«C5+1» форматининг ташаббускори
2016 йилда Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар ҳамда 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳатлар натижасида жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиёга қизиқиши кучайди. Бунга биринчи навбатда минтақадаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати сабаб бўлгани айтилади.
Сўнгги йилларда тилимизга «C5+1» формати деган ибора кириб келди. Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иштирокидаги «C5+1 формати» АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Туркия, шунингдек Европа Иттифоқи билан йўлга қўйилган. Турли сиёсий ўйинчиларнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро муносабатларининг ҳозирги машҳур «C5+1» формати илк бор Япония томонидан 1997 йилда таклиф қилинганлигини ҳамма ҳам билмаса керак. Ўшанда Япония Марказий Осиёда минтақавий мулоқот учун платформа яратишни таклиф қилган эди.
Дунёдаги учинчи иқтисодиёт ҳисобланмиш Япония анъанавий равишда «Катта еттилик» ва AСEAН каби гуруҳларга аъзо ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликка эътибор қаратади ва АҚШни асосий устувор шерик ҳисоблайди. Бироқ, ХХ асрнинг энг катта асосий ҳодисаси бўлмиш – Совет Иттифоқининг тарқаб кетиши ва Марказий Осиёда янги мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши Япония ташқи сиёсати йўналишларини таҳрир қилишга олиб келди. Ташқи сиёсат устуворликларини қайта кўриб чиқишга биринчи уриниш 1997 йилда бўлди. Ўша вақтдаги бош вазир Хасимото Рютаро юқори даражадаги Корпоратив раҳбарлар Ассоциациясида қилган чиқишида «Евроосиё дипломатияси» деб номланган янги сиёсатни эълон қилди. Ушбу дипломатия доирасида Япониянинг «Буюк Ипак йўли» ўтган Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари билан алоқалари мустаҳкамлангани эълон қилинди.
Кейинчалик унинг номи «Буюк Ипак йўли дипломатияси» деб ўзгартирилди. «Буюк Ипак йўли дипломатияси» учта принципдан — ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун сиёсий мулоқот механизмларини ишлаб чиқиш, минтақавий фаровонликни ривожлантириш учун иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ядро қуролини тарқатмаслик режимини сақлаб қолиш, демократияни ривожлантириш ва сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида ҳамкорлик қилишдан иборат эди.
2004 йилнинг 28 август куни Япония ташқи ишлар вазири Ёрико Кавагути Қозоғистон пойтахти Остонада Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан илк бор учрашди (тўғри, ўшанда фақат Туркманистондан вазир эмас,балки Қозоғисмтондаги элчи иштирок этган эди). Мазкур «Марказий Осиё + Япония» учрашув-мулоқоти якунида «Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янги даврга кирмоқда» номли истиқболли сарлавҳа остида пресс-релиз эълон қилинди. Унда Вазирлар учрашувида Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганлиги рамзи бўлган «Марказий Осиё + Япония» форматидаги мулоқот эълон қилингани таъкидланади. Ушбу учрашув-мулоқот натижалари ўзаро боғлиқ учта жиҳатни қамраб олди:
- Япония-Марказий Осиё алоқаларини чуқурлаштириш, Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарорлиги нафақат Евросиёнинг, балки бутун дунёнинг барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланади;
- Минтақалараро кооперациянинг муҳимлиги, бунда Япония етакчи глобал ўйинчилардан биринчи бўлиб Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро кооперацияни қўллаб-қувватлайди;
- Халқаро майдонда Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги кооперация БМТ тузилмаларни ислоҳ қилиш, иқлим ўзгариши, Жаҳон Савдо ташкилотига аъзолик ва гуманитар хавфсизлик масаларини ўз ичига олади.
Маълумки, бу формат аввал бошданоқ фақат битта мамлакатга қаратилмаган, балки Марказий Осиё мамлакатларига комплекс ёндашувга асосланган эди. Шу сабабли Япония минтақага истиқболли ёндашган илк давлатлардан бири ҳисобланади. Мазкур концепция Япония томонидан «AСEAН+» моделидан қабул қилинган бўлиб, у дунёнинг янги минтақаси – Марказий Осиё учун буюк давлатлар билан мулоқотда сиёсий мавқеи ва иқтисодий салоҳиятини ошириш учун мос деб ҳисоблаган.
Япония биргаликда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар мавжуд минтақани ягона организм деб ҳисоблаган биринчи мамлакат бўлди.
Тўғри, Токионинг Марказий Осиёдаги дипломатик фаолияти даражаси бошқа кўплаб мамлакатларга нисбатан бир неча сабабларга кўра паст бўлди. Биринчидан, географик масофа бўлса, иккинчидан Японияда бошқа ташқи сиёсат устиворликлар бор эди. Учинчидан, минтақада инвестициявий ва сиёсий хавфлар ҳам бор эди.
Япония минтақада фаоллигини 2013 йилдан кейин қайта тиклади. Мамлакат тарихида илк бор ўша вақтдаги бош вазир Синдзо Абэ 2015 йил октябрида Марказий Осиёнинг бешта давлатига ташриф буюрди (бунгача Япония бош вазирлари фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонга келган эди). Ўшанда Япония минтақанинг муҳим савдо ҳамкорига айланиши учун Марказий Осиё мамлакатларидаги турли лойиҳалар учун 18 млрд АҚШ доллари киритишини эълон қилди.
2015 йилги ташрифи давомида Синдзо Абэ транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш Марказий Осиё учун муҳим вазифалар экани ва Япониянинг ушбу соҳаларда ёрдам кўрсатишга тайёрлиги ҳақида гапирди. Синдзо Абэнинг 2015 йилда Марказий Осиёга ташрифидан кейин дунёда геосиёсат ва геоиқтисодда кўплаб ўзгаришлар юз берди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Катта еттилик»ка кирувчи мамлакатлар ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларнинг учрашувида Япония ташқи ишлар вазири Ёко Камикава Марказий Осиё мамлакатларини «муҳим ҳамкорлар» деб атаган ҳамда 2024 йилда «Марказий Осиё + Япония» саммити ўтказилишини таклиф қилган эди. Ва ниҳоят, Синдзо Абэнинг ташрифидан тўққиз йил ўтиб Япония бош вазири Фумио Кисида Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари билан учрашмоқда. Остонадаги учрашувда Токионинг минтақадаги иқтисодий ва сиёсий устивор йўналишлари баён қилинади. Асосий эътибор ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратилиши аниқ. Япония бош вазири Фумио Кисида Марказий Осиё давлатларига минтақа ва Европани боғлайдиган янги савдо йўлини яратиш учун иқтисодий ёрдам таклиф қилади. Япония ОАВнинг хабар беришича, бош вазир минтақанинг беш етакчиси билан учрашувда Марказий Осиёга иқтисодий ёрдам пакетини эълон қилмоқчи. Бу ҳақда ҳукумат вакилларига таяниб The Japan Times нашри хабар берди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Япония минтақада нафақат инвестиция фаоллигини ошириш учун янги йўналишларга, балки бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ўзининг рақобатдош устунликларига ҳам эга. Япония узоқ вақтдан бери минтақада катта обрў қозонган. Япония инновация ва инсон капитали эвазига кучли технологик сакрашга эришган давлат сифатида кўрилади.
Япония Марказий Осиё давлатлари томонидан турли соҳалардаги бошқа геосиёсий ўйинчилар билан муносабатларда иқтисодий ва сиёсий мувозанат сифатида қаралиши мумкин.
Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Япония икки томонлама муносабатларни ўрнатиш билан бир қаторда, экологиядан тортиб сув ресурсларигача бўлган кўплаб ички муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга доимо кўпроқ қизиқиш билдирган.
Марказий Осиё мамлакатлари глобал иқтисодий жараёнларнинг хом ашё зонасида қолиб кетмасликлари учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаши кераклиги айтилади.
Марказий Осиё мамлакатлари хом ашё йўналишидан узоқлашиш учун юқори технологиялар ва билимларга эга бўлишлари керак.
Япония томони 2016 йилда «Япониянинг илғор муҳандислик таълими тажрибаси асосида Марказий Осиёда саноат инсон ресурсларини ривожлантириш» лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Япониянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларига қаратилган стратегияси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига мос келади.
Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқлари шундан далолат беради. Минтақадаги барча мамлакатлар жамоатчилиги ва сиёсий раҳбарияти минтақавий ҳамкорлик мамлакатлар учун фақат фойда эканлигини тушуниб етди.
Марказий Осиё жаҳон ҳамжамиятида ажралмас минтақа сифатида қабул қилинмоқда. Бу беш мамлакатнинг минтақавий интеграцияси фойдасига қўшимча далил бўлиши ва бу жараёнда янги динамикани рағбатлантириши тобора равшанлашиб бормоқда.
Шарофиддин Тўлаганов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter