Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Америкага кетиш йўллари, Грин карта ва АҚШ визаси...» — Океан ортида яшаётган ватандош билан суҳбат (видео)

«Америкага кетиш йўллари, Грин карта ва АҚШ визаси...» — Океан ортида яшаётган ватандош билан суҳбат (видео)

АҚШда 12 йилдан бери яшаб келаётган журналист ватандошимиз, «Америка овози» мухбири Беҳзод Мамадиев билан шу масалалар юзасидан суҳбат уюштирилди.

Америкага кетишнинг қандай йўллари бор?

Америкага қонуний иммиграция ёки вақтинча келиб ўқиш, ишлаш учун албатта имконият бор.

Биринчиси ҳаммага маълум — бу Грин карта ўйнаш. Ҳар йили Ўзбекистонга 5000 атрофида ўрин ажратилади. Мана шу ўйинлар учун ҳар йили октябрь ойида аризалар топширилса, май ойида жавоблари маълум қилинади. Агар сизга Грин карта чиқса, демак Америкага бутун оилангиз билан келиб яшаш, ишлаш, ўқиш имконияти пайдо бўлади.

Беш йил яшаганингиздан кейин сиз бу ерда фуқаролик олишингиз ҳам мумкин. Грин картага ариза топшириш учун ҳеч қандай мажбурий шартлар мавжуд эмас, фақат мактаб ёки коллежни тугатган бўлишингиз кифоя. Инглиз тилини билиш шарт эмас. 12 йиллик таълимни тугатган исталган киши Грин картага ҳужжат топшириши мумкин.

Иккинчиси, талабалик визасига эга бўлиб, ўқиш учун Америкага келиш мумкин.

Бунинг учун АҚШдаги тил курси ёки олий ўқув юрти сизни ўқишга қабул қилган бўлиши лозим. Талабалик визасини олиш учун сизнинг грант ютганингиз ёки ўз ҳисобингиздан ўқимоқчи эканлигингиз муҳим ҳисобланади.

Лекин ўқишга қабул қилинган бўлсангиз ҳам суҳбатга кирганингизда, биринчи навбатда, «ҳақиқатда ўқиш учун бораяпсизми, ишлаш учунми, у ерда қолиб кетиш учунми» деб сўрашади. Ростдан ҳам ўқишга кетаётган бўлсангиз, ўқиш харажатлари ким томонидан ва қандай қилиб қопланиши билан қизиқишади. Ўз ҳисобингиздан ўқимоқчи бўлсангиз, банк ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумот сўралади. Мана шу маълумотлар тўлиқ тақдим этилган тақдирда ҳам сиз виза берувчиларни ўқиш учун кетаётганингизга ишонтира билишингиз зарур.

Мабодо улар сизга ишонишмаса, виза олиш имкониятини қўлдан бой берасиз.

Аслида уларни ишонтириб, виза олганидан сўнг муддати тугаганига қарамасдан ноқонуний равишда Америкада қолиб кетаётганлар, қонунни бузиб ишлаётганлар, масалан, сайёҳлик визаси ёки талаба бўлиб бориб ҳам ноқонуний равишда ишлаб қолаётганлар борлиги учун виза олиш имкониятлари қийинлашиб бормоқда.

Ўзбекистон фуқаролари томонидан мана шу каби иммиграция тартибини бузаётганлар кўп бўлгани, бу маълумотлар Америка ҳукуматида мавжудлиги сабабли улар ҳар бир визага ариза топширувчини потенциал қонун бузувчи сифатида кўрадилар. Афсуски, бу уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқига киради.

Шу туфайли ростдан ҳам ўқишга келмоқчи бўлганларнинг кўп қисми виза олиш имкониятидан бебаҳра қолмоқда.

Америка ҳукумати Грин картачиларга моддий ёрдам берадими?

Америка ҳукумати Грин карта ютганларга тўғридан-тўғри моддий ёрдам бермайди, бу ҳаммаси уларнинг ўзига боғлиқ бўлади. Бу ерда ҳеч ким сизга келиш чиптасини олиб бермайди, кимдир кутиб олмайди ёки сизни тайёр иш билан таъминламайди. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ бўлади.

Нью-Йоркда ўзбекистонликлар жамияти бор, ўша ердан ҳамма ўзига яқин кишини излайди. Шунинг натижасида Нью-Йоркда ўзбеклар жуда кўп учрайди. Кўпчилик тил билмайдиганлар, албатта, ўзига ўхшаганларнинг олдига келишга ҳаракат қилади, тил билмаса ҳам яшашга қўним топиши, ишлаш учун иш топиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Нью-Йоркда кўплаб русийзабонлар ёки ўзбеклар томонидан ташкил этилган бизнеслар бор. Шу ерда бемалол ишлаш имконияти мавжуд.

Оилали одамлар шароитга қараши керак бўлади. Сабаби, бирданига беш кишилик оила билан Америкада қийналиб қолишлари мумкин. Визани қўлга олишганидан кейин оила боши аввал бориб, шароитни тўғирлаб олганидан сўнг қолганларни чақирса, албатта, уларнинг ўзига ҳам осон бўлади.

Грин карта билан янги келганлар бепул озиқ овқат, суғурта полислари олишлари мумкин. Бу албатта Грин карта олиб Америкага келганлар учун эмас, мамлакатнинг туб аҳолиси таркибидаги ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли учун ажратилган ёрдам сирасига киради.

Бундай ёрдам учун ҳам Грин карта ютган кишиларнинг ўзлари ариза топширишлари керак бўлади. Бироз муддат ўтганидан кейин улар ушбу ёрдам дастуридаги имкониятлардан фойланишлари мумкин.

Ўз ижтимоий аҳволини тўғирлаб иш, жой топгунча шу каби имтиёзлар бор.

Фарзандлар таълимига келадиган бўлсак, хусусий мактаблар мавжуд. Болаларини ўша ерда ўқишга бериш мумкин. Одатда мактаб раҳбарияти бу каби ўқувчиларни яхши билишади, улар бепул қўшимча машғулотлар ўтишади. Тил билиш даражасини ошириш учун қўлдан келганча ҳаракат қилишади.

Янги президент даврида мигрантларга қандай енгилликлар берилди? Грин карта бўйича қандай янгиликлар бор?

Дональд Трампга нисбатан янги президент мигрантларга анча ижобий муносабатда. У муҳожирларни қоралаб, ёмон отлиқ қилмайди.

Бу, албатта, Байден ҳамма муҳожирларга қучоғини очади, уларни бемалол қабул қилади, дегани эмас. Ҳозирда қисқа муддат ичида Америка иммиграция тизимида кескин ўзгаришлар юз бериши кутилаётгани йўқ. Янги президент даврида ҳам виза олиш тартиби ўзгармасдан сақланиб қолмоқда. Фақатгина баъзи бир мусулмон давлатларига қўйилган тақиқлар бекор қилинди.

Грин карта олиш тартиби ўзгариши учун албатта қонун ўзгариши керак. Бу фақат президентга боғлиқ эмас. Америкада 11 миллиондан ортиқ ноқонуний яшаб турганлар мавжуд. Булар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Ҳозирда мамлакатда ноқонуний яшаб юрганларга қонуний мақом бериш ҳақидаги таклифлар билдирилмоқда, аммо бунга республикачилар кескин қаршилик кўрсатишяпти. Шу туфайли бу таклиф конгресс тасдиғини топиши аниқ эмас. 

Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги 5 та фарқни санаб беринг?

Бу саволга ҳар ким ўз қарашлари билан жавоб бериши мумкин. Фарқлар бешта эмас, бундан кўп миқдорни ташкил этади. Баъзиларини санаб ўтиш мумкин. Америка бой давлат. Иқтисодиёти бўйича дунёда биринчи ўриндаги қудратли давлат, Ўзбекистон эса энди ривожланаётган давлатлар сирасига киради.

Америкада қонун устуворлиги — энг биринчи масалалардан бири. Президент ҳам оддий фуқаро каби қонун олдида тенг. Қонун бузилиш ҳолатларида ҳар иккиси ҳам бир хил жавоб беради.

Инсон қадри ва шаъни қаттиқ ҳурмат қилинади, истисно ҳолатлари ҳам мавжуд. Масалан расизм, ирқчилик ҳолатлари юз бергани ҳақида хабарлар тарқалади, аммо шунга қарамасдан, инсон қадри баланд.

Сиз қайси давлат, ирқ, жинсга мавжуд бўлишингизга қарамасдан, ҳатто ноқонуний муҳожио бўлсангиз-да, ҳақ-ҳуқуқларингиз ҳимоя қилинади.

Масалан, айрим штатларда ҳайдовчи йўл қоидасини бузган тақдирда ҳам  полициячи томонидан унинг иммигрант мақоми ҳақида сўраш қатъий тақиқланади. Фақат полиция ходими қонун доирасида иш тутиши керак бўлади. Жарима ёзиши ёки уни тартибга чақириб қўйиши мумкин. Ходим ноқонуний яшаб турган фуқарони аниқлаб, депортация бўлимига хабар бериш мақомига эга эмас. Ҳамма ўз ишини қилади.

Бу ерда шахсий даҳлсизлик ҳуқуқи ҳам қаттиқ ҳимоя қилинади. Балоғатга етган фуқаро қонунларни бузмаган ҳолда ўз билганича яшаши мумкин. Нимага соқол қўйдинг, маънавият қаерда қолди, деган гаплар бўлмайди.

Ўзбекистонда эса мустақил ҳаётга қадам қўйганингизга қарамасдан, ҳар доим одамлар нима дейди, жамият бунга қандай қарайди, деган саволлар оғушида яшайсиз. Ўзбекистонда масалан айрим инсонларга тегишли масалаларни жамият атрофида муҳокама қилишни яхши кўришади.

Ҳозирча хаёлимга келган фарқлар мана шулар, аммо бу каби мисоллар кўплаб топилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг