Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Глобал иқтисодиёт: Хитой — АҚШдан, Ҳиндистон — Германия ва Япониядан қачон ўзиб кетиши ҳисоблаб чиқилди

Глобал иқтисодиёт: Хитой — АҚШдан, Ҳиндистон — Германия ва Япониядан қачон ўзиб кетиши ҳисоблаб чиқилди

Фото: «The Economic Times»

Хитой 2028 йилда АҚШдан ўзиб кетиб, дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланади, бу олдин прогноз қилинганидан беш йил эртароқ, ёзмоқда BBC. Британия иқтисодий ва бизнес тадқиқотлари маркази тайёрлаган ҳисоботда шундай дейилади.

COVID-19 пандемияси давридаги самарали бошқарув Хитойнинг қанчалик шиддат билан ривожланаётганини кўрсатади.

«Коронавируснинг янги тури билан биринчи бўлиб тўқнаш келишига қарамасдан, Хитой тезкор ва фавқулодда кескин чоралар ҳисобига вирусни жиловлай олди. Бу айрим Европа мамлакатларида кузатилаётгани сингари, Хитойда иқтисодиётни фалажловчи локдаунларни такрорлашга ҳожат қолдирмади. Бошқа йирик иқтисодиётлардан фарқли равишда, Хитой 2020 йилда иқтисодий пасайишга йўл қўймади, аксинча, бу йил 2 фоизлик ўсиш кутилмоқда», — дейилади, жумладан, ҳисоботда.

АҚШда бунинг мутлақо акси: иқтисодиёт ва жамият пандемиядан улкан талафот кўрди: қурбонлар сони 330 минг нафардан ошди, вирус қайд этилиши 18,5 миллион нафарга етди.

Иқтисодий зарар гарчи пул-кредит сиёсати ҳамда улкан бюджет рағбатлари билан юмшатилган бўлса-да, янги ижтимоий пакетлар борасидаги сиёсий зиддиятлар тахминан 14 миллион америкаликни ишсизлик бўйича нафақасиз қолдириши хавфи бор.

«Бир қанча муддат глобал иқтисодиётнинг бош мавзуси АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий кураш бўлиб келди. COVID-19 пандемияси ва унинг иқтисодий оқибатлари ушбу кураш, сўзсиз, Хитой фойдасига ўзгараётганини тасдиқламоқда», — дейилади ҳисоботда.

Пандемиядан кейинги — 2021 йилдаги кучли сакрашдан эътиборан, АҚШ иқтисодиёти 2022—2024 йилларда тахминан йиллик 1,9 фоиз ўсишни намоён этади, ундан кейинги йилларда кўрсаткич 1,6 фоизгача тушиб қолади. Солиштириш учун: Хитой иқтисодиёти 2025 йилгача — йиллик 5,7 фоиз, 2026—2030 йилларда — йиллик 4,5 фоиз ўсишни кўрсатади.

Бошқа мамлакатлар бўйича прогноз:

Буюк Британия «Brexit»дан сўнг 2021—2025 йилларда — йиллик 4 фоиз, 2026—2030 йилларда — йиллик 1,8 иқтисодий ўсишга эришади;

Ҳиндистон Буюк Британияни 2019 йили дунёнинг бешинчи йирик иқтисодиёти сифатида қувиб ўтганди, бироқ пандемия оқибатлари Жанубий Осиё мамлакатини пастга тушириб юборди. Шунга қарамасдан, Ҳиндистон Германияни 2027 йили, Японияни 2030 йили қувиб ўтиб, жаҳондаги учинчи йирик иқтисодиётга айланиши кутиляпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг