Шомуродовнинг трансфери 7 ой олдин йўқолган қизни топишда ёрдам берди
Элдор Шомуродовнинг «Рома»га ўтиши 7 ой олдин бедарак йўқолган полшалик қизнинг қайта топилишига сабабчи бўлди.
Бу ҳеч қандай тасодиф эмас, балки Рим клубининг муҳим дастуридир. Шомуродовнинг илк расмий ўйиндаги биринчи голи нафақат жамоага, балки ундан ташқаридаги одамларга ҳам фойда берди.
Гап шундаки, «Рома» 2019 йилдан бери трансфер видеороликлари орқали дунё бўйича йўқолган болаларнинг суратларини ҳам эълон қилиб боради. Видео остида эса кўнгилли ташкилотларнинг алоқа рақамлари берилади, кимдир кўриб ё таниб қолса, шу орқали тезроқ топиш учун.
Албатта, бу дастурнинг фойдаси кўп теккан. Шу пайтгача «Рома» ёрдамида Буюк Британия, Италия, Греция, Белгия, Кения ва мана энди Полшадан бўлган ва бедарак йўқолган 12 та бола топилди.
«Рома»нинг «Трабзонспор»га қарши биринчи ўйини пайтида Шомуродовнинг трансфери ҳақидаги видеоролик ва йўқолган болалар суратлари стадионда эълон қилинган. Шу орқали полшалик қизча 2 кун олдин, 26 август куни топилган ва у соғ-саломат экани айтилмоқда.
«Бир оиладан йўқолган болани топишда қандайдир йўл билан ҳиссам қўшилганидан хурсандман, бу ҳолатни тушунтириш қийин. Футбол оламида мана шундай йўл билан машҳурликка эришаётган клуб сафида эканимдан фахрланаман», деган Элдор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter