Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Абитуриент ДТМни судда ютди. Энди нима бўлади?

Абитуриент ДТМни судда ютди. Энди нима бўлади?

Фото: «dtm.uz»

«Xabar.uz» нашрида яхши бир мақола эълон қилинибди. Унда жиззахлик абитуриент ДТМ устидан судга мурожаат қилиб, ютиб чиққани, лекин ҳалигача талаба бўла олмагани ҳақида сўз юритилган.

Хуллас, масалага кўп тўхталмоқчи эмасман, мақолани батафсил ўқиб чиқишни тавсия қиламан.

Фақат айрим хулосаларим билан ўртоқлашмоқчиман:

1) Тест саволларининг сифати

Бу суд жараёнида ДТМдаги айрим саволларнинг сифати ҳалиям талаб даражасида эмаслиги кўриниб қолган. Жавоб вариантларининг 2 таси деярли бир хил, қолган 2 таси осмон билан ерча фарқ қилиши ҳам саволнинг сифатсизлигини кўрсатади.

Боз устига мақола муаллифи тўғри эътибор қаратган, суд жараёнида биология фани мутахассисларининг ўзи 2 қутбга ажратилган. Бир томон А тўғри жавоб деган, бир томон С. Мутахассислар-ки баҳслашадиган бундай масалалар абитуриентларга мутлақо берилмаслиги шарт ва зарур!

2) Ижтимоий адолатнинг йўқлиги

«Заковат» интеллектуал турнирларида битта қоида бор. Мабодо апелляцияда қайсидир жамоанинг жавоб варианти тўғри дея қабул қилинса, худди шу вариантни ёзган, лекин шикоят қилмаган бошқа жамоаларга ҳам очко берилади. Масалан, тўғри жавоб «чой» бўлган дейлик. Лекин бир жамоа апелляцияга келди ва ўзларининг «сув» жавоби ҳам тўғрилигини исботлаб берди. Бундай вазиятда «сув» деб жавоб берган барча жамоаларга очко берилиши шарт, гарчи улар шикоят қилиб келмаган бўлса ҳам! Бу ижтимоий адолат дейилади.

Ҳозирги вазиятда суд орқали хато дея топилган савол аслида қайта ҳисоблаб чиқилиши керак. Чунки худди шу саволлар фақат судлашган абитуриентга тушмаган-ку! Қолганлар ҳам у каби жавоб вариантини белгилаган, лекин уларга ҳам ДТМ экспертлари айби билан балл берилмаган. Демак, худди шу савол базадан топилиб, кимларга тушган бўлса, баллари қайта ҳисобланиши керак. Мана бу идеал ижтимоий адолат бўлади.

Бу уларнинг ҳақи, апелляцияга ёки судга бермаганлиги уларни бу ҳақдан маҳрум қилмаслиги керак.

3) Қонунчиликдаги бўшлиқларнинг кўплиги

Кириш имтиҳонларига оид қонунчиликда бўшлиқлар жуда кўп. Амалиётда шундай казуслар бўладики, бирорта ҳужжатда жавобини топа олмайсиз. Масалан, ҳозирги вазиятда ҳам жиззахлик абитуриент судлашиб чиққунигача ўқув йили тугай деб қолди. Энди нима бўлади? У талаба бўладими? Қандай асосга кўра? Давлат қабул комиссияси баённома чиқарадими? Агар талаба бўлса, унинг қолдирган дарслари қандай қопланади? 1-семестр аллақачон ёпилиб бўлди, у қандай ўзлаштиради? Хуллас, саволлар кўп, лекин Низомларда жавобини кўрмаганман.

Мени бир нарса доим ҳайрон қолдиради.

Нима учун таълимга масъуллар йиллар давомида муаммо бўлиб келган масалаларни қонунчиликка киритмаган? Низомларга тегишли ўзгаришлар киритилмаган. Ахир суд орқали ғолиб чиққан абитуриентлар илгари ҳам бўлганку.

Ёки бироз аввал абитуриент қинғир йўл билан ўқишга киргани исботланса, уни талабалар сафидан чиқариш учун ҳуқуқий асос йўқлиги ҳақида ёзгандим. Айтишларича, ушбу қоида янги қабул қилиниши кутилаётган қарорда акс этар экан. Аммо бунақа муаммо 10-15 йил олдин ҳам бўлган-ку. Ҳар йили шу каби муаммоларга дуч келиб туришган, лекин қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилмаган.

Шунақа хос ҳолатларниг барчаси Низомлар доирасида эмас, алоҳида тартибда оғзаки ҳал қилиниб кетилаверган.

Аслида эса бу каби муаммоли вазиятлар тезда Низомларда акс этиши, ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштириб борилиши керак эди.

Таълимга масъуллар нимага шунақа қилишмаган, ўйлаб ўйимга ета олмайман, рости.

Нима бўлганда ҳам жиззахлик абитуриент Даврон Турсунов талаба бўлиши шарт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг