Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тимур Кападзе об-ҳаво, араб жамоалари ва асосий таркиб ҳақида гапирди

Тимур Кападзе об-ҳаво, араб жамоалари ва асосий таркиб ҳақида гапирди

Ўзбекистон У-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ва футболчи Жасурбек Жалолиддинов финал олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этишган.

Тимур Кападзе:

«Финалга чиққанимизда жуда хурсандмиз. Эртага охирги учрашув. Бунга яхши тайёргарлик кўрдик. Ҳар бир босқич ўзига яраша мураккаб бўлди. Биз финалга тайёрмиз. Охирги ўйинда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Ташқи омиллар кўп. Ҳозир буни ўйлайдиган вақт эмас. Иссиқ ҳаво бўлса ҳам, майдон ҳолати қандай бўлса ҳам биз ҳар тарафлама руҳий ва жисмоний тайёргарлик кўряпмиз. Бу майдонда иккала жамоа ўйнайди. Иншаоллоҳ, эртага ўзимизга керакли ғалабани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.

Рақиб кучли жамоа. Уларни ўрганиб ҳам чиқдик. Охирги ўйинларга миллий терма жамоасидан ҳам ўйинчилар чақирган. Ёш масаласида ҳам биздан бироз каттароқ. Умуман олганда, биз саралашда ўйнаган жамоадан фарқ қилади. Бироқ бу бизга тўсқинлик қилмайди. Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Уларда ҳам заиф томонлар бор. Биз улардан фойдаланиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

Биз ҳар бир учрашувдан керакли тажриба йиғиб, хулосалар олдик. Араб жамоаларига қарши ўйнадик. Саудия билан аввал кўп маротаба ўйнаганмиз. Тўплаган тажрибаларимиз бизга ёрдам беради, деб ўйлайман.

Ўзгариш ҳақида бир нима дея олмайман. Ким яхши формада бўлса, ўша бошланғич таркибда ўйнайди. Уларнинг ҳар бири мен учун асосий таркиб футболчиси. Бизнинг мақсадимиз аниқ, ким тайёр бўлса, шу ўйнайди. Шунингдек, захирадан тушадиган футболчилар ҳам мен учун муҳим ҳисобланади.

Ҳар бир мусобақа биз учун катта тажриба беради. Терма жамоа ҳар куни ҳам йиғилавермайди. Мусобақа давомида нафақат футболчилар, балки ишчи ходимлар ҳам тажриба орттирмоқдалар. Бу каби турнирларга мезбонлик қилиш ҳар томонлама биз учун фойдали бўлмоқда».

Эслатиб ўтамиз, «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган ўйин учун чипталар муаммоси ҳалигача ҳал бўлгани йўқ, мухлислар кассадан эмас, «қўл»дан олаётганидан норозилик билдиришмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг