Рецидивист Роналду яна хоҳлаган ишини қиляпти: энди жазо муқаррар
Криштиану Роналду катта муаммога дуч келди. У севгилиси Жоржина Родригесга сюрприз тайёрлаганди. Бу Италия полициясини қизиқтириб қўйди, дея хабар берди «МИР 24» телеканали спорт шарҳловчиси Aлександр Бриус.
Роналду севгилисининг туғилган кунини чанғи курортида нишонлашга қарор қилди. Атиги икки кунлик таътил янги можарога сабаб бўлди. Криштиану тоғдаги саёҳатини ижтимоий тармоқларда эълон қилди, аммо уни шу заҳоти ўчириб ташлади. Ортидан яна-да қизиқарли видеони жойлади — унда ой шуъласи остида қайнар булоқда чўмилаётгани тасвирланган. Ҳамма муаммо шундаки, Криштиану Курмайор тоғларида байрам уюштирди. Ваҳоланки, бу ҳудуд коронавирус туфайли «тўқ сариқ» зонада жойлашган. Сайёҳларнинг бориши тақиқланади. Устига-устак, зиёфат бўлиб ўтган меҳмонхона ҳам расман ёпилган.
Ҳозирча полиция воқеа юзасидан изоҳ бермади. Лекин карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий иш очилгудек бўлса, Роналду ҳам, Жоржина ҳам 400 евродан жаримага тортилади.
Бу оддий италиялик учун катта пул. Бироқ ўтган йилнинг ўзида 105 миллион евро ишлаб олган Криштиану учун денгиздан томчи. У 400 евролик жаримани атиги икки дақиқада ишлаб топади.
Фақат «Ювентус» клуби оловга ёғ сепмаса бўлгани. Негаки, футболчи коронавирус хавфсизлик қоидаларини биринчи марта бузмаяпти. Италия спорт вазирлиги ҳам бундан норози.
Юлдузнинг хатти-ҳаракати мухлисларнинг ҳам, спорт мутасаддиларининг ҳам ғашига тега бошлади. Октябрь ойида Роналду ўзбошимчалик билан карантинда бўлган Турин клубини тарк этиб, Португалия терма жамоаси сафига қўшилганди. Унинг таркибида капитан битта ўйин ўтказди. Шундан сўнг коронавирусга топширган тест натижаси мусбат чиққач, Италияга қайтди. Эҳтимол, энди рецидивист Роналду минимал жарима билан қутулмаслиги мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter