъминланган.

5) Мактаб буфетидаги таомлар бепул, хилма-хил ва қисмларга кўра чекланмаган.

6) Алдаш қабул қилинмайди. Финляндиялик ўқувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди. Камдан кам ҳолларда бу рўй берса иш ўқувчини бошқа мактабга кўчириш билан якунланади.

7) Мактабларда дин ўқитилади. Бола ўзига тегишли бўлган мазҳабнинг тарихи ва анъаналарини ўрганади.

8) Бу ерда махсус дарслар мавжуд. Унда ўқитувчи турли касблар ҳақида ва у ёки бу мутахассис эгаси бўлиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида гапиради.

9) Мактабларнинг барча ўқувчилари швед ва инглиз тилини ўрганади.

10) Энг муҳими мактабларда терининг ранги, дин йўналишига қараб камситиш йўқ.

Солиқ

Финляндия солиқлари юқори. Шу боисдан бўлса керак, солиқ тўловчи тўлаган пулини қаерга сарфланганини билиб туриши мумкин.

Умуман солиқлар фуқароларнинг ўзларига ортиғи билан қайтарилади. Масалан тоза, замонавий жамоат транспортлари, ҳаракатланиш қулай бўлган шаҳарлар, ишсизлар учун ойига 700-910 еврогача тўланадиган пул, бепул таълим замонавий ривожланган тиббиёт ва кўплаб бошқа кўринишларда фуқароларга қайтарилади.

«Икки ҳафта олдин амалга оширилди...»

Бутун дунё Covid-19 пандемиясининг бошланишида Швеция ҳукумати ҳаракатларига диққат қаратди. Аммо энди Финляндияга эътибор қаратиш мантиқан тўғрироқ менимча. Чунки, бу ерда вирус тарқалиши Европанинг қолган қисмига қараганда паст.

Коронавирус билан касалланганлар сони баҳорда кескин кўтарилганда, ҳукумат зудлик билан икки ойлик карантин жорий қилди. Хелсинки ва пойтахт атрофидаги минтақага саёҳат қилиш тақиқланди. Мактаблар ва бошқа муассасалар ёпилди, кейинчалик ресторанлар ҳам фаолиятни тўхтатди. Норвегия, Дания ва бошқа Скандинавия давлатлари билан таққослаганда, бу тахминан икки ҳафта олдин амалга оширилди, Швеция ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Шунингдек, ҳукумат касаллик юқтирган ва юқтирмаган одамлар алоқаларини тезкор аниқлашга таянди. Бу борада деярли барча финлар ўз смартфонларига Corona-flash мобил иловасини юклаб олди.

Учувчилар тайёрлаш мактабига кирмоқчиман

Ҳозир фин ва инглиз тилларини мукаммал ўрганишга ҳаракат қиляпман. Шу билан бирга яқин вақтларда Финляндиядаги учувчилар тайёрлаш мактаби (Patria Pilot Training)га ўқишга кириш ниятим бор.

Бундан ташқари мулоқот қобилиятимни ривожлантириш, тилшунослик, филология, алоқа назарияларини чуқур ўрганиш, Финляндия мамлакатини ўзбекистонликларга яқиндан танитишни истайман.

Очиғи, ҳар биримиз қалбимизда минглаб орзу, режалар, умидлар мавжуд. Менда ҳам улар талайгина. Ўз олдимга жуда катта мақсадларни қўйганман ва шу мақсадлар сари доим интиламан. Ҳар куни эрталаб уйғонганимда шу мақсадларимга бир қадам бўлса ҳам яқинлашишга ҳаракат қиламан.

Бир сўз билан айтганда, ҳаётда меҳрибон умр йўлдош, ғамхўр ота бўлишни, оиламга барча шароитни таъминлаш ва улар билан дунёнинг 6 та қитъаси бўйлаб саёҳат қилиш орзуларим сирасига киради.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг