Шоҳжаҳон Эргашев Осиё ва олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади
Профессионал боксда «WBA International» камари соҳибига айланган Шоҳжаҳон Эргашев Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди.
МОҚ расмий сайтида ёзилишича, спортчини Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов қабул қилган. Учрашувда МОҚ раҳбари боксчи учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга, лозим бўлса чиптадан тортиб меҳмонхона ҳаражатлари масалаларида ҳам ёрдам беришга тайёр эканлигини, Шоҳжаҳондан эса фақат ва фақат юртимиз байроғини юқориларга кўтариб юришини кутаётганлигини маълум қилди.
Шунингдек, боксчига Осиё ва олимпия ўйинларида иштирок этиш таклиф қилинди. Ўз навбатида, Шоҳжаҳон ушбу таклифга жон-жон деб рози бўлишини айтди.
«Шоҳжаҳон Эргашевдек йигитларимиз кам. Унинг қайд этаётган натижаларини амалга ошириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шоҳжаҳон шу йил Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига ҳам бориши керак. Керак бўлса, у мусобақанинг очилиш маросимида делегациямиз байроқдори вазифасини бажаради. Келажакда ундан янада юксак натижаларни кутиб қоламиз», – деди Умид Аҳмаджонов МОҚ матбуот хизматига берган интервьюсида.
Ўз навбатида Шоҳжаҳон Эргашев ўзига билдирилаётган ишончни оқлашга, келажакда бундан ҳам нуфузлироқ камарларни қўлга киритишга ваъда берди.
«Кўрсатилаётган эътибордан жуда хурсандман. Очиғи, бу мен учун кутилмаган ҳол бўлди. Насиб қилса, ўз вазн тоифамдаги энг кучли боксчини ҳам мағлубиятга учратаман ва чемпионлик камарини қўлга киритаман. Бунга оз қолди, узоқ куттирмайман. Ушбу камарни қўлга киритиб, юртдошларимни хурсанд қилмоқчиман», – деди Шоҳжаҳон Эргашев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter