Ижтимоий тармоқлар: замонавий қулайликми ёки хавфли қурол?

Бугунги кунда дунё миқёсида ҳар куни миллиардлаб инсон ижтимоий тармоқларга мурожаат қилмоқда. Жаҳонда, мамлакатимизда, қолаверса, ён-атрофимизда содир бўлаётган сўнгги янгиликлардан бохабар бўлиш, ўзимизни қизиқтирадиган ҳар қандай қўшимча маълумотни сониялар ичида қидириб топиш, исталган маҳсулотни тез ва осон харид қилиш – буларнинг барчаси эндиликда интернециз тасаввур қилиб бўлмайдиган кундалик ҳаётимизнинг мазмунига айланди.
Бир қарашда ижтимоий тармоқлар инсон учун беқиёс қулайликлар эшигини очди. Масофадан туриб дарс олиш, тиббий хизматларга навбациз ёзилиш, ҳатто бозорга чиқмасдан кундалик эҳтиёжларни сотиб олиш… Кўринишидан, ижтимоий тармоқлар одамзот ҳаётини мисли кўрилмаган даражада енгиллаштирди. Аммо ҳар қандай технологик тараққиёт сингари, бу соҳада ҳам иккинчи тараф бор, яъни оддий инсон учун хавфли, хатарли тарафи ҳам мавжуд.
Ёшлар ва оддий фойдаланувчи – асосий нишонда
Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчиларининг энг катта қисми – бу ёшлар, яъни ўқувчилар ва талабалардир. Улар жуда кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказишади. Бошқаларга қараганда маълумотларни кўпроқ ҳажмда “истеъмол” қилишади. Мутахассисларнинг фикрича, айнан мана шу тоифа “интернет фитнаси”нинг энг осон нишонларидан бирига айланмоқда.
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган зарарли ахборотлар, жумладан, иқтисодий ва молиявий фирибгарлик, диний экстремизм ва сиёсий манипулясиялар оддий фойдаланувчилар учун жиддий хавф туғдирмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, ёшлар ва ахборотга танқидий ёндашиш кўникмалари етарли бўлмаган шахслар бу каби таҳдидларга нисбатан кўпроқ осонликча таъсирланади.
Ўзини банк ходими деб таништириб, одамлардан шахсий маълумотларни сўраётган фирибгарлар, сохта хабарлар орқали адаштирувчи фейк аккаунтлар, ваҳимали ахборотлар билан одамларни руҳий босимга олаётган кимсалар – буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлар орқали тарқалмоқда. Энг хавфлиси эса – ёшлар орасида диний ва сиёсий экстремистик ғояларнинг тарқалиши, уларни ғаразли гуруҳлар томонидан “мафкуравий қурол” сифатида ишлатишга уринишларидир.
Масалага жаҳон миқёсида ёндашув: нималар қилинмоқда?
Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага стратегик даражада ёндашилмоқда. Масалан:
• Финляндияда ҳар бир мактаб ўқувчиси ахборот манбаларини таҳлил қилишни ўрганади. Улар ахборот қанчалик ишончли эканини мустақил баҳолай олади. Ушбу мамлакат медиа саводхонликни миллий таълим тизимига муваффақиятли интеграция қилган давлатлардан бири ҳисобланади. 2019 йили қабул қилинган “Медиа Литераsй ин Финланд” сиёсатига мувофиқ, медиа таълим мактабгача таълимдан бошлаб барча даражалардаги таълим дастурларига киритилган. Бу орқали талабалар ахборот манбаларини таҳлил қилиш, фейк янгиликларни аниқлаш ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш имконига эга бўлмоқда.
• Германияда “Ижтимоий тармоқларда нафратга қарши кураш” қонуни қабул қилинган бўлиб, уни бузган платформага жуда катта жарима солинади. 2017 йили қабул қилинган “Нетворк Энфорsемент Аsт” (НетзДГ) қонуни ижтимоий тармоқларда нафрат нутқи ва сохта янгиликларга қарши курашишни мақсад қилган. Ушбу қонунга мувофиқ, ижтимоий тармоқлар 24 соат ичида “очиқдан-очиқ ноқонуний” контентни ўчириши шарт, акс ҳолда 50 миллион еврогача жаримага тортилиши мумкин. Бу чоралар ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентни камайтиришга қаратилган.
• Японияда ҳатто кичик ёшданоқ интернет хавфсизлиги асослари ўргатилади – бу ўқув дастурига киритилган. Энг қизиғи, мактаб дарсларига ўқувчи телефон билан қўйилмайди.
Ўзбекистонда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда
Аҳолининг медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун, кенг аҳоли қатламларининг медиа саводхонлигини ошириш мақсадида 2024 йили илк бор умуммилий ахборот кампанияси муваффақиятли ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги шафеълигида “Янги медиа таълим маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўтказилган ахборот кампанияси доирасида қатор университетлар профессор-ўқитувчилари, талабалари, миллий ва маҳаллий ОАВ вакиллари, етакчи блогерлар ва инфлюенсерлар, ҳатто таниқли тиббиёт ходимлари фаол иштирок этиб, дезинформация ва фейк янгиликларнинг олдини олиш ҳақидаги медиа тадбирларда, давра суҳбатларида қатнашдилар.
Шунингдек, бошқа қатор ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йил 3 март куни ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган кўп томонлама семинарда ҳукумат, университетлар, ОАВ ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди. Тадбирда ахборотни танқидий баҳолаш ва фейк контентни аниқлаш кўникмаларини ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Ижтимоий тармоқлардаги зарарли ахборотларга қарши курашиш фақатгина давлат органлари ёки тегишли ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда таълим муассасалари, ОАВ, фуқаролик жамияти ва ҳар бир фойдаланувчининг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Ахборотга танқидий ёндашиш, манбаларни текшириш ва медиа саводхонликни ошириш орқали жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ҳамкорлик
2025 йил 17-18 апрел кунлари Қозоғистоннинг Каскелен шаҳридаги СДУ университетида “Ўзгараётган дунёда Марказий Осиё: агентлик, ҳуқуқий муаммолар ва ОАВ манзараси” номли халқаро илмий конференсия бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли минтақаларидан келган етакчи олимлар ва экспертларнинг маърузалари тингланди, ҳар бир пленар ва трек сесияларидан кейин кўтарилган битта мавзу атрофида илмий баҳс-мунозаралар, тортишувлар бўлди.
Анжуман дастурига мувофиқ, биз ҳам “Дезинформацияга қарши курашда нодавлат ташкилотларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида маъруза қилдик. Ҳамкасбларимизни бу борада қизиқтирган саволлар, хусусан, аҳолининг медиа ва ахборот саводхонлигини ошириш ва бу борада мамлакатимизда эришилаётган натижалар ҳақида атрофлича маълумот бердик.
Маърузачилардан яна бири Германиядаги Висмар амалий фанлар университетининг профессори, ҳуқуқшунос, доктор Ханс-Ёахим Шраммнинг чиқиши бизда жуда катта қизиқиш уйғотди ва уни танаффус пайтида суҳбатга тортдик:
– Ҳозирги тақдимотигиздан маълум бўлдики, Европа Иттифоқида интернет ва ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солувчи жуда кўп қонунлар қабул қилинган экан. Уларнинг орасида 2016 йилги “Умумий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги низом (Генерал Дата Протеsтион Регулатион)дан бошлаб, то 2024 йили қабул қилинган “Сунъий ителлект қонуни” (АИ Аsт) каби ҳужжатларгача бор. Айтинг-чи, айнан мана шу қонунларнинг қабул қилиниши Европа мамлакатларида қайсидир маънода оддий фуқароларнинг сўз эркинлигини бироз чеклаб, ёки умуман бўғиб қўймаяптими?
– Бизда ҳақиқатан ҳам бу каби қонунлар, бошқа давлатларга нисбатан, хусусан, АҚШга қараганда анча кўп. Америкада ижтимоий тармоқлар сабаб бир жиддий ҳолат содир бўлса, масалан, бирон-бир экстремистнинг ёзишмалари аниқланган бўлса, кейин у билан жиддий шуғулланишни бошлашади. Биз эса бу каби салбий натижани келтириб чиқарувчи сабабни аниқлаш ва имкон қадар унинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратамиз.
Мен маърузамда санаб ўтган қонунлар асосан Европа Иттифоқининг Брюсселдаги бошқарув органлари томонидан қабул қилинган. Аксарияти тавсиявий характерга эга. Яъни ҳужжатларининг реал ҳаётга татбиқ этилиши, яъни унинг ростдан ҳам ишлаши ЕИга аъзо мамлакатларнинг ўзигагина боғлиқ.
Бу борада асосий регуляторлик, бошқарув вазифасини ҳар бир давлатнинг ўзи мустақил тарзда бўйнига олади. Албатта, гигант медиа компаниялар ҳам жавобгарликдан мустасно эмас.
– Олим сифатида фикрингиз қизиқ, ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган Европа фуқаросининг шахсий ахборот хавфсизлиги даражасини қандай баҳолайсиз? Хусусан, уларнинг ижтимоий тармоқ воситасида ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари ҳақидаги сизнинг шахсий баҳойингиз жуда муҳим. Масалан, бу борадаги бугунги реал ҳолатни 1 дан 10 гача неча баҳо билан баҳолаган бўлардингиз?
– Афсуски, бу масалага аниқ баҳо қўёолмайман. Ҳар ҳолда у ижобий эмас. Бу борада қилинадиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Масалан, 2024 йили қабул қилинган “Сунъий ителлект қонуни”нинг 5-моддасида одамларни манипулясия қилиш муаммоси, ижтимоий баҳолаш, башоратли таҳлил қилиш, идентификациялаш дастуридан фойдаланиш мақсадида сунъий интеллект тизими, ҳар бир ҳолатда ижро этиш соҳасидаги истиснолар ҳақида аниқ ёзиб қўйилган. Бироқ уларнинг ҳаётда тўғри ижро этилаётгани ҳозирча баҳсли масала бўлиб қолмоқда.
Бу борада яна нималар қилиш зарур?
Ижтимоий тармоқларнинг хавфига қарши курашиш – фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу – бутун жамият масъулиятидаги масаладир. Айниқса, таълим тизими, ОАВ ва фуқаролик жамияти бу жараёнда фаол иштирок этиши керак.
Қуйида бир неча таклифларни келтириш мумкин:
биринчидан, медиа саводхонлик бўйича дарсларни жорий этиш – мактаб ва коллежларда “Ахборот хавфсизлиги” ёки “Медиа таҳлил” фанини киритиш ва буни амалий дарслар билан бойитиш;
иккинчидан, ўқитувчи ва ота-оналар учун тренинглар – болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қилишга қаратилган маълумотларни етказиш, мулоқот маданиятини шакллантириш;
учинчидан, фуқаролик жамиятининг иштироки – нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий тармоқлардаги ёлғон ва зарарли ахборотларга қарши ахборот кампанияларини ўтказиш;
тўртинчидан, қонунчиликни кучайтириш – Интернетдаги иқтисодий фирибгарлик ва мафкуравий таҳдидларга қарши самарали юридик механизмларни, оддий ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг ҳимоясини таъминловчи қонунчиликни ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш.
Хулоса
Ижтимоий тармоқлар – бу қулайлик. Лекин унинг ортида турган хатарлардан хабардор бўлмасак, ҳар қандай фойдаланувчи, айниқса, ёшлар – ўзини ҳимоя қилиш имконидан маҳрумлигича қолаверадилар. Ҳимоянинг энг кучли воситаси эса – билимдир. Ахборотга танқидий қараш, уни текшириш, таҳлил қилиш – бу бизнинг янги ахборотлашган дунёдаги асосий қуролимиз бўлмоғи шарт.
Беруний АЛИМОВ,
“Янги медиа таълим маркази”
нодавлат нотижорат ташкилоти директори,
филология фанлари доктори, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter