Бир ҳоким ва уч фермер «қиссаси»
Улуғбек Исомиддинов... Андижон туманига бир неча йилдан бери ҳокимлик қилаётган бу амалдор ҳақида неча марта ёзилмади, дейсиз?! Сайтимизнинг ўзида икки марта танқид қилинди. Бироқ калла мўлжаллаб отилган «тош»лар саллани чувалатди, холос. Мақолаларда қаламга олинган аянчи ҳолатлар на рад этилди, на тан олинди. Бу орада ҳоким жаноблари ўзини танқид қилган журналистни судга бериб кўрди. Бироқ муроди ҳосил бўлмади: судда ютқазди. Шу ҳолатнинг ўзи мақолалар асоссиз эмаслигини кўрсатади. Шунга қарамай, мутасаддининг ҳеч-йўғи «бурнига чертиб қўядиган» ваколатли вакил топилса, қани?! Бу эса амалдорнинг янада «кенг қулоч ёзиб», фаолият кўрсатишига «илҳомлантирмай» қўймайди, албатта.
Бугун Улуғбек Исомиддинов фаолиятидан яна «бир шингил» ёзишга тўғри келмоқда. Ҳолбуки, қаламга олинаётган масалага Олий суд аллақачон қонуний нуқта қўйган, шунга қарамай, ҳоким бува суд қарорига «кинна солиш»дан нарига ўтмаётгандек...
Хуллас, гап ҳоким ва тумандаги «Шерзодбек олтин даласи», «Абдуқаҳҳор ворислари» ҳамда «Жўрабек» фермер хўжаликлари ўртасидаги низо ҳақида.
...Хабарингиз бор, 2019 йилнинг январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг фермер хўжаликларини мақбуллаштиришга доир қарори қабул қилинганди. Қарор моҳиятини деҳқончасига тушунтирсак, ўзини оқламаётган, қолоқ хўжаликлар тугатилиб, уларнинг ер майдонлари доимий юқори кўрсаткичларга эга, илғор фермерларга қўшиб берилиши кераклиги қайд этилади.
Бироқ ҳукуматнинг айни қарори Андижон туманида тескари ижро этилишга тушилди. Яъниким, тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов қарорни «пана қилиб», 2019 йил 23 январь кунги қарори билан «Шерзодбек олтин даласи», «Абдуқаҳҳор ворислари» ҳамда «Жўрабек» каби илғор фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаларини бир томонлама бекор қилворсами?! Қисқаси, Вазирлар Маҳкамасининг қарори мутлақо тескари бажариладики, захирага олинган ерлар олдиндан фаолият кўрсатиб келаётган пешқадам фермерларга бириктирилмай, улар негизида деҳқончилик бобида тажрибага эга бўлмаган мулкдор номига янги хўжалик ташкил этилади.
Табиийки, еридан мосуво бўлган фермер суд остонасига бош уриб бориши турган гап: «Адолатни тиклаб беринг, қози бува!»
Шундай бўлди ҳам. Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши уч фермер – Шокир Отажонов, Жўрабек Рўзиохунов ҳамда Шокир Йўлдошевларнинг шикояти билан обдон танишгач, арзгўйларнинг манфаатини ҳимоя қилиб маъмурий судга мурожаат қилди.
Суд жараёни бирам узоқ давом этди-ей! Фермерларнинг аризаси айланиб-ўргилиб, Қўрғонтепа тумани маъмурий судига бориб, то суд шикоятни рад этиш ҳақида қарор чиққунча 2019 йилнинг май ойи оёқлади. Иш вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди қарори кучда қолдирилган пайтда саратонни чилласи кириб улгурди....
Алқисса, фермерлар ҳам вақтидан, ҳам нақдидан ютқазишди, илло ортга чекинилмади. Ўтган йилнинг адоғида масала Олий судда кўрилиб, қуйи судларнинг қарор-у ажримлари бекор қилинди. Шу баробарида янги мазмунда қарор қабул қилиниб, фермерларнинг аризаси қаноатлантирилди: ҳокимнинг юқорида зикр этилган қарорининг уч фермер хўжалигига тааллуқли қисми ҳам ҳақиқий эмас, деб топилди.
Олий судда қуйи инстанция судларининг қарорлари бекор қилиниши ёки ўзгатирилиши табиий. Бироқ унчаям мураккаб бўлмаган низо юзасидан чиқарилган суд ҳужжатларининг мутлақо акси бўлган қарор чиқарилиши тез-тез учрайдиган ҳолат эмас. Ахир Олий судда вазият 180 градусга ўзгариб кетди-да.
Майли, кўпам башоратга берилмай воқеалар ривожини кузтишда давом этайлик.
Фермерларнинг шунча овораю сарсон бўлганига яраша адолат қарор топибди-ку, ерларини қайтариб, экин-тикинни бошлаб юборишгандир дерсиз? Қаёқда?
Олий суд қарорининг ижросини-ку қўятуринг, айни ҳужжатнинг ҳали сиёҳи қуримасдан туриб туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов сўз бораётган фермер хўжаликлари устидан бу гал Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди. Мазмун-моҳият ўша-ўша: «ҳокимлик ва фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер участкаларини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаларини бекор қилишингизни сўрайман».
Андижон туманлараро иқтисодий суди ҳокимнинг даъвоси бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш юзасидан 2020 йил 18 февраль куни ажрим қилди. Мазмуни шуки, «ҳоким бува, жичча шошибсиз, бизга мурожаат қилишдан аввал фермерларга ерларини қайтариб беринг – тартиб шундай. Ана ундан кейин келган жойидан гаплашаверамиз, хўпми?»
Ҳоким айни куннинг ўзидаёқ (!) яшин тезлигида бир кун аввалги, яъни 2020 йил 17 февраль санаси (!) билан Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 декабрдаги қарори ижро учун қабул қилинганлиги ҳақида қарор қилди ҳамда иқтисодий суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш юзасидан вилоят иқтисодий судига дарҳол апелляция шикояти берди. Бу масала яқин кунларда вилоят иқтисодий судида кўриб чиқилади... Иқтисодий суд қандай қарор қабул қилади — аввалдан бир нима дейиш қийин. Аммо бир нарса аниқ: суд қандай қарор чиқармасин, фермерлар 2020 йилни ҳам судлашиб ўтказиши эҳтимоли каттадек...
Майли, ҳозир гап бунда эмас. Гап Олий суднинг қарори ижроси ҳамон «ўйин» бўлаётганида!
Олий суднинг 2019 йил 23 декабрдаги қарори орадан салкам икки ой ўтиб ҳоким томонидан ижро учун қабул қилинди (суд қарорининг ижросини ҳазм қилиш жуда қийин кечганини англадингиз). Аммо ер майдонлари амалда эгаларига қайтариб берилмади. Ижро номигагина, қоғоздагина амалга оширилди, холос.
Иккинчидан, низони сунъий равишда, судма-суд чўзишдан ҳар уч фермер хўжалиги ва уларнинг аъзолари катта миқдорда моддий даромадни бой берётганини сезиб-илғаб турибсиз: салкам 200 гектардан зиёд экин майдони ортидан то ер ноқонуний захирага олингунга қадар қанча-қанча оила рўзғор тебратиб келганлигини тасаввур этаверинг. Боз устига, ер қўлдан қўлга ўтиши эвазига пахта ва ғалла ҳосилдорлиги ҳам кескин тушиб кетиши турган гап. Деҳқончиликда бир кунлик бепарволик ҳам ҳосилдорлик тушиб кетишига «муносиб» ҳисса қўшади-да. Пировардида юқоридаги ҳар икки жиҳат туман иқтисодиётига етарлича зиён етказишини даланинг тилини тушунадиганлар яхши билишади.
Ва ниҳоят, ҳокимнинг фермерлар билан ер борасида қаттиқ талашиб-тортишини кузатиб, минг хижолатда бўлса ҳам айтайлик: ҳатто фуқаролик судларидаги мерос билан боғлиқ низоларда ҳам бундай кескин «кураш»лар камдан-кам учрайди. Назарда тутилган экин майдонлари эса – давлатники, фермерларга нақ 49 йилга ижарага берилганди-ку...
Энг асосий савол эса мана бу: Олий судда ҳақ-ҳуқуқлари тикланган бўлса-да, туман ҳокими атрофидаги донишмандлар қонундан «дарча» топиб, низони аччиқ ичакдек чўзишаётгани, бунинг натижасида амалда ерига эгалик қилолмаган фермерларнинг қонунга, олиб бораётган ислоҳотларга нисбатан ишончига соя солмайдими?
Бирники – мингга, мингники – туманга, деган гап бор ахир!
Нурилло Нўъмонов, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter