Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чечен қўмондони асир тушган миллатдошларини қутқаришдан бош тортди

Чечен қўмондони асир тушган миллатдошларини қутқаришдан бош тортди

Россия гвардияси таркибидаги «Ахмат» махсус бўлинмаси қўмондони, генерал-майор Апти Алаудинов Украина қуролли кучларига ихтиёрий равишда таслим бўлган, жумладан, Курск йўналишида асир тушган чеченларни қутқариш учун ҳаракат қилмаслигини маълум қилди.

Сўнгги кунларда Украина томони ижозати билан асирликдаги чеченлар қариндошларига қўнғироқ қилиб, уларни қутқаришларини илтимос қилган. Чечен генералига кўра эса, жангсиз таслим бўлган миллатдошлари ҳатто яшашга ҳам ҳақли эмас.

«Чеченлар асрлар мобайнида асирга тушишни ўзи учун катта иснод деб билган. Чечен бундай шармандаликни фақат қон билан ювиши мумкин, холос. Ихтиёрий равишда асирга тушганлар, сизларни қутқариш учун ҳаракат қилишимни кутиб хомтама бўлманглар! Қўлингизни кўтариб, заифалардек таслим бўлгач, қандай бош кўтариб юрасизлар?!» – деган Апти Алаудинов.

Айни пайтда Россия Федерацияси Қуролли кучларининг бош ҳарбий-сиёсий бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаб турган генерал Алаудинов ихтиёрий равишда асир тушган чеченлар Украинага сийлов эканини таъкидлаган.

DW нашри А.Алаудинов ҳозирга қадар Курск вилояти учун жангларда чечен аскарлари Украина ҳарбийларига асир тушганини рад этиб келганига эътибор қаратган.

Аввал хабар берганимиздек, Украина ҳарбий бўлинмалари жорий йил 6 август куни кутилмаганда Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирди. Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, Курск вилоятидаги 92 та аҳоли пункти ёки 1250 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд Киев назоратига ўтган.

Курск ҳудудидаги жангларда Украина томони 100 дан зиёд рус ҳарбий хизматчисини асир олгани, бу бир вақтнинг ўзида асирга олинган энг кўп сонли рус ҳарбийлари экани хабар қилинган. Улар орасида “Ахмат” бўлинмаси аъзолари кўп экани айтилган.

24 август куни Россия Курск вилоятида асирга олинган 115 нафар ҳарбий хизматчини асирликдан қайтарган. Украина ҳам айни шунча аскарини ватанига қайтаришга муваффақ бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг