Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эронда «баҳор» бошланади(ми?)

Эронда «баҳор» бошланади(ми?)

Фото: AFP

Эски йилнинг охирию янги йилнинг бошланиши Эрон учун у қадар хайрли кечмади. Зотан сўнгги ҳафтада ушбу мамлакатда юз берган талотўплар ҳамон жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турибди.

Фото: AP

Катта мамлакатнинг катта муаммоси

Эрон Жануби-ғарбий Осиёдаги энг йирик ва қудратли давлатлардан эканини ҳеч ким инкор этмайди. Саксон миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган бу давлат минтақадаги нисбатан тинч ва барқарор ўлкалардан саналиб келган. Кўпгина Ғарб таҳлилчиларининг фикрича, кучли сиёсий режим, мустаҳкам хавфсизлик назорати мамлакатдаги барқарорликни ушлаб турибди холос. Зотан, Эрон аҳолисининг этник таркиби, диний қарашлари, сиёсий маслакларининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғини форсийлар, қолган қисмини озарбойжон, курд, лур, белуж, араб, туркман ва бошқа миллат вакиллари ташкил этади. Шунингдек, аҳолининг 85 фоизи шиалар, 10 фоизга яқини суннийлар, қолгани эса насронийлар, яҳудийлар, зардўштийлар ва бошқалардан иборат.

Мамлакат асосан шиа йўналишидаги шариат аҳкомлари асосида бошқарилади. Кўпгина теократик давлатларда бўлганидек, Эронда ҳам дунёвий бошқарув тизими тарафдорлари, турли диний чекловларни ёқтирмайдиганлар топилади. Шу билан бошқа миллат вакиллари орасида марказий ҳукуматга нисбатан норози кайфиятда юрадиганлар ҳам йўқ эмас.

Фото: «Voanews.com»

1979 йилги ислом инқилобидан кейин Ғарб давлатлари томонидан Эронга нисбатан ўрнатилган санкциялар ҳали-ҳануз тўла олиб ташлангани йўқ. Мамлакатда ишсизлик 12 фоиздан ошади, ёшлар ўртасида бу кўрсаткич бундан икки баробар юқори. Эроннинг амалдаги президенти Ҳасан Руҳонийнинг ислоҳотлари инфляциянинг пасайишига ёрдам берди, аммо кўпгина маҳсулотлар нархи кўтарилди. Жумладан, тухумлар нархи икки баробарга ошди.

Гарчи, мамлакатда ишлаб чиқариш етарлича ривожланган, иқтисодий салоҳиятига кўра, Эрон Осиё қитъасида еттинчи ўринда турса-да, мамлакатда бу борада муаммолар ҳамон юқорилигича қолаётир.

Ким дўст-у ким рақиб?

Эрондаги ислом инқилоби мамлакат қиёфаси билан бирга дунё аҳлининг унга бўлган муносабатини ҳам мутлақо ўзгартириб юборганди. Эрон ҳукумати ўн йиллардан бери АҚШ ва Исроилни ўзининг ашаддий душмани деб билади ва ушбу мамлакатларга қарши ташвиқот олиб боради.

Саудия Арабистони ҳукуматининг шиаларга қарши сиёсати Эрон расмийларида ташвиш уйғотмоқда. 2014 йилда мазкур араб давлатининг Яман хусийларига нисбатан қуролли ҳаракатларига ҳам биринчилардан бўлиб Эрон ҳукумати қарши чиққанди.

Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролик урушида ҳам Эрон ҳукумати Россия билан бир қаторда Башар Асад бошчилигидаги ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаб келаётир. Бу эса Яқин Шарқда ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринаётган Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШга маъқул келмаслиги табиий.

Фото: «Mcclatchy-wires.com»

Албатта, ички муаммолари етарли бўлиб турган бир пайтда ҳукуматнинг Ливан, Фаластин, Сурия, Яман сингари ҳудудлардаги низоларга аралашиши мамлакатдаги айрим мухолиф кучларнинг ҳам норозилигини келтириб чиқарган.

Бугунги кунда Эроннинг энг кучли иқтисодий ҳамкорлари сифатида Россия ва Хитой тилга олинади. Аммо айрим экспертлар Сурияда Эрон ва Россия иштирокидаги кучларнинг ғалабасидан сўнг, ушбу мамлакатда мазкур иттифоқчиларнинг манфаатлари кесишиши ва дўстона алоқалар сўроқ остида қолишини тахмин қилишмоқда.

Ўзи нима бўлганди?

2017 йилнинг 28 декабрь куни Эроннинг иккинчи йирик шаҳри — Машҳадда тинч намойишчилар мамлакатдаги ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик, қашшоқлик, нархларнинг асоссиз ошиб бориши сингари ҳолатларга ўз норозиликларини билдириб чиқишди.

Кейинги кунлари мазкур намойишлар Исфаҳон, Рашт, Теҳрон сингари йирик шаҳарларга ҳам ёйилди. Намойишчилар орасида талабалар, ишчилар, аёллар, ҳатто хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда.

Намойишчилар иқтисодий қийинчиликлар билан бир қаторда мамлакатнинг ташқи сиёсатига ҳам норозилик билдирган. Улар ҳукуматдан Сурия ва Ямандаги можароларга аралашувни тўхтатишга чақиришган. Коррупцияда айблов, давлат бюджетини талон-тарож қилиш, ҳарбийларнинг иқтисодий масалаларга аралашуви каби масалалар ҳам сабаб сифатида кўрсатиляпти.

Фото: AFP

Ҳар қандай оммавий намойишларга нисбатан кескин муносабатда бўлиб келган Эрон ҳукумати бу гал ҳам намойишчиларга нисбатан кескин чораларни кўрди. Намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ўртасида юзага келган тўқнашувлар натижасида 20 нафарга яқин инсон нобуд бўлди. Мазкур намойишлар ва оммавий тартибсизликларда қатнашган 450 киши ҳибсга олинган.

Оммавий намойишлар 2009 йили ҳам кузатилган, ўшанда Теҳрон, Табриз ва Исфаҳонда одамлар сайловдаги сохтакорликлардан норозилик билдириб кўчага чиқишганди.

Ижтимоий тармоқларни нега ёпишди?

Теҳрон вице-губернатори сўзларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб бир неча кунлик намойишларда 450 киши ҳибсга олинган. Эрон ички ишлар вазири ўринбосарининг маълум қилишича, қўлга олинганларнинг 90 фоизи 25 ёшдан ошмайди.

Намойишларнинг янги тўлқини ижтимоий тармоқлар таъсирида кучайди. Эронда, айниқса, «Telegram» тармоғидан оммавий фойдаланилади. Бироқ 31 декабр куни ҳукумат «Telegram» ва «Instagram»ни қулфлаб қўйди. Бу ҳақида «Telegram» асосчиси Павел Дуров ҳам маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларнинг ёпиб қўйилиши ҳатто АҚШ Президенти Дольд Трампнинг ҳам эътиборидан чсетда қолмади. У «Твиттер»даги саҳифасида месенжерларнинг ёпиб қўйилиши Эрон режимининг навбатдаги зўравонлиги сифатида баҳолади.

Намойишлар пайтида интернетга кириш кунига бир неча бор ёпиб қўйилган. Эрон алоқа ва коммуникациялар вазири Муҳаммад Жавод Озарийнинг айтишича, фақат нотинчлик янада кенгайиб кетмаслиги учун вақтинча ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар фаолиятига тўсиқ қўйилган. IRNA ахборот агентлигининг ёзишича, Эрон ҳудудида интернет ва ижтимоий тармоқлар, «Telegram» ва «Instagram» мессенжерлари 5 январдан бошлаб тўлиқ ишлай бошлайди.

Ички ва ташқи омиллар

Оммавий намойишлар авжига чиққан шаҳарларнинг кўпчилиги Эроннинг энг камбағал шаҳарлари ҳисобланади. Теҳрон вице-губернатори сўзларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб бир неча кунлик намойишларда 450 киши ҳибсга олинган. Эрон ички ишлар вазири ўринбосарининг маълум қилишича, қўлга олинганларнинг 90 фоизи 25 ёшдан ошмайди.

Фото: «The Tribune»

Гарчи намойишлар бир мунча тинчиган бўлса-да, эронлик расмийлар ушбу ҳатти-ҳаракатларда асосан ташқи кучларни айбламоқда. Мамлакатдаги мавжуд муаммоларни ҳукумат расмийлари ҳам инкор этишмаяпти. Хусусан Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мазкур намойишларга айнан мамлакат ичидаги муаммолар сабаб бўлганини баён қилди.

Эрон Ислом Инқилоби посбонлари корпуси қўмондони Муҳаммад Али Жаъфарий давлат душманларининг мазкур уриниши омадсизликка учраганини билдирди. Унинг фикрича, намойишчиларнинг умуми сони 15 минг кишидан ошмаган ва бу Эрон ҳукумати тарафдорлари олдидан дарёдан томчи холос.

Қўмондон ушбу ҳараткатларда расмий Вашингтон, Тель-авив ва Ар-Риёднинг қўли борлигини айтди. Унинг фикрича, АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистонининг кўрсатмаларига биноан «Ислом давлати» террористик ташкилотининг Сурия ва ироқдан қувилган жангарилари қўпоручили ҳаракатларини давом эттириш учун Эрон ҳудудига суқилиб кирмоқчи бўлишган.

Жаҳон бўйлаб акс-садо

Мазкур намойишлар дунёнинг энг йирик ташкилотлари ва давлат раҳбарларининг ҳам эътиборини тортди. Жумладан, БМТ Бош котиби Антоник Гутерреш Эрон ҳукуматини тинч аҳолига нисбатан зўравонликка барҳам беришга чақирди.

Фото: «Vice.com»

Айрим сиёсий шарҳловчилар Эронда бўлаётган оммавий намойишларни фақат иқтисодий сабабларга боғлашмаяпти. Бунинг ортида ташқи сиёсий кучларнинг таъсири ётгани ҳам баён қилинмоқда. Айниқса, АҚШ президенти Доналд Трампнинг баёноти бундай талқин тарафдорлари сонини анча ошириб юборди.

Маълумки, намойишлардан бир неча ҳафта илгари АҚШ раҳбари Эронни сайёрамизда инсоният хавфсизлигига раҳна солувчи энг муҳим ўчоқлардан бири эканини айтганди. Мазкур намойишлар бошлангач, Трамп ижтимоий тармоқлар орқали бир неча бор ушбу вазиятга ўз мулоҳазаларини билдирди.

«Мен Эрон ҳукуматига қарши курашаётган эронликларга ўз ҳурматимни билдираман, АҚШ вақти келса, уларга беминнат ёрдам кўрсатади», деб ёзди АҚШ президенти. Унинг бундай хитоблари ортидан Эрон раҳбари Трампни иккиюзламачилик ва нохолисликда айблади.

Хориждаги ватандошлар ким томонда?

Эрондаги бу намойишлар мамлакат ташқарисида яшовчи эронликларни ҳам бефарқ қолдирмади.

Масалан, Берлин марказида Эрондаги намойишчиларни дастаклаш мақсадида ўнлаб эронлик қочоқлар тўпланишди. Улар мамлакат қамоқхоналарда сақланаётган сиёсий маҳбусларга қаттиқ босимлар ўтказилаётганини иддао қилишди.

Эроннинг Римдаги элчихонаси олдида ҳам кўп йиллардан бери Эрон Ислом Республикасига қарши кураш олиб бораётган «Мужоҳидини халқ» ҳаракатининг 30 нафар вакили тўпланган ва улар қатллар ҳамда Руҳоний ҳукуматига қарши шиорларни кўтариб чиқишган.

Ризо Кир Паҳлавий
Фото: «Toronto Star»

Лондондаги элчихона қаршисида эса эронлик монархия тарафдорлари паҳлавийлар сулоласидан бўлган шаҳзода Ризо Кир Паҳлавийни тахтга ўтқазиш талаби билан чиқишган. Эслатиб ўтамиз, 1979 йилги инқилобдан кейин Муҳаммад Ризо Паҳлавий аввал Марокашга, кейин Мисрга қочиб кетган ва 1980 йилда Қоҳирада вафолт этган. Унинг катта ўғли 57 ёшли Ризо Кир Паҳлавий айни пайтда АҚШда истиқомат қилади.

Эрон халқи ҳукуматга қарши эмас

Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий намойишлар бошланганидан буён биринчи марта вазиятга изоҳ берди.

«Охирги кунларда Эрон душманлари Ислом Республикасида муаммо юзага келтириш учун ҳар хил воситалардан, жумладан пул, қурол, сиёсат ва жосусликдан фойдаланишди», — деди Хоманаий.

Ҳукуматга қарши митинглар тўлқини бироз пасайтирилгач, мамлакат бўйлаб, Луристон, Хузистон Илам, Марказий, Қум, Кирмоншоҳ, Гулистон вилоятларида ҳукуматни қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб эронликлар сафарбар этилган.

Фото: «Guardian.ng»

Эрон байроқлари ва мамлакат олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг суратларини кўтариб чиққан одамлар ватан ва миллат душманларини қораловчи шиорларни айтиб қичқиришди.

Мазкур ҳаракатлар бўйича баёнот берган Президент Руҳоний ҳукумати ишчизлик, инфляция ва экология муаммоларини бартараф этиш учун икки баравар кўпроқ куч сарфлашига ваъда берган.

Хуллас, бир қатор маҳаллий ва хорижий таҳлилчиларга кўра, энди хавф-хатар ортда қолган, ҳукумат мамлакатдаги вазиятни тўлиқ ўз назоратига олган. Бинобарин, кўпчилик кутганидек» «Эрон баҳори» бошланиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиз. Биз ҳам шунга умид қилиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг