Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Алвасти ютар чакалакзордан нари юр, болам!»

«Алвасти ютар чакалакзордан нари юр, болам!»

Қишлоғимизнинг ҳу-ув чеккасида ҳеч ким яқин йўлолмас чакалакзор бўларди. Бунда саксовулларга чирмашиб кетган баланд-баланд ёввойи ўт-ўланлар, мингудевона, тикану жангаллар киши кўзига узоқдан ҳам ваҳм солиб турарди.

Бувимнинг айтишларича, у жойни алвасти, зиёну заҳматлар макон қилиб олган, ҳар хил товуш ва ингроқлар эшитилар экан. У ерга қадам босган киши ё шол, ёки телба бўлиб, васвасага чалиниб қолармиш. Бу, албатта, афсона... лекин шундай бўлса ҳам у ерга одамлар яқин йўлашга чўчишини ҳали-ҳалигача эслайман.

1982 йиллар... Бир куни нима ҳам бўлдию, укам билан қўй-қўзиларни ўтлатгани шу чакалакзор ёнидан ўтишимизга тўғри келиб қолди. Кун айни пешин. Қуёш тикка тушган пайт. Иссиқ. Иккимиз ҳам юрагимизни ҳовучлаганча чакалакзор ёнидан пуси-иб, нафассиз ўтишга чоғландик. Укам кўзларини «чирт» юмганча икки қулоғини кафтлари билан ушлаб  олган. Мен ҳам шу кўйи.

«Опа, яна кўзларингни очма, чакалакзорга қарама!» — деди аста шивирлаб. Озгина юргач, нимагадир, кулгим қистади. Қайсарлигим тутибми, кафтларимни қулоғимдан олдим, кўзларимни очдим. Чакалакзорга қараб, бир зум қотиб қолдим. Ҳақиқатан, шу қадар ваҳимали эдики, қуёш тикка бўлса-да, чакалакзор ичи қоп-қоронғу. Қўрқинчли. Шундоқ қўлларимни чўзсам бас, тикану жангалларда шилиниб, жароҳатланиши турган гап. Лекин бувим айтганининг тескариси:  ҳеч қандай товуш, ингроқ, ва  ваҳмали сас йўқ. Сокин. Юрагимдан ҳадик кўчди. Ботирландим. Ёввойи ўт-ўланлар чирмашиқ саксовуллар оралаб, ичкарилаб кетишни истаб қолдим. Қизиқишларим тобора устун келарди. Укам анча илгарилаб кетган. «Нима бўлса бўлар»га укамга сездирмай, чакалакзорга кирдим. Бўйимдан баланд тикану жангалларни қўлларимдаги таёқ билан уриб-суриб, чакалакзор ўртасига келиб қолганимни билмай ҳам қолибман. Тирсакларимдан тиззиллаб оқаётган қонни кўриб ҳам жоним ачишмади. Мен бувим айтган «алвасти»ни излардим.

Бир пайт укамнинг мени «йўқотиб» қўйиб, қўрқиб қолгудек ҳолатда чинқириб йиғлаган овози эшитилди. Жонҳолатда чакалакзордан чиқиш учун ўзимни орқага урдим. Оёғим печакгулга чирмашди. Гурсиллаб чақир тиканак устига йиқилдим. Қўл-бетларим тилинди. Ковушларим чилма-тешик бўлди. Шўр тупроқ қонталаш кафтларимни баттар ачиштирарди. Укам қўрқиб кетмаслиги учун чакалакзор орасидан овоз чиқармай, қутилиб чиқишга ҳаракат қилардим. Йўқ. Ҳарчанд уринмай, ҳайҳотдай чакалакзор ичидан кўмаксиз чиқиб кета олмадим. Мени анча қидирган укам «опамни чакалакзор алвастилари ютиб қўйди»га чиқариб, қишлоққа қараб чопган экан...

... Ҳаммаёғим шилинган, қонталаш ва қўрқувдан титраб қолганим кўйи мени «алвасти ютар чакалакзор»дан олиб чиқишганди ўшанда... Ўша-ўша «Алвасти ютар чакалакзордан нари юр, болам!» - дея жоврайдиган бувижонимнинг сўзларини икки қилмайдиган бўлдим.

Ҳа, болалигим хотираларида қолган «Алвасти ютар чакалакзор» худди бугунги интернет маконларга қиёс...

Бугун қишлоғимизда алвасти ютар чакалакзордан асар ҳам қолмаган. Унинг ўрнида пештоқида катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган «Интернетклуб» қад ростлаган. Қишлоғимизнинг бугунги болаларини бобо-бувилари «Интернетклубга яқин йўлама, издан чиқасан, ўзлигингни унутасан, болам!» — демайди.

Ҳозирги болалар чўчишмайди. Ҳозирги болалар «алвасти»ларни янчишади! Даҳшатли динозаврларни бурдалашади! Тикану жангалларда қўл-бетлари шилинмайди, аммо таффаккурлари сийқалашиб, гармонал иммунитетлари бузилиб, ақлан заифлашиб боришларини, ҳатто, ўйлаб ҳам кўришмайди.  Болалигимиздаги сингари чакалакзорларда бугун бир-икки киши эмас, миллион-миллион болалар виртуал ҳаёт чакалакзорларида йўқолиб бормоқда. Алвасти... йўқ-йўқ, баҳайбат интернет тузоғи уларнинг Вақт, Куч ва Ҳиссиётларини ямламай ютмоқда.

Акбар Рустамов, Бухоро вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси:

«Инсониятнинг кундалик ҳаётига ижтимоий тармоқларнинг таъсири соатма-соат, дақиқама-дақиқа ортиб бормоқда. Улардан тарқалаётган хабар ва маълумотлар одамлар учун шу қадар қадрли бўлмоқдаки, ҳатто, тонг саҳарда кўзни очибоқ, уларни ўқишга тушамиз. Лекин пуч хаёллар олами виртуал мулоқот, деб одоб чегарасидан, ҳақиқий воқеликдан ҳам воз кечмаслик керак.  Аксар ҳолларда ижтимоий тармоқлар одамларни ишдан чалғитмоқда, оила тинчлигини бузмоқда. Бир қарашда, зоҳиран  буларда мулоқот ва дўстлик борга ўхшайди. Ҳатто, одамлар ижтимоий тармоқлар орқали ўзларининг биринчи муҳаббатларини излашга тушиб кетишгани ғоятда ачинарли. Кўп оилаларда эр ёки хотиннинг ижтимоий тармоқлардан воз кеча олмаётгани боис, турмушлари бузилиб кетмоқда, ришталар узилмоқда. Ўтган асрда одамлар бир-бирларига меҳмонларга боришар, кино ва театрларга тушишар эди. Боғ ва хиёбонларда ўтиришар, кутубхоналарга ташриф қилиб туришар эди. Бироқ, энди гўё булар муҳим бўлмай қолган. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак».

Гулнора Самиева, Президент администрацияси ҳузуридаги АОКАнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи:

«Тўғри, жаҳон интернет ижтимоий тармоқларида ўтирганларнинг ҳаммаси бирдай борбўйи билан виртуал олам таъсирига тушиб қолган, дея олмаймиз, албатта. Кун воқелигини борича баён этаётган, турли ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик масалаларни ечишга ҳисса кўшаётган дисскуссион группалар, миллий урф-одат, қадрият ва анъаналаримиз кўринишларини дунёга кўз-кўз этаётган ижтимоий тармоқлар хизматлари ҳам талай. Уларни қўллаб-қувватлаш, қамрови кенгайишида кўмаклашиш керак. Зеро, ижтимоий тармоқлар – инсоннинг ўз олдига қўйган маълум вазифаларини осонлаштирувчи бир восита, холос. Лекин ундан ҳаддан ошган тарздаги «Танишув олами», «Жуфтлик кўзгуси»,  «Мароқли суҳбат ўчоқлари» ҳаётдаги йиртиқлар учун ямоқ каби фойдаланишдир. Шундай экан, ямоқларсиз яшаб кўриш,  енгил-елпи муносабатларга чек қўйиш муҳимдир».

Шавкат Раҳмонов, Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи:

«Виртуал дунёдаги ҳаёт – қайсидир маънода қарамликни келтириб чиқаради. Сени яхши кўришади ва сен воқеалар қайнаган жойнинг қоқ ўртасидасан, гўё. Аммо, компьютер ёки сўнгги моделдаги қўл телефони ўчиши билан, виртуал ҳаётдан узоқлашади. Ўшанда инсон бундай ҳаёт фақат мониторингда жойлашганини тушуна бошлайди. Виртуал ҳаёт – ҳақиқий ҳаётни ўғирлаб қўяётганини англайди. Аммо, ўйлаб кўрайлик, виртуал ҳаёт чинакам ҳаёт учун ҳеч қандай ижтимоий аҳамият касб этмайди».

Бугун ёшу кекса ўртасида чакалакзордаги алвастининг хаёллари васвасасида қолгандек «друзья»ларининг «лайк» тугмачаларни босиб юбориши учун турли кўринишдаги суратларни тармоқларга жойлаштириш, арзимас виртуал мақтов, лайклар ва смайликларга мукка кетиш, бемаъни-бетаъсир сўзлар билан «смс»лашишлар ҳақиқий дунёнинг ёлғонларга қоришиқ виртуал олам билан ўрин алмашишига олиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқлар киши шахсий ҳаётини бузишга киришяптими, ёҳуд оила тинчлиги учун раҳна соляптими, ундан дарҳол воз кечиш лозим. Одатий шариатга зид келмаган ҳолдаги танишув менталитетимизга зидлигини, мулоқотлар виртуал муносабатларни кучайтириб, ҳақиқий ҳаёт чегарасини йўқотиб қўйишини унутмаслик лозим.

Юқорида айтилгандек, виртуал олам  чакалакзорида адашиб, интернет отлиғ ёвуз «алвастилар» чангалига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлиш кун талаби. Зеро, унинг ортида терроризм, ақидапарастлик, диний экстремизм ва одам савдоси сингари қора гирдоб яширинган. Ёшу кексанинг қараш ва эътиқодларини бир хилда чалкаштириб ташлаётган «друзья»ларни алвастизорлардан эмас, ҳақиқий ҳаётдан излаши лозим.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг