Европада нималар бўляпти ёхуд яна ўша коррупция?
Бугунги даврда ҳеч бир давлат коррупциядан холи эмас. Аммо унга қарши курашмаслик фалокатга элтади. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотаётгани, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани бериши таъкидланган.
Демакки, коррупция балоси дунёдаги кўплаб мамлакатларни қамраб олган. Ҳозир жаҳонда порахўрлик тугатилганлиги билан мақтана оладиган бирор давлатнинг ўзи йўқ. Айтмоқчи бўлганим, дунё демократиясининг қўрғони ҳисобланган Европанинг ривожланган давлатлари ҳам бу қадимий жиноятдан холи эмас.
Айниқса, Европа парламенти вице-президенти Ева Кайлининг коррупцияда айбланиб қамоққа олиниши бу борадаги баҳсларни қизитиб юборди. Европарламентдаги (ЕП) коррупция можароси муносабати билан Бельгия ҳукумати тўрт нафар гумонланувчига айблов эълон қилди ва уларни ҳибсга олиш учун ордер берди.
«Улар жиноий ташкилотда иштирок этиш, пул ювиш ва коррупцияда айбланмоқда», — дейилади прокуратуранинг 11 декабр, якшанба куни Брюсселда тарқатилган баёнотида. Улар орасида Грециядан сайланган евродепутат Ева Кайли ҳам бор. Бельгия матбуотига кўра, Кайлидан ташқари, унинг парламент маслаҳатчиси Франческо Жоржи, социалистик фракциядан Европарламентнинг италиялик собиқ аъзоси Пьер-Антонио Панцери ва яна бир номи ошкор этилмаган Брюссел лоббичиси ҳибсга олинди.
Тинтувлар давомида компьютерлар, мобил телефонлар ва 600 минг евро мусодара қилинган. Панцерининг уйидан 500 минг евро нақд пул солинган жомадон топилган. Федерал суд полицияси терговчилари Қатарни Европарламентнинг иқтисодий ва сиёсий қарорларига бир неча ой давомида таъсир этганликда гумон қилишмоқда. Энди Қатар «Европарламентда муҳим сиёсий ва стратегик мақомга эга амалдорларни таъқиб қилиш, уларга катта миқдордаги пул ва қимматбаҳо нарсаларни бериш»да айбланмоқда.
Қўлга олинганидан кейин Ева Кайли Европарламент вице-президенти сифатида барча ваколатлар, мажбуриятлар ва топшириқларни бажаришдан озод қилинди. Аввалроқ Ева Кайли аъзо бўлган Греция социалистик партияси — ПАСОК унинг партиядан четлатилганини маълум қилганди. Европарламентда Кайли Қатар меҳнат бозоридаги вазиятни кузатувчи вакиллардан бири бўлган, у ерда ҳуқуқ фаоллари Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши ҳолатларини қайд этишган. 2022 йилги жаҳон чемпионати бошланишидан бироз олдин Кайли Қатар меҳнат вазири билан учрашди ва 22 ноябрь куни ЕПда нутқ сўзлаб, Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо берди ва уни «араб дунёсини илҳомлантиради», деб атади.
Европа аксилкоррупция агентлиги (OLAF) ва Евроиттифоқ адлия директорати биргаликда тайёрлаган қўшма маърузада айтилишича, ЕИ мамлакатларидаги коррупция ҳолатлари ташвишланарли. Агар илгари Европа фондларидан ўғирланган маблағлар ҳажми миллионлаб еврони ташкил этган бўлса, эндиликда у миллиардларни ташкил этмоқда. ЕИ мамлакатлари коррупция балосидан 323 миллиард евро йўқотадилар. Ташкилотнинг ўзи коррупцион зарарни 120 миллиардга тенг баҳолаётган бўлса-да, бу сумма Қатар каби бой давлатнинг йиллик бюджетига тенг.
Эътиборлиси, пора беришнинг, коррупциянинг турлари ҳам кўпайиб кетди.
Ҳозирги кунда жиноятни яшириш учун нақд тўлов воситаси бўлмаган криптовалюталарда «ҳақ бериш» авж олди. Кўриб турганингиздек, дунёда коррупциявий ҳолат оғир бўлиб, у ҳар қандай давлатдан бу жирканч офатга қарши аёвсиз курашни талаб қилади.
Ҳар йили халқаро ташкилотлар коррупцияга қарши кураш борасида дунё давлатларининг вазиятини таҳлил қилиб боради. «Transparency International» халқаро ташкилоти шулар жумласидан. 2021 йил учун чиқарган Коррупция индексидан маълум бўлишича, дунё мамлакатларининг 86 фоизи охирги 10 йилда коррупцияга қарши курашда бирор ижобий силжишга эришмаган. 154 давлатда вазият ёмонлашган ёки ҳеч қандай ижобий ўзгариш юз бермаган.
Коррупцияга қарши курашда вазият ижобий томонга ўзгарган мамлакатлар ҳам мавжуд. Улар орасида Марказий Осиёдан Ўзбекистон бор. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон охирги йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича ўз рейтингини яхшилаб бормоқда. 2012 йилдан бери мамлакатимизнинг индексдаги кўрсаткичи 11 баллга ўсган.
Бироқ, шундай бўлса-да, Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ муаммолар ҳали талайгина. Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати туфайли, коррупцияга қарши кураш мавзуси ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиляпти, фуқароларда бу иллатга тоқатсизлик аниқ ва равшан шаклланган. Халқимиз коррупция бор экан, ривожланиб бўлмаслигини, аксинча жамият сифатида ботқоққа қараб кетишимизни англаб етиб бўлди. Давлат идоралари масъуллари томонидан содир этилаётган коррупцион ҳолатлар очиқланмоқда. Таъсирчан жамоатчилик назорати йўлга қўйиляпти.
Мухтасар айтганда, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмларининг такомиллаштирилаётгани, бу жараёнга жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар албатта, ўз самарасини беради.
Исмоил Саифназаров,
фалсафа фанлари доктори,
ТДИУ профессори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter