Cобиқ президент қамоққа олинди. Энди сиёсий вазият қандай тус олади? (2-мақола)
Марказий Осиё замонавий тарихида биринчи марта собиқ президент ҳибсга олинди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида сақланаётган сиёсатчисига бирваракайига 14 та айб қўйилмоқда.
1-мақолани ўқинг: Cобиқ президент қамоққа олинди
Социал-демократлар ичидаги инқироз
Мамлакатда қизиқ вазият юзага келди. Социал-демократлар партияси парламентда асосий куч бўлиб, сиёсий элитанинг барча намоёндалари ушбу партия вакилидир. Унинг етакчиси Атамбаев эса партиянинг мухолифати сифатида эълон қилиб юборилди.
Жээнбеков Атамбаевни кучсизлантириш ва сиёсий қанотини қирқиш мақсадида уни партиядан узиб ташлади, яъни социал-демократлар етакчилигидан четлаштирди.
2019 йилда партиянинг янги етакчиси Сагинбек Абдураҳманов «Атамбаевсиз Социал-демократик партияси» ҳаракатини тузди. Кейин ҳаракат ўз қурилтойини ҳам ўтказди. Шу йил апрелида эса Адлия вазирлиги бу шахсни ҳар икки ҳаракатнинг етакчиси сифатида қайд этди.
Қирғизистон социал-демократлар партияси янги етакчиси Сагинбек Абдураҳмоновнинг айтишича, собиқ давлат раҳбарининг тартибсизликларда иштирок этган қатор ҳаммаслаклари партия сафларидан чиқарилди.
Жумладан, партиядан Жўғорғи Кенешга депутат сифатида сайланган Ирина Карамушкина, Асел Кодуранова, Карамат Орозова, Мурадила Мадеминов ва Анвар Артиқовлар аъзолиги тугатилди. Лекин қонун бўйича уларни мандатидан бекор қилиш мумкин бўлмагани сабабли улар парламент депутати бўлиб қолаверишди.
Депутат Карамат Орозованинг айтишича, «Сагинбек Абдураҳманов бутун партия номидан гапиришга ҳаққи йўқ. Партия қурултойи, партия йиғилиши деган сўзларни тушунмади, уларда на низом ва на тамға бор. Шу сабабли мен бу баёнотга аҳамият қаратмайман. Биз уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилдик».
Парламент депутати Ирина Карамушкина эса бундай таъкидлайди: «Қирғизистон социал-демократик партияси – мустақиллик тарихимиздаги энг кекса ва энг йирик сиёсий ташкилотдир. У 1993 йили ўша пайтдаги сиёсатчилар ташаббуси билан ташкил этилган. Улар орасида «Форум» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари Алмазбек Атамбаев, Ўш вилояти губернатори Абдиғани Эркебаев, Бишкек мэри Жумабек Ибраимов ва бошқалар бор эди. Кўплар кетди, бироқ Алмазбек Атамбаев доим содиқ қолди. У икки бора бош вазир, кейин эса президент лавозимларига номзодини партиямиздан илгари сурди. Айнан Сооронбай Жээнбеков шу партиядан давлат раҳбарлигига ягона номзод қилиб кўрсатилган эди. Кейинги воқеаларни биз тушунмай қолдик».
Шу баёнотидан кўп ўтмай Карамушкина одамларни гаровда ушлаш айби бўйича уй қамоғига олинди.
Бошқа кучлар ғимирлай бошлади
С.Жээнбеков гарчи «ўзининг рақиб устози»дан қутилган ва мутлоқ ягона сиёсий раҳбарга айланган бўлса-да, бу ишларнинг барчаси мамлакатдаги бошқа сиёсий кучлар учун қўл келиши мумкин.
Масалан, Атамбоев ва Жээнбековдан азият чекиб, мамлакатни тарк этган мухолифат етакчиси, давлат арбоби Омурбек Бабанов 9 августда Бишкекка қайтиб келди. Уни ўз тарафдорлари катта ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олишди. Унинг судланганлиги олиб ташламанган ва тергов ҳамон давом этаётган бўлса-да, негадир ўзини жуда ишончли ва анча эркин тутмоқда.
Яна бир донгдор сиёсатчи Омурбек Текебаев қамоқдан чиқадиганга ўхшайди. Унга нисбатан чиқарилган 8 йиллик суд ҳукми Олий суд томонидан бекор қилиниб, қайта кўриб чиқиш учун юборилди.
Воқеалар ривожидан 2005 ва 2010 йиллардаги иккита қонли инқилоблар Қирғизистонга ҳали камлик қилаётгандан кўринади.
«Биз Марказий Осиёда илк парламент республикасимиз ва демократияда қолганларга ўрнак ва намуна бўлаяпмиз, биз ўзи Марказий Осиёнинг Швейцариясимиз», дея аюҳаннос солувчи сиёсатчилар эса осмонда учиб юрибди.
Мамлакатда ҳозирда 220дан ортиқ сиёсий партиялар рўйхатдан ўтган. Уларнинг айримлари қишлоқдошлар, баъзилари қариндош-уруғлар клубини эсга солиб юборади. Уларнинг 90 фоизи парламентда ўз вакилига эга ҳам эмас. Бу дегани сайловларда ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмаган.
Бундай мураккаб сиёсий иқлим шароитида Жээнбековнинг сиёсатдаги тактик ғалабаси Қирғизистоннинг стратегик муаммоларини ҳал қила олмайди. Бири қўйиб, яна бошқа можаролар чиқиб турибди. Қирғизистоннинг Хитой олдидаги қарзи ошиб, ишсизлик ва қашшоқлик даражаси ўсмоқда, коррупция камайган эмас. 6 миллион аҳолининг 10 фоизи Россияда меҳнат мигрантлари сифатида ишламоқда.
Аҳолининг раҳбариятга, сиёсатчиларга нисбатан ишончи камаймоқда. Давлат ходимларида ҳам ўз раҳбариятига бўлган садоқат ва меҳр тобора камайяпти. Чунки ҳар сафар президент алмашганда ҳокимият тизимларида ишлаган раҳбарлар турли айблар билан ёки қамоққа олинмоқда, ёки ишдан ҳайдаб юборилаяпти.
Шу кунларда давлатннинг ташқи қарзи 4,5 миллиард долларга етди ва бу ҳар бир қирғизистонликка салкам 700 доллардан тўғри келмоқда. Беқарорликлардан ялпи ички маҳсулотнинг асосий шакллантирувчи соҳаси бўлган сайёҳлик катта зарар кўрмоқда.
Тожикистон билан чегарадаги тўқнашувлар, Норин вилоятидаги «Султон Сари» конида Хитой компанияси ходимларининг дўппосланиши хорижий инвесторларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилмоқда.
Собиқларнинг дардли изтироблари...
1990 йилда ҳали Қирғиз Республикаси собиқ Иттифоқ таркибида бўлган давридаёқ коммунистик партиянинг биринчи котиби Абсамат Масалиев президентлик сайловларида Асқар Акаевга ютқазиб қўйганини очиқ тан олган эди. Ундан кейин сиёсий қоидалар ўзгарди, мардлик ортиқ фазилат саналмай қўйди.
Биринчи президент (1990-2005 йиллар) Асқар Акаев лолақизғалдоқ инқилобидан кейин мамлакатдан аранг қочиб улгурди. Унинг орқасидан ёстиқдай жиноят иши очилди. У ҳозирда Москва давлат университети профессори бўлиб ишлайди ва ўз она юртидаги вазиятдан қониқмай яшаяпти.
Унинг айтишича, Атамбаев президентлиги даврида икки нафар қариндоши вафот этганида, жаноза маросимларида қатнашиш истаги бўлган. Бироқ агар Қирғизистонга келса, аэропортда уни ҳибсга олиш билан қўрқитишган. Шу билан бирга Атамбаев томонидан у билан бирга ишлаган қирққа яқин турли сиёсий шахслар қамалган.
«Ваҳоланки, менга нисбатан жиноят иши 12 йил муқаддам ҳаракатдан тўхтатилган. Аммо мана 13 йилдики, менга нисбатан ахборот уруши тўхтамайди. Ярим тонна олтинни ўғирлаб кетган эмишман. Бу қип-қизил ёлғон-ку. Ким ўзини мутлоқ ғолиб деб билиб юрган бўлса, ниҳоят ҳокимиятдан кетди», дейди Асқар Акаевич чуқур қониқиш билан Атамбаевнинг ҳибсга олинишини шарҳлар экан.
Асқар Акаевни ҳокимиятдан четлаштирган сиёсатчилардан бири Курманбек Бакиев 2005-2010 йилларда мамлакатни бошқарди. Ўз қариндошларини давлатнинг олий мансабларига қўйиши, ташқи сиёсатда, Россия ва АҚШ ўртасидаги мувозанатни сақлай олмагани, Хитойга мамлакат ҳудудининг бир қисмини бериб юборгани, беқарорлиги кескин норозиликка сабаб бўлди.
2010 йил апрель инқилобида 90 кишини қурбон бўлиб, 300 киши яраланди. Шундан сўнг Курманбек Бакиев ҳам аввал ўзи туғилган ҳудудга қочди, хавф-ҳатар кўлами ўсиб, фуқаролар уруши эпкини эса бошлагач, Белорусга қочиб қутилди. У чиқиб кетмаганида, ўлдирилиши ёки қамоққа тушиши муқаррар эди.
Унга сиртдан 25 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Энг қизиғи, инқилобнинг бошида турган шахсларнинг ўзлари кейинги инқилобнинг қурбони бўлишди. Бакиев ҳозирги пайтда Беларусда ўз бизнесига эга, талотўпларнинг бош сабабчиси бўлган ўғли Максим эса Лондонда ишбилармонлик қилади. Шу билан бирга Россия ва Белорусдаги қирғиз миллати вакилларига маънавий раҳнамолик қилишга интилиб келмоқда. 600 минг қирғиз Россияда фуқароликни олганини ҳисобга олсак, истиқболда бу диаспора ҳам анчайин таъсирли кучга айланиши мумкин.
Уни ҳам ағдарган кучлар тезгина бир қарорга кела олишмади. Қисқа муддат ўтиш ҳукуматига президентлик қилган (2010 йил июль-2011 декабрь) Роза Исаковна Отунбаева давлат тепасида кўп қолишни истамади. У ҳозирда ўзининг нодавлат жамғармасига раҳбарлик қилмоқда ва сиёсатдан анча узоқдир. Илмий, хайрия ва жамоат ишлари билан шуғулланиб юрибди.
Лекин Роза Отунбаеванинг ҳам Атамбаев билан муносабатлари совуқлашган эди. Ундан бир неча бор ҳаммаслаги Омурбек Текебаевни афв қилишни сўраган эди, аммо рад жавобини олди.
2011 йилда ҳокимиятга Атамбаев келди. У 2014 йилда ўзига катта ишонч билан «Мен ҳозирча президент эканман 2005 ва 2010 йилдаги каби оммавий тартибсизликлар бизда бўлмайди» деганди. Ҳақиқатдан ҳам у айтгани бўлди, ҳокимият ўзгариши қон тўкишларисиз кечди. Аммо бу кечроққа қолдирилган кўринади. «Инқилобга бош қоронғу» мамлакат бу гал нохуш анъанани четлаб ўтган бўлса-да, аммо давлат раҳбарини қаттиқ жазолаш амалиётидан воз кечмади.
Қолаверса, қизиққон ва зардаси тез қирғизларнинг характеридан келиб чиқилса, Атамбаевнинг сиёсий истиқболи тўлиқ нолга тенг дейишга ҳали эрта.
Масалан Асқар Акаев даврида вице-президент бўлиб ишлаган Феликс Кулов кейинроқ беш йилга қамалган эди. У озод этилгач, бош вазир ҳам бўлиб ишлаганини унутмаслигимиз лозим.
Атамбаев яна ҳокимиятга қайтиши учун ресурслари етарлими? Нега у ўтмишдошлари каби хорижий давлатларга чиқиб кетмасдан мамлакатда қолди? Нима учун айнан бу ишлар сайловлар яқинлашаётган пайтда юз берди? Жээнбеков ҳибсга олаётган сиёсий шахсларнинг тарафдорлари унинг атрофида сиёсий блок тузишга қодирми?
АҚШ ва Ғарб давлатлари беқарорликлардан фойдаланиб, Россиянинг Қирғизистонда ўсиб бораётган таъсирини кучсизлантиришга ва манфаатларига зиён етказишга ҳаракат қилмайдими? Ниҳоят янги фуқаролар уруши чиқмаслигига кафолат борми?
Жавоби йўқ бу саволлар айни пайтда барчани қизиқтирмоқда.
Ҳозир ҳам Атамбаевнинг командасидаги жуда кўп шахслар мамлакатнинг юқори давлат лавозимларида ишлаб келмоқда. Жээнбеков уларнинг барчасини бир пайтнинг ўзида йўқ қила олмайди. Бу ўзи ўтирган дарахт шохини кесишга тенг.
Бошқа хавф ҳам кучли. Тахминларга кўра, Сурия ва Ироқ ҳудудларида 3 мингга яқин қирғизистонлик жангарилар уруш олиб бораяпти. Улар тартибсизликлардан фойдаланиб, вазиятни бошқа сценарийга буриб юбориши мумкин. Уларнинг бир қисми айни пайтда Қирғизистонга қайтган бўлса, яна бир қисми Афғонистон ҳудудида пайт пойламоқда...
Иннан кейинчи...
Барчаси Жээнбековнинг кучлар ва манфаатлар мувозанатини сақлашга боғлиқ. Катта сиёсат майдонда икки Омурбек – Текебаев ва Бабановлар қайтмоқда. Охирги сайловларда Бабанов ортиқча урунмасдан ҳам 35 фоизлик сайловчилар овозини тўплаб қўйганди.
Агар бу кучлар алоҳида-алоҳида ёки бирлашган ҳолатда ҳам навбатдаги курашни бошласа, Жээнбековнинг аҳволи қийинлашиши аниқ. Чунки амалдаги президент сиёсатчи сифатида аҳолининг эътибор марказидан четда қолмоқда.
2023 йилга қадар ҳокимиятда қолиши мумкин бўлган Жээнбеков бир кун собиқ президентга айланганида унинг ҳам тақдири ўтмишдошлариники каби бўлмаслигига кафолат йўқ. Демак, ҳозирда сал бағрикенглик қилиб, масалан Акаевни кечириш, Бакиевга авф эълон қилиш, Атамбаевнинг оила аъзоларига нисбатан жиноят ишлари очишни тўхтатиши мумкин.
Жээнбеков бу борада Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевдан ўрнак ва сабоқ олса, ўзига фойда бўлар эди. Шароф Рашидов номи тиклангани, Ислом Каримов хотираси улуғланаётгани, қўйингки, ўзидан аввал ўтган тарихдаги барча раҳбарларнинг обрўсига путур етказмасдан, шу билан бирга йўл қўйилган хатоларни ёмонотлиқ қилмасдан тўғирлаш йўлидан бораётгани таҳсинга лойиқ. Ҳиммати кенг, узоқни кўзлаган ва кўпни кўрган ўзбеклар етакчиси бу каби сиёсатнинг чиркин ишлардан токи халққа ҳам, сиёсатчининг ўзига ҳам наф тегмаслигини яхши англайди.
Алмазбек Атамбаев адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, собиқ президентни озод қилиш учун улар халқаро Гаага судига мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Ишга халқаро терговчилар аралашса, Жээнбековнинг обрўси яна ҳам тушиши турган гап.
Собиқ президент Роза Отунбаеванинг таъкидлашича, «мамлакатдаги ҳозирги вазият оғир, кутилган ўзгаришлар юз бермади, одамларда умид йўқ».
Дарҳақиқат, Қирғизистонда сўнгги ўттиз йилда салкам 20 бор ҳукумат алмашди. Вазирлар эса кунда ёки кунора истеъфога кетмоқда. Бундай тез ўзгаришлар бўлаверса, ижроия ҳокимияти ишларини амалга ошириш ниҳоятда қийин кечиши муқаррар.
Энг ёмони, ҳар сафар ҳокимият инқилобли тарзда алмашиб, зиддият кучая бошлаганида мамлакатнинг 15 фоизини ташкил қилувчи ўзбек миллатига мансуб аҳоли вакиллари энг кўп азият чекмоқда.
Нима бўлганда ҳам асосий эътиборни халқнинг иқтисодий тараққиётига, ижтимоий ривожлантиришга қаратиши лозим.
Шу кунларда Бош вазир М.Абилгазиевнинг йил охирига қадар 72 та ижтимоий объект, жумладан 51 та янги мактаб, 7 та боғча ишга туширилиши ҳақидаги баёноти кўнгилга илиқлик етказади.
Коррупция ҳам давлатнинг илдизидан емирмоқда. «Чорак аср давомида олий раҳбариятда коррупция асосий миллий муаммо бўлиб келди. Ҳокимиятга интилган аксарият шахслар мамлакатнинг тараққиёти учун эмас, балки миллий бойлик орттириш учун интилишди. Улар ҳокимиятни бизнес ва бойишнинг воситасига айлантириб олишди. Давлат хизматига ўтган тадбиркорлар ўз дунёқарашларини ўзгартиришлари лозим. Ўз обрўсини муқаддас деб билган кишиларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Коррупция билан курашиш давом этади», дея айтган Жээнбеков бу гапларининг устидан қачон чиқади, вақти келса кўрармиз.
А.Ҳасан ўғли
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter