Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бюрократия даври битди!

Бюрократия даври битди!

Фото: «estar.sk»

«Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ҳақида.

Бюрократия ҳар қандай жараённи тормозлаб, энг жадал ислоҳотларни ҳам тўхтатиб қўя олувчи куч эканини биз сўнгги юз йилда, айниқса, яққол кўрдик.

Афсуски, ҳозир ҳам бизнинг давлат бошқарувида иш юритиш тизими ўтган аср даражасида қолиб кетган. Бутун дунё ахборот технологиялари, инновациялар ва ишга замонавий ёндашув натижасида илғорлаб кетган бир замонда биз ҳам қоғозга кўмилиб яшамоқдамиз.

Тасаввур қилинг катта бир ташкилот ёки корхонадаги оддий бир жараён: олайлик, ходимда янги ва яхши бир ғоя туғилди. У ғояни ўртоқлашиш, маслаҳатлашиш ва муҳокама қилиб маромига етказиш учун раҳбарнинг олдига киради. Раҳбар эса уни қоғозга ёзиб, расман таклиф сифатида олиб киришини сўрайди. Ходим ёзади, бошлиққа олиб киради... ва ғоя унинг столида бир уюм бошқа қоғозлар ичида йўқолиб кетади. Нега? Чунки раҳбар аллақандай иш режаси, йўл харитаси, билдирги ва яна бир талай ҳужжатларни ўқиб чиқиб имзолаши, тарқатиши ва ҳоказо талай ишлари бор.

Ғоя-ку ўлди, лекин раҳбарнинг ишлари ҳам битмади-да. Чунки у ҳам қоғозбоз тизимнинг бандиси, шу қоғозларни ёзмаса, бандларни «ёпмаса», ҳисоботларни топширмаса, юқоридагиларга ишламаган одамдек кўринади.

Бизда ташкилотлар асосан ана шундай жорий жараёнларга ўралашиб қолган, ходимлар иш вақтининг катта қисмини қоғоз тўлдиришга сарфланади, бирор давлат идорасига иши тушган фуқаро эса ҳали маҳалладан, ҳали таълим даргоҳидан, ҳали яна қандайдир ташкилотлардан маълумотномалар учун сарсон бўлиб вақтини ва асабларини ҳайф қилади.

Тасаввур қилинг, давлатнинг қанча ресурси шу қоғозларга сарф бўлиб кетяпти. Иш унумдорлиги ва самарадорлиги эса паст. Чунки бизда натижалар эмас, ҳисоботлар «гапиради». Ҳисоботларда эса эришилган натижа эмас, қилинган иш кўрсатилади.

Ушбу вазиятни ўзгартириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди.

Электрон шаклга кўчаётган бошқарув

«Ҳисобот раҳбариятни хабардор қилиш учун эмас, ҳисобот муаллифини ҳимоя қилиш учун ёзилади» деган эди АҚШ давлат котиби Дин Аченсон. Чиндан ҳам, ҳисоботлар, докладнойлар, билдиргилар ва ҳоказо иш юритишнинг талай қоғозлари реал жараёнга фойдаси кам, аммо нимадир қилинди деган иллюзияни яратишда самарали восита ҳисобланади.

Бироқ ҳисоботлар билан алдаш даври ўз ниҳоясига етди.

Қарорда бу ҳақида шундай дейилади:

«Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти бўйича зарур ҳисоботларни реал вақт режимида тузиш ҳамда 2021 йил 1 январга келиб қоғоз кўринишидаги бланклар, шакллар ва жадвалларни тўлдиришдан тўлиқ воз кечиш имконини берадиган, барча давлат органлари ва ташкилотларида ҳисобот ва ҳужжат айланишини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин».

Яъни, 2021 йилдан бошлаб давлат идораларида ҳар қандай ҳужжат алмашинуви электрон шаклга ўтказилади. 2020 йил 1 мартгача барча давлат хизматчилари ва раҳбарлар электрон имзо билан таъминланади.

Сўнгги йилларда рақамли технологияларнинг ривожланиши туфайли электрон ҳужжат алмашинуви ташкилотлар ишига ҳам, оддий фуқаролар ҳаётига ҳам фаол кириб бормоқда. Ушбу чора бошқарув жараёнини оптималлаштириш орқали меҳнат самарадорлигини ошириш, коррупциянинг олдини олиш, ресурсларни тежаш ва ҳаётни қулай қилиш каби фазилатларга эга.

Бу принцип асосида ишлаш шу пайтгача айрим йўналишларда жорий этилди ва ўзини оқлади. Хусусан, «Av-ijro», «E-xat», «Notarius» каби электрон дастурлар орқали бюрократия жараёнлари анча қисқарганини кўришимиз мумкин.

Электрон ҳужжат алмашинув туфайли қуйидаги ижобий натижалар қайд этилди:

биринчидан, вақт тежалади: ҳужжат излаш, нусха кўчириш, папкаларга тикиш ва ҳоказолар билан иш куни ўтиб кетади баъзида. Марказлашган маълумотлар базаси орқали эса ҳужжатни бир зумда топиш, захира нусха сақлаш мумкин, асосийси, у ҳеч қачон йўқолмайди; 

иккинчидан, жой, техника ва меҳнат ресурслари тежалади: уюм-уюм қоғозлар хоналарда тўпланмайди, архивлар учун махсус хона ва уларни сақлайдиган ходимлар керак эмас;

учинчидан, давлат хизмати фаолияти шаффофлашади: ҳар бир ҳужжат қанча муддатда тайёрланди, қачон тасдиқланди ва ижрога йўналтирилди, натижаси нима бўлди – барчаси тизимда ўз аксини топади. Энди ҳеч нарсани яшириш ёки айланиб ўтиш имкони қолмайди. Ҳар бир ҳужжат устида амалга оширилган ҳар қандай хатти-ҳаракат учун масъул шахс аниқ бўлади;

тўртинчидан, давлат хизматчисининг фаолияти самарадорлиги ортади: қоғозга босилган ҳужжатнинг фалон идорадан етиб келишини кутиш, ҳужжат учун аллақаерларга бориб-келиш, шу сабабли керак вақтда иш ўрнида бўлмаслик каби ҳолатларга чек қўйилади;

бешинчидан, коррупциянинг олди олинади: у ёки бу ҳужжатга кўчада, олайлик автомашина салонида «чапақай» имзо чекиб муҳр босишлар имкони қолмайди;

олтинчидан, харажатлар камаяди: қоғоз, принтер, почта маркаси, конвертлар, курьер хизмати кабиларга харажатлар қисқаради;

еттинчидан, давлат хизматчилари ва раҳбарларнинг ўз ишидан қониқиши ортади: кундалик вазифаларнинг оптималлашуви натижасида ходимлар иш жараёни қулайлашади ва меҳнатга иштиёқи ортади. У бошлиққа қўл қўйдириш, бунисига виза олиш. Бошлиқнинг мажлис ёки тадбирдан қайтишини кутиб қабулхонасида вақт ўтказиш каби ҳолатларга барҳам берилади. Бу иқтисод қилинган вақтни тренинглар, ўқув курслари хуллас, касбий ва шахсий ривожлантиришга сарфлаш мумкин. Айниқса, фуқаролар билан бевосита мулоқот қиладиган давлат хизматчилари учун бу жуда муҳим.

Ортиқча идоралар керак эмас

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 23 та вазирлик, 11 та давлат қўмитаси, 33 та агентлик, 9 та қўмита, 14 та инспекция ва яна бошқа органлардан иборат жами 94 та давлат бошқаруви органлари фаолият юритмоқда. Бу жуда кўп, яъни маъмурий аппарат кенгайиб кетмоқда.

Ушбу идора ва ташкилотлардаги ходимларнинг аксар вақти иш режаларнинг бандларини ёпиш, ҳисобот ёзиш, хат чиқариш ва ҳоказо қоғозбозлик, жорий ишларга сарф бўляпти. Стратегик ривожланиш устида ишлашга вақт ва ресурс кам қоляпти.

Президент қарорида ҳам бу масала алоҳида тилга олинган:

«...ўтказилган таҳлиллар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, шу жумладан ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти сақланиб қолаётганлигини кўрсатди».

Амалий аҳамиятга эга бўлмаган йиғилиш ва мажлислар кўпинча амалий аҳамияти паст тузилмалар томонидан ўтказилиши сир эмас.

Шундай шароитда Президентнинг ушбу қарори давлат бошқаруви тизимини оптималлаштирилган қаратилган муҳим ҳужжат сифатида аҳамиятга эга.

Қарорда: «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги «Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5527-сон Фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалдаги идоралараро коллегиал органларнинг фаолияти таҳлил қилинганлиги ва самарадорлиги баҳоланганлиги, натижасига кўра уларни янада қисқартириш ва мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин», дейилмоқда.

Идоралараро коллегиал органларни қисқартириш, аввало, бюрократия ва мажлисбозликларни қисқартириш деганидир. Бу жараён 2018 йил 28 августда имзоланган «Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори билан бошлаб берилган эди. Ушбу ҳужжат билан 81 та идоралараро коллегиал орган қисқартирилган (уларнинг вазифаси тегишли вазирлик ва идораларга юклатилган), яна 25 та шундай органнинг фаолияти эса оптималлаштирилиши белгилаб берилган.

Орадан ўтган бир йилдан ортиқроқ фурсатда Адлия вазирлиги томонидан яна ўнлаб шундай идоралараро органлар фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинди ва самараси суст органларни тугатиш таклифи берилди. Биз сўз юритаётган қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб яна 29 та идоралараро коллегиал орган тугатилмоқда.

Асли ушбу идоралараро органларни ташкил этишдан мақсад у ёки бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб, марказлашган ва тизимли тарзда амалга оширишдан иборат эди. Аммо бу тизим ўзини оқладими?

Амалда, масалан, фалон идоралараро кенгаш маълум вақт оралиғида, олайлик, ҳар чоракда бир йиғиларди. Йиғилиш учун тайёргарлик кўриларди, ҳисоботлар тайёрланарди, докладлар ёзиларди, давлат хизматчилари иш вақтида шу кенгаш мажлисига келарди, бир-икки соат ўтирарди ва ҳоказо. Аслида эса ўша кенгашлар қиладиган ишни у ёки бу идоранинг иккитагина ходими бажарарди. Қолгани шу икки ходим ишини коллегиянинг иши деб кўрсатиш учун қилинадиган тадбир эди, холос.

Бу ортиқча расмиячиликдан воз кечиб, асосий сиёсатни белгилашни тегишли масъул органга, мувофиқлаштириш ва ҳисоботларни юритишни эса электрон ахборот тизимларига юклаш вақти келди. Мазкур қарор шу вазифани аниқ белгилаб бераётган ҳужжат сифатида муҳимдир.

Ҳокимлар ваколатлари қисқарди

Қарордаги энг муҳим жиҳатлардан яна бири, ҳокимликларнинг ваколатлари қисқаришидир. Ҳозирги кунда ҳокимликлар зиммасида юзлаб вазифалар ва ваколатлар бор. Бир томондан юкламанинг катталиги, бошқа томондан чексиз ваколатлар ҳокимликлар ишининг самарадорлиги ва талабга мувофиқлиги даражасини пасайтириб юборди.

Қарор билан ҳокимликлардан 11 та ваколат олиниб, тегишли идора ва ташкилотларга топширилмоқда.

Энди ҳокимликлар ўзининг асосий вазифаси – халқ дардини тинглаш ва унга чора топиш билан шуғулланади. Янада аниқроқ айтсак, маҳаллий маъмурий бошқарув аппарати ўзининг бевосита вазифалари билан шуғуллана бошлайди.

«Справкалар» даври ўтди

Қарорда фуқаролар учун ҳам кўп енгилликлар назарда тутилган. Масалан, эндиликда маҳалладан олинадиган 28 турдаги маълумотномалар бекор қилинмоқда. Яъни ушбу маълумотномаларни ҳеч бир ташкилот энди фуқаролардан талаб қилмайди. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам бу маълумотномаларни бермайди.

Очиғи, 21-асрда ахборот технологиялар одамнинг нафақат жисмонан қаерда тургани, балки қизиқишлари, истаклари ва ниятларини ҳам тахмин қилиб турган бир вазиятда (фейсбук лентангизда айнан сиз излаётган маҳсулотнинг рекламаси чиқиб қолишини тасодиф деб ўйламанг) шахснинг яшаш жойидан маълумотнома сўралиши кулгили ҳол. Биометрик паспорт олаётганда киритиладиган маълумотлар ҳеч қаерга йўқолмайди-ку ахир.

Бекор қилинган маълумотномалар рўйхатида «Вафот этган ходим билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи маълумотнома» (маҳалла генетик экспертиза ташкилотими?), «Ишсизлик тўғрисидаги маълумотнома» (уйда ишлайдиган фрилансер бўлса-чи? Маҳалла солиқ идорасими?), «Касалликка чалинган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) аёлларнинг алоҳида хонада яшаши кераклиги тўғрисида маълумотнома» (шарҳсиз!) каби ҳужжатларнинг мавжудлиги ва шу пайтгача одамлар шу мантиқсиз қоғозлар учун қимматли вақтларини, маҳалла эса ресурсларини сарфлаётгани аянчли ҳол эди.

Шунчаки, турли маълумотлар базаларини ўзаро интеграциялаш орқали талай сарсонгарчиликлар ва қоғозбозликларга барҳам бериш мумкин. Энди шундай бўлади ҳам.

Хулоса

Пировард мақсад халқнинг давлат хизматларидан розилигига эришишдир. Давлат идораларига иши тушган фуқаро профессионал, кўтаринки кайфиятдаги давлат хизматчиси билан мулоқот қилса, иши тез битса, ортиқча вақт ва асаб сарфламаса, овора-ю сарсон бўлмаса, бу албатта, инсонларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди. Ўз турмуши ва яшаётган юртидан розилик ҳиссини юзага келтиради. Натижада давлат халқнинг қўллаб-қувватлови ва ишончига сазовор бўлади.

Шаҳноза Соатова,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг