«Бу жуда катта фойда дегани» — Баҳром Зияев электрон ҳукумат, рақамлаштириш ва интеллектуал қобилиятнинг қиймати ҳақида (видео)
Агар рақамлаштириш барча соҳаларга кириб борса, аввало, қоғозбозлик, таниш-билишчилик, коррупция ҳолатларининг олди олиниб, шаффофлик таъминланади. Яна халқ маблағларини назорат қилиб, қаерга, қанча сарфланаётганини ҳам аниқ билиб туради.
Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зияев билан бўлган суҳбатимиз ана шундай қизғин кечди.
– Ассалому алайкум, аввало, таклифимизни қабул қилганингиз учун катта раҳмат. Келинг, суҳбатимизни фаолияти қайта ташкил этилган Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази эндиликда олдига қандай вазифалар қўйганидан бошласак...
– Ҳукумат томонидан марказимиз олдига мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича стратегик вазифалар қўйилган. Бутун дунёни шошириб қўйган пандемия рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат хизматларининг нақадар кераклигини яна бир бор кўрсатди. Аҳоли ўртасида уларга талаб юқорилашиб кетди. Шу паллада қайта ташкил этилган марказимиз халққа сифатли хизмат кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Ушбу жараёнда нафақат электрон ҳукумат, балки республикамиздаги барча вазирликлар, ташкилот ва идоралар ҳам ўз фаолиятини ахборот технологияларисиз ривожлантира олмаслигини англаб етишди. Ҳатто, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлганимизда, улар «Биз ахборот технологияларисиз спортни ҳам ривожлантира олмас эканмиз», деган фикрни билдиришди.
Буни англаб етган вазирлик, давлат ташкилотлари, идоралар борки, ҳаммаси ўз бизнес жараёнини автоматлаштириб, соҳасига рақамли иқтисодиёт, ахборот технология йўналишларини киритиб боряпти. Агар ҳар бир тизимда рақамли технологиялар жорий этилиши юқори кўрсаткичга чиқса, бу нафақат давлат органлари, балки аҳоли учун ҳам қулайлик туғдиради, энг муҳими, шаффофлик таъминланади.
АКТ вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, бизнес ҳамжамияти ва илмий доиралар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг қабул қилиниши ҳам катта қадамлардан бўлди. Барча тармоқларни автоматлаштириш борасида йўл хариталари белгиланди. Ҳар бир соҳага алоҳида рақамли иқтисодиётга йўналтирилган раҳбар кадрлар тайёрлашга киришилди.
Тан оламизми-йўқми, лекин илм-маърифатсиз рақамли иқтисодиётни ривожлантириш қийин, яъни ахборот технологиялар соҳасидаги билимларни оширмай туриб, рақамли иқтисодиётни юксалтира олмаймиз. Ҳозир олдимизда катта бир муаммо турибди, бу ҳам бўлса, кадрлар салоҳиятини ошириш. Бу борада АКТ вазирлиги томонидан барча ҳудудларимизда рақамли иқтисодиёт, яъни ахборот технологияларига йўналтирилган марказлар ташкил этилмоқда.
– Бу соҳа ёшларимизга нималарни ваъда қилади?
– Биласизми, АКТнинг яна битта яхши тарафи – бу соҳада фаолият олиб борувчиларга диплом шарт эмас. Қайсидир дастурий таъминотни ишлаб чиқиш учун унинг тилини билса, марҳамат, ишласин. Хизмати учун пул олсин.
Бугун бежизга ҳар бир вилоятларимизда АКТга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмаяпти. Улар режасига бошланғичдан 11-синфгача бўлган ўқувчи-ёшларга айнан ахборот технологиялари йўналиши билан бирга аниқ фанлар, масалан, математика, физика, информатика, дастурлаш тилларини ҳам ўқитиш киритилган. Яқинда Сирдарё вилоятида АКТга ихтисослаштирилган коллеж очилди. Буларнинг ҳаммаси ёшлар учун, уларнинг келажаги учун.
Ҳозирги кунда республикамизда бу йўналишда 3 та: Амити, Инҳа ва Тошкент ахборот технологиялари университетлари бор. Таҳлил натижалари ушбу йўналишни ёшларимизнинг 0,2 фоизи битираётганини кўрсатган. Бу жуда кам дегани. Шу ўринда савол туғилади: агар биз билим салоҳияти етарли кадрларни етиштира олсак, улар нима беради? Аввало, олган билимлари орқали маълум бир дастурий маълумотлар ишлаб чиқаради. У ўз навбатида давлат органига – қоғоз кўринишидаги ёки бюрократик тўсиқлар деймиз – уларни йўқотишга, шаффофлик таъминланмаган, инсон омили аралашадиган жойлардаги муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради. Кейин халқ ҳам ушбу тизим хизматидан масофадан фойдаланиши мумкин. Ва у Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланади, интеграция қилинади. Шу тариқа халқ ҳар битта давлат органидаги керакли маълумотларни, хизматларни олиш имкониятига эга бўлади.
– Ҳақиқатан, 2020 йилда пандемия сабаб рақамли иқтисодиётга кўпроқ эҳтиёж сездик. Айтинг-чи, бир йиллик олинган хулосалар ва тўпланган тажрибалар қандай бўлди?
– Ҳозирги кунда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан хизмат кўрсатишни автоматлаштиришдан ташқари, тизимларни ишлаб чиқариш бўйича вазирлик ва идоралардан келаётган 350дан ортиқ техник топшириқларга хулосалар берилди. Марказнинг асосий вазифаси жорий этилаётган тизимларнинг ўша вазирлик идораларига қанчалик тўғри келишини ва бир-бирини такрорламаслигини ўрганиш ҳамда давлат бюджетини бекорга сарфламасликдир. Шу мақсадда марказимиз томонидан Ягона ахборот реестри ишлаб чиқилди. У республикамиздаги барча давлат ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган ахборот тизимларининг ягона базаси бўлади. Яъни қайси давлат ташкилотларида нечта ва қайси ахборот тизимлари жорий қилинган, уларнинг рўйхатини юритиш, мониторингини олиб бориш, самарадорлигини ўрганиш ва ҳоказо.
– Электрон ҳукумат соҳасидаги қайси лойиҳаларни ҳам мамлакатимиз, ҳам халқимиз учун муҳим деб ҳисоблайсиз?
– Ўзи ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар лойиҳаларини фаолиятидан келиб чиқиб яратади. Ҳамда у қайсидир вазирлик ёки ташкилот учун муҳим ҳисобланади. Ўша зарур лойиҳаларни бир жойга жамловчи бу – Ягона интерактив давлат хизматлари порталимиз.
Ҳозирга келиб порталда янги модернизация ишларини олиб бордик. Бугунгача 50 дан ортиқ янги хизматлар жорий этдик, лекин бунгача 180 таси мавжуд эди. Эндиликда биз уларни оптималлаштиришимиз керак деб ўйлайман. Тўғри, хизматларни кўпайтирганимиз яхши, аммо халққа уларнинг сони эмас, сифати муҳим. Яъни битта хизмат орқали бир нечта ишни бажаришга эришишимиз лозим.
Масалан, янги фарзандли бўлганда болага илк бор гувоҳнома берилади. Шу ҳужжат билан бирга шахсий идентификация рақамини олиш ва чақалоқни яшаш ҳудудига яқин мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйишни ҳам белгилаб кетиш керак. Шунда бола боғча ёшига етиб, навбати келганида хабар юборилади. Кўряпсизми, ушбу жараён тўлиқ автоматлаштирилган, ортиқча вақт ҳам талаб қилмайди. Бу мактабгача таълим вазирлигининг лойиҳаси.
– Баҳром Қобулович, биламизки, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг очилганига бир неча йил ўтди. Лекин у негадир оммалашмади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
– Сабаби унда аҳолимиз ҳали рақамли технологиялардан фойдаланишни ҳозиргидек билмасди. Лекин пандемия бу жараённи тезлаштирди. Яъни одамлар уйдан чиқмаган ҳолда ушбу хизматларни ўрганишга мажбур бўлишди. Натижада нафақат хизмат турларимиз, балки республикамиз бўйлаб интернет тезлиги ҳам ортди. 2019 йилда 330дан ортиқ аҳоли яшаш пунктлари, яъни қишлоқ ва овулларда интернет тармоғи йўқ эди. 2020 йил якунига қадар кўрсаткич 80 фоизга етказилди.
Шунингдек, мактабларимизда электрон кундалик жорий этилди. У орқали ота-оналар фарзандининг давомадини, дарсларга қатнашишини, баҳоларини кузатиб боряпти. Яна соғлиқни сақлаш объектларимизда электрон поликлиника деган атамалар пайдо бўлди. Илгари шифокор қабулига борсак, навбат кутиб кунимиз ўтарди. Ҳозир ундай эмас. Масофадан туриб, шифокор қабулига ёзилиш, навбати яқин қолганда дарров чиқиб келиши мумкин. Эндиликда ушбу рақамли иқтисодиёт стратегиямизни барча ҳудудларга татбиқ этиш белгиланган. Тажриба тариқасида 12та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридаги 28та туманда, яъни ҳар бир вилоятда иккитадан лойиҳани жорий этиш кўзланган. Шахсан ўзим Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан Хоразм вилоятига бириктирилганман. Ҳозир вилоятнинг Хонқа ва Шовот туманларидаги барча таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш объектларига алоқа линиялари тортиб бўлиниб, тизимдан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу аҳоли учун жуда катта қулайликдир.
Яна ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда таълим сифатини ҳам оширишимиз мумкин. Масалан, Хоразм, Қорақалпоғистон Республикасида математика фанидан билими юқори болалар жуда кўп экан. Таҳлил қилганимизда, 70 фоизи математикадан беш оларкан. Шунинг учун энди эътиборни Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаларига ҳам қаратиб, IT-Паркларни ривожлантиришни ҳамда болаларни ахборот технология йўналишида кучайтирилган тартибда ўқитишни мақсад қилганмиз.
– Хизматларга бўлаётган талабни ўзингиз ҳам кузатиб борасизми?
– Албатта, ҳар битта хизмат жорий этилганда ундан ўзим ҳам фойдаланиб кўраман. Яъни қайси босқичлари одамлар учун қулай, муаммолар келиб чиқмаяптими, яна қандай енгилликлар киритиш мумкин – бирма-бир ўрганаман. Танишлардан ҳам фойдаланиб кўришини сўрайман. Хизматлар босқичи қанчалик қулай бўлса, аҳолининг масофадан фойдаланиш самарадорлиги шунчалик ошади. Биз бу соҳани билганимиз учун бирор ноқулайлик бўлса, ечим топиб кетаверишимиз мумкин. Лекин оддий халқ қийналади. Шуни ҳам ҳисобга олишимиз шарт.
– Тўғри айтдингиз, ҳақиқатан, ушбу тизимни аҳоли яхши тушуниб олиши учун бироз вақт керак. Бу борада яна нима ишлар қилинмоқда?
– Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда бизнинг стратегиямиз бу – Ягона интерактив давлат хизматларининг ягона билинг ҳамда аҳолини идентификация қилиш тизимларини босқичма-босқич жорий этишдир. Биз нафақат аҳолига, балки давлатга ҳам хизмат кўрсатамиз. Масалан, давлат божини олишда. Аҳоли маълум бир хизматдан фойдаланганда пул тўлайди ва у давлатга бориб тушиши керак. Мазкур жараён шаффоф амалга ошириляптими-йўқми, назорат қилиш лозим. Шу боис биз ҳар бир хизматга ягона билинг тизимини ишлаб чиққанмиз. У орқали хизматдан фойдаланган шахс ўша жойнинг ўзида тўлаш имкониятига эга бўлади ва давлат божи тўғридан-тўғри давлат бюджетига тушади.
– Бугунга келиб вазирликлар ва давлат ташкилотлари ўртасида ахборот алмашинуви қандай йўлга қўйилган?
– Бу мақсадда идоралараро интеграцион платформа яратилиб, у орқали барча вазирлик ва ташкилотларга тегишли маълумотларни алмашиш кўзланган эди. Аммо у бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Ушбу тизим 2014 йилда Корея билан ҳамкорликда жорий этилиб, ҳозирги кунда маълумотлар ҳажми ўсгани сабаб кўтариш қобилияти дош беролмаяпти. 2021 йил охиригача шу тизимни янгилашни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
– Кўп соҳаларда ҳудудлар билан ишлаш ҳалигача яхши йўлга қўйилмаган. Электрон ҳукуматнинг бу борада олдига қўйган мақсади, тактикаси қандай?
– Бугунги кунда ҳар бир ҳудуд бўйича лойиҳаларнинг бажарилиш босқичлари, кечикиш сабаблари таҳлил қилиниб, улар натижасини жойларга чиққанда ҳолда ўрганадиган мутахассисларимиз мавжуд. Улар муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришади. Яъни интернетдан тортиб, дастурий таъминотни жорий этишгача. Шунингдек, бошқариш учун мониторинг тизимини ҳам ишлаб чиқдик. Бунда барча лойиҳаларнинг рўйхати ва амалга ошириш муддати белгиланган бўлади. Ҳозирги кунгача 30 та лойиҳа тўлиқ битди.
– Бу қанча муддатда амалга оширилди?
– Президентимизнинг ушбу масалага қаратилган қарори 2020 йилнинг ёз фаслида имзоланган бўлса, шу вақтгача иқтисодиёт тармоқлари ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда вазирлик идораларида 250дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Биргина мисол, агар биз ҳозирги кунда газ ҳамда электр энергия таъминотини автоматлаштирмасак, аҳолига етказиб берилаётган маҳсулотимиз сифати тушади. Эндиликда янги ҳисоблагичлар орқали масофадан мониторинг қилиш имконияти яратилди. Айнан автоматлаштириш ёрдамида соҳани ривожлантиришга эришамиз. Агар ушбу босқичга олиб чиқолмасак, шаффофлик бўлмайди.
Масалан, жаҳон тажрибасидан Ҳиндистон ёки Корея, Қозоғистон, Беларусь давлатларини оладиган бўлсак, уларнинг асосий даромади ахборот технологиялари йўналишидаги дастурий маҳсулотлар экспортидан. Бизники эса қишлоқ хўжалиги ёки маълум бир ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар орқали. Ўз-ўзидан биз ушбу маҳсулотларни олиш учун қандайдир ресурслар ишлатамиз. Ахборот технологиялари эса ресурс эмас, ақлий жараённи талаб қилади. Яъни бунда интеллектуал қобилият сотилади. Интеллектуал қобилиятнинг маржаси 90% ҳисобланади. 10%ига интернет ва компьютерингизга кетади. Бу жуда катта фойда дегани.
Яна бир оддий мисол, айтайлик, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани аҳолиси шу кунгача газдан фойдаланган. Лекин ким, қанча миқдордаги газ ишлатгани тўғрисида на маълумот, на рўйхат мавжуд эмас. Айнан ақлли ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали газга сарфланган пулдан 70 фоиз кўп даромад олишга эришилди. Буни ҳатто ўша газ берадиган ташкилотнинг ўзи ҳам билмаслиги ойдинлашди. Мана муаммо қаерда?! Ахир бу давлат бюджетига зарар-ку. Аҳолига газ сифатли етказиб берилса, улар ҳам пулини вақтида тўлашга одатланади. Ҳатто олдиндан тўлаб қўйгани учун сифатли газ берилишини талаб қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.
– Айтмоқчисизки, барча соҳалар рақамлаштирилса, таниш-билишчилик, коррупция ҳолатларининг олди олинади, яна халқ ўз маблағларини назорат қилиб, қаерга, қанча сарфланаётганини аниқ билиб туради, шундайми?
– Албатта. Рақамли технологияларни жорий этиш бу мамлакатимиз олдига қўйилган улкан мақсадларга эришишнинг энг қисқа йўлидир. Тизим маълумотга қанчалик кўп эга бўлса, таҳлил қилиш орқали, ҳатто, келаётган хавф-хатарга ҳам олдиндан тайёр туришимизни белгилаб беради. Яъни шаффофликни таъминлаш билан бирга ўсишимизга ҳам хизмат қилади.
– Энди ўтган йил натижалари, 2021 йилга мўлжалланган режалар, лойиҳалар билан ҳам ўртоқлашсангиз...
– Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, қисқа вақтда 50дан ортиқ давлат хизматларини жорий қилди. Маълум бир тизимлар, яъни давлат ва хўжалик бошқарув органлари билан алоқаларни автоматлаштиришга эришдик. Жумладан, техник топшириқдан тортиб, унга бериладиган хулосаларни ҳам электрон кўринишга ўтказдик. Маълум бир тизимларимиз модернизация қилинди. Олдимизга қўйилган мақсадлар жуда катта. Масалан, жорий йилда маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу давлат органлари учун юқори натижа дегани. Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган хизматларни оптималлаштиришни, яъни сонига эмас, сифатига баҳо беришни мўлжаллаяпмиз.
Бундан ташқари, кейинги жараёнларда ҳар бир вазирлик идораларини рейтинг баҳолашни йўлга қўймоқчимиз. Улар бу орқали ўз ютуқ ва камчиликларини ўрганиб, тегишли хулосага келишади.
2021 йилда ҳар бир вазирлик идораларидаги мутахассисларимизни ўқитишни режелаштирганмиз. Улар савиясини ошириш орқалигина бу йўналишни тезроқ ривожлантиришга эришамиз. Жорий йилда тўлиқ якунига етказиладиган 500 дан ортиқ йирик лойиҳалар бўлиб, уларни тизимли назорат орқали то якунлангунча кузатиб боришимиз керак.
Бугунги кунда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази юқори малакали мутахассисларга эга, лекин етарли эмас. Ҳозир кадрлар етишмаслиги кўп жойларда – глобал муаммо. Шунинг учун бу масала ҳам алоҳида эътибор талаб қилади.
Яна ҳар бир соҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳам баҳолаб боришимиз керак. Мана шу мақсадларимизни амалга ошира олсак, ўсиш сари қадам босган бўламиз.
– Ҳар бир соҳада ривожланиш бўлиши, қандайдир натижага эришиш учун хориж тажрибасини ўрганиш керак, назаримда. Сизнингча, бу қанчалик муҳим?
– Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбарига, яъни менга Кореянинг шу йўналишдаги мутахассиси доктор Шин маслаҳатчи этиб тайинланган. Ва биз ушбу ривожланган давлат тажрибасини ўзимизда қўллаб келаяпмиз. Бугунги кунда Кореянинг электрон ҳукумат йўналиши давлат бюджетига ўртача 15 миллиард доллардан ортиқ фойда келтиряпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter