Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритди

Тошкент оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритди

Тошкент яна бир бор оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади, дея хабар бермоқда Миллий олипмия қўмитаси.

Бугун, 4 декабрь куни Қатарда оғир атлетика бўйича Гран-при турнири бошланди. Париж-2024 Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини тақдим этадиган ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.

Мусобақанинг биринчи кунида Жамила Панфилова иштирокини бошлайди. 49 кг вазн тоифасига эга атлет «В» гуруҳида ўз омадини синаб кўради.

Қайд этилишича, турнирдан аввал Халқаро оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда яқин вақт ичида ўтадиган йирик мусобақаларга мезбон давлатлар белгилаб олинган.

«Тошкент шаҳри 2025 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритди. 2018 йил ҳам ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати пойтахтимизга ишониб топширилган ва мусобақа юқори савияда ўтказилган эди», – дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

2026 йилга белгиланган катталар ўртасидаги дунё биринчилиги эса Хитойнинг Нинбо шаҳрида ўтадиган бўлди.

Маълумот учун, оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2024 йили Баҳрайн, 2025 йили эса Норвегияда ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг