Гулнора, «Қодиров иши», коррупция ва ўлим жазоси (6-мақола)
Ўтган даврда коррупцияга қарши курашувчи ташкилотларнинг ўзи аксарият ҳолларда коррупция ботқоғига ботиб кетгани кимга сир эди?! Порахўрларнинг «жойини кўрсатиб» қўйган масъул-у мажбурларнинг ўзлари пора орқасидан кекириб-ўкириб кетмаганмиди?! «Прокуратура» ва «порахўратура» сўзлари эгиз тушунчага айланиб, битта маъно касб этаёзмаганмиди?! Кейинги икки ярим йил ичида энг кўп «тозаланган» шу тизим эмасми?
Нима дейсизки, «Аmnesty international»дай халқаро ташкилот ўн беш йил Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида ўтириб, тизимни порахўрлик ботқоғига ботиришдан ташқари, инсон ҳуқуқларини бузишда ҳам «катта ўрнак» кўрсатган Рашид Қодировнинг гўёки «қийноқларга солинаётганидан хавотир» билдириб, «унга нисбатан қўлланилаётган қийноқларни тўхтатишни» талаб қилишга тушибди?!
Ваҳоланки, Шавкат Мирзиёев айнан Қодиров каби зулмкор ва қудратли кимсалар яратган қийноқлар тизимининг авра-астарини чиқариб, тарих саҳифаларида қолдиришга уринаётганини кўрмаслик учун одам сўқир бўлиши керак.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (1-мақола)
Рашид Қодиров йиллар давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан кўра кўпроқ ўз лавозимини «ҳимоя» қилмадими? Ўрнига келиб қолиши эҳтимоли бўлган озмунча ҳамкасбларининг бошига етмадими?! Алишер Шарофиддинов (бош прокурорнинг собиқ ўринбосари), Муҳиддин Қиёмов, Акбар Азизов (Самарқанд вилояти собиқ прокурори), Баҳриддин Валиев (Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори, айни пайтда Бухоро вилояти прокурори), Юсуп Абдукаримов (Фарғона вилояти собиқ прокурори)... эҳ-ҳе, уларнинг номини ёзса адо бўлмайди.
Қодировни халқаро миқёсда «оқлаш кампанияси» бошлаб юборилиши ўз-ўзидан бўлмаётгани, бунинг замирида катта маблағ ётганини ҳис этиш учун зўр ақл шарт эмас. Қолаверса, Қодиров ва бошқаларнинг иши судда кўрилаётган пайтда халқаро ташкилотлар томонидан босим уюштирилиши суд ишига қўпол аралашишдан бошқа нарса эмас. Ўзини ҳурмат қилган ҳуқуқий-демократик жамият бундай сурбетликка тоқат қила олмаса керак.
Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг ижтимоий тармоқларда билдиришича, «Рашид Қодировга қийноқ қўлланиляпти» мазмунида хабар тарқатиши учун унга бир неча юз минг АҚШ доллари таклиф қилишган:
«Менга маълум бўлишича, Рашид Қодиров ҳақидаги ёлғон хабарни «Amnesty International» ва бошқа халқаро ташкилотларга ўзбекистонлик ҳуқубонлардан бири (Ўзбекистондан чиқиб, Европада яшаётган ва халқаро ташкилотларнинг ишончига кирган бир ҳуқуқбон) тақдим қилган.
Унинг исми-шарифи менга маълум, одоб юзасидан унинг кимлигини ҳозирча айтмай тураман.
Ўша ҳуқубон мазкур хабарни халқаро ташкилотларга пуллик буюртма асосида тақдим қилган, деган асосли шубҳаларим бор. Чунки бундан бир неча ой аввал «Рашид Қодировнинг тарафдорларимиз» деб, олдимга келган нотаниш кишилар мендан айнан шу («Рашид Қодировга қийноқ қўлланиляпти») мазмунда хабар тарқатишимни илтимос қилиб, эвазига бир неча юз минг АҚШ доллари ваъда қилишган эди.
Афтидан, Рашид Қодировнинг Ўзбекистондаги югурдаклари олис Европага бориб, пулсевар ҳуқуқбонни қўлга олишган. У эса «Amnesty International» ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларни жаллоднинг ҳимоясига отлантирган», — деб ёзади Малоҳат Эшонқулова.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (2-мақола)
Қодиров бош прокурорлик йилларида судда оқлов ҳукми чиқиши анқонинг уруғи билан баробар эди. Бундай ҳукм чиқарган судья камида ишдан олинар, йўқса, қамаб юборилар эди. Битта мисол келтирсак. 2000-йилларнинг бошида Фарғона вилоят суди судьяси А.Алиқулов қотилликда айбланган марғилонлик беш нафар фуқарога (судланувчилар бир-бирига қариндош эди) нисбатан оқлов ҳукми чиқарган эди. Ҳукмнинг эртасигаёқ судьянинг «ўз хоҳишига кўра» ишдан кетиши сўралган аризаси олинди, ўн кунга қолмай оқлов ҳукми бекор қилинди (прокурор протести асосида!). Энг қизиғи, оқлов ҳукми бекор қилиниб, «иш» қўшимча терговга юборилган бўлса-да, «дело» барибир қайта суд юзини кўргани йўқ. Чунки, «қотил»ларнинг айби йўқ эди-да. Шунга қарамай, судья минг бир ғурбатга мубтало бўлди, уларни қамаган терговчилар эса жавобгарликка тортилмади. Тергов бошида турган Фарғона вилоят прокурори ўринбосари-ку Қўқонга ҳоким этиб юборилди. Бунақа мисоллар қанча...
Ҳозир эса, шукрки, айбсиз одамга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш фавқулодда ҳодиса бўлмай қолди. Судьяларнинг эркин қарор қабул қилиши учун барча ҳуқуқий ва амалий кафолатлар яратиб берилмоқда. Тўғри, бу борада қилинадиган ишлар ҳам йўқ эмас ҳали. Бироқ икки ярим йил ичида бундай инқилобий ўзгаришлар яқин-яқингача ҳатто тушга ҳам кирмас эди-да.
Қодиров бош бўлган кезлар салгина танқидий ёндашувдаги одамлар ёки ёниб ташаббус қилиб турган раҳбарларни хизмат топшириғига кўра қирғин қилиш ёки ҳибсга олиш, «миллат ёки давлат душмани» тамғасини ёпиштириб, узоқ йилларга қамаш одатий иш бўлиб қолганини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан кейин имзо чеккан илк қонун бу — «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонун эди (2017 йил, январь). Қолаверса, бу ҳужжат мустақил Ўзбекистон тарихида коррупцияга қарши илк қонун экани билан ҳам ажралиб туради. Президент қаерда ва қандай чиқиш қилмасин, аввало, порахўрлик каби энг оғир жиноятни томири билан суғуриб ташлаш кераклигини бот-бот таъкидламоқда.
Бу борада шубҳасиз, Парламент палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли қўмиталар тузилгани ҳам катта қадам бўлди. Натижалар ҳам кўп куттираётгани йўқ. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти мониторинг олиб бориб, Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасининг барча тавсиялари бўйича Ўзбекистонда ижобий ўзгаришни эътироф этмоқда. «Халқаро Транспаренси» ташкилотининг коррупция бўйича охирги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 158-ўринни эгаллади ва позициясини оз-оздан бўлса-да, яхшилашга муваффақ бўлди. Аммо ҳали анча тер тўкишга тўғри келади.
Ўрни келди, айтишимиз керак: Коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссияси Президент ҳузуридаги кенгашга айлантирилиши лозим ва унга Бош прокуратура эмас, Президент Администрациясининг раҳбарияти тайинланишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Коррупцияга барҳам беришнинг яна бир йўли кўп миллиардли халқаро тендерлар ҳам омма учун сирли бўлиб қолмаслигига эришишдир.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Ғофур Раҳимов, «қора рўйхат» ва Гулнора (3-мақола)
Бундай лойиҳалар нима учун Япония, Корея ёки Туркияга эмас, Бирлашган Араб Амирликлари ёхуд Францияга эмас, балки Россия компанияларига тақдим этилгани, Ўзбекистон учун лойиҳаларнинг бири бошқасидан афзалроқ ва фойдалироқ эканлигини очиқ кўрсатиб бериш лозим. Гулнора Каримова бошқарган «Зеромакс» каби компаниялар кўп миллиардли лойиҳаларидан кейин сунъий банкротлик орқасида халқаро можароларга тортилиб, оғирлиги ўзбекистонлик солиқчилар елкасига тушмаслиги керак.
Порахўрлик иллатига ҳам Президент истаётганидек, барҳам бериш қийин кечмоқда. Пора олишга ўрганган амалдорнинг ишида на ривож, на фикрида бир қўним бўлади. У жамиятнинг энг катта кушандасидир. Хориждан Ўзбекистонга инвестиция киритаман, деб куйиб-пишиб юрган сармоядорлардан «чўтал» талаб қилаётган нобакорлар миллатнинг энг катта душманларидир.
Порахўрлик жамият кушандаси экан, буни кўра-била туриб, унга қарши курашмаслик оғир жиноят ҳисобланади аслида.
Бир пайтлар Ғарбга яхши кўриниш учун бекор қилинган ўлим жазосини ҳам йирик микдордаги порахўрлик, коррупция, терроризм ва қотилликнинг ўта оғир турлари учун қайта тиклаш ҳақида ҳам балки ўйлаб кўриш керакдир?! Ўзини демократик давлат, деб жар соладиган АҚШнинг ўттиздан ортиқ штатида ҳамон ўлим жазоси сақланиб қолмоқда-ку?! Ривожланаётган Хитой ҳам бундан воз кечмади. Бундай давлатларни истаганча санаш мумкин.
Умуминсоний ғоялар ва гуманизм тамойилларига ҳеч ким қарши эмас. Лекин ашаддий жиноятчига нисбатан меҳр-муҳаббатнинг ҳам чек-чегараси бўладики, токи бундан ҳалол, қонунни ҳурмат қиладиган одамлар азият чекмаслиги, уларнинг принципиал фикр-ёндашуви бузилмаслиги керак.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Мақсудий ва бошқа оилавий муносабатлар (4-мақола)
Бизда ўлим жазосини бекор қилиш орқали жамиятга ва давлатга келтирилган фойда ва зарарнинг фарқи ҳанузгача чуқурроқ амалий таҳлил қилиб ҳам берилмади. Ҳозирда жиноятчилик камайди, деб рақамларга ёпишиб қолмасдан, ўта оғир жиноятлар кесимида сабаб ва оқибатлар ҳам чуқур ўрганилиши жуда керак. Мудҳиш қотилликлардан тап тортмаётган ёвуз кимсаларга ҳам белгиланаётган енгил жазолар катта эътирозларга сабаб бўлаётганини-да ҳисобга олиш зарур.
«Судья хато қилса, ўлим жазоси қўлланилган одамни орқага қайтара олмаймиз», «прокурор порахўр бўлса, кейин бегуноҳ инсонни қандай тирилтирамиз?» каби ўзгарувчан фикрлар билан жиноий тизимни тубдан ислоҳ қилиб ҳам бўлмайди.
Аксинча, жиноят содир қилганларнинг қонунларни заррача ҳурмат қилмаётгани ёки ҳеч нарсадан қўрқмаётгани, миллионлаб, ҳатто миллиардлаб долларни тап тормай ўмараётганини кўраяпмиз. Шу сабабли ҳам миллиард-миллиардларни ҳеч нарса кўрмаган ўпқондай ютиб юбориб, судда кўзини мўлтиллатиб, «ҳуқуқим бузиляпти, э-воҳ!» дейдиган шоввозлар сони кун сайин кўпайиб кетмаяптими?
Шу халқни аёвсиз талаб-хонавайрон қилган, инсон жонига қасд қилган кимсаларни яна 20 йил ва ундан узоқ муддатга ҳукм қилиб, кейин эса шу халқ қора меҳнат билан топган маблағ ҳисобидан қамоқда узоқ йиллар боқишда ҳам жўяли мантиқ кўринмайди. Уни қўриқлаган миршаб эса бу даврда пенсияга чиқиб кетади ва унга ҳам отнинг калласидек пенсия тўлаш шу халқнинг гарданига тушади.
Биз танқид қилаётган юқоридаги халқаро ташкилотлар эртага Ўзбекистон ўлим жазосини қайтаришни истаяпти, деб айюҳаннос солишдан ҳам тап тортмайди. Аммо бу ҳақда ҳар кимнинг эркин фикри борлигини ва буни бугун очилаётган демократик жамият туфайли журналистлар эркин ёза олиш имкониятига эга бўлганини ҳам бир хомчўт қилиб қўйишса, ёмон бўлмасди.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Мудҳиш хато такрорланмаслиги учун... (5-мақола)
Ҳозир бошқарувнинг барча бўғинларида ишлаш учун кенг шароитлар ва эркинликлар тақдим этилаётгани ҳам коррупциянинг олдини олишда яхши чора бўлмоқда. Ваҳоланки, Ислом Каримов ўз табиатига кўра ҳокимиятни ҳеч ким билан бўлишишни истамас эди. Унинг даврида бирор ҳокимнинг чет элга бориб, ўз ҳамкасби билан музокаралар ўтказгани, вазир оммавий ахборот воситаларида танқидий мулоҳаза билдиргани, ҳатто бош вазирнинг бирор жойда очиқ кўрсатилганини эслай олмаймиз.
«Ҳамма бир киши учун, бир киши фақат ўзи учун» қабилидаги бошқарувнинг бундай шакли аллақачон эскирган, мўрт ва яшовчан эмаслигини ҳаётнинг ўзи яна бир карра исботлади. Ахир, дунёвий давлатда президентлик лавозими подшоҳлик тахти эмаски, отадан болага мерос қилиб ўтказиб берилса...
Ҳозирги бошқарувнинг аввалгисидан энг катта фарқ шуки, раҳбарият барча бўғинлар билан баҳамжиҳат ва «команда» бўлиб ишлашга, хонада биқиниб олиб, ҳеч кимга кераксиз амалдорларга айланишни эмас, балки жойига чиқиб, оддий одамларни қийнаётган муаммоларни ечишига урғу берилмоқда.
Иш чоғида озроқ хато қилган раҳбарнинг қўлига кишан солиниб, «подвал»га олиб кетилаётгани ёки «қора рўйхат»ларга тиркалиб, ўзи ва фарзандлари фаолиятига бир умрлик қизил чизиқ тортиб қўйилаётгани ҳам йўқ.
Бош вазир, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа амалдорларга ўз ташаббусларини реализация қилишлари учун барча имкониятлар яратилиб, фикрини эркин айта олиши учун тўсиқлар олиб ташланди. Улар ҳам халқнинг орасига ва оммавий ахборот воситаларига чиқиб, ўз фикрини эркин билдирмоқда.
Албатта, бундай прогрессив жамиятда Гулнора Каримова каби пул деса яқинларини ҳам сотиб юборадиган кимсаларнинг ўрни қаерда экани ҳақида хулоса чиқариш ўқувчининг ўзига ҳавола...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter