Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Мудҳиш хато такрорланмаслиги учун... (5-мақола)
Гулнора Каримова ҳамда Саидов, Назарбеков ва Ортиқхўжаевлар
Яқинда Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати (эътибор беринг, унинг беҳисоб маблағлари сақланаётган давлат вакили!) Грегуар Манжа ўз мижози билан учрашиб кетди. У мижози Зангиотадаги (Тошкент вилояти) 21-сонли аёллар колониясида сақланаётганини тасдиқлади, шунинг баробарида кўп нарсалар мавҳумлиги, жумладан, Каримованинг қолган жазо муддати ҳақида расмийлардан изоҳ ололмагани, бу одам ўғирлашга тенглиги, ўзбекистонлик собиқ адвокатлар сусткашлигидан ёзғиришни ҳам унутмади. Бироқ адвокат ўз мижози содир этган жиноятлари тайинланган ҳукмга қараганда анчайин оғирроқ эканлиги ҳақида лом-мим демайди.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (1-мақола)
...Гулноранинг сиёсий амбициялари амалга ошмай қолганига шукр қилмоқ лозим. Рост-да, давлат иши ўйинчоқ эмаски, унинг масъулиятсиз ва тантиқ кимсалар қўлига ўтишига йўл қўйиб бўлса?! Бу миллатнинг катта фожиасига айланмасмиди?! Шусиз ҳам яқин тўрт асрда бу халқнинг кўкрагига чинакам озодлик, ҳурлик шамоли кам тегди. Етар шунисям?!
Гулнора ўзига бино қўймаганида, халқини аёвсиз таламай, унинг учун куйинганида, ўзининг яхши инсоний фазилатларини кўрсатиб, миллат учун фидойи бўлганида Ўзбекистонда унга муносиб иш топилар эди, албатта.
Хўш, Гулнора Каримованинг сиёсий истиқболини ким ўлдирди? Ким уни сиёсий мурдага айлантирди? Бунга жавоб битта: унинг ўзи! Ўз нафсига қуллиги уни маънан ўлдирди. У отаси томонидан яратиб берилган имкониятларни тугамас олий неъмат, ўзини эса абадий дахлсиз олиймақом шахс деб ўйлади. Барча нарсани чалкаштириб юборди, мувозанатни йўқотди, барча ҳаракати шу давлатни, шу элни ўйлаб эмас, балки ҳаводай шишган бизнес империяси манфаатларига қаратилди.
Мана, охири нима бўлди? Бировларга зулм қилиб, роҳатда ўтган бирор кимса борми бу дунёда?! Ўзганинг ҳақи буюрганми ўзи?
Президент Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент Ислом Каримов даврида ноҳақ қамалган, бурни қонаган, ноқонуний ишларнинг қурбони бўлган, диний эътиқоди учун ҳибсга олинган неча минглаб инсонлар кутган адолатни қайтарди, шу боис ҳам беқиёс сиёсатчи сифатида халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига муносиб кўрилмоқда.
Гулнора Каримованинг аянчли ва мураккаб тақдири барчамизни қатор хулосалар чиқаришга ундайди.
Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган, камтар ва зиёли инсон Шароф Рашидовнинг ўз фарзандларига берган тарбиясию ҳалоллиги, комиллиги ва юксак маънавияти барчамизга ўрнак эмасми?
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (2-мақола)
Аввало бугунги замонавий ёшларимиз, ота-онаси, тоғаю холаси, амакисию аммаси ким бўлишидан, орқасида қайси идора турганидан қатъи назар, ўз кучига ишонишни, қонунларга қатъий амал қилишни, оддий инсонийликни йўқотмасликни, оёғи ердан узилиб қолмасликни ўрганиши керак. Дунёга ҳеч ким устун бўлолган эмас. Узоқ ўтмишни эмас, яқин тарихни олайлик. Ироқ диктатори Саддам Ҳусайннинг бетийиқ ўғиллари минг давр-у даврон сургани билан охир-оқибат итдек ўлим топишини ким ўйлабди? Ливия «доҳийси» Муаммар Қаддофий нима бўлди? Унинг бола-чақаси не кўйларга тушмаяпти бугун?
Уларни-ку, қўяйлик. Фарзандларининг «эркалиги» оқибатида ўзимизда ҳам неча амалдорларнинг юзи ерга қарамади?! Ташвишланарлиси, бундай чиркин ҳолатларнинг бирин-кетин «миси» чиқиб бораверяпти-бораверяпти... Ахир, булардан ўз вақтида хулоса чиқармоқ учун катта ақл шарт эмас.
Кечаю кундуз ҳалол меҳнат қилаётган, ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўймайдиган, садоқатли ва ҳалол янги раҳбар ходимлар қаерда шаклланади? Ким бунга масъул? Ёшлар Иттифоқи ёки Президент академиясими? Ўртада улкан узилиш ва жарлик пайдо бўлдики, буни тўлдириш учун жуда жиддий чоралар кўриш вақти аллақачон етган.
Давлат ходимлари ҳам катта маош олишсин, пулга зориқиб, ноқонуний ишларга қўл уришмасин. Эртага навбатдаги «сокрашения» ёки раҳбари ўзгариши билан ишсиз қолиш хавотири ич-этини кемирмасин. Уларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи «Давлат хизматчилари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш фурсати етмадимикан?
Бу масаланинг бир томони. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор.
Давлат амалдорларининг даромади очиқланиши шарт!
Давлат номенклатурада турган раҳбарларнинг барчаси ва уларнинг оила аъзолари солиқ декларациясини тўлдириши, топаётган даромади ҳақида очиқ маълумотлар тақдим этиши лозимлиги ҳам қонун билан қатъий мустаҳкамлаб қўйилиши шарт. Декларация ҳужжатини ҳукумат портали, солиқ қўмитаси ёки расмий ахборот сайтларида ҳеч иккиланмай бериб бориш амалиётини жорий этиш лозим.
Масалан, вазир мақомидаги Акмал Саидов асосий ишидан ортиб, саккиз жойда қийналиб дарс ўтаётган, ҳар йили ўнлаб китоблар ёзиб, яхшигина қалам ҳақи олаётган бўлса, қандини урсин. Ва олган фойдасини ошкор қилсин. У, гарчи амалдор бўлса-да, педагогик, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан янада кўпроқ жонбозлик кўрсатаётганини аҳоли билсин ва шунга яраша ҳурматини қилсин ҳам.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Ғофур Раҳимов, «қора рўйхат» ва Гулнора (3-мақола)
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ҳукуматдаги юмушларидан кейин, тўю томошаларда аҳолига хизмат қилиб, ижоди орқасидан қозонини қайнатаётган бўлса, марҳамат, ҳеч қандай қаршилик йўқ, деган қонуний меъёр бугун жуда керак. Акс ҳолда кундузи ҳукумат амалдори бўлиб ўтирган одамнинг тунда тўйда қўшиқ кўйлаб, қистир-қистирларга учраётганини кўриш жуда эриш туюлади. Марҳамат, топаётган даромадини кўрсатиб қўйсин, солиғини тўласин. Ижодига барака!
Қайсидир вазир бирор даромадли корхона ёки бақувват банк акциясига эга бўлиб, мўмай дивиденд олаётган бўлса, ҳеч қайси орган безовта қилмасин. Тушумини очиқ маълум килсин, декларация тўлдирсин ва мазза қилиб яшайверсин.
Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтга раҳбар лавозимида ўтиргунига қадар йирик компания раҳбари бўлгани, аммо аввалги бизнесидан тўлиқ узилмай, иккинчи муҳим лавозимни биргаликда олиб кетаётгани бўйича унга қўйилаётган қатор айблар қизигандан-қизимоқда. Йирик компания раҳбарларининг истиқболда ҳоким бўлишига тўсиқ қўймайдиган, аммо давлат иши бизнес билан уйғунлашиб кетмайдиган, фақат ўз манфаатига хизмат қиладиган лоббисини фаол илгари суришига яхши платформа яратмайдиган, хуллас, бундай фаолиятни тартибга солувчи қонун албатта керак.
Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Мақсудий ва бошқа оилавий муносабатлар (4-мақола)
Уларнинг аввалги бизнесидан топган қонуний даромадлари, мулку улушлари албатта, дахлсиз бўлиши керак. Акс ҳолда эртага катта бизнесга эга шахслар давлат ва жамоат ишларига келишдан қочади, умуман мамлакатдан ҳам «қуённи» суриб қолади. Ҳозирча бундай мукаммал қонуннинг ўзи йўқ экан, Ортиқхўжаевни муттасил айблаш ҳам фойдасиз юмушдир. Шу билан бирга вилоят ва туман ҳокимлари ҳам топаётган даромадлари очиқланиши шарт.
Декларация тўлдириш ташаббусини ўрнак сифатида Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бошлаб бериб, ҳамкасбларининг ҳаммасини бу жараёнга жалб қилса... Нима дейсиз?!
(давоми бор)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter