Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аналог телевидениенинг «сўнгги баҳори»

Аналог телевидениенинг «сўнгги баҳори»

Аналог узатгичлар бирин-кетин ўчирила бошланди.

Фото: «Akket»

2018 йилнинг декабрь ойида сўнгги аналог узатгичлар ўчирилиши билан Ўзбекистон рақамли телевидениега узил-кесил ўтган давлатлар қаторига қўшилади.

Бу йил мамлакатимиз телевидениеси ҳаётида туб бурилиш ясалади – 62 йиллик тарихий йўлни босиб ўтган, ўз технологик ривожланиш имкониятларини батамом сарфлаб бўлган аналог телевидение ўз ўрнини рақамлисига тўлиқ бўшатиб беради. Декабрь ойида сўнгги аналог узатгичлар ўчирилиши билан Ўзбекистон рақамли телевидениега узил-кесил ўтган давлатлар қаторига қўшилади.

Хўш, бу нимани англатади. Ҳукумат-ку ўз вазифасини бажарди: рақамли қоплаш уддаланиб, мана энди аналог узатгичлар бирин-кетин ўчирила бошланди (15 январда Фарғона водийси ва Тошкент вилоятидан бошланди). Халқимиз бунга қанчалик тайёр? Ҳар ҳолда ҳамманинг ҳам уйида сўнгги русумдаги корейс ва япон телевизорлари ёинки ТВ-тюнерлар бўлмаса керак. Шаҳарликлар-ку майли, «кабел»га уланиб кўришаверади, аммо чекка-чеккаларда оддий антеннада икки-учта канални зўр-базўр тутиб кўриб юрганлар-чи? Улар боридан ҳам айрилишадими ё илгари ўзлари тасаввур ҳам қилмаган техника мўъжизаларидан баҳраманд бўлишадими?

Бу саволларимизга «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Жавлон ИСАЕВдан жавоб олдик.

Рақамли қоплаш 100 фоиз уддаланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлидаги «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2017 йил якунига қадар ҳамма ҳудудларда 90 комплект юқори қувватли ва 404 комплект кам қувватли рақамли телеэшиттириш узатгичларини ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш кўзда тутилганди.

«Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси белгиланган бу вазифаларни муддатида бажарди ва Ўзбекистондаги барча аҳоли яшаш масканлари тўлиқ рақамли телевидение дастурлари билан таъминланди. Бу ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам рақамли телевидение сигналлари бор, дегани.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида Тошкент шаҳрида сунъий йўлдош алоқа тармоғига рақамли теледастурларни узатиш ва қабул қилиш Ер станцияси ишга туширилди. Бу сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12та теледастури ва 4та радиодастури узатиб бериляпти. Уларни нафақат Ўзбекистонда, балки 40дан ортиқ чет мамлакатларда ҳам кўришингиз мумкин.

Аналог ТВ қандай ўчириляпти?

Юқоридаги қарорда мамлакатимизда ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш жадвали ҳам тасдиқланган.

2018 йилнинг 15 январидан бошлаб то 5 декабрига қадар бутун республика бўйлаб аналог форматдаги барча телеэшиттиришлар тўхтатилади.

Бу жадвалга асосан 2018 йилнинг 15 январидан Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида аналог форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилди.

Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш, аналог телеэшиттиришларнинг босқичма-босқич тўхтатилиши тўғрисида хабардор қилиш мақсадида 2017 йилнинг ноябрь ойида мобил алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиб, аҳолига SMS-хабарлар юборилди. Декабр ойида эса Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги мобил алоқа абонентлари SMS-хабарлар орқали огоҳлантирилди.

Қолаверса, аҳолини янада яқиндан хабардор қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали:

  • Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг вилоят телеканаллари, вилоятлардаги нодавлат телеканалларида 48 маротаба; (интервью, видеоролик, эълонлар);
  • радиода: 31 маротаба (интервью, эълонлар);
  • газета ва интернет нашрларда: 27 маротаба (мақола ва эълонлар) чиқишлар қилинди.

Бундан ташқари, «РРТМ» ДУК томонидан жойларда ўтказилган 52та сайёр қабул йиғилишларида ҳам аҳоли билан бевосита тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тавсия: Телевизор ёки тюнер харид қилаётганда, ушбу қурилманинг DVB-T2 стандартини қўллаб-қувватлашига эътибор қаратиш лозим. Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақда батафсил ахборот берилган бўлади.

Рақамли телевидениенинг ижтимоий очиқ тўплами

Бугунги кунда республикамизда рақамли телевидениенинг ижтимоий очиқ тўплами шакллантирилган бўлиб, ушбу тўплам таркибига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston», «Yoshlar», «Toshkent», «Sport», «Navo», «Dunyo bo‘ylab», «Madaniyat va ma'rifat», «Bolajon», «Kinoteatr», «Oilaviy», «Mahalla», «O‘zbekiston 24» telekanallari va «O‘zbekiston», «Yoshlar», «Mahalla», «O‘zbekiston 24» радиоканаллари ҳамда «Zo‘r TV», «Sevimli» (Сaravan TV), «Uzreport», «Futbol TV», «MY5», «Milliy» нодавлат телеканаллари дастурлари киритилган. Ушбу телеканаллар дастурларини кўриш бепул.

Кимнинг хонадонидаги телевизорда ушбу теледастурлар кўрсатаётган бўлса, улар аллақачон рақамли телевидение хизматларидан фойдаланишмоқда.

Эслатма! Мазкур маълумотлар эфир орқали (теледастурларни антенна орқали қабул қилиш) узатилаётган телерадиодастурларни кўрувчиларга тегишли. Кабел телевидениеси, «Ўзбектелеком» АКнинг «IP» телевидениеси хизматларидан ҳамда сунъий йўлдош алоқа тармоғидан (параболик антенна орқали) фойдаланиб теледастурларни кўрувчиларга тааллуқли эмас.

Келинг, дунё тажрибасига ҳам кўз ташласак, улар аналогдан қандай воз кечишди экан?

Агарда ҳозир шартли равишда «Дунёнинг телевидение харитаси»ни тузадиган бўлсак, уч гуруҳ пайдо бўлади:

  • Рақамли ТВга ўтиб, аналог ТВни тўлиқ ўчирган мамлакатлар (АҚШ, Япония, Германия, Нидерландия ва бошқалар)
  • Рақамли ТВ ва аналог ТВни параллел ишлатаётган мамлакатлар (Хитой, Россия, Украина, Ўзбекистон ва бошқалар)
  • Рақамли ТВ умуман мавжуд бўлмаган мамлакатлар (Покистон, Ливия, КХДР, Марокаш, Сурия, Ироқ ва бошқалар)

Эътибор берган бўлсангиз, келгуси йилдан биз ҳам «юқори поғона аъзоси»га айланамиз. Мавзуимиз «Аналогни ТВни ўчириш», демак, биз учун мана шу, аналог ТВни буткул ўчирган мамлакатлар тажрибаси қизиқ.

Нидерландия. Дунёда биринчи бўлиб Нидерландия рақамли ТВга тўлиқ ўтди (2007 йил январ). Аналог ТВдаги 30та канал ўрнига рақамлида юзлаб каналлар таклиф этилиши ва LCD телевизорлар савдосининг жадаллашиши бу жараённи тезлатиб юборди. Кабел операторлар ҳам рақамни қўллаб-қувватлашди, масалан, UPC ўз рақамли тарифларини аналог каналларники билан бир хил белгилади.

Швеция. Скандинавлар рақамли ТВни 1999 йилдан жорий этишга киришишди ва умумий ҳисоблаганда, аналог ТВ рақамлиси билан саккиз йил ёнма-ён «яшади».

Германия. Рақамли эфир узатишларига Германия 2004 йилдан киришган. Шуни айтиш керакки, немислар учун аналог ТВдан воз кечиш айтарли муаммо туғдирмади. Бунгача кабел ва йўлдош каналлар ўта ривожланган, аналог ТВдан аҳолининг бор-йўғи 10 фоизи фойдаланарди. Немисча рақамлаштиришнинг битта хусусияти бизникига ўхшайди – улар ҳам аналогдан воз кечишни ҳудудлар бўйича тақсимлаб, босқичма-боқич амалга оширишди.

Испания. Пиренейликлар рақамли узатишни 2002 йилнинг май ойидан бошлашди. Бироқ дастлабки тижорий лойиҳа инқирозга юз тутди. 2005 йилнинг ноябр ойида рақамли телевидениега қайта старт берилиб, 20 телеканал, 14 радиостанцияни ўз ичига олган бепул хизматлар пакети жорий этилди. Аммо аналог ТВ яна беш йил ишлаб берди.

Буюк Британия. Доим ўз мезонлари билан яшовчи консерватор инглизлар «одатларига хилоф равишда» Европада биринчи бўлиб, (1998й.) рақамли телевидениени жорий этишга киришишди. Аммо биринчи бошлаш билан биринчи бўлиб ўтиш ўртасида фарқ бор, шундай эмасми? Илк британ рақамли ТВ тармоғи – ONdigital, худди испанларники каби кўпга бормади. Нега? Чунки Англия футбол лигаси билан тузилган шартномалар қиммат, хизмат сифати паст, частоталарда каналлар ўта тиғизлашиб кетганди.

Аввалига рақамлаштиришни 2005 йили якунлашга уриниб кўришди, бироқ бу йили фақатгина Кармартеншир (Уэлс) графлигида аналог сигнални «пилот» лойиҳа сифатида ўчиришди холос. «Рақамли ўтиш» фақат 2007 йилнинг октябридан жадаллашди. Ёши 75дан ошганлар ва ногиронлар учун рақамли қурилмалар, уларни ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш бепул қилиб белгиланди. Яна беш йил ўтиб, 2012 йилнинг октябр ойидан аналог сигналларни узатиш тўхтатилди.

Франция. Ер усти рақамли узатиш бу мамлакатда 2005 йилнинг 31 мартидан бошланди. Дастлабки босқичда рақамли эфир 14та каналдан иборат эди. Кам таъминланган оилаларни қувватлаш учун давлат 15млн. евро ажратди. Аналог сигналлар 2011 йил кузида батамом ўчирилди.

АҚШ. Рақамли ТВга америкаликлар 1996 йилдаёқ ўтишни режалаштиришганди. Бироқ улар бу ишни уддалашгунича орадан 13 йил ўтиб кетди ва 2009 йилнинг 13 июн куни барча штатлардаги аналог узатгичлар ўчирилди. Аналог узатишдан воз кечиш учун охирги тўрт йил жиддий иш олиб борилди. Одамларнинг оддий телевизорларига махсус қурилмани ўрнатиш жараёни, айниқса, оғир кечди. Барча телетомошабинларни ҳам нархи 60-80 доллар турувчи бу қурилмани харид қилишга кўндириш осон эмасди. Шунинг учун ҳам Америка ҳукумати купон дастурини ишлаб чиқди. ТВ-қурилмани харид қилишда ишлатиладиган қирқ долларлик купонларни чиқаришга миллиард доллардан ортиқ маблағ кетди. Бироқ рақамли ТВга ўтиш белгиланган феврал ойига келиб қарашса, одамлар ТВ-мосламаларни жуда суст харид қилишяпти: аналогли сигналларни ўчириш яна тўрт ойга кечикди.

Жанубий Корея. Бу мамлакат фуқаролари 2013 йил кутиб олинган янги йил байрамини фақат рақамли телевизорларда томоша қилишди. Негаки, 2012 йилнинг 31 декабрь куни тонгида барча аналог узатгичлар ўчириб бўлинганди. Албатта, байрам-байрамдай бўлиши учун ҳукумат фуқароларига имкон қадар ёрдам қўлини чўзди. Оилаларга уларнинг даромадидан қатъи назар 45 минг вондан 100 минг вонгача молиявий кўмак берилди. Масалан, ҳар бир оилага ТВ-тюнерни ижарага олишга кетадиган 60 воннинг 40 вони, антеннани ўрнатишга кетадиган 90 минг воннинг 60 минг вони давлат ҳисобидан қопланди.

Оилаларнинг ўзи эса рақамли ТВга уланишда 50 минг вондан тўлашди. Кексалар ва ногиронларга рақамли телевидение бепул етказилди. Бундан ташқари, кам таъминланган кишилар, ветеранларга ТВ-тюнерлар бепул улашилди ёки рақамли телевизор сотиб олишлари учун 100 минг вондан берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг