«Алибобо»ни Ўзбекистонга олиб келаётган йигит
Фикримни «мамлакатимизда кўпгина имкониятлар яратилмоқда» жумлалари билан бошламоқчи эмасман. Балки «мамлакатимизда кўпгина имкониятлар яратилаётгани»дан унумли фойдаланаётган ҳаракатчан ёшлардан бирини сизга таништирмоқчиман. Суҳбатдошимиз талаба, тадбиркор, ташкилотчи, саёҳатчи, бир нечта хорижий тилларни билади. Танишинг: Миржаҳон Язданов.
— Миржаҳон, нималар билан бандсиз? Талабасиз, таржимонлик қиласиз, гидлик, бунинг устига тадбиркорлик — буларга қандай улгуряпсиз?
— Авваламбор, шундай илиқ кутиб олганингиз ва эътибор қаратганингиз учун миннатдорман.
Бир йил аввал ЮНЕСКО ташкилотининг Great Wall стипендияси ғолиби бўлиб, Хитойнинг Шанхай шаҳридаги Шанхай Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетининг халқаро савдо йўналишида бир йил давомида таълим олиш имкониятини қўлга киритдим. Бундан жуда бахтиёрман, чунки халқаро даражада савдо амалиётларини олиб боришга иштиёқим анча аввал бошланган эди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг иқтисодиёт йўналиши талабаси бўлган давримда ҳам шу соҳада кўплаб изланишлар олиб борганман, илмий мақолаларим чоп этилган. ЮНЕСКО берган бу имконият менга янада камарбаста бўлди. Ўз имкониятимни жаҳон даражасида синаб кўрдим, устозларим ёрдамида кўплаб халқаро молиявий амалиётларни қўллаб кўрдим. Бу узоқ йиллар давомида орттирган тажрибам, устозлар ҳамда ота-онам берган таълим меваси деб ўйлайман.
— Халқаро савдо?
— Халқаро савдо, умуман халқаро даражада ниманидир олиб боришга бўлган иштиёқим гид-таржимонлик тўгараклари, чет элликлар билан мулоқотларим, хориж мамлакатларига сафарларим давомида турфа одамлар билан мулоқотлар давомида шаклланиб борган. Шанхайга борганимдан сўнг шу тажрибаларимга асосланиб изланишни янада кучайтирдим, ҳар хил халқаро анжуманлар, масалан, Хитойнинг энг йирик импорт ва экспорт кўргазмаси — Canton Fair 2017да, ундан сўнг One Road One Belt янги Ипак йўли кўргазмасида қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. Пекин, Гуанчжоу, Гонконг, Шэнчжэн, Шанхай каби Хитойнинг кўплаб йирик шаҳарларида бўлиб, кўрмаган-билмаганларимни ўргандим. Хитойнинг нега дунё миқёсида энг йирик ишлаб чиқарувчига айлангани ва Ўзбекистон учун қандай янги жиҳатларни жорий қилсак бўлади — шулар устида изландим.
Ниҳоят 2018 йилнинг бошида Хитойнинг дунёга машҳур Alibaba компанияси билан шартнома имзолашга ва турли хилдаги 1 миллиарддан ортиқ товарларни Ўзбекистонга етказиб бериш имкониятига эга бўлдик. Ҳозирги кунда Goshop.uz интернет платформамиз ҳамда Хитойдан юкларни Ўзбекистонга қисқа муддатларда, яъни 4-8 кунда элтиб бериш учун Rosan Express компанияси ҳамда Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи бир нечта логистика компаниялари билан ҳамкорликда Goshop Express элтиб бериш тизимимизни ҳам ишга туширдик.
Бунинг натижасида кичик — 1 килограммлик юклардан тортиб катта — контейнергача юкларни юртимизга олиб келишга кўмаклашяпмиз. Ҳозирги кунда сайтимизда Хитой ва Туркия давлатларининг кўплаб маҳсулотларини топишингиз мумкин. Ҳамкорларимиз ва биз билан бирга ишламоқчи бўлган ҳамюртларимиз сони эса кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу эса, албатта, бизни янада изланишга руҳлантиради. Биз билан бирга ишламоқчи бўлган ҳар бир кишига эшикларимиз очиқ, харидорларимизга янада қулайроқ шароитлар яратиб беришга ҳаракат қиламиз ва бу борада ҳар қанча таклиф бўлса мамнуният билан қабул қиламиз.
— Кўпгина хориж мамлакатларида бўлгансиз. Айтингчи, ахборот технологияларининг ривожланиш даражаси бўйича чет эллар ва юртимиз ўртасидаги тафовут қандай?
— Дунёнинг ўнга яқин давлатида бўлган бўлсам, ҳар бир давлат ўзининг турфа жиҳатлари билан мени ҳайратга солди. Масалан, Хитойдаги жуда ҳам қулай тўлов тизими — Alipay, ҳам тўловлар, ҳам кундалик ижтимоий ҳаёт тарзи учун қўл келувчи Wechat мессенжери, Хитой кўчалари бўйлаб тарқалган кўплаб ижара велосипедлари, электромобиллар ва мопедлар менда ажойиб таассурот қолдирди. Бу каби технологиялар ҳар бир давлатда жорий этилса, менимча, ўша ернинг халқи учун жуда кўп қулайликлар беради.
— Сизни ҳайратга солган энг замонавий технологиялар «ТОП-5»талигини айта оласизми?
— Wechat мессенжери; 2) электромобиллар ва мопедлар; 3) тезюрар поездлар (Шанхайдаги 450-480 км/соат тезликка эга поезд шаҳар четидан марказигача бўлган 40 км. масофани 6 дақиқада босиб ўтади); 4) Alipay ва электрон савдо платформалари; 5) Didi — қулай такси тизими.
— Қандай халқаро форум, анжуманларда иштирок этдингиз ва ўзингизга нималар олдингиз?
— Кўплаб илмий-амалий конференциялар, шахсий имкониятни кучайтирувчи турли мактаблар, бизнес-форумлар ҳамда мунозараларда қатнашдим. Албатта, буларнинг барчаси сизнинг ўз устингизда янақа қаттиқ ишлашингиз, тўғри йўналиш топишингиз ҳамда ҳаётий билим тажрибангизни бойитишга хизмат қилади. Озарбайжонда ўтган Green Economy, Хитойдаги анъанавий Canton Fair кўргазмаси, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетида бўлиб ўтган бир нечта илмий-амалий конференциялар, юртимизда ҳар йили ўтказилиб келинаётган ЮНИСЕФ халқаро анжумани менда жуда яхши таассурот қолдирган.
— Сайёҳсиз. Ижтимоий тармоқларда жуда фаолсиз. Саёҳат сиз учун ҳоббими ё кўп нарсани ўрганишми?
— Ҳа, жуда қизиқ савол…. Менимча ҳозирги кунда саёҳат қилишни хоҳламайдиган инсоннинг ўзи йўқ! Саёҳат мен учун ҳобби деб айта олмайман, лекин жуда хуш кўраман. Чунки саёҳат давомида ўзингизнинг ҳамда саёҳат қилаётган мамлакатингизнинг кўплаб янги қирраларини кашф этишингиз мумкин. Чунки сизда ҳаётий тажрибангизни бойитиш, янгидан-янги дўстлар топиш ҳамда ҳар доим улардан завқ олиш имконияти бўлади. Бу менимча инсон ҳаракат қиладиган ҳар қандай нарсанинг асосидир. Ўзинг қилаётган нарсадан завқ ола билиш ва уни тўғри мақсадда йўналтириш ҳамма учун фойдали бўлади. Ижтимоий тармоқларда эса олган ҳиссиёт ва тажрибаларимни ўртоқларим билан бўлишишга ҳаракат қиламан.
— Доимо юксак ҳаракатлар учун катта мотивация керак. Сиз асосан нималардан руҳланасиз? Кино, мусиқа, китоб, видео?
— Албатта, ҳар бир инсон учун мотивация жуда муҳим. Стив Жобс айтганидек: “Агар сиз ўзингиз ҳақиқатан ҳам қадрлайдиган ва завқланадиган ишингиз билан шуғулланаётган бўлсангиз, унда сизнинг ишлашингиз учун туртки керак эмас, жараён ўз-ўзидан олдинлаб кетади”. Яъни, аввало, қилаётган ишингиздан завқ олишингиз керак! Менда баъзида шунақаси бўлади: ярим кечаси қанақадир ғоя келиб қолади ва қоғоз қоралашга киришаман, тонг саҳаргача ёзув-чизув қилиб ишимда қандай қилиб янгиликлар қилиш мумкинлиги ёки бўлмаса яқин келажакдаги режаларимни мослаштириб оламан. Бу эса албатта ўз ишимни аъло даражада бажаришимга туртки бўлади. Баъзида эса умуман мотивация йўқолиб қолгандай бўлади, шундай ҳолларда кино кўришни ёки бирор-бир кишининг ҳаётий воқеалари акс этган видеороликларни томоша қилишни хуш кўраман. Чунки уларда ҳам кўплаб жозиба бор.
— Хўш, унда ўз ишчиларингизга қандай мотивация бера оласиз?
— Ҳар доим жамоани тинглашга ва улар билан биргаликда ишлашга интиламан! Ишчилар, умуман, иш борасида гап кетганида ҳар доим ўзим кўп кузатиб борадиган шахс — Alibaba компанияси асосчиси Жек Манинг йўлини тутишга ҳаракат қиламан — “Ёшларга ёрдам бер, ёшларга имкон бер. Чунки бир кун улар ҳам “катта одам” бўлади. Сен биргаликда улғайган, сен тўғри йўлни кўрсатган шахслар билангина сен бир кун келиб дунёни ўзгартира оласан”. Яъни яхши жамоасиз яхши натижаларга эришиш жуда қийин. Ҳар доим жамоамизга янги ғоялар, янги фикрларни ўртага ташлашга ва улар билан келгуси режаларни, керакли асосий чизиқларни яратиб олишни хуш кўраман. Бундан уларнинг ҳам, менинг ҳам қилаётган ишимизга ишончимиз ва меҳримиз янада ортади. Яъни ҳар бир киши ўзининг қилаётган ишида ўзининг бир ғоясини кўради, бу эса ҳар бир кишига шу ишдан мамнунлик туйғусини беради, менимча.
— Атрофингиздаги тенгдошларингиз ҳақидаги фикрларингиз?
— Ёнимда жуда кўплаб дўстларим бор, улар борлигидан жуда миннатдорман. Албатта, тарозининг икки палласи бўлгани каби баъзи бир пессимист кайфиятдаги тенгдошларимни кўрганимда уларга қандайдир руҳланиш беришга ҳаракат қиламан. Лекин ҳар доим ҳам ўхшамайди…
— Қандай мавзулардаги китобларни яхши кўрасиз? Ўқийсизми?
— Ростини айтсам, анъанавий китобларни жуда кам ўқийман. Китобларни, асосан, электрон шаклда мутолаа қиламан. Бу жуда ҳам қулай. Йўлда, кутиш залларида, метрода, самолётда, хуллас, қаерда бўш вақтим бўлса шу ерда мутолаага шўнғийман. Лекин хоҳиш келди дегунча одатда психологик китобларни ўқишни, айниқса, Дейл Карнегининг китобларини ўқишга тушаман.
— Ёш тадбиркор тенгқурларингизга фикрларингиз.
— Асосийси, ҳеч қачон изланишдан тўхташмасин, менимча, ҳозир ҳар ким ўзига қизиқарли жиҳатларни топиши мумкин. Мен уларга ўзлари қизиққан соҳани ҳеч қачон қўймасликни ва шу соҳада йирик натижалар қайд этишмаса ҳеч қачон тўхтаб қолмасликни тилаб қолардим. Чунки ҳаёт жуда қисқа. Қачон диплом оламан-у қачон бир ишнинг бошини тутиб уй ёки машина оларканман деб юришса, юксак чўққиларни забт этишлари жуда қийин. Ҳар доим оптимист бўлишга интилишимиз, қандайдир ишни кутиб эмас, ўзимиз яратувчан бўлишга интилишимиз керак!
— Келажак режаларингиз?
— Келажакда юртимизга наф келтирадиган, халқимизга хизмат қиладиган Goshop.uz интернет савдолар платформасини янада такомиллаштириш ҳамда бутун дунёдан халқимизга хуш келувчи товарлар ва хизматларни тақдим қилиш ниятидаман. Келгусида эса орттирган бизнес тажрибам ҳамда бизнес алоқаларимдан фойдаланган ҳолда нафақат юртимизга юкларни импорт қилиш, балки юртимизда ишлаб чиқарилаётган кўплаб товарларни экспорт қилишни, жаҳон истеъмолчиларини Ўзбекистон маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўймоқчиман.
— Беш йилдан кейин ўзингизни қаерда ва қандай ҳолатда тасаввур қиласиз?
— Беш ёки ўн йилдан сўнг эса айнан шу ишларнинг бир етакчиси сифатида халқимизга хизмат қилиш энг олий мақсадимдир! Агар шу орқали халқимизга янада нархларнинг арзонлашувига эришсам, ички бозорнинг рақобатбардошлигини оширсам, ишлаб чиқарувчиларимизга экспорт қилишга ёрдам берсам ўзимни ҳақиқий бахтиёр инсон сифатида кўра оламан.
— Қизиқарли ва самимий суҳбатингиз учун миннатдормиз!
— Раҳмат!
Ғуломжон Назаров суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter