«Францияда мусулмонлар ҳаёти ва исломни ўрганишга катта эътибор қаратилади» – Aix-Marseille университети докторанти билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Феруза Маҳмасобирова Тошкент шаҳрида туғилган.
Ҳозирда у Франциянинг нуфузли Aix-Marseille университети докторантура босқичида таҳсил олади.
Яхши ўқишга ва шахсий ривожланишга ҳаракат қилганман
Пойтахтимиздаги француз тилига ихтисослаштирилган 51-умумий ўрта таълим мактабида, сўнг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейида ўқиганман.
Лицейда ўқиб юрган пайтларимда тарих фанини ўрганишга қизиқиш уйғонган ва шу сабабли айнан шу соҳада ўз йўлимни давом эттириши ният қилдим. 2014-2018 йиллар Тошкент ислом университетида «Ислом тарихи ва манбашунослиги» йўналишида давлат гранти асосида таҳсил олдим. Университетда ҳам яхши ўқишга ва шахсий ривожланишга ҳаракат қилганман. Шу боисдан бўлса керак, ўқиш давомида Имом Бухорий номидаги Давлат стипендиясини қўлга киритдим.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси (аввалги Тошкент ислом университети)даги ўқиш шароитлари, талабаларга яратилган имкониятлар ва севимли устозларимнинг борлиги сабаб, магистратурада ўқишимни давом эттириш учун ўзим таҳсил олаётган академияни танладим. Магистратуранинг биринчи курсида таҳсил олиш вақти, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида илмий ходим сифатида ҳам фаолият олиб бордим. Айнан ушбу марказда илмий ходим сифатида ишга олинишим ва унда ўз соҳам бўйича ишлай олганим ҳаётимдаги энг катта ютуқларимдан бири деб ўйлайман.
Францияда магистратура босқичида таҳсил оламан деб ўйламаганман
Ростини айтсам, француз тилини мактаб даврида ўрганиб, бу тилга алоҳида меҳр қўйган бўлсам-да, айнан Францияда магистратура босқичида таҳсил оламан, деб ўйламагандим. Чунки, лицей ва университетда инглиз, араб ва форс тилларини ўрганганман. Магистратуранинг 1-босқичида таҳсил олаётган даврим Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Францияда таҳсил олиш имкониятини берувчи грант лойиҳаси эълон қилинганлигини эшитдим. Академия Халқаро бўлими кўмагида айнан шу грантни қўлга киритиш учун ҳаракатни бошладим. Бир неча бор Франция элчихонасида суҳбатдан ўтдим. Кейин ҳужжатларимни грант бераётган ташкилот Франция ташқи ишлар вазирлигига юбордик. Ва вазирликдан ижобий жавоб олдим.
Олдимда турган вазифа универститетларга ҳужжат юбориш ва уларга қабул қилинишимни кутиш эди. Бу учун эса, Франциядаги энг катта университетлардан бири Aix-Marseille университетининг «Art, Langues, Lettres et sciences humaines» («Санъат, тил, адабиёт ва ижтимоий фанлар») факультетига ҳужжатларимни юбордим ва ушбу йўналишда 2-босқичда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритдим. Университетга ҳужжатларни юбориш, онлайн суҳбатлардан ўтиш давомида ота-онам, устозларим ва ҳамкасбларимнинг қўллаб-қувватлашлари жуда катта ёрдам бўлди.
Мен таҳсил олаётган олийгоҳ 2012 йил 1 январда ташкил топган. Асосий қароргоҳи Франция жанубидаги Марсел шаҳрида жойлашган. Aix-Marseille университетида 80 000, шу жумладан 10,000 халқаро талабалар ва 1000 га яқин миллий ва университет даражалари, касбий йўналтириш ва интеграция хизмати, узлуксиз ўқитиш хизмати, энг йирик ташкилотлар билан боғлиқ бўлган 120 та илмий тузилмалар ва унинг 12 та докторлик мактаблари мавжуд.
Мусулмонлар ҳаёти, ҳозирги давр ва исломни ўрганишга катта эътибор қаратилади
Францияда кўп сонли мусулмонлар истиқомат қилади. Шу сабабдан ҳам ислом дини, ислом тарихи, мусулмонлар ҳаёти, ҳозирги давр ва исломни ўрганишга катта эътибор қаратилади. «Араб-мусулмон ва ҳомий-сомий халқлар дунёси» йўналишида таҳсил олиш давомида жуда кўплаб соҳаларда билимларга эга бўлдим. Энг муҳими, магистратурада таҳсил олиш даврида бизда фанларни танлаш ҳуқуқи бор эди. Асосий ва мажбурий 2 та фан ва қолган фанларни танлаш ҳуқуқи талабаларда бўлиб, шу асосий фанларда араб-мусулмон дунёси маданияти, адабиёти, тарихи, сиёсати ҳақидаги махсус курсларда иштирок этдим.
Мен ҳам исломшунослик, тарих, тарихий антропология ва форс тили фанларини танладим. Шу ўринда таъкидлаб ўтишим жоизки, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида олган билимларим исломшунослик курсларида жуда қўл келди.
«Араб мусулмон, ҳомий-сомий халқлар дунёси» йўналиши жуда кенг қамровли мавзуларни ўзида мужассамлаштирган йўналишлардан. Магистратурадаги курсдошларим замонавий ислом давлатларида аёллар ҳуқуқи, ижтимоий-диний психология ва ислом тарихига оид мавзуларда магистрлик ишларини ҳимоя қилди.
Ҳозирги кунда дунёда исломофоб кучлар пайдо бўлаётган, радикализм кучаяётган бу даврда соф ислом ғояларини кўрсатиб берувчи илмий ишларнинг амалга оширилиши жуда муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайман. Мен танлаган мавзу эса бевосита Ўзбекистон билан боғлиқ эди. Юртимиз қадим цивилизациялар вужудга келган макон, дунёга кўплаб олим-у фузалоларни етиштириб берган мамлакатлар қаторига киради. Франциялик профессор ўқитувчиларим ўзбек талаба сифатида айнан Ўзбекистон ва ислом тарихига оид мавзуда илмий иш сифатида олишимни маслаҳат беришди. Ва мен Европа учун ҳали ўрганилиши керак бўлган юртимиздаги қадимий шаҳарлардан бири бўлган Термиз шаҳрини танладим. Мавзу доирасида асосий вазифа шаҳар тарихини ёритиш эмас, балки уни ислом цивилизацияси ривожидаги аҳамияти, шаҳарнинг Амударё билан алоқаси ва шаҳар ривожида дарёнинг ўрнини аниқлаш, бу юртдан етишиб чиққан диний ва дунёвий уламолар меросини тадқиқ қилишдан иборат. Шу каби масалалар ёритилган магистрлик ишимни ҳимоя қилдим ва ҳимоя жараёнида ҳакамлар томонидан берилган тавсияларга асосан ҳозирги кунда шу мавзуни кенгайтирган ҳолда PhD докторлик ишимда ҳам давом эттиряпман.
Ижтимоий ҳимоя қилиш борасида анча илгарилаб кетган
Францияда яшаш давомида уни ҳақиқатдан ҳам Европадаги энг ривожланган давлатлардан бири эканлигига гувоҳ бўлдим. Албатта, ҳар бир давлатда бўлгани каби Франциянинг ҳам ички ва ташқи муаммолари кўп. Лекин ҳозир ўз кузатувларим давомида дуч келган ижобий томонларига тўхталиб ўтмоқчиман.
Франция ўз фуқароларини, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳам ижтимоий ҳимоя қилиш борасида анча илгарилаб кетган. Ўзим талаба сифатида шахсан бунга гувоҳ бўлдим. Пандемия шароитида нафақат ҳукумат, балки турли ташкилотлар томонидан доимий тарзда ҳам маънавий, ҳам молиявий ёрдам кўрсатилди. Яъни бу даврда кўп талабалар ўз ишларидан айрилган, қайсидир маънода қийинчиликни бошидан кечираётган давр эди.
Ўша вақт мамлакатда (агар озиқ-овқат сотиб олишга имон бўлмаса) ҳар ҳафта бирламчи керакли озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиеник воситалар бепул муҳтожларга тарқатилди. Талабалар учун бу ёрдам университет ҳудудида йўлга қўйилди.
Қолаверса, университет ошхоналарида овқатланиш учун қатъий 1 евро нарх жорий қилинди. Пандемия шароитида бошланган бу ишлар ҳозирги кунгача давом этмоқда.
Бу ерда икки йил яшаш давомида шундай хулосага келдимки, Францияда талаба бўлган даврда яшаш анча осонроқ. Тиббий суғурта борасида ҳам талабаларга кўплаб шароитлар яратилган. Мен степендиант сифатида пулли суғурта қилдирилган бўлсам-да, шунингдек, барча харажатларни қоплайдиган, 100 фоиз бепул тиббий суғурта турлари мавжуд.
5 йил давомида умуман ҳеч қандай имтиҳонларда қатнаша олмайди
Университет ҳаётига тўхталиб ўтадиган бўлсам, университетларга кириш осон, битириб чиқиш қийин. Магистратура учун биздаги каби тест-имтиҳонлар бўлмайди. Фақатгина керакли ҳужжатлар, баҳолар ва сертификатлар юборилади ва шулар орқали сизни танлаб олишади. Аммо, ўқиш даври юқорида айтганимдек осон эмас. Айниқса, имтиҳонлар.
Дастлаб имтиҳонлар мен учун жуда қийин бўлган эди. Сабаби ҳар бир савол (айниқса исломшунослик курсида) мантиқий тузилган бўлиб, бир саволга жавоб топпиш учун бутун курсни ўқиган бўлиш керак бўларди. Баъзи бир курсларда давомат муҳим саналса, баъзиларида давомат муҳим эмас. Лекин бир курсни сабабсиз 3 маротабадан кўп қолдириб бўлмайди. Муҳими курс давомида ўтилган мавзуларни имтиҳон пайтида кўрсатиб бера олишдир.
Дарсларда эркин, ҳар бир талаба ўзининг мустақил фикрини билдира олади. Франция ўқув тизимида мени жуда ҳайратга солган бир ҳолат ҳам бор эдики, агар талаба имтиҳон пайтида телефон орқали қўлга тушиб қолса, 5 йил давомида умуман ҳеч қандай имтиҳонларда қатнаша олмаслиги, ҳатто автомобиль бошқариш ҳуқуқни берувчи ҳужжат имтиҳонларида ҳам қатнаша олмаслиги ва университетдан четлатишгача бориши мумкинлиги бўлди. Бу маълумотни дугонамдан эшитганимда таълим тизим жуда қаттиқ эканлигини тушунганман.
Дипломни олиш муддати бир йилгача чўзилади
Франциянинг аксарият университетларида магистратура босқичини тугатгандан сўнг, дипломни олиш муддати бир йилгача чўзилади. Бунинг асосий сабаби бу вақт давомида ҳакамлар томонидан талабанинг баҳоси, диплом ишлари текширилади. Аммо, кейинги фаолият тўхтаб қолмаслиги учун маъумотнома тақдим қилинади.
Мен ҳам магистрлик дипломимни апрель ойида қўлга киритдим. Ҳозирги кунда Aix-Marseille университетининг 355-рақамли докторлик мактабида PhD докторантман. Докторантурада 1 йил таҳсил олиш давомида ўзим учун янги билим ва методологияларни ўргандим. 1 курс докторантлар учун айнан тадқиқот олиб бориш методологияси ва илмий изланиш олиб бориш қоидалари ҳақида махсус курслар ташкил қилиниб, якунида имтиҳонлар бўлди. Фикримча, бундай курсларнинг мавжуд бўлиши илмий ишини бошлаётган докторантлар учун жуда керакли ва қулай деб ўйлайман.
Шунингдек, ҳар ой ҳар бир соҳага оид мастер класс курслар ташкил қилинади. Ҳар бир докторант ўзи хоҳлаган курсида бемалол қатнашиши мумкин. Эътиборлиси, докторантларнинг ҳолатини кузатиб туриш учун махсус платформа яратилган. Биз қандай курсларда қатнашяпмиз, дастлабки имтиҳонларимиз баҳоси қандай, қатнашган конференцияларимиз, буларнинг барчаси шу платформада акс этган ва бу бизни ортиқча ҳужжат ёки ҳисоботлар тайёрлашимиздан озод қилади.
Франция ўқув тизимининг мен учун энг ютуқли деб ҳисоблаган томонларимдан бири бу жуда бой онлайн кутубхона тизимининг мавжуд эканлиги. Бу, айниқса, пандемия шароитида жуда қўл келди. Биз университет томонидан берилган ID картамиз орқали, бутун дунё кутубхоналаридаги маълумотлардан бепул тарзда фойдалана олиш имконига эга бўлдик.
Шу билан бирга, бирор талабанинг илмий изланиши учун керакли ҳужжат бошқа кутубхонада бўлса, кутубхоналар ўртасида йўлга қўйилган хизмат орқали шу китоб сизнинг кутубхонангизга ҳам келтирилиши мумкин.
Франциялик устозларимнинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда
Ҳозирги пайтда PhD доктарантуранинг биринчи йилини тамомлаш арафасидаман. Диссертация ишим Ўзбекистон билан боғлиқ бўлганлиги сабабли ҳам 2-йилида Ўзбекистонда туриб тадқиқотимни давом эттиришни мўлжаллаганман. Бу орада франциялик устозларимнинг ҳам Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг диссертация мавзуим билан шуғулланган, ўз ишимни давом эттиришни, яъни Ўзбекистондаги ислом цивилизация марказида ишлашни ният қилганман.
Бу менга ҳар томонлама ўз устимда ишлаш, Францияда олган билимларимни амалиётда қўллаш имконини беради. Келажакда шу марказнинг илмий ходими сифатида Франциядаги илмий тадқиқот институтларида стажировка ўташ ва бир неча йилдан сўнг диссертация ишимни Францияда ҳимоя қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter