Иброҳим Абдураҳмонов: «Бу соҳада «йўқ» деган сўз ишлатилиши ноўрин!»
Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов «Xabar.uz» мухбирига ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишлар, илмий ҳамда инновацион лойиҳалар, InnoWeek ҳафталиги, раҳбарликнинг характер ва илмий фаолиятига ўтказган таъсири ҳақида сўзлаб берди.
– Иброҳим Йўлчиевич, сиз раҳбарлик қилаётган вазирликнинг ташкил этилганига ҳам қарийб 3 йил бўлди. Ўтган вақт ичида вазирлик инновациялар соҳасида нималар қилишга улгурди?
– Очиғи, мен қилинган ишларни эмас, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида гапиришни ёқтираман. Аммо шундай бўлса-да, саволингиздан келиб чиқиб фаолиятимизга доир қисқача маълумот бермоқчиман.
Аввало, илм-фанни ривожлантириш, инновацияларни иқтисодимиз ва ижтимоий ҳаётга жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий база яратилди. Юртимиз тарихида илк бор «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида» ҳамда «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
Бундан ташқари, давлатимиз томонидан олимларнинг мавқеи, обрўйи ва академик легитимлиги оширилди.
Хусусан, махсус дастур доирасида 40 дан ортиқ илмий ташкилотларга илмий асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 32 миллион АҚШ доллари, уларнинг бино ва иншоотларини капитал таъмирлаш учун 119 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилиб, бунда барча асбоб-ускуналар паркини янгилаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Олимларимизнинг ишланмаларини иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш, тижоратлаштириш муаммосини ечиш мақсадида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича амалий механизмлар жорий этилди. 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги Илмий-техник ишланмаларни тижоратлаштириш Президент жамғармаси ташкил этилди. Ҳар бир олимга ё илмий жамоага ўз ишланмалари доирасида тижорат билан шуғулланиш, даромад олишга қаратилган платформа яратилди. Олимлар ўзи яратган ишланмаси доирасида алоҳида тижорат компанияси ташкил этиши, лицензион ёки бошқа тижорат шартномаси билан ишлаб чиқаришни ташкил этиши мумкин. Бунда тижоратлаштиришдан тушган маблағларнинг 40 фоизи муаллифга, 30 фоизи илмий жамоага тақсимлаш назарда тутилган.
Натижада, «олим-банк-тадбиркор» учлиги иштирокида илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги тизими йўлга қўйилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш доирасида умумий қиймати 149,5 млрд. сўм бўлган лойиҳалар тайёрланди, ишлаб чиқарилган илмий сиғимкор маҳсулотлар ҳажми 62 млрд. сўмдан ошди. Ҳозирда, 130 дан ортиқ ишланмалар тижоратлаштириш жараёнида.
Илк бор мамлакатда стартап экотизми яратиш ишлари бошланиб, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, умумий қиймати 31,5 млрд. сўмлик 34 та стартап лойиҳалар молиялаштирилди ва рақобатбардош янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ташкил этилди. Ўзбекистондаги илк илмий лойиҳалар акселератори – C.A.T. Science Accelerator ташкил этилди.
Шунингдек, етакчи хорижий марказларда ёш олимларнинг стажировкалари мунтазам ташкил этилмоқда. Ҳозирга қадар 300 нафар ёшлар хорижий стажировкага жўнатилди. Бу эса ўтган йилларга нисбатан 4 баробар кўпдир.
– Вазирлик йил давомида мунтазам ўтказиб келаётган амалий ва инновацион лойиҳалар танловларига кўпроқ қайси соҳага тааллуқли лойиҳалар келиб тушмоқда?
– Жорий йилда молиялаштирилган илмий лойиҳаларни таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп молиялаштирилган соҳа қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳит муҳофазаси фанлари бўйича бўлиб – жами 12 та лойиҳа, умумий 15,3 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилган. Иккинчи ўриндаги фармакология ва фармацевтика йўналиши бўйича жами 7 та лойиҳанинг умумий молиялаштириш ҳажми 8,2 млрд сўмни ташкил этади. Кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар фанлари бўйича жами 8 та лойиҳа умумий 7,7 млрд сўм миқдорида молиялаштирилди.
Техника, иқтисодиёт, ҳуқуқ, тиббиёт, қурилиш, ахборотлаштириш ва АКТни ривожлантириш, филология, педагогика ва шу каби бошқа фанлар рўйхатнинг кейинги ўринларидан жой эгаллаган.
Эътиборлиси, эндиликда ажратилаётган маблағлар олимларнинг иш ҳақидан ташқари ижрочи ташкилотнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам етади.
– Сизнингча, ҳозир қайси соҳаларда инновацион ғоя ва лойиҳаларга эҳтиёж юқори?
– Юртимизда қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика, қурилиш, транспорт ва энергетика соҳаларида янги ишланмаларга эҳтиёж жуда юқори. Бу соҳаларни фундаментал асослари сифатида математика, кимё-биология, геология йўналишларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратганмиз.
Боиси азалдан мазкур соҳаларда илмий мактабларимиз мавжуд бўлган, ҳозир ҳам улар сақланиб қолган. Мана шу соҳаларда дунёга танилган олимларимиз яратган мактаблар аста-секин йўқолиб бораётгани сабабли уларни тиклаш, уларни янада ривожлантириш вазифамиздир.
Энди математика соҳасидаги илмий-тадқиқотларнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, амалий математикани ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни моделлаштириш асосида математик ечимларни ишлаб чиқишга аҳамият қаратилади. Математика – рақамли иқтисодиётнинг асоси, рақамли технологиялар эса барча соҳаларнинг ривожи учун зарур. Рақамли иқтисодиёт, ўз навбатида, шаффофлик ва ошкораликни таъминлайди, коррупциянинг олдини олади. Кимё йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг мавжуд илмий йўналишлари тармоқ корхоналари эҳтиёжлари ва бозор талабларидан келиб чиқиб, ривожлантирилмоқда. Бунда каллоид кимёси, рангли ва ноёб металлар кимёси, силикат материаллар кимёси каби илмий йўналишларга устувор аҳамият қаратилади.
Ҳозирги кунда биотехнология илм-фаннинг энг истиқболли ва иқтисодий самарадорлиги юқори соҳаси сифатида эътироф этилмоқда. Экспертлар фикрича, 2025 йилга келиб, жаҳонда биотехнология маҳсулотлари бозори қиймати 2 трлн. АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Биотехнология саноатида инвестицияларнинг жорий ўсиши эса 32 фоизни ташкил этади. Шулардан келиб чиққан ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда агробиотехнологиялар, озиқ-овқат, шу жумладан, фудомикс, биотиббий ва фармбиотехнологиялари йўналишларини комплекс ривожлантиришни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, геология соҳасидаги лойиҳаларни мояиялаштириш ҳажмини ошириш, амалий лойиҳалар қаторида фундаментал лойиҳаларга ҳам эътибор қаратишни режалаштирганмиз.
– Келгуси ойда InnoWeek ҳафталиги ўтказилиши режалаштирилган. Бу галги ҳафталик дастурида аввалгиларига нисбатан қандай ўзгаришлар мавжуд?
– Бу тадбиримиз уч йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Аммо бу йил InnoWeek илк бор онлайн тарзда ташкил этилади. Бунинг сабаби глобал пандемия. Одатда, глобал пандемиянинг салбий жиҳатлари ҳақида гапирамиз, лекин унинг ижобий жиҳатлари ҳам бор. Булардан энг кўзга ташланганлари – рақамлаштириш жараёнларининг тезлашиши, онлайн платформаларнинг ривожланишидир. InnoWeek-2020 айнан мана шу ривожланишни намоён этади.
InnoWeek онлайн тарзда ўтишининг яна бир ижобий томони – унга дунёнинг исталган бурчагида яшовчи одам, хоҳлаган вақтда платформага кириб, ишланмалар билан танишиши мумкин, ҳафталик сессияларида бевосита иштирок этиш ёки истаган пайтларида ютуб каналидан томоша қилиш имконига эга бўлади.
Ҳар йили ўтказиладиган InnoWeek инновацион ғоялар ҳафталигини бу йил пандемия шароитида онлайн тарзда ўтказилиши 3D технологияларни юртимизда ривожланишига ҳисса қўшмоқда, деб умид қиляпман.
– Сизни даставвал олим сифатида таниганмиз. Давлат ташкилотида раҳбарлик қилиш характерингиз ва илмий фаолиятингизга қай даражада таъсир ўтказди?
– Олим кунлик эришган натижасидан қониқиш ҳиссини туя олиш имкониятига эга бўлса, вазирликдаги раҳбарлигим кўп тармоқли фаолият олиб боришимни тақозо этади. Тузилган режанинг натижаси бир ўзимга эмас, жамоанинг салоҳиятига боғлиқ. Фанда тажриба қилиб кўриш ва тажрибанинг бошида ўзингиз туриш имконияти бор, бошқарув тизимда эса аксарият ҳолларда ходимларнинг истак-хоҳиши, иродаси ва кўникмаларига кўп нарса боғлиқ бўлиб қолади. Агар илмда бирор натижага эришмасам, ўзимдан норози бўламан, бошқарувда эса бировлардан ҳам норозилик ҳисси пайдо бўларкан. Шу боис ҳам раҳбар бўлганимдан кейин ўзимдан қониқмаслик ҳисси кучайди, десам тўғри бўлади.
Илмдаги менежмент горизонтал бўлиб, илмий жамоанинг раҳбари лаборант билан ҳам, академик олим билан ҳам тўғридан-тўғри мулоқот орқали фаолият юритади, шунда илмий фаолият самара беради. Давлат бошқарувида эса горизонтал тизим ишламайди. Масалан, вазир ўринбосаридан, у бошқараётган сектордаги жамоага тўғридан-тўғри иш буюришингизни ҳар доим ҳам тўғри тушунавермайди. Вазирлик ва идораларда вертикал тизим ривожланган ва жамиятимиз шунга ўрганган. Давлат идорасида вертикал тизимнинг бузилиши мураккабликларга олиб келади, вертикал тизимнинг ҳамма босқичларида норозиликлар пайдо бўлади. Айнан мана шу вертикал тизимга мослашишим қийин бўлди...
Аммо шунга қарамай, вазирликда ҳам худди лаборантларим билан олдин ишлагандек, ишчиларим билан тажриба ўтказаётгандек ўзимни чегараламасдан ҳамма билан ишлашга ҳаракат қиламан. Яна бир жиҳат, олим иш кунининг аксарият қисмини ўз тадқиқотига бағишлаш имкониятига эга. Раҳбар бўлганингиздан кейин турли масалаларни бир пайтнинг ўзида ечишга тўғри келади, режадан ташқари чалғитувчи, лекин муҳим, тезкор ечим талаб қиладиган масалалар жуда кўп бўлади, бунга дарров мослашиш олим учун жуда қийин.
Вазир бўлганимдан бери лабораторияда ишлашга деярли нуқта қўйдим, десам ҳам бўлади. Илмий мақолалар ёзишга ҳам вақтим жуда кам. Шундай бўлса-да, илмий фаолиятимни тўхтатиб қўйганим йўқ.
Ҳалигача илмий монографиялар ёзаман, улар халқаро илмий нашрларда мунтазам чоп этилиб туради. Илмий фаолиятимдаги катта жараённи маҳкам ушлаб турибман, бу – рецензентлик. Қатор илмий журналларда муҳаррирлик қиламан. Бу вазирликнинг раҳбари сифатида дунё илм-фанида юз бераётган янгиликлардан бохабар бўлиб туриш имконини ҳам беради.
Геномика ва биоинформатика марказидаги олимлари билан учрашувлар, илмий мунозараларга ҳам имкон қадар вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Жамоа билан вақти-вақти билан семинарлар ўтказиб турамиз. Унда йўналишимизга дунёдаги сўнгги янгиликлар билан ўртоқлашамиз, соҳага доир долзарб мақолаларни ҳеч бўлмаса, телеграм орқали муҳокамасини қилишни йўлга қўйганман. Авваллари марказимиз олимлари, докторантлар, аспирантларга лекция ўқишим табиий жараён эди. Бунга, афсуски, ҳозир вақт топишнинг асло имконияти бўлмаяпти. Негаки маърузаларга тайёргарлик кўриш керак, бунга энди сира имкон бўлмаяпти. Илмий мақолалар устида эса ҳозирда кўпроқ шогирдларим ишлашади, мен мақолага йўналиш беришим, уни таҳрир қилиш ва замонавий фан тенденцияларига мослаштиришим мумкин.
Йўқотишларим ҳақида гапирдим, лекин айнан илм-фан учун топганларим ҳам бисёр. Вазир сифатида ҳозирда илмга кенгроқ қарашга ўргандим.
Илм-фанни иқтисодиётимизга, юртимиз ижтимоий ҳаётига фойдаси тегадиган ишланмаларни яратишга йўналтириш лозимлигини англадим. Олимларга тўғри вазифа қўйиш кераклигини тушундим. Мисол тариқасида келтирмоқчиман, саратон ҳужайрасини соғломлаштириш лозимми ёки аксинча соғлом ҳужайрани саратон ҳужайрасига айлантириш керакми? Иккови ҳам шу касалликнинг қандай кечишиши, нима сабабдан юзага келишини очиб беради. Бироқ ҳозирги тажрибамдан келиб чиқиб саратон ҳужайрасини соғлом ҳужайрага айлантириш вазифасини олдимга қўйган бўлардим, негаки натижага эришгандан сўнг уни тўғридан-тўғри жорий этиш имконияти бор, тескари ҳолатда, амалиётга чиқиш учун яна меҳнат қилиш лозим бўларди. Ҳозирда ҳар бир эксперимент, ҳар бир илмий иш, ҳар бир тадқиқот юртимизга, халқимизга фойда келтириш керак, деб ҳисоблайман. Ва бугунги кунда айнан шу масаланинг тарғиботи билан шуғулланяпмиз, яъни илмий фаолият бошлашдан олдин вазифани аниқ белгилаш ва бунда кўзланган натижани амалиётга жорий қилиш имконияти юқори қилиб белгилаш тизимини жорий қилаяпмиз.
– Интернет ва ижтимоий тармоқларни кузатиб борасизми ва танқидларга муносабатингиз қандай?
– Мен ўзи азалдан танқидга ўчман. Олимнинг объектга, воқеалар ва жараёнларга танқидий қараш табиий ҳолат. Бу илмий фаолиятимга ҳам, илмий ишларни ташкил этиш жараёнларига ҳам бирдек тааллуқли. 2011 йили АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида илмий ходим бўлиб иш бошлаганман. У пайтлари бу институтда илмий иш қилиш учун шароит мен хоҳлагандек эмасди. Шунда шароит йўқ, ишламайман, кетаман, дейишдан йироқ бўлганман. Негаки, бундан осони йўқ-да! Мен бу ҳолатни қандай яхшиласа бўлади, деган саволни ўзимга қўйдим. Хоналарни таъмирлаш керак, аммо бунга пул йўқ. Маошмиз ҳисобидан ҳам бунинг уддасидан чиқиб бўлмайди, чунки ойликлар жуда кам. Шунда халқаро грантларни жалб қилиш масаланинг ечими бўлади, деган қарорга келдим, шунга ҳаракат қилдим. Ва хорижий грант маблағларини жалб қилиб, институтда замонавий лаборатория ташкил этилди. Лаборатория кейинчалик ўсиб, ривожланиб, ҳукуматимиз эътибори туфайли янги Геномика ва биоинформатика марказига айланган.
Раҳбар сифатида танқидларга ҳам ижобий қарайман. Аммо аксарият ҳолларда танқидлар умумий характерга эгалиги, танқид учун танқид қилинаётганини кузатиш мумкин. Танқид қилган одамда мана шу муаммонинг ечими учун таклиф ҳам бўлиши керак.
Олимлар жамоаларига ҳам, вазирлигимиз жамоасига ҳам бирор камчилик, хатони кўрсатиш билан бирга мана шу муамммони баратараф этиш чораларини ҳам топиш ва уни таклиф сифатида бериш кераклигини бот-бот такрорлайман. Инновацион соҳада «йўқ» деган сўзнинг ўзи ишлатилиши ноўрин. Дейлик, бир фуқаро қандайдир ғояси, таклифи ёки лойиҳаси билан келган фуқарога «йўқ, бўлмайди» деб жавоб беришимиз керакмас, балки унга шу ғоясини амалга ошириши учун қандай иш тутиши кераклигини, нималарни тўғрилаши лозимлигини, қайси мутахассислар билан маслаҳатлашиши мақсадга мувофиқлигини кўрсатишимиз лозим. Шунинг учун ҳозирда лойиҳаларни қайта ишлаш имконини берувчи янги тизимни йўлга қўйдик, камчилик борми – агар тузатиш ва тўлдириш мумкин бўлса, бундай имкониятни лойиҳа ташаббускорларига беряпмиз. Бу мунтазам жараёнга айланиб боряпти.
Ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда келган барча саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Умумий танқидларга ҳам аҳамият бериб, уларнинг ечимини қидира бошлайман.
– Фаол ҳаёт тарзи учун нималардан куч оласиз?
– Янгиликлардан ҳамиша хабардор бўлиб туриш менга куч бағишлайди. Илм-фан, бошқарув соҳасида янги билимларга эга бўлиш кундалик чарчоқларни енгишга хизмат қилади. Бундан ташқари, ўзимнинг хорижлик ҳамкасбларим, олимлар билан мунтазам равишда электрон почта орқали мулоқотда бўлиб тураман. Улар билан мулоқот соҳадаги янгиликлардан биринчилар қатори хабардор бўлишимга ёрдам беради. Рецензиялаш фаолиятим ҳам мени руҳлантиради, кимнингдир илмий ишининг мақола шаклидаги натижасини кўриш, унга фикр билдириш менга завқ бағишлайди.
Яна янгиликларга муносабат билдиришни ҳам ёқтираман. Жамиятимизда, дунёда бўлаётган ўзгаришларга, ислоҳотларга ўз фикримни билдиришим менга куч бағишлайди.
Шунингдек, бир томондан, ота-онам билан доимий суҳбатлар менга далда беради, улардаги шукроналик, эртанги кунга ишонч мени янада қатъиятли бўлишга ундайди. Иккинчи томондан фарзандларимнинг ўсиб камол топаётгани кўнглимни ёритади. Фарзандларим ҳозирда ўсмир ёшда. Бунинг ҳам ўз таровати бор экан. Улар билан суҳбатлар кайфиятимни кўтаради. Болаларимнинг мен кутмаган интилишлари, режалари, қилаётган ҳаракатларидан қувонаман, уларнинг шижоати менга ҳам ўтади гўё. Ота-онам ва оилам мени тушкунликдан қутқаради, десам, муболаға бўлмайди.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter