Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Токио-2020: медал олган мусулмон спортчилар ўнталиги

Токио-2020: медал олган мусулмон спортчилар ўнталиги

Яқинда Токиода 2021 йилги олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу мусобақаларда 11 000 дан ортиқ спортчилар беллашдилар. Эътиборингизга ушбу Олимпиада медалларини қўлга киритган мусулмон спортчилар ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.

1. Сифан Ҳасан

Нидерландиялик Сифан Ҳасан битта Олимпиадада енгил атлетиканинг уч тури (югуриш) бўйича 1500, 5000 ва 10 минг метр масофаларда медални қўлга киритган биринчи спортчи бўлди. У Эфиопияда туғилган, 15 ёшида 2008 йилда ватанини ташлаб, қочқин сифатида
Нидерландияга келган.

2. Фирёл Абдулазиз

Фирёл Абдулазиз +61 кг вазн тоифасида аёллар каратэ-кумите баҳслари финалида озарбайжонлик Ирина Зарецкаяни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди ва шундай совринни қўлга киритган биринчи мисрлик бўлди. Миср 17 йил ичида биринчи марта олтин медални қўлга киритди. Ундан олдин Карим Габир 2004 йил Афина ўйинларида Миср учун олтин медални олиб берганди. Фирёл Абдулазиз 1999 йилда туғилган ва 7 ёшида Қоҳирада каратэ билан шуғулланган.

3. Фарис Иброҳим ал-Баҳ

Қатарлик Фарис ал-Баҳ Токио ўйинларида 402 кг. оғирликни кўтариб, эркаклар ўртасида 96 кг. вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Асли мисрлик Мусо Ҳасуна исмли оғир атлетикачи даст кўтаришда 177 кг. кўтарди, сўнгра силтаб кўтаришда 225 кг. оғирлик билан Олимпия рекордини ўрнатди. Бу икки уринишлар Олимпиада рекордларидан бири бўлди, рақобатчилари бу натижани янгилай олмади.

4. Муҳаммад Карим Сабиҳи

Муҳаммад Карим Сабиҳи британиялик эшкак эшувчи, уч карра Олимпия чемпиони ва Олимпиада медали совриндори. Одатда Мо Сабиҳи номи билан машҳур бу спортчи Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида Буюк Британия байроғини кўтарган биринчи мусулмон бўлди. Мо Сабиҳи 2016 йилдаги Рио Олимпиадасида эшкак эшиш бўйича тўртта олтин медални қўлга киритган. 2012 йилги Лондон Олимпиадасида эса эркаклар саккизталигида Британия терма жамоасида бронза медални олган эди. Спортчи яна бронза медалини қўлга киритиб, Токио ўйинларида кучли саккизликка қайтди.

5. Баҳодир Жалолов

Ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов бокс бўйича америкалик Ричард Торресни мағлубиятга учратиб, бокс бўйича Олимпиада чемпиони бўлди ва мамлакатимиз учун учта олтин медалдан бирини қўлга киритди. 2016 йил Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини кўтарган, 2019 йил Екатеринбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қўлга киритган олтин медали ҳисобига «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини олган.

6. Мете Ғазоз

Туркиялик Мете Ғазоз эркаклар ўртасида камондан ўқ отиш мусобақасида италиялик Мауро Несполини 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, Олимпиада ғолиби бўлди. Ғазознинг муваффақияти Туркияга биринчи олтин медални олиб келди. Мете Ғазоз 1999 йилда Истанбулда туғилган, камондан ўқ отиш бўйича Истанбул ёшлар спорт клубида ўқиган ва 16 ёшида Бокуда бўлиб ўтган 2015 йилги Европа ўйинларида биринчи марта Туркия шарафини ҳимоя қилган.

7. Мутаз Эсса Баршим

Қатарлик енгил атлетикачи Мутаз Эсса Баршим 2021 йилги Токио ўйинларида эркаклар ўртасида баландликка сакраш бўйича олтин медални қўлга киритди. У, шунингдек, амалдаги жаҳон чемпиони сифатида ва шахсий энг яхши 2,43 см. рекорди билан тарихдаги иккинчи энг яхши спортчига айланди. У илгари 2017 йилда Лондонда ва 2019 йилда Доҳада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални олган. Баршим 2012 йилда Лондон ёзги Олимпиадасида бронза, 2016 йилда Риода кумуш, 2020 йилда Токиодаги ёзги Олимпиадада олтин медални қўлга киритди.

8. Аҳмад Ҳафнавий

18 ёшли сузувчи Аҳмад Аюб Ҳафнавий 400 метрга эркин усулда сузиш мусобақасида қатнашди ва Африка учун биринчи, Тунис учун ягона олтин медални қўлга киритди. 18 ёшли тунислик саралаш баҳсларида 16-ўринни эгаллаб, Токиога йўл олганди, лекин 3:43.36 натижаси билан Олимпиада олтинини қўлга киритди.

9. Сўфиён ал-Баққоли

Марокашлик Суфиён ал-Баққоли 40 йиллик Олимпиада рекордини янгилаб, 3000 метрга югуриш бўйича олтин медални қўлга киритди. У 8.90 натижа билан Токио Олимпиадасида Марокаш учун ягона олтин медални қўлга киритди.

10. Акбар Жўраев

Олимпиадада оғир атлетика бўйича эркаклар ўртасида 109 кг. вазн тоифасида ҳамюртимиз Акбар Жўраев олтин медални қўлга киритди. Жўраев 430 кг., силтаб кўтаришда 237 кг. ва даст кўтаришда 193 кг. Олимпиада рекордини ўрнатди. 2019 йилда у оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида 109 кг. вазн тоифасида иштирок этган, барча машқларда кумуш медалларни қўлга киритиб, даст кўтариш, силтаб кўтариш ва умумий ҳисобда ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатганди. Спортчи 2018 йилги оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 102 кг. вазн тоифасида иштирок этган, силтаб кўтаришда олтин медални қўлга киритиб, силтаб кўтаришда ва ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг